Бош саҳифа » Тарих » Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири (1-қисм)
Туркистон мухторияти байроғи

Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири (1-қисм)

Ўзбек халқи миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухторияти ҳукумати алоҳида ажралиб туради. Мухторият ҳукумати қисқа фурсат (1917 йил 27 ноябрь 1918 йил 22 февраль) фаолият кўрсатган бўлса ҳам, у тарихимизда чуқур из қолдирди. Шу кунларда Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилинганлигига 100 йил тўлмоқда. Фақат Ўзбекистонда эмас, балки қардош туркий давлатларда ҳам бу сана илмий жамоатчилик томонидан кенг нишонланмоқда.

Тарихдан маълумки, Қўқон шаҳрида 1917 йил 26 28 ноябрда (янги ҳисоб билан 8 10 декабрда) бўлиб ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойида Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилинди. Қурултой Туркистон ўлкасини Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилди. Шунингдек, Таъсис Мажлиси чақирилгунга қадар ҳокимиятни Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Миллий [Миллат] Мажлиси қўлида бўлиши керак деб ҳисоблади1.

Қурултойда Туркистон Муваққат Кенгаши аъзоларидан Туркистон Мухторияти ҳукумати (8 нафар кишидан иборат) тузилди. Европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ҳам яна 4 ўрин ажратилди. Ҳукуматнинг дастлабки таркибига қуйидагилар киритилди:

1. Муҳаммаджон Тинишбоев [Тинишпаев] (1879 1938) Бош вазир ҳамда ички ишлар вазири, II чақириқ Давлат Думасининг аъзоси, Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Комитети аъзоси, йўл муҳандиси.

2. Ислом Султон Шоаҳмедов [Шоислом Шагисултанович Шагиахмедов] (1882 1921) Бош вазир ўринбосари, Бутунроссия мусулмонлари Шўроси Ижроия Комитети аъзоси, ҳуқуқшунос.

3. Мустафо Чўқай [Мустафо Чўқай ўғли; Мустафо Чўқаев] (1890 1941) ташқи ишлар вазири, Туркистон мусулмонлари Марказий Шўроси раиси, ҳуқуқшунос.

4. Убайдулла Хўжаев [Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев] (1886 1942) халқ милицияси раҳбари [ҳарбий ишлар вазири], Бутунроссия мусулмонлар Шўроси Ижроия Комитети аъзоси, ҳуқуқшунос.

5. Ҳидоятбек Юрали Агаев [Ҳидоятбек Юрғули Акаев] (? 1918) ер ва сув бойликлари вазири, агроном.

6. Обиджон Маҳмудов (1871 1936) озиқовқат вазири, Қўқон шаҳар Думасининг раис ўринбосари, тоғкон саноати мутахассиси.

7. Абдураҳмонбек Ўразаев (1888 ?) ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос.

8. Соломон Абрамович Герцфельд (1881 1918) молия вазири, ҳуқуқшунос2.

Туркистон тарихидаги дастлабки демократик ҳукуматнинг таркиби билан биргаликда қурултойда Халқ Мажлиси [Миллий Мажлис] ҳам ташкил қилинди. Халқ мажлисига 54 ўрин белгиланди. Унга 32 нафар вакил мусулмонлардан ва яна 4 нафар киши маҳаллий бошқармалардан киритилиб, улар 36 нафар бўлди. Европаликларнинг ташкилотларига эса 18 ўрин ажратилди3.

Қурултой жараёнида Миллий Мажлис таркибига қуйидаги 32 нафар киши сайланди: Убайдулла Хўжаев, Мустафо Чўқай, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Садриддинхон Шарифхўжаев, Қўнғирхўжа Ҳожинов, Исматулла Убайдуллин, Саидносир Миржалилов, Шерали [Серали] Лапин, Саид Жаъфарбой Саидов, Ислом Султон Шоаҳмедов, Абдураҳмонбек Ўразаев, Ҳидоятбек Юрали Агаев, Носирхон Тўра [Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли], Миродил Мирзааҳмедов, Тошхўжа Ашурхўжаев, Абдулқодир Қўшбегиев, Обиджон Маҳмудов, Жамшидбой Қорабеков, Соломон Абрамович Герцфельд, Абдусамад Абдусалимов, Убайдулла Дербисалин, Муса Акчурин, Мустафо Мансуров, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Иброҳим Далшин, Муҳаммаджон Тинишбоев, Халил Ширинский, Толибжон Мусабоев, Камол Раҳмонбердиев [Камол қози], Олимхонтўра Шокирхонтўраев, Собиржон Юсупов, Одилжон Умаров4. Халқ Мажлиси раиси лавозимига сайланган Шерали Лапин (1868 1919) бу таклифни рад этди.

Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига 1917 йил декабрда Носирхон Тўра [Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли] (1871 1935) маориф вазири сифатида киритилди, Саидносир Миржалилов (1884 1937) ҳукумат хазиначиси (ғазначиси) бўлди5. Шунингдек, Миродил Мирзаахмедов ҳам ҳукумат таркибига киритилди6. Бундан ташқари ҳукумат таркибида бошқа ўзгаришлар ҳам бўлди. М.Тинишбоев Алаш Ўрда ҳукумати фаолиятида қатнашиш учун декабрь ойи бошларида Оренбургга жўнаб кетгач, 1917 йил 12 декабрда Мустафо Чўқай унинг ўрнига Бош вазир лавозимини эгаллади. Ислом Шоаҳмедов С.А.Герцфельд ўрнига молия вазири, йирик сармоядор Рафаэль Потеляхов О.Маҳмудов ўрнига озиқовқат вазири қилиб тайинланди. Совет ва партия тарихчиси П. Алексеенковнинг ёзишича, Обиджон Маҳмудов юстиция7 вазири бўлди. Полковник Магди Чанишев ҳукуматнинг ҳарбий кенгаш раиси бўлди. Ҳарбий ишлар вазири бўлган Убайдулла Хўжаевнинг лавозими ўзгартирилиб, у халқ милицияси раҳбари ва жамоат хавфсизлиги вазири лавозимини эгаллади. Бундан ташқари ҳукумат таркибига этник жиҳатдан бухоро яҳудийларига мансуб бўлган йирик сармоядорлар акаука Ёқуб Вадьяев (1868 1936) ва Сион Вадьяев (1878 1943), “Юсуф Давидов” ва “КнаппЗигель” савдо фирмалари вакиллари ҳам киритилди8.

Қўқон шаҳри 1918 йили январь ойи охири ва февраль ойи бошларида Тошкент, Скобелев ва бошқа шаҳарлардан келтирилган большевикларнинг ҳарбий кучлари: қизил гвардиячилар отрядлари ва арман дашноқлари дружиналари томонидан ўраб олинган пайтда Туркистон Мухторияти ҳукумати ичида яна ўзгаришлар юз берди. 1918 йил февраль ойи ўрталарида уламочилар ҳукуматни эгаллашди. Бош вазир Мустафо Чўқай ва унинг яқин сафдошлари ҳокимиятни тарк этди ҳамда Қўқондан чиқиб кетди. 18 февралда (янги ҳисоб билан) Қўқон шаҳар машрабларининг бошлиғи (қўрбошиси) Кичик Эргаш (1885 1918) мухторият ҳукуматида ҳокимиятни эгаллади. Кичик Эргаш томонидан ҳарбий вазир М.Чанишев ва айрим вазирлар, рус офицерлари қамоққа олинди. Қисқа муддат давомида ҳукуматда “Шўрои Уламо” вакилларининг таъсири кучли бўлди9. Кичик Эргаш қўрбоши 20 февралда Қўқон шаҳридан жанг билан чиқиб кетишга мажбур бўлди. У 18 22 февралда Туркистон Мухторияти ҳукуматини бошқарган эди.

Ўлка большевиклари Туркистон Мухторияти ҳукуматига катта хавф деб қарадилар. Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва крестьян депутатларининг Тошкентда 1918 йил 19 26 январда бўлган фавқулодда IV съездида мухторият ҳукуматига муносабат масаласи асосий ўринда турди. Съезд Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қонундан ташқари ҳолда деб ҳисоблаб, ҳатто вазирларни қамоққа олиш ҳақида қарор қабул қилди. 1918 йил 30 январда Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети Туркистон Мухториятини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Тошкентдаги большевиклар бунинг учун қизил гвардиячилар отрядлари ва арман дашноқлари (“Дашнакцутюн”) дружиналаридан кенг фойдаланди. Қўқон янги шаҳар Совети раиси большевик Ефим Бабушкин (1880 – 1927) мухторият ҳукуматига қарши бошланган совет ҳокимиятининг дастлабки қуролли тажовузига раҳбарлик қилди. Миллий матбуотнинг ёзишича, 31 январда (янги ҳисоб билан 13 февралда) жанглар бошланди. Большевиклар 31 январда Скобелев (ҳозирги Фарғона), Андижон, кейинчалик Перовск (ҳозирги Қизил Ўрда) шаҳарларида 200 нафардан ортиқ аскарларни Қўқонга ташлади. Скобелевдан келтирилган ҳарбий отрядга Константин Осипов бошчилик қилган. Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети 1918 йил 14 февралда (янги ҳисоб билан) Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилди10.

Дастлабки жангда мухториятнинг тахминан 1000 нафар кишидан иборат миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари ҳам қатнашди. Асосан болта, чўкич, кетмон, ўроқ, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10 000 нафар кишига етди. Шунга қарамай, қуролсиз бу кишилар қизил гвардиячилар Қўқон шаҳрига қилган ҳужумини уч кун давомида мардонавор қайтардилар. Шу орада мухториятчилар сафида парокандалик юз берди, юқорида айтиб ўтилганидек, 18 февралда уламочиларнинг тазйиқи билан Мустафо Чўқай истеъфога чиқди ва баъзи вазирлар сингари Қўқонни тарк этди. Айрим вазирлар жангларда ҳалок бўлди ёки душман қўлига тушиб қолди. Мустафо Чўқайнинг кейинчалик ёзишича, “Бу пайтда ҳукумат аъзоларидан Миродил [Миродил Мирзааҳмедов], Абдураҳмон Ўрозий [Абдураҳмонбек Ўразаев], Ҳидоятбек Юрғули [Ҳидоятбек Юрали Агаев] ҳамда мен [Мустафо Чўқайнинг ўзи кўзда тутилмоқда Қ.Р.] Қўқонда эдик… Носирхон Тўра Наманганда, Ҳарцфелд [Соломон Герцфельд] Самарқандда, Убайдулло Хўжа [Убайдулла Хўжаев] Ашхобод Самарқанд йўлида, Обиджон [Обиджон Маҳмудов] Бухорода, Шоаҳмадбек [Ислом Султон Шоаҳмедов] эса Қўқон қўрғони ичида экан, большевиклар қўлига тушиб қолган эдилар”11.

Большевиклар ва совет ҳокимияти бу билан чекланмасдан мухторият ҳукуматини тугатиш учун қўшимча ҳарбий кучларни бу ерга жўнатди. 1918 йил 19 февралга ўтар кечаси Тошкентдан Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е. Перфильев бошчилигидаги пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларидан иборат 11та эшелондан иборат қўшин етиб келди. Умумий қўмондонлик К.Осипов зиммасига юкланди. 19 февралдан бошлаб 3 кун давомида большевикларнинг ҳарбий кучлари шаҳар устига тўплардан ёндирувчи снарядлар ёғдиришди. Шаҳар бутунлай вайрон бўлди ва ўтолов ичида қолди. Қўқоннинг ўзида 3 кун давомида 10 000 нафардан зиёд киши ўлдирилди12.

Улуғ Туркистон” газетаси чуқур қайғу билан хабар берганидек, “20 (7) февраль куни Ҳўқанд (Қўқон) тарихининг энг даҳшатли куни эди. Бунда арманилар айрича фаолият кўрсатганлар…” Газетадаги ушбу мақола “Ҳўқанд – ҳозир ўликлар шаҳри” деган даҳшатли ибора билан тугайди13. Ниҳоят, 1918 йил 22 февралда Қўқон шаҳридаги РусОсиё банки биносида большевиклар томонидан тайёрланган “тинчлик шартномаси” имзоланди. Ушбу шартноманинг иккинчи моддасида “Аҳоли ўлка Халқ Комиссарлари Совети ҳокимияти ва барча маҳаллий совет ташкилотларини тан олади”, деб ёзилган эди. Ҳа, ўққа тутилган, ўлдирилган, таланган ва таҳқир этилган қўқонликларнинг тирик қолган қисми совет ҳокимиятини расмий равишда тан олишга мажбур бўлди.

Туркистон Мухторияти ҳукумати атиги 72 кун умр кўрган бўлса ҳам, у эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. Бу ҳукуматнинг зўрлик билан ағдарилиши туркистонликлар томонидан совет Россиясининг Туркистонга нисбатан тажовузкор режалари мавжудлигининг яна бир далили сифатида қабул қилинди. Туркистонликлар тинч йўл (парламент) билан миллий давлатчиликни қайта тиклаш мумкин эмаслигини тушуниб, 1918 йил февраль ойининг охирида қўлларига қурол олган ҳолатда Туркистонда совет режими ва большевикларга қарши қуролли ҳаракатни бошлаб юбордилар. Совет даврида “босмачилик” ҳаракати деб қораланган туркистонликларнинг мазкур миллий озодлик кураши тарихга истиқлолчилик ҳаракати сифатида кирди.

Қаҳрамон РАЖАБОВ
т.ф.д., проф.,
Ўзбекистон ФА Тарих институти бўлим мудири

Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1 Туркистон Мухторияти ҳукумати ҳақида таниқли ўзбек тарихчиси профессор Саидакбар Аъзамхўжаевнинг қуйидаги асарларига қаранг: Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти: миллийдемократик давлатчилик қурилиши тажрибаси. Тошкент: “Маънавият”, 2000. 168 бет; Агзамходжаев С. История Туркестанской Автономии (Туркистон Мухторияти). –Ташкент: Издательско-полиграфическое объединение «Тошкент ислом университети», 2006. – 268 стр.

2 “Улуғ Туркистон” (Тошкент), 1917 йил 8 декабрь.

3 Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти. Б. 130; Мингнаров А. Туркистондаги ижтимоийсиёсий жараёнларнинг миллий матбуотда ёритилиши (1917 1918 йиллар). Тошкент: “Истиқлол нури”, 2013. Б. 104 105.

4 Қўқон Муваққат халқ шўроси ҳайъати //”Улуғ Туркистон”, 1917 йил 8 декабрь; “Эл байроғи” (Қўқон), 1917 йил 9 декабрь.

5 “Улуғ Туркистон”, 1918 йил 7 январь.

6 Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. Илмий муҳаррир: М. Жўраев. Тошкент: “Шарқ”, 2000. Б. 53 54; Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков национальной независимости. Научный редактор: Р.Я. Раджапова. –Ташкент: «Шарк», 2000. –С. 98 – 99.

7 “Улуғ Туркистон”, 1918 йил 31 январь.

8 Алексеенков П. Кокандская автономия. Ташкент: Узгиз, 1931. С. 26.

9 Алексеенков П. Кокандская автономия //Революция в Средней Азии. Сборник 1. Ташкент: Издательство “Правда Востока”, 1929. С. 40.

10 Аъзамхўжаев С., Ражабов Қ. Туркистон Мухторияти //Ўзбекистон миллий эниклопедияси. Т. 8. Тошкент: “Ўзбекистон миллий эниклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. Б. 650 651.

11 Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари). Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Нашриётматбаа бирлашмаси, 1992. Б. 49.

12 Раджабов К.К. Истиклолчилик харакати в Ферганской долине: сущность и основные этапы развития (1918 – 1924 гг.). Автореферат дисс… канд.ист.наук. –Ташкент, 1995. –С. 21 -22; Он же. Вооруженное движение в Туркестанском крае против советского режима (1918 – 1924 гг.). Автореферат дисс… докт.ист.наук. –Ташкент, 2005. –С. 39.

13 Ҳўқанд фожиаси // “Улуғ Туркистон”, 1918 йил 8 март.

Ўхшаш мақола

Алаш и Туркестан: точки прикосновения

Post Views: 485 Одним из обьектов узловых исследований, с пересмотром устоявщих по сей день выводов …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *