Бош саҳифа » Биласизми? » Дархон жанги

Дархон жанги

ДАРХОН ЖАНГИ (1865 йил 8 май) – чор Россияси қўшинлари билан Тошкент мудофаачилари ўртасида содир бўлган жанг. Генерал М.Г.Черняев бошчилигидаги рус қўшинининг Тошкентни эгаллаш учун йўлга чиққанидан хабар топган тошкентликлар зудлик билан мудофаага ҳозирланадилар. Султон Саидхон ва Алимқул 7 майда эрталаб Тошкентга етиб келиб, мудофаага бошчилик қиладилар. Тошкентликлар қароргоҳи Мингўрикдаги Афросиёб тепалигида жойлашган бўлиб, у ерда шаҳар ҳимоячилари иштирокида ўтказилган машваратда Алимқул нутқ сўзлайди. Тошкентнинг обрўли зодагонлари курашни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб, шаҳардаги барча от-уловларини Тўйтепада қолдирилган Қўқон қўшинининг юк-аслаҳаларини ташишга сафарбар қилади.

Мингўрик лашкаргоҳида сарбозлардан илғор (авангард) қўшин тузилади, унга Дашти Қипчоқдаги султон Кенесари Қосимовнинг ўғли Сиддиқ тўра қўмондон (муқаддам ул-жайш) этиб тайинланади ва айни вақтда у Қўқон қўшини сипоҳсолори этиб ҳам тасдиқланади. Сиддиқ тўранинг укаси Арслон тўра эса сардор (дуғлат, арғин ва бошқа кўчманчи қабилаларнинг йигитларидан ташкил топган барча отлиқ қўшинлар қўмондони) этиб белгиланади. Сўнг, Фарғонадан келган ғозийлар жанговар машқ қилишга киришади. 8 май, эрта тонгда Тошкент дарвозалари очилиб, Эшонқул додҳо мадрасаси муллаваччалари, уламолари Мингўрикка йўл олишади. Улар ўзларини ғозий деб эълон қилиб, қароргоҳда – Султон Саидхон ҳузурида қолади. Шу пайт русларнинг пиёда ва отлиқ отряди Шўртепадан йўлга чиқиб, Салор бўйига етиб келгани ҳақида хабар келади. Шунда Алимқул зудлик билан қўшинни сафлайди-да, улар билан Қўқон дарвозаси ёнидан ўтиб, Тархон сайёд (ҳозирги Дархон) ариғи томон йўл олади.

Алимқул қўшинида 36 тўп бўлиб, уларга тўпчибоши Ҳиндистоний ва ҳинди Бажи юзбоши раҳбар эди. Бундан ташқари, қўшин таркибида ҳабаш ғуломлардан иборат енгил қуролланган жангчилар, эгнига оҳанпўш (темир совут), зирҳпўш (пўлат совут), ойнапўш (кўзни қамаштирадиган ялтироқ металл парчалар билан қопланган совут), бошига дубулға ёки кулоҳпўш (учли мўйна қалпоқ) кийиб олган аскарлар ҳамда узоққа отар милтиқлар билан қуролланган ўқчи-отлиқлар отрядлари бўлиб, бу отрядларнинг ҳар бири эгарларга ортилган, юриб кетатуриб отишга мўлжалланган икки замбаракка ҳам эга эди. Алимқул қўшини тезда Тархон сайёдга етиб келиб, Дархонариқнинг ўнг соҳили (ҳозирги Ниёзбек кўчаси ва Мустақиллик кўчаси яқини)га жойлашади. Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, руслар уларни кўргач, тўплардан ўққа тутиб, ҳужумга ташланади. Алимқул ҳам ўт очиб, қарши ҳужумга ўтишга буйруқ беради. Руслар бардош бера олмай, Салорга, сўнг унинг ортига чекинади. Алимқул қўшини эса уч тарафдан ҳужум қилиб, русларни аввал Назарбек қўрбоши қўрғончасига, сўнг Аличак ва Олтинтепа йўлига ва у ердан Шўртепага сиқиб чиқаради. Руслар ўзининг Шўртепадаги қароргоҳига етгачгина Алимқул қўшини таъқибидан қутулади. Кейин Алимқул зафар ноғоралари садоси остида қўшин билан Дархон бўйига қайтади. Тошкент аҳли ғолибларни катта шодиёна ва туҳфалар билан кутиб олади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

«Тараққий»

Post Views: 149 «Тараққий» – жадидлар газетаси. 1906 йил 14(27) июндан Тошкентда чоп этилган. Ношири …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *