Вақф хайриялари мусулмон жамиятининг ҳам маданий-маънавий ҳам иқтисодий тарақққиётининг муҳим омилларидан бири бўлгани маълум. Дарҳақиқат ўрта асрлардаги бунёдкорлик, савдо ва ҳунармандчилик, таълим, ижтимоий ҳимоя соҳалари бевосита умумхалқ фойдасига берилган вақф хайрияларининг (хайрий вақфлар) мавжудлиги боғлиқ бўлган. Вақф таъсисчиларининг кўпчилигини эркаклар ташкил қилган. Бироқ, бу ишда аёллар ҳам фаол иштирок этган. Айниқса, зодагон аёллар ўзлари таъсис қилган йирик вақф хайриялари билан тарихда қолган. Кейинги асрларда ҳатто ўртаҳол аёллар ҳам ўз вақфлари орқали ободончилик ва таълим ривожига ҳисса қўшганлар. Ҳеч бўлмаганда яқинлари ва фарзандлари ҳаётини иқтисодий таъминлаш мақсадида ўзларининг хусусий мулкларини оилавий вақфга (авлодий вақф) айлантирганлар. Мақолада Ўрта Осиёда вақф мулклари таъсис этишда аёллар иштирокининг айрим хусусиятларини таҳлил этишга ҳаракат қиламиз.
Ўрта Осиёдаги илк вақфлардан бири Исмоил Сомоний (ҳ.й. 892-902) вақфияси номи билан машҳур бўлиб, у айрим ўзгаришлар билан XIX асрда ҳам фаолият юритган. Лекин минтақанинг XIII асргача бўлган даврдаги аёллар таъсис этган вақфлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумот учратилмаган. Темурийлар даврида Мовароуннаҳрда аёллар таъсис этган бир неча вақф муассасалари ҳужжатлари асл ёки кўчирма нусха ҳолида етиб келган. Улардан бири Бухородаги Ойбиби иноқ жомеъ масжиди вақфидир. Унинг 1205/1790 йилда Бухоро қозихонасида янгиланган вақфномасига қараганда, бу аёлнинг исми Ойхоним, отаси эса ҳукмдор (Султон ал-аъзам ва ҳоқон ал-акрам) бўлган. Жомеъ номининг Хожа Муҳаммад Порсо (ваф. 1420) хонақоҳи вақф ҳужжатида ҳам учраши унинг анча олдинги даврга оидлигига ишора қилади [2: 111; 8]. Самарқанд ҳокими, темурий Султон Аҳмад мирзонинг (ҳ.й. 1469-1494) хотини Ҳабиба Султон бегим вақфи эса ўз даврининг муҳташам бир иншооти фойдасига ажратилган. Бу аёл Самарқандда, Хожа Абдидарун мозори ёнида эрининг синглиси яъни, темурий Абу Саид мирзонинг (ҳ.й. 1451-1469) қизи Хованд Султонбека қабри устига Ишратхона (Ашратхона – ўнта хона) номли иншоот қурдирган. 868/1464 йилда бинога экин ерлар ҳамда бу ерларда ишлаш учун 33 та қул, 20 жуфт ҳўкиз, 12 та туя вақф қилган [1: 124-128; 5: 265; 19]. Шариат аҳкомларига кўра кўчмас мулк вақф қилиниши лозим бўлган. Шу сабабли бу ҳолат минтақада қуллар ва ишчи ҳайвонлар вақф қилинган камёб вақф хайрияси сифатида муҳим.
XVI асрнинг 20-йилларида шайбоний Темур Султоннинг (ваф. 1514) хотини Меҳр Султон хоним таъсис қилган вақфни минтақада аёллар томонидан амалга оширилган энг йирик вақф хайрияси дейиш мумкин. Бу саховатпеша аёл қайинотаси Муҳаммад Шайбонийхон (ўлд.й. 1510) Самарқандда қуришни бошлаган Мадрасаи Олияи Хония номли мадраса мажмуасининг донатори сифатида тарихда қолди. Чунки Мадрасаи Жанубия ва Мадрасаи Шимолия каби икки қисмдан иборат бўлган бу мажмуа қурилиши Муҳаммад Шайбонийхон ҳамда унинг ўғли Темур Султоннинг ҳарбий юришлари даврида тугалланмай қолганди. Меҳр Султон хоним вақфи билан мажмуадаги Мадрасаи Шимолия биноси, ўттиздан ортиқ Шайбонийлар хонадони вакиллари дафн этилган суфа қурилиши ҳамда бошқа ободончилик ишларини ҳам амалга оширган эди. Бу мажмуа учун Меҳр Султон хоним тарафидан Самарқанд ва Қашқадарёда ўнга яқин мавзелар, боғлар ҳамда 40 га яқин савдо-ҳунармандчилик объектлари (дўкон, тимча, корхонаи коғазгари), кўчмас мулклар (ҳаммом, тегирмон) вақф қилинган. Вақф даромадлари икки мадраса, уларнинг таркибидаги кутубхона, масжид ва мажмуадаги бошқа объектлар эҳтиёжи учун сарфланган [3: 21].
Яна бир йирик вақф мулки муассиси шайбоний ҳукмдор Убайдуллахоннинг (ҳ.й. 1533-1539) хотини Қозоқ хоним номи билан танилган Қутлуқ Султон хоним эди [2: 108-109]. Убайдуллахон Бухорони пойтахт қилган илк шайбоний эди. Шу сабабли унинг хотини Қозоқ Султон хонимнинг янги пойтахтдаги бунёдкорлик фаолияти ўша вақтда сиёсиймафкуравий аҳамиятга ҳам эга эди. Ҳукмдорларнинг хотинлари ёки қизлари таъсис этган вақфлар баъзан жуда ҳам йирик, баъзан кичик бўлиши ҳам мумкин. Масалан, аштархоний Абулфайзхоннинг (ҳ.й. 1711-1747) қизи Шамиябонунинг Баҳоуддин Нақшбанд мозоридаги мадрасага (1232/1816 й.), бошқа бир қизи Шайхзодабонунинг Чилдухтарон масжидига (1239/1823 й.) ажратган вақф ерлар анча кичиклиги (тахм. 40-50 таноб) билан ажралиб турган. Амир Ҳайдарнинг хотини Биби Подшоҳнинг Боло Ҳовуз мадрасасига (ХХ аср боши) ҳамда ушбу ҳукмдорнинг қизи Анбар ойимнинг ўз мақбарасига (1239/1824 й.) ажратган вақфлари эса жуда йирик (1300 дан 10000 танобгача) бўлган.
Кейинги асрларда ҳукмдорлар хонадони, дунёвий ва диний зодагонлар оиласига мансуб аёлларнинг хайрий ва авлодий вақф мулкларини ташкил этишдаги иштироки анча ортди. Масалан, аштархонийлар вазири Нодир девонбеги ибн Садрбийнинг Жуйбор хожаларидан бири билан никоҳланган қизи Оғажонбегим 1058-1071/1648-1660 йиллар давомида бир неча бор Жуйборийларнинг Чорбакрдаги оилавий мозори ҳамда ўз фарзандлари фойдасига умумий ҳажми 1000 танобдан ортиқ экин ерлар, боғлар, дўконлар ва бошқа кўчмас мулклар вақф қилган [9; 16].
Жўйбор хожаларидан Абдураҳимхожанинг қизи Ойпошша биби эса 1081/1671 йилда ўзининг Бухоро ва Балхдаги мулкларининг катта қисмини Сумитон мавзеидаги Чорбакр (Жуйбори калон) мадрасаси ва бобоси Хожа Саъд мозорига вақф қилган. Ўша вақтда унинг Хайрабод ва Қоракўл туманларидаги хайрия қилинган ерларнинг ўзи 450 танобни ташкил этган эди [6; 7]. XIX асрдан бошлаб бундай миқдорда ер вақф қилиш кам учрайди. Улардан бири Улуғ ойим бинти Тўрахожа томонидан 400 таноб ер 1264/1848 йилда Тошкентдаги қорихонага вақф қилинган [18]. Лекин кейинроқ аёлларнинг бундай йирик вақфлари деярли учрамайди. Бунинг ўрнига Бухоро, Хива, Қўқон пойтахт шаҳарларда аёлларнинг мадраса ва масжидларга ҳамда таниқли мутасаввифларнинг мозорлари фойдасига қилган ўрта ва кичик ҳажмдаги вақфлари ортган. Бундай вақфлар оз бўлса-да, Тошкентда ҳам учраб туради. Масалан, машҳур Шаҳрисабз беги Бобобек Ҳакимбек ўғлининг Тошкент шаҳри Шатак маҳалласида қурдирган масжидига 1913 йилда синглиси Ҳуморойбека бир ҳовлини, 1919 йилда эса қизи бир дўконни вақф қилган.
Зодагон аёллар авлодий вақфлар ташкил этишда ҳам фаол қатнашган. Жумладан, юқорида тилга олинган Оғажонбегимнинг 1071/1660 йилдаги вақфларининг катта қисми унинг ўғиллари учун ажратилганди [9; 16]. XVIII асрга келиб ўртаҳол табақага мансуб аёлларнинг ҳам ўз фарзандлари учун 5 танобдан 100 танобгача бўлган ерларни вақф қилиш ҳолати анча ортди.
XVIII-XIX асрларда вақф таъсисчилари бўлган аёлларнинг катта қисми ўз мулкларини вафотидан сўнг дафн этиладиган жойдаги Қуръони карим ўқувчи — мақсурахон учун олдиндан вақф қилиши урф бўлди. XVII асрда бундай вақфлар жуда кам бўлиб, улар асосан юқори табақа аёлларига тегишли эди. Масалан, 1106/1695 йилда Фалакий бегим бинти Баротбий 40 таноб ерни машҳур мутасаввиф аёл Оғойи Бузрук мозоридаги ўзининг бўлажак қабри ёнида ўтирадиган мақсурахон учун вақф қилган [10]. XIX асрда, айниқса Бухорода бундай вақфларни эркагу аёл вафотидан олдинроқ амалга ошириш оммалашди ва бу анъана жамиятнинг ўртаҳол қатлами орасида ҳам ёйилган. Айрим аёлларнинг ўз мақсурахонларига қилган вақфлари жуда йирик эди. Хусусан, амир Шоҳмуроднинг (ҳ.й. 1785-1800) қизи Анбаройимнинг Хожа Ҳабибуллоҳ мозоридаги ўз учун аталган мақсурахонга хайрия қилган 1500 таноб ер (1239/1824 й.), бухоролик Ойпошша бибининг ўз қизи Гавҳархоним мақбараси учун хайрия қилган 700 таноб ер (1233/1817 й.) улар орасида энг йирикларидир [11; 17].
XIX аср охирида Бухорода “Ҳарамайн вақфлари”, яъни Пайғамаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинада қабри учун кўчмас мулклар (дўкон, уй ёки кичик ер майдонлари) ва пуллар вақф қилиш нисбатан ортган [20: 213-233]. Бу жараёнда аёллар ҳам фаол иштирок этган. Жумладан, Муқаддас бегим бинти Ҳожи Абдурауф карвонбоши 1326/1908 йилда Пайғамбар алайҳиссалом (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Мадинадаги қабри учун 50000 Бухоро мис тангасини вақф қилган [13]. Лекин аёлларга тегишли бундай вақфларнинг молиявий ҳажми эркакларникига қараганда анча кам [12; 14; 15].
Аёлларнинг вақф хайриялари 1928 йилда Ўзбекистонда вақф мулкчилиги тугатилгунга қадар давом этди. Лекин вақф қилиш кўлами ТАСР (1918-1924 йй.), БХСР (1920-1924 йй.), ХХСР (1920-1924 йй.) ҳукумати йилларида секин аста камайиб борди. Таҳлиллар аёлларнинг вақф хайриясидаги иштирокида ҳудудлар бўйича ҳам катта катта фарқ мавжуд. Масалан, XIX асрда Бухоро ва Хива шаҳарларида аёлларнинг вақф хайриясида фаоллашгани яққол кўзга ташланади. Йирик шаҳарлардан бўлган Тошкентда эса 1800-1900 йиллар давомида қайд қилинган аёллар вақфлари қўшни ҳудудларга нисбатан жуда паст, яъни 5% ташкил қилади [4: 20]. Демак, вақф таъсис этувчи аёлларнинг ижтимоий таркибини асосан ўз хусусий мулкига эга зодагон ва қисман ўртаҳол аёллар ташкил этган. Аёллар мерос, маҳр ёки ҳадя шаклида кўринишида тўпланган мулклар, ўз мулкларидан келадиган даромад ҳисобига ҳам бойиб борган. Баъзи аёллар таъсис этган вақф хайриясига ўзини мутавалли этиб тайинлаш орқали уни ўз назоратида ушлаб турган. Умуман олганда, сақланиб қолган юзлаб вақфномалар Ўрта осиёлик аёлларнинг бунёдкорлик, хайрия ишларидаги фаолиятини, ўша давр аёлларининг хоҳиш-истакларини очиб беради.
Катта бойликка эга бўлган зодагон аёллар ўзларининг вақф хайриялари билан йирик иншоотлар бунёд қилиш билан тарихда қолди. Улар орасида Ишратхона, Мадрасаи Олия, Ойбиби иноқ, Биби Халфа номидаги мақбара, мадраса ва жомеълар Самарқанд ва Бухородаги ҳашаматли иншоотлардан эди. Бу иншоотлар бир неча асрлар давомида фаолият кўрсатди. Натижада шаҳарнинг бу қисмлари ўша аёлларнинг номларини олди. Аёллар томонидан бунёд этилган бу иншоотларнинг бир қисми бугунги кунда ҳам сақланиб қолган.
Ўктам СУЛТОНОВ
ЎзР ФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, т.ф.д.
Мақолада XV-XX аср бошларида Ўрта Осиёда аёллар вақф хайрияларининг айрим хусусиятлари таҳлил қилинган. Хусусан, аёлларнинг ўз вақфлари орқали бунёдкорлик ва ободончилик, авлодлари эҳтиёжи ҳамда ўзлари ва яқинларининг мақбараларидаги қорилар учун ажратилган вақфлар ҳақида фикр юритилган.
Таянч сўзлар: вақф хайриялари, зодагон аёллар, ўртаҳол аёллар, вақф таъсисчилари, суфа қурилиши, донатор, маҳр, ҳадя, вақфномалар.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Вяткин В.Л. Вакуфный документ Ишратхана / Мавзолей Ишратхана. Ташкент, 1958. С.111-136
2. Джураева Г.А. Именитые женщины позднесредневековой Бухары // Узбекистан в средние века: история и культура. Ташкент, 2003.
С.106-114.
3. Мукминова Р.Г. К истории аграрных отношений в Узбекистане XVI в. По материалам “Вакф-наме”. Ташкент, 1966. 354 с.
4. Султонов Ў.А. Тошкент вақф хўжалигида анъаналар, ислоҳотлар ва муаммолар (XVI-XX аср бошларига оид тарихий ҳужжатлар асосида). Тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация автореферати. Тошкент, 2016. 92 б.
5. Чехович О.Д. Новая коллекция документов по истории Узбекистана // Исторические записки. №36. 1951.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви (ЎзРМДА). И-323-фонд, 1-рўйхат, 96-ҳужжат.
7. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 115/4-ҳужжат.
8. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 129/10-ҳужжат.
9. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 568-ҳужжат.
10. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 718-ҳужжат.
11. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 849-ҳужжат.
12. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 892-ҳужжат.
13. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 1030-ҳужжат.
14. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 1031-ҳужжат.
15. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 1041-ҳужжат.
16. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 1181/4-ҳужжат.
17. ЎзРМДА. И-323-фонд, 1-рўйхат, 1295/48-ҳужжат.
18. ЎзРМДА. И-323-фонд, 2-рўйхат, 1428-ҳужжат.
19. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фонди. 72 йиғма жилд, 515-ҳужжат.
20. Reichmuth Ph. Semantic Modeling of Islamic Legal Documents: A Study on Central Asian Endowment Deeds. PhD thesis manuscript. Martin-Luther-Universität. Halle (Saale), 2010. 310 р