Бош саҳифа » Тарих » Немис ва турк тилидаги тадқиқотларда Туркистон Мухторияти ҳақидаги қарашлар

Немис ва турк тилидаги тадқиқотларда Туркистон Мухторияти ҳақидаги қарашлар

Бугунги кунда Туркистон Мухторияти учун кураш тарихини ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унинг тарихи нафақат илмий, балки амалий ва ҳатто сиёсий нуқтаи назардан қизиқиш уйғотиши табиийдир. Мазкур муаммо тарихига қисқача тўхталиб, шуни таъкидлаш жоизки, ўлкада зўрлик билан ўрнатилган большевиклар ҳукумати маҳаллий аҳоли манфаати ва сиёсий ҳуқуқларини тан олмаганлиги туфайли 1917 йил 26-28 ноябрда (янги ҳисоб билан 9-11 декабрда) Қўқонда Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи томонидан Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Лекин совет ҳокимияти Туркистон Мухториятини ўзи учун хавфли деб билди ва 1918 йил 30 январда (12 февралда) Туркистон Мухторияти ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлади.

Ўзбекистонда мустақиллик туфайлигина ошкор бўлган бу тарихий ҳақиқат хорижда бутун XX аср давомида маълум бўлган, чунки бу муаммо хорижий тарихшуносликнинг алоҳида эътиборида бўлиб, ҳаққоний талқин этилиш имконияти мавжуд эди. Туркистон халқларининг ўз миллий ҳуқуқлари учун олиб борган кураши узоқ йиллар мобайнида нафақат чет эл тадқиқотчилари, балки муҳожир ватандошларимиз тарафидан ҳам кенг ёритилгани бежиз эмас. Бу воқеалар тарихининг “қизил империя” даврида мутлақо нотўғри талқин этилганлиги унга нисбатан қизиқишни янада кучайтирган эди. Муҳожирликдаги ватандошлар бу курашларнинг ҳаққоний тарихини кўрсатиш орқали совет ҳокимиятининг мустамлакачилик моҳиятини бутун дунё халқларига етказиб беришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Чунончи, 20-йилларда Туркияга, ундан Германияга ўтиб кетган, Туркистон Мухторияти ҳукуматининг раҳбари Мустафо Чўқай 1937 йилдаёқ “Ёш Туркистон” журналида “1917 йил. Хотира парчалари”да мазкур тарихий воқеа ҳақидаги ўз таассуротларини баён этган эди. Мустафо Чўқай ўз хотираларида кўрсатишича, туркистонликлар Туркистоннинг ўз махсус идора ва ижроия муассасалари, яъни қонун ишлаб чиқарадиган парламенти ва ишни юритадиган ҳукумати бўлиши истагида эдилар. Маориф ишлари, маҳаллий йўллар масаласи, маҳаллий идоралар, адлия ҳамда ер масалаларининг ҳаммаси маҳаллий мухторият ҳукумати томонидан бошқарилиши лозим, деб ҳисоблаганлар. Бундан ташқари, аскарий хизматлар, яъни ҳарбий масалалар ҳам Туркистоннинг ўз ихтиёрида бўлишини хоҳлардилар1.

Туркистон Мухторияти раҳбари Мустафо Чўқайнинг эсдаликлари хорижда мазкур муаммо бўйича чоп этилган ягона нашр эмас эди. Туркистон Мухторияти тарихининг немис тарихшунослигидаги илк бор махсус ва чуқур талқини яна бир туркистонлик муҳожир Боймирза Ҳайит асарида ҳам ўз аксини топган. Унда муаллиф мухториятчилик ғоясининг вужудга келишини бевосита Туркистон мусулмонларининг миллий маркази фаолияти билан боғлайди, “миллий марказ 2 та ташкилотдан – “Шўрои Исломия” ва “Шўрои Уламо”дан иборат бўлиб, бу ташкилотлар ўртасида бирлик бўлмаганлиги, биринчи ташкилот 1917 йил апрелидан Туркистон учун мустақил қонун чиқарувчи орган ташкил этиш нуқтаи–назарини ёқласа, иккинчиси Умумрус парламентининг Туркистонга тааллуқли қонунларни тасдиқловчи шариат суди (Маҳкамаи шариат) тузишни ёқлаб чиққанлиги”2 ҳақида маълумот беради. Унинг таъкидлашича, Туркистонда 1917 йил ноябрида вужудга келган аянчли аҳвол бу икки ташкилотни бирлашишга мажбур этган.

Боймирза Ҳайит келтирган бу маълумотлар асосан Мустафо Чўқайнинг хотираларига, П.Н.Милюковнинг “Национальный вопрос. Происхождение национальностей и национальные вопросы в России3 китобларига асосланган. Бу тарихий ҳақиқат ўша давр замондошларининг кўрсатмаларида ҳам эътироф этилган. Масалан, ўша давр муаллифининг даврий матбуотда чоп этилган мақоласида ҳам Туркистон халқлари ўртасида миллий низо бўлсада, уларни мухториятчилик ҳаракати маълум вақт бирлаштириб турганлиги алоҳида қайд этилган4.

Немис ва турк тарихшунослигида Туркистонда мухториятчилик ғоясининг вужудга келиши масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хорижий тадқиқотчилар уни 1917 йил апрелида бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг қурултойи билан боғлаб кўрсатадилар. Мазкур қурултой иши ҳақида унинг иштирокчиси бўлган Аҳмад Закий Валидий Тўғоннинг кўрсатишича, қурултой унинг федерация ғоясини ҳар томонлама ёқлаб чиққан. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва қозоқ муҳандиси Муҳаммаджон Тинишбоевлар ҳам шу ғояни ёқлаганлар. Қурултойда бу ғояга қарши бўлганлар ҳам бор эди. Масалан, Садри Мақсудий федерацияга қарши чиққан. Бироқ федерация ғояси кўпчилик овоз билан қаттиқ ҳимоя қилинган ва қабул этилган5.

Боймирза Ҳайит ҳам ўз асарларида таъкидлашича, 1917 йил 16-23 апрелда бўлиб ўтган Туркистон умуммусулмонлар қурултойи Россиянинг бўлажак давлат тузуми демократик федератив асосда қурилиши керак, деган қарор қабул қилинганини таъкидлаб ўтган ва буни Туркистон учун мустақил бошқарув ҳуқуқини берарди, деб баҳолаган. Муаллифнинг фикрича, ўз-ўзини бошқарув ҳуқуқининг” автономия ёки Россиядан ажралиш орқали амалга оширилиши очиқ билдирилмаган6.

Аҳмад Закий Валидийнинг гувоҳлик беришича, июн ойи бошидан бошланган кураш натижасида мухторият ғоясининг таъсири ҳамма ерда кучая борган7.

Хорижий тадқиқотларда туркистонликлар мухториятчилик ғояларини фақат Туркистондагина эмас, балки Россия миқёсидаги йиғилишларда ҳам ёқлаб чиққанликлари таъкидланади. Маълумки, 1917 йил 19-27 майда Москвада Россия мусулмонлари съездида асосий масала юзасидан, яъни Россиянинг чекка ўлкалари тақдири ва давлат тузилиши ҳақида кучли мунозаралар бўлиб ўтади. Боймирза Ҳайитнинг ёзишича, бу съездда туркистонликлар фақат федерация тарафдори бўладилар.

Муаллифнинг бу фикрларини тарихий манбалар ҳам тасдиқлайди. Чунончи, Турон газетаси съезд иши ҳақида берган хабарида таъкидланишича, Туркистон мусулмонлари вакилларининг раҳбари Убайдулла Хўжа Туркистон учун миллий–ҳудудий мухторият олишни асослаб берган, туркистонликлар зулмдан озод бўлиш учун мухторият талаб қилган. Убайдулла Хўжа федерацияга қарши бўлганларнинг даъволари асоссиз эканлигини кўрсатиб беради. Федерацияни демократияга қарши деб ҳисобловчиларга Америка давлати ҳам федератив давлат эканлигини унутмасликни, бу мамлакатда ҳеч ким демократик ҳуқуқ йўқ ёки у поймол қилинмоқда, дея олмаслигини, Америка халқидай демократияга эга бўлган халқ йўқлигини таъкидлаб ўтади. Убайдулла Хўжа федерация шароитида мусулмонлар сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мустақилликни, диний жиҳатдан бирликни сақлаб қоладилар, деб ҳисоблайди. У.Асадуллахўжаев туркистонликлар Туркистонни бошқара олмайдилар, деб ҳисобловчиларни унитаристлар деб атаб, уларга жавобан дейди: Биз аждодларимиз билан фахрланамиз. Туркистон халқи ўз сиёсати ва бошқарувига интилган халқдир! Ўз ўзимизни бошқариш учун бизда одамлар бор, бўлади ҳам8.

Мазкур съездда овоз бериш натижасида федералистлар ғояси 446 овоз билан ўтди, унитаристлар эса 271 овозга эга бўлди9.

Шу тариқа мухторият ғояси тобора кучайиб борди. Аммо Туркистонда 1917 йилда Октябрь тўнтариши содир бўлди ва большевиклар диктатураси ўрнатилди. Большевиклар ҳокимиятга туркистонликлардан вакил киритмадилар. Бундан норози бўлган туркистонликлар 1917 йил ноябрида Қўқонда Туркистон Мухториятини эълон қилдилар.

Хўш, бу зиддиятли жараёнлар хорижий тарихшуносликда қандай ёритилади? Боймирза Ҳайитнинг немис тилида чоп этилган тадқиқотида қайд этилишича, Тошкентдаги совет комиссариати фақат руслардан иборат бўлган, Туркистонда ягона ва қонуний ҳукумат бўлишига даъвогар бўлгани туркистонликлар Қўқон ва Оренбург шаҳарларида 1917 йил декабрида ўз съездларини чақириб, 10 декабрда10 ўз миллий мухтор республикаларини эълон қилганлар – бу собиқ Туркистон генерал-губернаторлигида жойлашган Туркистон Мухторияти ва Дашт генерал-губернаторлигида жойлашган Алаш Ўрда ҳукуматидир. Шу тариқа Туркистонда ҳокимиятга туркистонликлар ва большевиклар даъвогар бўлганлар, булар бир-бирларини тан олишни истамас эдилар. Совет ҳокимияти чоризм давридан қолган ҳокимият аппаратига ва аҳолининг европалик қатламига таянган бўлса, миллий мухторият ҳукумати тайёргарлик кўрган армия (ҳарбийлар)га, қурол-аслаҳа, пул ва четдан ёрдамга эга эмас эди, фақат Туркистоннинг туб халқига суянарди. Туркистонда советлар армияга, қуролга ва Россиянинг қўллаб-қувватлашига суянарди. Бундан ташқари, 1916 йил қўзғолонида қуролланиб олган ўлкадаги рус аҳолиси ҳам большевиклар таянчи эди. Икки томон ҳам озодлик ҳақида гапирарди. Советлар озодлик деганда Туркистонни қайтадан Россия таркибига киритишни ва, демакки, зулмни тушунарди, туркистонликлар эса озодлик деганда мустақиллик ва ўз давлатчилигини тиклашни тушунарди11.

Дарҳақиқат, большевиклар туркистонликларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашмаганларидан сўнг Туркистон Мухторияти ҳукумати вужудга келди. Бу ҳукумат қисқа муддат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Немис ва турк тарихшунослигида таъкидланганидек, янги маҳаллий ҳукумат фақат Қўқонда ёхуд Фарғона водийсида эмас, балки бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ерли халқлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланган.

Буни тарихий манбалар, воқеалар замондошлари ва 20-30 йиллардаги совет нашрлари ҳам тасдиқлайди. Чунончи, 1931 йилда чоп этилган, cовет тарихшунослигида Туркистон Мухторияти тарихига бағишланган асарида П.Алексеенконинг таъкидлашича, Қўқон мухторияти маҳаллий, Қўқон ва ҳатто Фарғона ҳаракатигина бўлиб қолмасдан, балки бутун Туркистоннинг умумий ҳаракати бўлган ва Туркистоннинг бутун туманларини эгаллаган, миллатидан қатъи назар бутун Туркистон буржуазиясини жалб қилган ва турли босқичларда Туркистон аҳолисининг бошқа қатламларини ҳам қамраб олган12. П.Алексеенко ўз асарида большевикларнинг миллий масала соҳасида йўл қўйган хатоларини ҳам ошкора кўрсатиб ўтади. Большевикларнинг бу хатолари Туркистон мухторияти вужудга келишига сабаб бўлганини эътироф этади13. Муаллиф Туркистон мухториятининг вужудга келишига сабаб қилиб ўз капиталидан айрилган ва ҳукмрон мавқеини йўқотган миллий буржуазия ва рус буржуазияси пролетар ҳокимияти билан келиша олмаганлигидадир14, деб уқтирмоқчи бўлади, совет ҳокимиятини оқлаб, мулкдорларни қоралашга уринади. Бу фикрлар немис ва турк тарихшунослигида илгари сурилган фикрларга зид бўлиб, 1930 йиллардан бошлаб Совет тарихшунослигида Туркистон халқларининг ўз миллий ҳуқуқлари учун курашлари, хусусан, Туркистон мухторияти тарихи бузиб, сохталаштирилиб кўрсатила бошлаган ва бу ҳол 1990 йилларнинг ўрталаригача давом этди. Тадқиқотлар янги маълумотлар билан бойисада, лекин аниқланган маълумотлар синфий, партиявий асосда, нотўғри талқин этилди. Бу адабиётларда таъкидланишича, мухторият ҳукумати аксилинқилобий кучлардан ташкил топган, советларга ашаддий душман ва манфаатига зид бўлган элементларнинг йиғиндиси эди. Дарҳақиқат, Туркистон мухторияти совет ҳокимиятига қарши бўлиб, маҳаллий аҳоли бу ҳокимиятни қабул қилмаганлиги туфайли тузилган ва Туркистон халқлари Туркистон мухторияти ҳукуматини ўз миллий ҳукумати сифатида кенг қўллаб қувватлаганлар, бироқ совет даврида бу ҳақиқат инкор этилди, аниқроғи хаспўшланди ва Қўқон мухторияти тузилиши мехнаткашларни қаттиқ ғазаблантирди15, деган мазмундаги сохта қарашлар тарғиб этиб келинди.

Бу ҳақиқатга тўғри келмаслигини, халқ аксинча мухториятни қўллаб-қувватлаганини тарихий манбалар ҳам тасдиқлайди. 1917 йил 10 декабрида Турон газетасида 1917 йилнинг 6 декабрида Тошкент шаҳрида Туркистон Мухториятини ёқлаб 60 минг кишилик аҳоли митинг ўтказгани ҳақида хабар берилади16. Бу митингда туркистонликлар синф ва даража айирмаларига қарамасдан Туркистон Мухториятини олқишлашларини билдирадилар ва ўлкадаги ҳамма мусулмонларни Туркистон Мухторияти ҳукумати атрофида жипслашишга чақирадилар. Тошкентдаги яҳудий социал-демократик партияси жамияти Туркистон мухториятини табриклаб, туркистонда озчиликни ташкил этувчи миллатларнинг ҳуқуқларини таъмин этишларини тилайди17.

Бошқа газеталарда ҳам худди шундай мазмундаги хабарлар берилган. Масалан, Эл байроғи газетасининг хабар беришича, 1917 йил 1 декабрда Наманганда 10 мингча киши иштирокида мухториятни қўлловчи йиғин бўлди, Жалолобод волостининг Хонобод қишлоғида 6 декабрда18, Қўқонда 7 декабрда шундай намойишлар бўлди19. 13 декабрда Тошкентда Туркистон мухторияти учун шиори остида намойиш ўтказилди. Бу намойишда мусулмонлардан ташқари руслар, яҳудийлар, арманлар, шунингдек, большевиклардан ташқари турли хил ижтимоий-сиёсий ташкилотлардан вакиллар иштирок этганлиги ҳақидаги хабар айниқса муҳим бўлиб, Туркистон Мухториятини ўлкадаги бошқа миллат вакиллари қўллаб-қувватлаганлигини тасдиқлайди20.

Хорижий тарихшуносликда Туркистон Мухторияти тарихини ёритган муаллифлар 13 декабр воқеасига алоҳида тўхталиб ўтганлар. Мазкур воқеа қандай содир бўлганлигига қисқача тўхталиб, шуни қайд этиш мумкинки, туркистонликларнинг кўтаринки руҳда мухториятни қўллаб намойиш ва съездлар ўтказиши большевикларни таҳликага солиб қўйди ва улар чоралар кўришга киришиб кетди. Тошкентдаги 13 декабр намойиши қатнашчилари ўққа тутилди, эски шаҳарлик 16 киши ана шу тўқнашув қурбони бўлди. Совет ҳокимияти ҳарбий ишлар бўйича комиссари Стасиков 13 декабр куни қуйидаги қарорни имзолайди: Тошкент шаҳри 13 декабр кеч соат 7 дан ҳарбий ҳолатда деб эълон қилинади. Солдат ва ишчи депутатлари Тошкент Советининг ижроия комитети шуни Тошкент шаҳар фуқароларига етказар экан, тинчлик сақлаш ва халқ ҳукуматининг (аслида бир гуруҳ рус большевиклари ҳукмронлигини таъминлаган ҳукумат – С.Ш.) ҳамма талабларини бажариши лозим”лигини талаб қилади, тартиббузарларга ва инқилоб душманларига энг қаттиқ чоралар, ҳатто қуролли куч ишлатилиши ҳақида огоҳлантиради21.

Мустафо Чўқай хотирасида 13 декабр воқеаси рус большевиклари томонидан бизнинг халққа кўрсатган хоинлик куни деб баҳоланган эди. Шу пайтдан бошлаб туркистонликлар ва большевиклар орасида очиқ кураш бошланди22.

Немис тарихчиси Й.Бензинг эса бу воқеани Совет Россиясининг мухториятга қарши биринчи қонли қадами сифатида баҳолаган, намойишчиларнинг ўққа тутилиши большевикларнинг Туркистон мухториятига ҳақиқий муносабатини кўрсатиб берганини, Совет ҳокимияти Туркистон мухториятини йўқотиш учун куч ишлатишга киришганлигини таъкидлайди.

Худди шундай қарашлар кейинчалик Булоқ Боши23 ва Боймирза Ҳайитлар24 томонидан ҳам илгари сурилади. Чунончи, Боймирза Ҳайит бу воқеани Советларнинг мухториятга қарши илк йиртқичликлари сифатида баҳолаб, бу Туркистон мухториятини йўқотиш йўлида илк тажриба эди, деб ҳисоблайди25.

Лекин ўлкадаги большевикча режимнинг тазйиқларига қарамай, Мухторият ҳукуматини қўллаб-қувватлаш давом этди. 1917 йил 26-30 декабрда (1918 йил 8-12 январда) Қўқон шаҳрида мусулмон ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг 1 фавқулодда съездида Туркистон Мухториятига муносабат масаласи асосий масала бўлди. Бу съезд 27 декабрда Петрограддаги халқ комиссарлари Советига телеграмма жўнатади ва унда Тошкент Халқ Комиссарлари Советига ҳокимиятни Туркистон Мухторияти ҳукуматига топшириш тўғрисида фармойиш беришини сўраб мурожаат қилади. Туркистонни жуда катта фалокатга олиб келувчи бебошчилик ва қўш ҳокимиятчиликнинг олдини олишга чақиради26.

Лекин совет ҳукуматини Туркистон ишчи ва деҳқонларининг истаклари қизиқтирмасди. Ўз ҳукумати номидан 1918 йил 5 январда И.Сталин Туркистонга юборган телеграммасида туркистонликлар ҳарбий кучга эга бўлсалар, Тошкент Совет Комиссариати уларни қурол кучи билан тарқатиб юборишлари мумкинлиги таъкидлаган. Большевиклар на Қўқондаги ҳукумат, на туркистонлик маҳаллий ишчилар Тошкентдаги Совет комиссариатини тарқатиб юбориш учун бундай кучга эга эмаслигини яхши билардилар. Бу ҳол хорижий тарихшуносликда мухторият ҳукумати ва туркистонлик ишчи ва деҳқонларга биринчи огоҳлантириш»27, «шайтонларча провокация»28 деб баҳоланди.

Шундай қилиб, Туркистонда параллел равишда иш олиб борувчи икки ҳокимият вужудга келди. Бундай ҳолга дош беришни истамаган, яккаҳокимликни мақсад қилиб қўйган большевиклар ҳокимияти яна зўравонлик сиёсатини қўллади. Тошкентдаги Совет ҳукумати 31 январдаги Советларнинг ўлка съездида Туркистон Мухторияти ҳукуматини тарқатиб юбориш, унинг аъзоларини қамоққа олиш ва бу ҳукумат аппаратини Советлар қўлига топшириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шундан кейин Совет комиссариати Қўқонни забт этишга тайёргарлик кўра бошлади. 1918 йил 7 февралда Қўқонга русларнинг М.К.Шкарупа бошчилигидаги жанговар гуруҳи (140 солдат, 4 та пулемёт) жўнатилади ва кейинроқ уларга дашноқчилар арман партиясининг 120 солдати келиб қўшилади. 19 февралда Қизил гвардиячилар Қўқонни эгаллади. Шаҳар уч кун мобайнида ёнди. Туркистон Мухторияти ҳукумати ағдарилди. Қўқонда 10.000 киши ўлдирилди, 10 га яқин банк, бутун Туркистоннинг пахта биржаси бўлган Қўқон тахминан 3 млрд. рубл зарар кўрди29. Шу тариқа Туркистон Мухторияти фожеали тугатилди.

Хорижий тадқиқотларда мазкур масала қандай ёритилади? Немис тарихшунослигида Қўқондаги Туркистон миллий ҳукуматининг ағдарилиши билан Совет раҳбарияти ўзининг ҳақиқий башарасини кўрсатганлиги, миллий ўлкалардаги рус бўлмаган халқларнинг ҳуқуқларини бир тийинга олмаганлиги, бу билан улар эски миллий зулм сиёсатини давом эттирилганлиги таъкидланади30.

Хорижий тарихшуносликда Туркистон Мухторияти тугатилиши оқибатларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Чунончи, Боймирза Ҳайитнинг фикрича, мухторият ва унинг ҳукумати большевистик қизил гвардиячилар томонидан қуролли куч йўли билан ағдарилганидан сўнг биринчи марта Туркистон мустақиллиги ғояси вужудга келган31. Мустафо Чўқай эса мустақиллик учун кураш бошланишини таъсис мажлисининг тарқатиб юборилиши билан боғлайди. Унинг ёзишича, таъсис мажлиси маҳв этилиши билан федерация тўғрисидаги умидлар ҳам абадий йўқолган, улар миллий озодлик, тўлиқ миллий истиқлол кураши йўлига ва мустақил Туркистон давлати учун кураш йўлига тушганлар32. Яна бир Туркистонлик муҳожир Абдулла Бойсун эса Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ағдарилиши ва Қўқон шаҳрининг вайрон этилиши миллий мақсадларни амалга ошириш учун курашнинг янада кенг тус олишига олиб келганлигини таъкидлайди33.

Хулоса қилиб шуни қайд этиш жоизки, коммунистик мафкура тазйиқидан холи бўлган хорижий тарихшуносликда Туркистон халқларининг миллий давлатчилик ғоялари учун кураши ўзининг бутун мураккабликлари билан акс этган ва бунда хорижда муҳожирликда бўлган 1917 йилда Туркистон воқеалари иштирокчиларининг хотиралари катта ўрин эгаллаган. Хорижий муаллифлар Туркистон мухторияти туркистонликларнинг манфаатини ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўйган эди, деган фикрни якдиллик билан маъқуллайдилар. Туркистон мухторияти ҳукумати ағдарилиши билан мухториятчилик ғояси тугади ва тўла миллий мустақиллик учун кураш бошланди, деган хулосага келадилар. Улар ўша даврда туркистонликлар ўз тақдирларини ўз қўлларида ушлаб қола билмаганларининг асосий сабаблари сифатида бир томондан миллий ташкилотнинг кучли эмаслиги, миллий раҳбарларнинг етарли бўлмагани ҳамда сиёсий томондан тўла пишиб етилмаганлиги, миллий зиёлилар орасида бирликнинг тўла яратилмагани, айниқса бу соҳада ўша замондаги руҳоний кучлар туғдирган қийинчилик ва тўсқинликларидан иборат эканлигини, иккинчи томондан Советларнинг кучли қуролли қўшинга таянганини кўрсатадилар.

Дарҳақиқат, мустабид совет ҳукуматининг ҳарбий имкониятлари, куч-қуввати эндигина тузилган Туркистон мухторияти ва унинг тарафдорлариТуркистон халқларидан бир неча бор устун ва кучли эди. Қарийб ярим аср мобайнида қурол-яроғ ва ҳарбий соҳадан узоқда сақланган халқ замонавий қуролларга эга шафқатсиз босқинчилар олдида ожизлик килди. Аввалги мустабид тузумнинг онгли равишда олиб борган сиёсати, яъни маҳаллий аҳолига қурол бермаслик ўз мевасини берди ва Туркистон халқларининг бўйнига янги мустамлакачилик кишани осилди, уларнинг миллий давлатчиликни тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари фожеали тугади.

Туркистон Мухториятининг мақсади, моҳияти, аҳамиятини тўғри баҳолай олган хорижий тадқиқотчилар, афсуски, мазкур воқеалар билан боғлиқ жараёнлар тафсилотларини тўлиқ ёрита олмайдилар. Айниқса Туркистон Мухториятининг бутун ўлка бўйлаб қўллаб-қувватланиши, унинг тугатилиши, фаолияти, дастури билан боғлиқ маълумотлар хорижий тарихшуносликда учрамайди. Чунки улар мазкур масалаларни ёритувчи маҳаллий матбуот материаллари, архив ҳужжатларидан фойдаланиш имконига эга эмас эдилар. Бу маълумотлар нафақат хорижий тарихшуносликда, балки совет тарихшунослигида ҳам эътибордан четда қолган. Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тарихи ва унинг фожеали қисмати билан боғлиқ воқеаларни ёритувчи тарихий фактлар мустақиллик давридагина ошкор этила бошланди34. Мазкур муаммога оид жами манбаларнинг илмий истеъмолга илк бор киритилиши асосида дастлабки тадқиқот яратилди35. С.Агзамходжаев қаламига мансуб бу асарда мухториятчилик ғоясининг вужудга келиши ва ривожлантирилиши, унда жадидлар, зиёлилар, уламоларнинг тутган ўрни, миллий бирлик ва миллий озодлик ғояларининг аҳамияти, Туркистон мухториятининг тарихий аҳамияти илк бор ўзининг холисона талқинини топди. Муаллиф аниқ маълумотларни атрофлича таҳлил этиб, «Туркистон Мухторияти миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши масаласини демократик йўл билан ҳал этишга бел боғлаган халқ иродаси ва илғор зиёлиларнинг кўтаринки хатти-ҳаракатлари заминида вужудга келди. Табиийки, зўравонлик, шовинизм билан қуролланган янги мустабид большевиклар миллий мустақилликка интилишнинг ҳар қандай кўринишига тиш-тирноғи билан қарши эдилар», деган хулосага келди.

Бу тарихий ҳақиқатни тиклаш юзасидан олиб борилаётган тадқиқотлар жуда кўп масалаларни аниқлаш имконини берган бўлса-да, ҳали олдинда турган вазифалар, ўрганилиши лозим бўлган муаммолар кўп. Уларнинг ечимини топиш учун эса хорижий тарихшунослик ва ватан тарихшунослигининг илмий ҳамкорлигига катта эҳтиёж сезилади, чунки хорижда (воқеага гувоҳ бўлган) муҳожир ватандошларнинг хотира ва эсдаликлари, шахсий архивлари сақланган бўлса, Ўзбекистонда ўша давр миллий матбуоти, 1920йиллар адабиёти ҳамда совет давлати архивида жуда муҳим маълумотлар мавжуд бўлиб, улар бир-бирини тўлдириш, тарихий ҳақиқатни тўла ва холисона тиклашга ёрдам бериши шубҳасиз.

Санобар ШОДМОНОВА
т.ф.д., ЎзР ФА тарих институти

“Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1 М.Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. – Т., 1992. Б. 46.

2 Hayit, В. Sowjetrussische Orientpolitik am Beispiel Turkestan. Berlin. 1962. S. 19. Turkestan zwischen Russland und Сhinа. Amsterdam, 1971, S. 239; Basmatschi. Koeln. 1992. S. 27.

3 Милюков П.Н. Национальный вопрос. Происхождение национальностей и национальные вопросы в России. – Прага, 1925. С. 183.

4 Кокандская автономия / Красная летопись Туркестана. – Т. 1923. С. 84.

5 Togan Velidi, Z. Hatiralar. Turkistan ve dicer musluman docu turklerinin milli varlik ve kultur mucadeleleri. Istanbul. 1969. S. 45.

6 Hayit, В. Turkestan zwischen Russland und China. S. 210.

7 Togan Velidi, Z. Hatiralar. Turkistan ve dicer musluman docu turklerinin milli varlik ve kultur mucadeleleri. Istanbul. 1969. S. 49. М.Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлариБ. 51; Hayit В. Turkestan zwischen Russland und China… S. 215-216; Турон. 1917. 3 июн.

8 Hayit B. Turkestan zwischen Russland und China. S. 215-216.

9 Турон. 1917. 3 июн.

10 Ушбу сана янги тақвим бўйича берилган. Эски тақвим бўйича 1917 й. 27 ноябрга тўғри келади.

11 Hayit, В. Sowjetrussischer Kolonialismus und Imperialismus in Turkestan. Niederland. S. 18.

12 Алексеенко П. Кокандская автономия. – Т., 1931. С. 27.

13 Ўша жойда. С. 13.

14 Алексеенко П. Кокандская автономия… С. 28.

15 Қўқонбоев А. Фарғонада Совет ҳокимиятини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш учун кураш. – Т., 1958. Б. 19-28; Харин В.П. Великая Октябрьская Социалистическая Революция в Узбекистане. – Т., 1958. С. 118; Ваҳобов М. Ўзбек социалистик миллати. – Т., 1960. Б. 261-270; Иноятов Х.Ш. Ўзбекистонда октябр революциясининг ғалабаси. – Т., 1967. Б. 105-108; Рзаев Д. Развитие национальных отношений в республиках Советского Востока. Фрунзе. 1968. С. 84-85; Турсунов X., Бекназаров Н. Ўзбекистон ССР тарихи. – Т., 1982. Б. 136-137.

16 Улуғ Туркистон. 1917. 10 декабр.

17 Улуғ Туркистон. 1917. 13 декабр.

18 Эл байроғи. 1917. 5 декабр.

19 Улуғ Туркистон. 1917. 20 декабр; 1918. 7 январ.

20 Улуғ Туркистон. 1917. 16 декабр.

21 Победа Октябрьской революции в Узбекистане. Сб. документов. – Т., 1972. Т.II. С. 59.

22 M.Сokay.Dekabr Hatiralari. // Yash Turkistan. 1932. № 37. S. 1-10.

23 Bulak Bashi. Dekabrning koldirgan doglari // Milli Turkistan. 1952. № 2. 76А. S. 23-25.

24 Hayit B. Turkestan im XX. Jahrhundert. Darmstadt. 1956. S. 63-134.

25 Hayit B. Basmatschi. S. 40.

26 Аъзамхўжаев С. Туркистон Мухторияти. – Т.: Маънавият, 2000. Б. 141.

27 Hayit, В. Turkestan zwischen Russland und China… S. 241-242.

28 Hayit, В. Basmatschi. S. 38-39.

29 Улуғ Туркистон. № 68. 9.Ш. 1918.

30 Hayit B. Turkestan zwischen Russland und China… S. 242.

31 Hayit B. Basmatschi… S. 34, 62.

32 Чўқай М. ўғли. Истиқлол жаллодлари… Б. 79.

33 Abdullah Receb Baysun Turkistanli. Turkistan Milli Hareketleri. Istanbul. 1943. S. 8.

34 Исмоилов X. Туркистон 1917 йилда. // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 1990. 27 июл; Ўша муаллиф. Туркестан в эпоху двух революций. История СССР. 1990. № 5; Н. Норқулов. Мухториятнинг тугатилиши // Фан ва турмуш. 1990. № 1-3; Ўша муаллиф. Ҳурриятдан мухториятгача // Фан ва турмуш. 1991. № 2-3; Хасанов М. Альтернатива // Звезда Востока. 1990. № 7; Дониёров Ш. Мухторият қисмати. // Шарқ юлдузи. 1991. № 12 ва б.

35 Агзамходжаев С.С. Туркистон мухторияти: борьба за свободу и независимость. (1917-1918 гг.) Дисс. д-ра. ист. наук. – Т., 1997. -С. 369; Унинг ўзи. Туркистон бирлиги учун. – Т.: Фан, 1995; Унинг ўзи. Туркистон мухторияти. – Т.: Фан, 1996. -Б. 56; Туркистон мухторияти. – Т.: Маънавият, 2000. -Б. 166.

Ўхшаш мақола

Туркистон мухторияти байроғи

«Туркестан – туркестанцам»

Post Views: 586 Судьба Туркистанской Автономии и Туркестанское национальное движение В условиях резкого падения авторитета …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *