1917 йил февраль ойидан бошлаб Россиянинг миллий ўлкалари, шу жумладан Туркистонда ҳам “мухторият” ғояси илгари сурила бошлади. Ўша давр миллий матбуотида Туркистон мухториятининг фаолияти ва унинг қисматига доир жуда кўп маълумотларни учратиш мумкин. Ушбу мақолада мухторият хукуматининг фаолияти ва унинг қисматига оид баъзи бир манбаларга тўхталиб, уларни таҳлил этиб ўтамиз.
Татар зиёлиларидан Нуширвон Ёвушев: “Мухториятни қўлга киритгандан кейин уни бошқариш масаласи ҳам юзага келади. Бунинг учун моддий ва маънавий куч керак бўлади. Баъзи бировлар халқ ночор, деб бунга қарши турибдилар. Тўғри, ҳозир айрим етишмовчиликлар бор. Лекин ёш тараққийпарварлар билан ишга киришилса, кенг йўллар очилади. Шундан кейин тез орада мамлакатни бошқара оладиган даражага етамиз”1, деган эди.
Зиёлилардан Ислом Шоаҳмедов томонидан Туркистон мусулмонларининг II қурултойида муҳокама қилиш учун тайёрланган “Туркистон федерацияси”2 номли лойиҳа катта аҳамиятга эга. Лойиҳа 27 моддадан иборат бўлиб, унда мухторият хукуматининг барча жабҳалари қамраб олинган.
Қурултой кунлари Қўқон шаҳри аҳолиси ва бутун халқ мухторият хукумати тарафдори эканлигани кўрсатди, уни қувватлаб кўп минг кишилик намойишлар бўлганлигини маълумотлар тасдиқлайди. Халқимиз: “Туркистоннинг ери – бизнинг танамиз, суви – қонимиздир. Кимда – ким иккисига тегадиган бўлса, бизни қонимизни тўкиш билан баробардир”3, -деган шиорни илгари сурдилар.
1917 йил 1-декабрда Наманган уездида ҳам аҳолининг мухторият хукуматини қўллаб-қувватлашга бағишланган намойиши уюштирилди. Бу намойишда 100 минг киши иштирок этди. Кўчалар аҳоли билан тўлиб, “Яшасин Туркистон мухторияти ва унинг ҳукумати”4,-деган шиорлар ёзилган плакатлар кўтариб хурсандлигидан йиғлар эди.
Шу йилнинг 3-4 декабрь кунлари мухторият байрамини ўтказдилар. Россия ва Кавказдан келган мусулмонлар биргаликда мусиқа садолари билан янги шаҳарга келдилар. 4 декабрда “Иттифоқ” жамият идорасида мактаб болалари байрам уюштирдилар. Ўша куни мактабда дарс бўлмади. “Иттифоқ” жамият аъзолари, мактаб ўқувчилари ва мусулмон аскарлари билан биргаликда мусиқа садолари остида эски шаҳарга бориб маҳаллий аҳолини Андижон татарлари номидан мухторият эълон қилинганлиги муносабати билан табрикладилар5.
13 декабрда Тошкент шаҳрида Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлашга бағишланган 100 минг кишилик намойиш бўлди. Намойишда “Уламо” жамияти аъзолари ҳам қўшилдилар. Мусулмон жамиятлари билан бир қаторда европалик жамият аъзолари томонидан маърузалар ўқилиб, улар ҳам ўзларини халқ комиссалари деб атаётган большевикларнинг зўровонликларидан шикоят қилдилар ва биргаликда намойишни янги шаҳарга кўчиришни илтимос қилдилар6.
Туркистон мухторияти ҳукуматининг, умуман мусулмонларнинг мухторият эълон қилгандан кейин рўй берган вазиятни эътиборга олиб, муҳитга берган баҳосини Ориф Клевлеевнинг Петроградга юборган телеграммасидан ҳам билиш мумкин. Унда шундай сатрлар ёзилган: “Туркистон халқи бир овоздан Туркистон мухториятини эълон қилиб, ўлканинг бошқарув усулини Туркистон Таъсис мажлиси томонидан ишлаб чиқишни таклиф қилди. Руслар ва европаликлар ўлканинг 2 фоизини ташкил қилсада, халқ шўроси (миллий мажлиси М.А.) га сайланганларнинг 33 фоизини ташкил этди. Бироқ, Россия комиссарлари томонидан Туркистон мухториятини тугатиш йўлида ҳаракатлар қилмоқдалар. Сизни Россия демократик жумҳуриятининг олий идораси эканлигингиздан бошқарувни Тошкентдаги комиссарлар советидан Туркистон мухторияти хукуматига топширишга буйруқ беришингизни илтимос қиламан. Токи орада тортишув бошланиб, Туркистон мамлакати ҳалокатга дучор бўлмасин. Ҳарбий шўро раиси Ориф Клевлеев Қўқон 1917 йил 26 декабрь”7.
Кейинги сиёсий жараёнлар, бу большевикларнинг Туркистонда олиб борган босқинчилик сиёсатини кўриш мумкин. “1918 йил 18-25 январь кунлари Тошкентда бўлган большевикларнинг съезди Туркистон мухториятини тугатишга қарор қилиниб, мухторият аъзоларини дарҳол ҳибсга олиш кераклиги илгари сурилган”8. “Туркистондаги барча миллий маҳкамалар тугатилди, суд ишлари тўхтатилди. Буларнинг ўрнига оддий рус солдат ва ишчиларидан “жамоат ҳукми” деган янги судлар ташкил қилинади. Маҳаллий аҳолининг ерларини қурол кучи билан тортиб олиб, большевиклар ўзлари ер қўмиталарини тузиб, Туркистон ерларини ерсиз рус крестянларига олиб бера бошладилар. Большевикларнинг фикрига қўшилмаган ҳукумат муассасалари ва бошқа миллий жамоат идораларининг барчасини фаолияти тўхтатилиб, уларнинг ўрнига рус солдат, ишчи ва крестянларидан тайинлай бошладилар”9.
“Улуғ Туркистон” газетаси саҳифалари маълумотнинг гувоҳлик беришича, “Солдат ва ишчилар бир неча бор қуролланиб эски шаҳарга тушиб озиқ овқат ва ғалла топиш учун тинтув ўтказадилар. Янги шаҳар (руслар яшайдиган қисми – М.А.)да ўзларининг озиқ-овқатлари тугаши билан эски шаҳар (мусулмонлар яшайдиган қисми – М.А)га кўз олайтира бошлади. Мусулмонлар бу ҳолни адолат юзасидан бўлмаётганлигини маълум қилдилар10. Шунингдек, “Эл байроғи” газетасида эътироф этганидек, 1918 йил 13 январда қайсидир комиссарнинг фармонига кўра бир гуруҳ қазил аскарлар Қўқонга келдилар ва Ўрдани ишғол қиладилар. Учинчи куни эса барча банкларни ўз тасарруфига ўтказишади. 14 январь куни бир неча миллион сўмни олиб кетадилар. Бу маблағ Туркистон халқининг меҳнати эвазига ҳосил бўлганлигини маълум қилса,”11, иккинчи бир манбада шундай маълумотлар бор: “Ушбу банклардан олинган маблағларни Тошкентга келтириб, ундан фойдаланиш ҳуқуқи фақат комиссарлар совети ихтиёрида бўлиши кераклиги айтилган. Ўша куни Қўқон банкидан 8 миллион 223 минг сўм 17 тийин олиб кетилган”12.
Бунинг устига Россиядан ғалла келтириш тўхтаб қолган эди. Большевиклар маҳаллий халқнинг бор-будини талай бошлайдилар. Аҳоли оч-яланғоч ҳолатига тушиб қолади. Натижада Туркистон мухторияти хукумати ва миллий зиёлилар бошчилигида “Очларга ёрдам” қўмитасини тузилиб, халқни ушбу ҳолатдан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қиладилар. Ҳар бир даҳаларнинг марказий қисмида кўплаб қозонларда овқат тайёрланиб текин тарқата бошлайдилар. Большевиклар талончилик, босқинчилик қилаётган бир вақтда, аждодларимиз, миллий зиёлиларимиз ва ўзига тўқ табақа кишилари ана шундай олийжаноблик ишларини амалга оширганлар. Буни қуйидаги манбалардан ҳам кўриш мумкин:
№ | Мақолалар | Нашри | Йил | Ой, кун |
1 | “Овқат масаласи” | “Улуғ Туркистон” | 1917 йил | 31 декабрь |
2 | “Даҳшатли очлик олдидан” | “Улуғ Туркистон” | 1918 йил | 4 январь |
3 | “Очлик балоси” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 24 январь |
4 | “Очдан ўлганлар” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 3 февраль |
5 | “Очларга ёрдам этайлик” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 3 февраль |
6 | “Очлар фойдасига” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 23 февраль |
7 | “Оч қолган ишсизлар фойдасига” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 23 февраль |
8 | “Очлар фойдасига театр” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 2 март |
9 | “Очларга ёрдам” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 7 март |
10 | “Очларга ёрдам” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 12 март |
11 | “Очларга ёрдам” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 14 март |
12 | “Очлик қурбонлари” | “Улуғ Туркистон” | -/- | 8 июнь |
13 | “Ва яна жамияти ҳайрия” | “Ҳуррият” | -/- | 26 декабрь |
14 | “Жамияти ҳайрия” | “Ҳуррият” | 22 март | |
15 | “Очларга ёрдам” | “Ҳуррият” | 22 апpeль |
Миллий матбуот саҳифаларида большевикларнинг бу миллий мухторият хукуматини шавқатсиз тарзда бостирганлиги тўғрисида жуда кўп манбаларни учратиш мумкин. Хусусан, “Улуғ Туркистон” газетасининг 1918 йил 26 февраль сонида “Туркистон мусулмонларининг фожеаси”, 8 март кунги сонида “Қўқон фожеаси”, 9, 12, 14, 19 март кунги сонларида эса “Қўқон фожеалари”, 3 май кунги сонида “Қўқон мухториятини авф умумий”, 30 май кунги сонида “Қўқонда бўлган воқеа” номли маълумотлар бор.
Қўқонлик фуқаро Юсуф Халилий Қўқон фожеаларини шундай таърифлайди: “Қўқон кўчалари тамом ёниб бўлди. Маданий муссасалар, оптика, типография, банклар, наториус конторалари, амбулятория, бозорлардаги барча дўконлар, жумладан 11 минг ҳовли, 19 та мадраса, 37 та масжид ёниб кулга айланди. Мусулмон оилалари дашноқ арманлари қиличи билан ўлдирилмоқда. “Қароқчи қум” станциясидан Олтиариқ станциясигача бўлган 117 чақирим ердаги қишлоқлардаги мусулмонлар дашноқ арманилари томонидан ўлдирилиб, уйларига ўт қўйиб юборилмоқда. Мусулмонлардан тортиб олинган ғаллалар тўғридан-тўғри қалъага олиб келтирилмоқда. Шаҳар ва қишлоқлардаги мусулмонларнинг пули, ғалласи, қўй ва моллари қолмади. Ҳаттоки, эски қози ва мингбошиларни тутиб келтириб эллик ва юз минглаб пулларини тортиб олдилар. Фарғонада ҳар бир рус солдати ўзи ҳоким, ўзи подшодир. Улар нимани хоҳласа, шу ишни қиладилар. Бу ғаламисликларни жавобгарликка тортиш у ёқда турсин, ҳатто суриштириб ҳам ўтирмайдилар”13,- деб ёзади.
Бойлик талашишда, ҳатто большевикларнинг ўзлари ўртасида ҳам ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқа бошлади. 1918 йил 8 март куни Ўрта Осиё темир йўл хизматчилари билан касаба иттифоқи аъзолари катта намойиш қилиб, комиссарлар советидан нима сабабга кўра Першин ва бошқа комиссарларга йилига 12 минг сўм даромад тайинланганлигини, комиссарлар газеталарни зўрлик билан ёпишгани, матбуотда ҳақиқий воқеаларни ёритишга рухсат бермаётганлиги ва шунга ўхшаш 18 тага яқин саволларига жавоб беришларини талаб қилдилар. Шунингдек, Бухородаги давлат банк шўъбасидан олинган 40 миллион сўм пул билан 175 пуд (1пуд- 16,3кг) кумуш, ва 37 қадоқ (1 қадоқ-409,5 грам) олтин қаерга қўйилганлигини сўрадилар. Аммо комиссарлар совети бу намойишни тарқатиб юборишади.14
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, 1917-1918 йиллардаги миллий матбуот саҳифаларида Туркистон мухториятига доир манбаларни тўлиқ ўрганиб, уларни таҳлил этгандагина ушбу давр воқеларига, сиёсий, иқтисодий, маданий жараёнларига тўлақонли баҳо бериш мумкин. Қолаверса, Туркистон мухториятига доир воқеъликлар ҳақида қизиқувчилар ҳам ҳаққоний маълумотларга эга бўла оладилар.
Абдухолиқ МИНГНАРОВ
т.ф.н., доцент, Тошкент молия институти
“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь
1 Туркистонга автономия олув хақида. //Улуғ Туркистон, 1917 йил 5 май.
2 Туркистон федерацияси.//Улуғ Туркистон 1917йил 7,10 сентябрь.
3 Туркистон мухторияти.//Улуғ Туркистон 1917йил 8 декабрь.
4 Мухториятга Туркистон мусулмонларининг шодлик намойишлари.//Эл байроғи.1917 йил.9 декабрь.
5 Андижонда мухторият намойиши.// Улуғ Туркистон 1917йил 16 декабрь.
6 Тошкент мухторият намойиши. // Улуғ Туркистон 1917йил 16 декабрь.
7 Петроградга юборилган телеграмма. // Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.
8 Сиёсий аҳвол. // Улуғ Туркистон. 1918 йил 28 январь.
9 Маҳкамаларни ўзгариши. // Улуғ Туркистон.1917 йил 20 декабрь,
10 Эски шаҳарда тинтув. // Улуғ Туркистон. 1918 йил 4 январь.
11 Мухториятли Туркистоннинг миллий мажлиси. // Эл байроғи. 1918 йил 23 январь.
12 Банклардан ақча олув ҳақида. // Улуғ Туркистон. 1918 йил 21 январь.
13 Ҳўқанднинг ҳоли. // Улуғ Туркистон. 1918 йил 2 апрель.
14 Большевиклар ҳаракатида буҳрон. // Улуғ Туркистон. 1918 йил 12 март.