Миллий давлатчилик қурилиши масаласига ёндошиш, Туркистоннинг тўла мухторият олиш ғоясини илгари суриш миллий газета саҳифаларида 1917 йил апрель ойидан бошлаб кўзга ташланади1.
1917 йил апрелида бўлиб ўтган Туркистон мусулмонлари I қурултойининг туб мақсади ҳам мамлакатни қандай идора қилиш ҳамда миллий ҳукумат тузишга ҳозирлик кўриш эди. Газеталарнинг апрел, май ойи сонларида берилган мақолаларда 1917 йилнинг 1 май куни Москвада чақирилган I Умуммусулмон съезди, кун тартибига қўйилган масалалар: Бутунроссия мусулмонлар кенгашининг тузилиши, мусулмонларнинг Таъсис мажлисда қатнашиши, маданият, фан, дин, жойлардаги бошқарув ва бошқалар хусусида ҳам сўз юритилди2.
1917 йилнинг ёзига бориб, диний ислоҳотлар, аёллар масаласи, Россия билан Туркистоннинг давлат тузилмаси каби бир қанча масалалардаги фикрлар қарама-қаршилиги натижасида “Шўрои исломия” ташкилотидан “Шўрои Уламо” жамияти ажралиб чиқди. Бу бўлинишга қарамай, ҳар икки гуруҳ ҳам Туркистонни мустақил давлат сифатида бошқарилиши тарафдорлари эдилар. 1917 йилнинг 21 июлида эса Қозонда II Бутунроссия мусулмонлари съезди очилди. Ўн кун давом этган ушбу съездда асосий масалалар қаторида миллий мухториятни вужудга келтириш масалаласи ҳам муҳокама этилди. Шу йилнинг кузига борганда Туркистондаги миллий демократик ҳаракатларда сиёсий кучлар ўртасида бирлашиш жараёни кузатилади. 1917 йилнинг 17-20 сентябрь кунлари “Шўрои Уламо” ташаббуси билан Тошкентда чақирилган Туркистон ва қозоқ мусулмонларининг қурултойи бўлиб ўтди. Унда Туркистоннинг деярли барча ҳудудлари ҳамда Урал ва Тўрғай вилоятларидан беш юзга яқин вакиллар қатнашди. Қурултойнинг Туркистон Мухторияти тузишга қарор этганлиги матбуот саҳифаларидаги асосий мавзулардан бири бўлди3.
Миллий мустақиллик учун ана шундай сиёсий ҳаракатлар авж олган бир вақтда Октябрь тўнтариши бўлиб ўтди. Бироқ, бу тўнтаришдан кейин ҳам кутилган натижаларга эришилмади. Яъни, большевиклар ҳукумати миллий сиёсатда кўплаб жиддий хатоларга йўл қўйди: улар марказий ҳокимият раҳбарлар томонидан эълон қилинган ҳужжатларга қарама-қарши бўлган қарорларни эълон қилиб, чор ҳукуматининг Туркистонда олиб борган мустамлакачилик сиёсатинининг бевосита давомчилари сифатида сиёсат олиб бордилар. Улар ҳам ўлкада ўзларининг ҳукмронлик сиёсатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилдилар. Бу айниқса, 1917 йилнинг 15-21 ноябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ишчи, деҳқон, солдат депутатларининг III съездида ўз аксини топди. Съездда ўлкани бошқаришда мусулмонларнинг иштирок этиши нолойиқ деб топилди. Бунинг сабаби большевикларнинг фикрича, “шўролар ҳокимиятига маҳаллий аҳоли муносабатининг ноаниқлиги ва улар орасида пролетар синфий ташкилотининг йўқлиги”4да эди.
Маҳаллий аҳоли ўзининг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларидан, миллий давлат қурилишида иштирок этиш имкониятидан маҳрум қилинди. Буларнинг барчаси туркистонликлардаги миллий-озодлик тўғрисидаги шиорларга бўлган ишончини сўндирди. Туркистон Мухторияти давридаги ўлкада мавжуд ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатларга, айниқса, советлар ҳокимияти томонидан амалга оширилган сиёсатга норозилик кайфиятлари ўша давр замондошлари қарашларида акс эттирилган бўлиб, муаллифларнинг кўпчилигини Туркистон ўлкасининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларида бевосита иштирок этган давлат ва жамоат арбоблари, маҳаллий зиёлилар ташкил этади. Улар ўзларининг нутқ ва мақолалари, асарлари, хатлари орқали ўлкадаги миллий демократик давлат қурилиши, унинг истиқболи, большевиклар ҳукуматининг бу борадаги сиёсати ҳамда ундаги камчиликларни таҳлил қилишга ҳаракат қилганлар.
Дастлаб Туркистон Мухториятининг ташкил топишида бевосита иштирок этган жадид намоёндаларининг бу масалага қарашлари ҳақида фикр юритмоқ жоиз. Туркистон тараққийпарварларининг айнан Туркистон Мухторияти тарихи масалаларига бағишланган мақолаларини кўпчилиги уларнинг ўз ҳисобларидан очган миллий матбуот саҳифаларидан ўрин олган. Биргина “Улуғ Туркистон” газетасининг ўзида мухторият ташкил топган пайтдан бостирилгунга қадар бўлган давр мобайнида 30 га яқин5, “Ҳуррият” (Самарқанд) газетасида 15 га яқин6, “Эл байроғи”да 10 га яқин7, “Ал-Изоҳ”, “Ал-Ислоҳ”, “Изҳор-ул ҳақ” ва бошқа миллий журналларда ҳам бир неча8 ижтимоий-сиёсий мақолалар чоп этилган.
Туркистон тараққийпарварлари Туркистонда келгусида тузиладиган миллий давлат шакли, унинг Россия билан муносабати ва алоқалари масалалари юзасидан февраль инқилобидан кейиноқ қизғин баҳслар юритдилар. Айниқса, давлат тузилмаси шакли борасидаги баҳслар қизғин кечди. Улар Туркистон ўлкаси батамом мусулмон республикаси бўладими ёки Россия федерацияси таркибида мухтор бўладими каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдилар. Зиёлиларнинг бир қисми федерация йўлини танлаган бўлса, бошқа бир қисми тўла мустақил бўлиш йўлини маъқул топдилар9. Хусусан, 1917 йилнинг 16-21 апрель ойида Тошкентда ўтказилган Умумтуркистон мусулмонлар I съездида Мунаввар қори Абдурашидхонов, М.Чўқаев ва С.Мақсудийлар ўша вақтда “миллий ҳудудий мухториятга эришиш керак эмас, чунки мусулмонлар ер-сув ишларини бошқаришни ўзлари уддалай олмайдилар, шунинг учун маданий-маърифий масалаларда мухториятга эришиш керак”10, деб ҳисобладилар. Н. Явушев эса Туркистонга мухторият бериш зарур11, деб ҳисоблади.
Туркистон жадидларининг йўлбошчиси ҳисобланган, миллий давлатчилик ғояларини ривожланишига беқиёс ҳисса қўшган М. Беҳбудий Туркистон мусулмонлари ўз шариат ва одатларига мувофиқ тирикчилик қилишлари, ўлкада яшовчи барча халқлар манфаатлари ҳисобга олиниши зарурлиги ҳақида фикр юритар экан, у Россия таркибидаги мухторият масаласини кўтариб чиқди. Ҳатто “Россия таркибида туриб ҳам мустақилликка эришиш мумкин”, деб ҳисоблади. Унинг фикрича, “Россия мусулмонлари учун Россия пойтахтида бир мусулмон марказий идораси вужудга келади, рус, яҳудий ва бошқалар қўшилгани ҳолда Туркистон ҳукумати таъсис этилиб, мазкур ҳукуматнинг ўз парламентаризми бўлиши лозим” эди. Шундай қилиб, мустақил ваколатли ўлка ҳокимиятнинг олий органлари, бошқаруви ва суд механизмлари, ўз давлат тузилишини барпо этишга киришган тараққийпарварлар бошқарувнинг республика шаклини, давлатнинг тузилиши жиҳатдан мухторият шаклини танладилар. Устивор мақсад қилиб, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар берилган, конституцион жиҳатдан кафолатланган демократик жамиятни шакллантириш белгиланди.
Тараққийпарварларнинг миллий давлат барпо қилиш борасидаги орзу‑ниятлари қийинчилик билан бўлсада, рўёбга чиқди. “Шўрои исломия”, “Турк Адами марказияти”, “Иттифоқ” ва бошқа фирқалар ташаббуси билан 1917 йилнинг 26-29 ноябрь кунлари Туркистон ўлка мусулмонларининг Фавқулодда IV қурултойида ўлкадаги дастлабки миллий демократик давлат – Туркистон Мухторияти эълон қилинди12.
Мухториятчиларнинг миллий давлатчилик ғоялари биринчи навбатда халқни маърифатли қилиш, мамлакатни илғор ривожланган давлатлар қаторига қўшиш учун миллий кадрлар етиштириш, иқтисодиёт, фан ва маданиятни ривожлантириш, ижтимоий, диний ва миллий келиб чиқишидан қатъий назар бутун мамлакат учун демократик ҳуқуқ ва эркинликлар бериш каби тамойилларга таянган ҳолда фаолият олиб бордилар.
Туркистон аҳолисини мураккаб сиёсий вазиятлар таъсирида вужудга келган иқтисодий тангликдан олиб чиқиш вазифаси мухториятчиларнинг биринчи галдаги вазифалари қаторидан ўрин олди. Шуни назарда тутиб янги сайланган ҳукуматга “тез орада Туркистоннинг Таъсис мажлисини чақириш, ғалла ва озиқ-овқат ҳамда биринчи даражада зарур бўлган нарсалар билан халқни таъмин этиш ва шу мақсадда “Жанубий-шарқий иттифоқ”13 билан вақтинчалик музокара қилиш, мухторият учун молияни вужудга келтириш, миллий армияни ташкил этиш, Туркистонда бўлган турли миллатларнинг ҳуқуқини таъмин этиш”14 каби бир қанча масъулиятли вазифалар юклатилди.
Мухторият эълон қилингач, Туркистондаги деярли барча миллий матбуот саҳифаларида бу қувончли воқеа ҳақида мақолалар, хабарлар15 кетма-кет босиб чиқарилди. Қурултой ишини ўлкада фаолият олиб борган «Свободный Самарканд» (“Озод Самарқанд”), «Туркестанский вестник» каби русийзабон газеталар ҳам ўз саҳифаларида муҳокама қилиб борди16.
Қурултой томонидан қабул қилинган қарорлар асосан бутун Туркистон халқининг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган эди. “Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи кафолатланиши, Туркистонда яшаётган бошқа миллатлар ҳам Туркистон Мухториятининг тенг бир ҳуқуқли аъзоси сифатида келажаги таъминланиши кўзда тутилгани17 ҳам миллий матбуот саҳифаларида алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қурултойда кўрилган асосий масалалардан яна бири – янги тузилган миллий ҳукуматнинг “Жанубий-Шарқий иттифоқ”қа муносабати масаласи18 эди. Совет даври тадқиқотларида мазкур съезднинг иттифоққа қўшилиши тўғрисидаги қарори унинг “аксилинқилобий” моҳиятини очиб беришда муҳим асослардан бири сифатида хизмат қилди. Ҳозирга қадар бу масала етарли даражада ўрганилмаган.
Қурултойнинг Таъсис мажлиси чақирилгунга қадар мазкур иттифоқ билан вақтинчалик шартнома тузишга қарор қилганлигига қандай омил сабаб бўлган? Бу саволга «Свободный Туркестан» газетасидан ўрин олган Б. Ельчиевнинг “Туркистон Мухторияти ва Жанубий-шарқий иттифоқ” номли мақоласи19 бирмунча аниқлик киритади. Мақола мазмунидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, қурултой “Жанубий-шарқий иттифоқ”қа совет тарихчилари ёзганидек, “совет ҳокимиятига қарши курашишда аксилинқилобий кучлар билан бирлашиш мақсадида” эмас, балки ўлкада кечаётган қийин иқтисодий вазиятни олдини олиш мақсадида, ундан чиқиш йўлларини ҳисобга олиб, унга аъзо бўлиш ҳақидаги қарорни қабул қилган.
Хуллас, миллий газета ва журналларда чоп этилган мақолалар, ёритилган муаммолар хилма-хил бўлишига қарамай, улар биринчи навбатда халқ онгида ўзликни англаш, маданият, билимни ўстиришга асосий эътиборни қаратган эдилар. Уларда мухторият ҳукуматининг вужудга келтирилиши халқнинг асрий бир орзуси натижаси сифатида катта хурсандчилик билан қарши олинганлиги акс эттирилди, ташкил топган янги ҳукумат равнақи хусусида қизғин фикрлар юритилди. Туркистон большевиклари эса халқни бундай ғояларидан узоқлаштириш мақсадида турли йўлларни излаб топдилар. Биринчи навбатда кўплаб миллий матбуот нашрлари фаолияти тугатилди ва совет матбуотига эътибор қаратилди. Бу даврда бирор қаламкашнинг совет матбуотида иштирок этиши ўша ёзувчининг “услуби, моҳирлиги, қалами ўткирлигига қараб эмас, балки унинг умуман тутган йўлига қараб, унинг ўз таълимоти билан ишчилар оммасига қандай фойда келтиришига қараб фикр юритилиши лозим эди”20.
«Наша газета», «Туркестанская искра», «Советский Туркестан», «Новый путь» каби номлар билан фаолият юритган совет матбуоти21 мухториятнинг “аксилинқилобий” моҳиятини очиб беришда большевикларга дастлабки қурол вазифасини ўтади. Айниқса, 1917 йил апрель ойида ташкил топган «Наша газета» бу йўлда алоҳида хизмат кўрсатди22. «Новый путь» газетаси ҳам Туркистон Мухториятини “бой ва рус авантюристлари томонидан эълон қилинган ҳукумат”23, сифатида баҳолади. Мазкур газета саҳифалари Туркистон мусулмонларининг Фавқулодда IV ўлка қурултойига умуммусулмон ишчилар, мусулмон меҳнаткаш пролетариатидан вакиллар киритилмаганлиги24 сабабли бу қурултой умуммусулмон съезди бўла олмаслигини алоҳида таъкидлаб кўрсатди.
Большевикларнинг “адолатпарвар”, “халқчил” ҳукуматига катта умид боғлаган миллий зиёлилар уларнинг асл қиёфаси намоён бўлгач, мақолалар орқали ўз норозиликлари билан чиқа бошлади25.
Тараққийпарварларнинг тузилажак миллий давлатнинг иқтисодий жиҳатлари хусусида қарашлари қандай эди?
Улар келажакда чет давлатларга қарам бўлмаган, бой давлат бўлиши учун миллий мухторият ҳар жиҳатдан моддий ва иқтисодий қувватга молик бўлгандагина таъмин эта олиниши, бунинг учун эса энг аввало эҳтиёжга молик биринчи даражада бўлган нарсаларни ортиғи билан Туркистоннинг ўзида етиштириши, завод ва фабрикалар қуриш, суғориладиган ерлардан унумли фойдаланиш, чет эл техникаси билан танишиш, миллий ҳазинани ташкил этиш, молияни ислоҳ қилиш, солиқ ва закотларни бир интизомга солиш зарурлиги 26ни таъкидладилар.
1917 йилнинг 15 декабрида эса совет ҳукуматининг “Ер ва суғориш тизимларини национализация қилиш тўғисида” Декрети қабул қилинди27. Декретга биноан барча хусусий банклар (транспорт ва ташқи савдо ҳам) мусодара қилинди, давлат заёмлари бекор қилинди.
1918 йил январь ойининг иккинчи ярмидан большевикларнинг талон-тарожликлари бошланиб кетди28. Мухторият ҳукумати имкон қадар тиришсада, I Жаҳон уруши, очлик ва қимматчиликнинг таъсири, мухториятчиларнинг иқтисодий вазиятни енгиллаштиришга қаратилган тадбирларига тўсқинлик қиларди. Бундан ташқари мухториятчилар олдида миллий армия ташкил этиш вазифаси ҳам бор эди.
Туркистон Мухторияти эълон қилинган тарихий ўлка мусулмонларининг Фавқулодда IV қурултойида Туркистонда яшовчи миллатларнинг ҳуқуқларини сақлаш мақсадида миллий қўшин ташкил қилиш ҳам муҳокама этилган асосий масалалар қаторидан жой олди29. Мухторият ташкилотчилари ўзларининг ҳар бир нутқ ва мақолалари орқали туркистонликлардан миллий аскар ташкил этишга даъват этиб бордилар. Большевикларнинг мухториятга бўлган муносабати миллий армияни янада мустаҳкамлашни тақозо этарди.
Большевиклар миллий қўшин ташкил этилишини ҳам “аксилинқилобчилик ҳаракат”30 деб баҳолади ва имкон қадар таъқиб остига олишга ҳаракат қилдилар. Буни англаган тараққийпарварлар очиқ-ойдин танқидий фикрларни билдирдилар31. Бироқ, Туркистон ўлка советларининг 1918 йил 23 январида бўлиб ўтган IV съездида Қўқондаги ҳукуматни тарқатиб юбориш ҳақида қарор қабул қилинди32. Шу даврдан бошлаб вазият янада чигаллашди: 31 январдан эътиборан Туркистон Мухториятининг аскари билан большевиклар орасида қуролли тўқнашув бошланди33. Хуллас, Туркистон аҳолиси томонидан кенг қўллаб-қувватланган, уларнинг орзу-истаклари заминида вужудга келган Туркистон Мухторияти етмиш икки кунгина умр кўриб, большевиклар томонидан бостирилди.
Мазкур фожеа ва унинг салбий оқибатларига оид қарашларни 20 йиллар ўрталарига қадар бўлган даврда кўплаб учратиш мумкин34.
Хуллас, Қўқон шаҳрининг вайрон қилиниши, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ағдариб ташланиши ҳамда ҳокимиятни большевиклар томонидан ноқонуний равишда қўлга киритилиши ҳам замондошлар томонидан турлича баҳоланди. Шу ўринда Туркистондаги миллий ҳаракат йўлбошчиларидан бири Аҳмад Заки Валидий Тўғоннинг 1920 ва 1923 йилларда Туркистондан В.И. Ленин номига жўнатилган икки хати35ни келтириш ўринли. Уларда большевикларнинг Шарқ, шу жумладан Туркистон халқларига нисбатан олиб борилаётган миллий сиёсати таҳлил этилиб, бундай сиёсат “иккиюзламачилик, ёлғон, бўхтон асосида, адолатсиз олиб борилаётганлиги, большевикларнинг сиёсати совет ҳукумати томонидан 1917 йил 20 ноябрда эълон қилинган мурожаатномасини инкор қилиб, миллатларнинг ўз тақдирларин ўзи белгилаш ҳуқуқини амалда йўққа чиқарганлиги” таъкидлаб ўтилди. Фитрат эса адолат ва садоқат билан эълон қилинган мухториятни большевиклар томонидан нима сабабдан қабул қилинмай турганлиги ҳақида ажабланиб ёзса,36 М.Чўқаев миллий давлат қуриш имконини беришга умид бағишлаган 1917 йилги инқилобдан алданганлигини37 таъкидлайди.
Хожи Муин ҳам юқоридаги фикрларни таъкидлаган ҳолда, большевикларнинг “ўз маслакларини қабул этмаган миллатларга ҳуррият ва истиқлол бермаслик, истиқлол тилагида бўлган ҳар миллатларнинг мамлакат идорасини советлар қўлига топшириш, мамлакатнинг барча бойликлари, ер, мол-мулк умумий деб улар ихтиёрига топширилиш, агар бу тилаклар бажарилмаса ҳеч бир миллат ҳуррияти тасдиқ бўлинмайди”, деган талабларига қарши чиқди. Шу билан бирга муаллиф “большевикларнинг бу ғайритабиий тилаклари, бузуқ ғаразларини Россияда бўлган ҳеч бир миллат қабул қилмаган”38 ини таъкидлайди.
Матбуот саҳифаларида мухториятни бостирилиши, унинг оқибатларига оид мунозаралар, мақолалар бериб борилиши мухторият бостирилгандан кейин ҳам бир қанча вақтгача давом этди. Масалан, “С.А” тахаллусли тараққийпарвар “Маъюс бўлмаслик керак” мақоласи орқали Туркистон халқига Туркистон Мухториятининг бостирилиши бу дунёда бўлаётган урушлар олдида бир намуна шаклида эканлиги, бундан умидсизликка тушмаслик кераклиги ҳамда туркистонликлар учун саодат юлдузлари яқин кунларда келишини39 уқтиради.
“Х. Али” тахаллусли замондошлардан бири эса “Ким айбли?” мақоласида мухториятнинг қонли бостирилишида айбдор ким эканлигини очишга ҳаракат қилиб, шундай ёзади: “ …Ким айбли бўлур? исломиятни куфрлар чангалидан, разолатдан, сафолатдан, жаҳолатдан қутқарув умидинда умум Туркистон вакиллари съездинда (Хўқанд 27 ноябр) нафси шахсиялари қурбони ўлмасдан хақли ерли мухторият эълон қилган эрларми? Ё бўлмаса мухторият олингиз, умуман мусулмонлар бирлашингиз деб Исрофил сўзини таратган олий марҳаматли товариш Троцкий ила Ленин афандилар айблими?…. Мусулмонларни ўзлари орасиндан недовольный буржуазия автономияси” деб Петроградга телеграмм берилишига сабабчи бўлган эҳтиромли уламои жамиятлари айблими?… Бизларни бу ўринсиз таъналаримизга Худовандои Каримни қаҳри келиб бир жузъий фалокатлар ила бошимизга Хўқанд фожеаларидан ёмонроқ фалокат ва балоларни ёғдирмаса эди…”40.
Кейинги йилларда, яратилган баъзи адабиётларда41 бу борадаги қарашларда анча ўзгариш кузатилади. Бунга ўша даврдаги уларга нисбатан бўлган тазйиқ оқибати, сиёсий вазият маҳсули сифатида қарамоқ керак. 20-йилларнинг ўрталаридан зиёлиларга, хусусан жадидларга муносабат ўзгара бошлади. Ўтмишнинг ҳар бир ҳодисасига синфий-сиёсий ёндашиш кучайди. Фанда ҳам бошқа соҳалар каби сохтакорлик, тарихни инқилоб ва янги тузум манфаатларига мослаб ёзиш тамойили пайдо бўлди. Шунга қарамай, шу давр маҳаллий матбуот саҳифаларида советлар томонидан олиб борган мустамлакачилик сиёсатига доир берилган бирмунча холис баҳоларни учратиш мумкин. Жумладан, ўша давр кишиси М.Исаев большевикларнинг мустамлакачилик руҳини йўқота олмаганликлари сабабли Туркистон халқи уларга нисбатан ишончсизлик кўзи билан қараётганликларини42, “Усмонхон” таҳаллусидаги яна бир замондош большевикларнинг бебошликлари ҳаддан ошиб кетганлиги, улар октябрь тўнтаришидан сўнг миллатлар устидан ҳокимлик ўрнатмоқчи бўлиб, зўрлик билан озодликка олиб чиқишга уринган ва бу йўлда талов, номуссизликларни амалга оширган43ликларини ёзади. Бундай қарашлар С.Шумский ҳамда А.Кузьминларнинг мақолаларида44 ҳам ўз ифодасини топган.
Туркистон Мухториятининг сиёсий аҳамияти ва уни большевиклар томонидан бостирилишини ўлкадаги европалик сиёсий арбоблар қандай баҳолаган? Бу баҳо 1918 йилнинг 23 февралида Тошкент советининг ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг “Қўқон воқеаларига доир ва социалистик армия” деган масалага бағишланган йиғилишда ўз аксини топган. Унда большевикларнинг Туркистон Мухториятини бостириш иши якунларини муҳокама қилиниб, турли мазмундаги нутқлар45 тингланди. Йиғилишда интернационалистлар фракцияси вакили, меньшевик А.Вайнштейн ҳамда Скобелев шаҳри ҳокими сифатида фаолият олиб борган В.Д.Дориомедовлар46 большевикларнинг Туркистон мухторияти билан боғлиқ сиёсатидаги камчиликларни очиқ ойдин танқид қилиб чиқдилар. Мазкур йиғилишга мажлисга раислик қилган И.О.Тоболин эса интерналистлар фракцияси томонидан социалистик ҳукуматнинг Туркистон Мухторияти ҳукуматига нисбатан шафқатсизлиги тўғрисидаги танқидларга жавобан “ким кимни енгиши ҳал бўлаётган даврда шафқатсизликнинг бўлиши табиий бир ҳол”47, – деб ҳисоблади. Бундай қарашлар бошқа яна бир қанча замондошлар хотираларида ҳам ўз ифодасини топган48.
Хулоса қилиб айтганда, Туркистон мухториятини вужудга келишида бевосита иштирок этган ва гувоҳи бўлган замондош кишиларнинг маҳаллий матбуот саҳифаларидан ўрин олган мақолалари ва асарлари мазкур ҳаракатнинг асл тарихини яратишда муҳим аҳамиятга эга. Уларда мазкур ҳаракат советларнинг мустамлакачилик сиёсати оқибатида келиб чиққанлиги, совет ҳукуматини маҳаллий аҳоли қўллаб-қувватланмагани, аксинча, улар ўлка тараққийпарварлари орқасидан борганлиги, мухториятни зўрлик билан тугатилиши эса большевикларга қарши ҳаракатларни пайдо бўлишига олиб келганлиги ҳақидаги умумий қарашлар ўрин олган. Туркистон мухторияти тарихининг асл манзарасини акс эттирувчи мазкур манбалар эса узоқ йиллар давомида илмий истеъмолга киритилмади.
Салима МАДЬЯРОВА т.ф.н.,
ЎзР ФА Тарих институти
“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь
1 Яшасун ҳуррият // Ал — Изоҳ. 1918, 1 апрель. – Б.812- 817; Тоҳирий И. Ҳуррият // Ал — Изоҳ. 1918, 1 апрел. – Б.814-820; Абдушукур Аълам. Ҳуррият ҳақинда // Ал — Изоҳ. 1918, 1 апрель. – Б.820- 822; Васлий. Ҳуррият ҳақинда // Ал — Изоҳ. 1918, 15 апрель. – Б.853- 855; Мулла Ҳошим Махсум. Ҳуррият ҳақинда // Ал — Изоҳ. 1918, 15 апрель. – Б.858- 859; Умумий Туркистон мусулмонларининг съезди // Турон. 1917, 17 апрель; Ёвушев Н. Бу кунги вазифамиз // Турон. 1917, 25 апрель ва б.
2 Нажот. 1917, 23 апрель; Шомаҳмудзода М. Умумий Русия съезди // Ҳуррият. 1917, 29, 30 май.
3 Улуғ Туркистон. 1917, 30 сентябрь; Ал Изоҳ. 1917, 4 октябр.
4 Идора. 16 ноябрда Тошкентда бўлғон мусулмон краевой съездининг қарори // Ал — Изоҳ. 1917 йил 28 ноябрь; Туркестанские ведемости. 1917, 21 ноябрь.
5 Бакир М. Туркистон Мухториятининг барпо бўлишига куч керак // Улуғ Туркистон. 1917, 24 декабрь; Ўша муаллиф. Туркистон мажлиси муассасони» (Эл қурултойи) // Улуғ Туркистон. 1918, 19 февраль; Ўша муаллиф. Булутлар қуйиладур // Улуғ Туркистон. 1918, 21 январь; Ўша муаллиф. Хасталикларимиз // Улуғ Туркистон. 1918, 28 март; Ўша муаллиф. Мудофаа // Улуғ Туркистон. 1918, апрель; Шермуҳамедов М. Туркистон ёшлариннинг эътиборина // Улуғ Туркистон. 1917, 23 август; Сайфулмулк Н. Учеридительный собрания не нарса? // Улуғ Туркистон 1917, 8 май; Ўша муаллиф. (Иброҳим Тоҳирий билан) Халқ жумҳурияти // Улуғ Туркистон 1917 20 май; “Солдат”. Миллий сармоя керак // Улуғ Туркистон. 1917, 18 август. Аҳмаджон А. Туркистон Мухторияти // Улуғ Туркистон. 1917, 13 декабрь; Явушев Н. Туркистонга автономия олув ҳақинда // Улуғ Туркистон. 1917, 5 май; Янғулатов Х. Миллий ва маданий мухторият // Улуғ Туркистон. 1917, 27 июл; Шоаҳмедов И. Туркистон Мухторияти ва иқтисодий автономия // Улуғ Туркистон. 1917, 18 ноябрь. (Муаллифи кўрсатилмаган). Туркистон Мухторияти ишлари // Улуғ Туркистон.1918, 4 январь; Шамъун. Мухторият ва Тошкент уламоси // Улуғ Туркистон. 1918, 11 январь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Туркистон Мухторияти ва қозоқлар // Улуғ Туркистон.1918, 11 январь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Муваққат Туркистон Мухторияти ишлари // Улуғ Туркистон. 1918, 31 январь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Большевизм ва мусулмонлар // Улуғ Туркистон. 1918, 21 февраль. (Муаллифи кўрсатилмаган). Хўқанд фожеалари // Улуғ Туркистон. 1918, 9, 12, 14, 19 март; Юсуф Халил. (замондош) Хўқанднинг фалокати //Улуғ Туркистон. 1918, 2 апрель; (Муаллифи кўрсатилмаган). Тошкент совети ва Туркистон Мухторияти // Улуғ Туркистон. 1918, 16 апрель.
6 Фитрат А. Сиёсий ҳоллар // Ҳуррият. 1917, 7 ноябрь. Ўша муаллиф. Иш замона ўтмасдан // Ҳуррият. 1917, 14 ноябрь; Ўша муаллиф. Мухторият // Ҳуррият. 1917, 5 декабрь; Ўша муаллиф. Туркистонда руслар // Ҳуррият. 1918, 2 январь; Ўша муаллиф. Тақсими аъмол // Ҳуррият. 1918, 16 январь; Беҳбудий М. Туркистон Мухторияти // Ҳуррият. 1917, 19, 22 декабрь; Ўша муаллиф. Даъват // Ҳуррият. 1918, 12 январь; Ўша муаллиф. Қозоқ қардошаларимизга // Ҳуррият. 1918, 5 январь; Хожи Муин. Большевиклар ва биз // Ҳуррият. 1918, 9 январь; Ўша муаллиф. Оғир ҳоллар // Ҳуррият. 1918, 22 февраль. (Муаллим) “М.Н.К”. Яшасин Туркистон Мухторияти // Ҳуррият. 1918, 2 январь; Ўғузхон. Сўз ва иш // Ҳуррият. 1918, 19 январь; Ўша муаллиф. Сиёсат оламинда // Ҳуррият. 1918, 19 февраль; НажиБ. Муҳим кунлар // Ҳуррият. 1918, 22 январь; С.А. Маъюс бўлмаслик керак // Ҳуррият. 1918, 1 март; (Муаллифи кўрсатилмаган). Хўқанд фожеаси // Ҳуррият. 1918, 5 март.
7 А.Бек. Виждон имтиҳонлари // Эл байроғи. 1917, 4 ноябрь; Қипчоқ. Бугундан киришурга // Эл байроғи. 1917, 4 ноябрь; Ўғизхон. Наманганда большевик ҳаракати // Эл байроғи. 1917, 23 январь; Тешабой. Мухторият эълон этилди // Эл байроғи. 1918, 28 январь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Улуғ байрамимиз // Эл байроғи. 1917,7 ноябрь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Химмат ва ғайрат керак. Нима учун керак? // Эл байроғи.1917, 9 ноябрь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Мухториятли миллатлар ва большевиклар // Эл байроғи. 1918, 23 январь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Англайдургон вақт // Эл байроғи. 1918, 26 январь; Абдуллабек. (номсиз мақола) // Эл байроғи. 1918, 26 январь ва б.
8 Васлий С. Мухторият учун нутқ // Ал — Изоҳ. 1918, 14 февраль. – Б.231-232; Ўша муаллиф. Тараққий ва Ватан ҳақида // Ал — Изоҳ. 1918, 14 февраль. – Б.232 -234.
9 Алимова Д.А. Жадидчилик ҳаракати ва унинг ижтимоий-сиёсий моҳияти. Жадидларнинг давлатчиликка оид қарашлари //Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари. – Тошкент: Шарқ. 2001. – Б.149-172.
10 (Муаллифи кўрсатилмаган). Умумтуркистон мусулмонларнинг қурултойи // Улуғ Туркистон. 1917, 25 апрель; (Муаллифи кўрсатилмаган) Милий идорасинда алмашинув ва Туркистон // Улуғ Туркистон. 1917, 25 апрель.
11 Явушев Н. Туркистон автономиясини олув ҳақинда // Улуғ Туркистон. 1917, 5 май.
12 Туркистон Муваққат ҳукумати тарафиндан // Улуғ Туркистон. 1917, 8 декабрь.
13 “Жанубий‑Шарқий иттифоқ: Оренбургдан Жануб ва Шарққа қадар бўлган барча ҳудудларни (Оренбург, Урал, Кубан, Семиречьедага казак қўшинларини, қозоқ, қирғиз, қалмиқ, бошқирд ерларини, Кавказ тоғликлари ва Озарбайжон татарларини) ўзи раҳбарлигида бирлаштиришни мақсад қилиб олган бўлиб, иттифоқнинг асосий ғояси инқилоб маркази бўлган собиқ Россия губернияларининг хом аше ва нон базаси ҳудудларида аксилинқилобни мустаҳкамлашдан иборат бўлган. // Қаранг: Алексеенков П. Кокандская Автономия. – Ташкент: Узгиз, 1931; Алексеенков П. Қўқон Автономияси (М. Усмон таржимаси). – Тошкент: Уздавнашр.– 75 б.
14 Мухториятли Туркистоннинг Муваққат ҳукуматидан (1917 йил 29 ноябр) чиқарилган қарорлар // Эл байроғи. 1917, 4 декабрь.
15 Идора. Мусулмон краевой сиездининг батафсил қарори 28 ноябрь // Ал — Изоҳ. 1917 йил, 28 ноябрь; Идора. Тошкентда Мухторият намойиши // Ал — Изоҳ. 1917 йил, 25 декабрь; Туркистон Мухторияти // Улуғ Туркистон. 1917, 8 декабрь; Хўқанддаги съезд қарори // Ал — Изоҳ. 1917, 11 декабрь; Тошкент хабарлари. Тошкентда Мухторият куни // Чаён. – Тошкент. 1917. – № 8-9. – Б. 14-15; Мухториятли Туркистоннинг Муваққат ҳукуматидан (1917 йил 29 ноябрда чиқарган қарорлар) // Эл байроғи. 1917, 9 декабрь; Туркистон Мухторияти // Улуғ Туркистон. 1917, 8 декабрь; Мусулмон ишчи деҳқонлар съезди // Улуғ Туркистон. 1917, 4 январь.
16 Свободный Самарканд. 1917, 7 декабрь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Туркистон Автономияси ҳақида рус матбуоти // Улуғ Туркистон. 1917, 10 декабрь; Туркестанский вестник. 1917, 9 декабрь.
17 Улуғ Туркистон. 1917, 8 декабрь, Известия Временного правительства Автономного Туркестана. 1917, 13 декабрь.
18 Тарихчи П. Алексеенковнинг ёзишича “бу масала қурултой кун тартибига Оренбург казак аксилинқилоби раҳбари атаман Дутов таклифи билан қўйилган. Қаранг: Алексеенков П. Кокандская Автономия.– Ташкент: Узгиз, 1931. – С.21.
19 Ельчиев Б.И. Туркестанская автономия и Юго-Восточный союз // Свободный Туркестан. 1918, 30 январь.
20 Абдуллаев В., Тоғаев В.О., Шомаҳсудов А., Пидаев Т. Ўзбекистон матбуоти 50 йил ичида. – Тошкент: ТошДУ, 1967. – Б.13.
21 Бу ҳақда қаранг: Орипов Қ. Совет матбуоти тарихига бир назар. Тош дав. пед. инс. Илмий асарлар. 43–жилд. – Тошкент. 1965. – Б.135-144; Джамбакиев Х. Развитие национальной партийно-советской печати и её роль в борьбе за победу и упрочение советской власти в Туркестане (1917-1920 гг). – Ташкент: ТашГУ. 1972. – 20 с.
22 Заседание съезда ташкентских солдат, рабочих депутатов (1917 г. 19 январь) // Наша газета. 1918, 21 январь; Заседание ташкентских солдат, рабочих депутатов // Наша газета. 1918, 23 февраль.
23 Автономия Туркестана // Новый путь. 1918, 25 январь, На краевом съезде советов и рабочих депутатов в заседании 23 января, по вопросу об автономии Туркестана // Новый путь. 1918, 27 январь.
24 К съезду мусульман в Коканде // Наша газета. 1918, 2 декабрь; Жизнь национальностей 1918, 15 декабрь.
25 Хожи Муин. Большевиклар ва биз // Ҳуррият. 1918, 9 январь; (Муаллифи кўрсатилмаган). Англайдурғон вақт // Эл байроғи. 1918, 21 январь.
26 Ёвушев Н. Хитой ва Рус туркистонлилари орасидаги муносабат // Вақт. 1917, 8 январь; Шоаҳмедов И. Туркистон Мухторияти ва иқтисодий автономия // Улуғ Туркистон. 1917, 18 ноябрь; Мухтор Бакир. Туркистонда миллий банк очмок керак // Улуғ Туркистон. 1917, 19 январь; Ўша муаллиф. Туркистон ва туркистонлилар // Улуғ Туркистон. 1917, 20 декабрь ва бошқ.
27 Подготовка и проведение Великого Октябрского социалистического революции в Узбекистане. Сб.документов.– Ташкент, 1947. – С.241.
28 Наша газета. 1918, 23 февраль; Хабарлар // Улуғ Туркистон. 1918, 19 январь; Хабарлар. Хўқанд // Ҳуррият. 1918, 22 январь.
29 Туркистон Муваққат ҳукумати тарафиндан // Улуғ Туркистон. 1917, 8 декабрь.
30 Самарқанд хабарлари. Таъқиб (мусулмонлардан милиция) // Ҳуррият. 1918, 12 январь., 1918, 16 январь; Хабарлар. Расулов ва Мирабдилов // Ҳуррият. 1918, 19 январь; Эл байроғи. 1918, 26 январь.
31 Эл байроғи. 1918, 26 январь; Бакир М. Булутлар қуйиладур // Улуғ Туркистон. 1918, 21 январь; Ўша муаллиф. Туркистон Мухториятини барпо бўлишига куч керак // Улуғ Туркистон. 1917, 24 декабрь.
32 Новый путь 1918, 25 январь; Наша газета. 1918, 25 январь.
33 Фожеа тафсилотлари манбаларда ҳамда мустақиллик даври тадқиқотларида бирмунча тўлиқ акс эттирилганлиги боис бу ҳақда ҳам кўп тўхталмаймиз.
34 Хожи Муин. Болшевиклар ва биз // Улуғ Туркистон. 1918, 9 январь; С.А. Маъюс бўлмаслик керак // Ҳуррият. 1918, 1 март; Х. Али. (Хидоятилла Алиев – С.М) Ким айбли? (муносабати ила…) // Улуғ Туркистон. 1918, 30 март; Тарихи хароби Хўқанд // Ал — Изоҳ. — 1918. №. – Б.396; Камий. Афсуснома (Хўқанд фожеасина) // Ал-Изоҳ. 1918, 21 март. – 395. (Муаллиф араб алифбосида “Ғ.З” деб берилган – бизнингча Ғулом Зафарий) Миллий муҳорабадан бир лавҳа (Қўқон воқеасидан бадиий кўриниш) // Ишчилар дунёси. – 1918. – №5. – Б.3; Шокир Мухторий. Туркистон Мухторияти // Меҳнаткашлар товуши. 1918, 11 июн, 16 июл; Рафиқий. Фарғона вахшиятига кимлар сабаб // Меҳнаткашлар товуши. 1920, 20 октябрь.
35 Валидий Тўғон. Хотиралар. (турк тилида) Истанбул. 1969. –Б.340-341.
36 Фитрат. Туркистонда руслар // Хуррият. 1918, 5 январ.
37 Мустафо Чўқай. Истиқлол жаллодлари. – Тошкент: Ғ. Ғулом, 1992. – Б.8-9.
38 Хожи Муин. Болшевиклар ва биз // Улуғ Туркистон. 1918, 9 январ; Хожи Муин. Оғир холлар // Хуррият. 1918, 22 феврал.
39 С.А. Маъюс бўлмаслик керак // Ҳуррият. 1918, 1 март.
40 Ким айбли? // Ишчилар дунёси. – 1918. – № 5. – Б. 1-2.
41 Бакир М. Туркистон қитъаси (Араб ёзувида) – Тошкент: Союз рабочих печатного дела, 1918. – Б.77, 101; Мунаввар қори Абдурашидхонов. Истиқлол фидойилари. Хотираларимдан. – Тошкент: Шарқ., 2001. – Б.51.
42 Исаев М. Шўролар ҳокимиятининг 5 йили // Туркистон. 1922, 7 ноябрь.
43Усмонхон. Октябр инқилобининг мазлум миллат нуқтаи назаридан кўриниши // Туркистон. 1922, 17 ноябрь.
44 Шумский С. Самоопределение Туркестана // Свободный Туркестан. 1918, 16 январь; Кузьмин А. Автономия и «Автономия Туркестана» // Свободный Туркестан. 1918, 27 январь; Кузьмин А. Автономия и «Автономия Туркестана» // Свободный Туркестан. 1918, 27 январь.
45 Заседание Ташкентского совета 21 февраля 1918г (О событиях в Коканде и о вопросе социальной армии) // Наша газета. 1918, 26 февраль.
46 Вайнштейн. А. Автономия Туркестана // Новый путь. 1918, 25 январь; На краевом съезде советов и рабочих депутатов в заседании 23 января, по вопросу об автономии Туркестана // Новый путь. 1918, 27 январь; Дориомедов В. Д.. Кокандские события // Знамя свободы. 1918, 2 март.
47 Қаранг: Хасанов М. Туркистон Мухторияти: хақиқат ва уйдирма // Фан ва турмуш. – Тошкент. 1990. – №11. – Б.6-7.
48 Калашников Ш., Черненко С. Записки о кокандских событиях (Личные воспоминания красноармейцев Черненко С., Ш. Калашникова) // Коммунистическая мысль. – Ташкент. 1920. – № 6-7. – С.4-11; Бауман В. Борьба за власть советов в Ташкенте. (Воспоминания). – Ташкент, 1922. – С.10; Сазонов. Кокандская автономия. (Воспоминания) // Красная летопись Туркестана. –Ташкент. 1923. – №1-2. – С.88-94.