Бош саҳифа » Тарих » Хитой манбаларида туркий халқлар аждоди рунг-дилар

Хитой манбаларида туркий халқлар аждоди рунг-дилар

Марказий Осиёда қадимдан турли миллат вакиллари яшаб келган. Буларнинг ичида туркий халқлар катта ҳудудни эгаллаб, Марказий Осиёнинг барча жойларида жуда қадимдан истиқомат қилиб келган. Марказий Осиёнинг Моварауннаҳр қисмида ҳам қадимдан туркий қабилалар яшаб келганлиги ҳақида археологик материаллар ва ёзма манбалар гувоҳлик беради. Шунинг учун бу бу заминни VII асрдан бошлаб «Туркистон» номи билан юритилганлиги сўғдий ҳужжатлардан маълум[1]. Авестода Туркистон аҳолиси «тур» аталиб, баъзи бир тасаввурга кўра, турк атамасидаги «к» товуши эронликлар тилида тушиб қолган[2]. Қисқасини айтганда турк этник қатлами Марказий Осиёда жуда қадимдан мавжуд. Бу этноним милодий VI-IX асрдаги туркий манбаларда ва XI асрда ёзилган Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит турк» асарида аниқ айтилган. «Турк» атамасининг жуда қадиймийлигини хитой манбалари ҳам тасдиқлайди.

Хитой олими Янг Шенгминнинг ёзишича, турк атамаси қадимги хитой манбаларида Хитойнинг шимолидаги халқларга нисбатан ишлатилган бўлиб, бу сўз Хитой иероглифларида «ди», «динглинг», «дили», «чили», «тили» атамалари сифатида талаффуз этилган. Сўнг бу атамалар хитой манбаларида «турк» деб талаффуз этилганлиги маълум қилинади[3].

Хитойшунос олим А.Хўжаев япон ва Хитой олимларининг хитой манбалари асосида чиқарган хулосасига асосланиб, бундан 3,5-4000 йил аввал суяк, тош ва хитой қомишига ёзилган, «ди» этноси «турк» сўзининг хитой тилидаги қадимги талаффузи эканлигини айтади[4].

Хитой манбаларида қайд этилган диллар 4-5 минг йиллар илгари хитойликларнинг (хансуларнинг) шимолий ва ғарбий шимолида яшаганлиги айтилади. Ўша даврда хитойликлар Чанг жианг (Кўк дарё, Янцзы) дарёсининг ўрта ва қуйи ҳавзаларида истиқомат қилган эдилар.

Хитой манбаларида мил.авв. XX асрларда Хитойнинг шимолида яшаган чорвадор аҳолини оддий қилиб, «ди» деб аталган[5]. Улар шарқда Хитой денгизигача (Бежин шаҳрининг жануб ва шимолигача) бўлган жойларни эгаллаган. Уларнинг шимолида яшаган чорвадор қабилалар эса «Шимолий ди»лар деб кўрсатилган. «ди»ларнинг ғарбида, Шарқий Туркистонда истиқомат қилгандилар «Ғарбий рунглар» деб номланган. Умуман айтганда, хитой манбаларида мил.авв. III минг йилликда Хитойнинг шимолий ва шимолий-ғарбида яшаган, хитойликларга ёт бўлган, этник гуруҳлар ҳақида гап кетганда «рунг-ди» атамаси ишлатилган[6].

Хитойнинг шимолий-ғарбида истиқомат қилган диларга (туркларга) ишлатилган рунг-ди атамасидаги «рунг» иероглифининг луғавий мазмуни «қурол», «қўшин», жангчи (аскар), ҳарбий арава, улуғ деган маънони англатган. Мантиқан таҳлил қилганда, ғарбдаги «ди»ларга нисбатан «улуғ» «қўшин» каби аниқловчидан кўра «жангчи» сўзини қўшиш тўғрироқдир. Шунинг учун хитой олимлари «рунг» атамасига нисбатан «жангчи» сўзини ишлатганлар. Шунингдек, бирламчи манбалар асосида ёзилган 1 томлик «Сихай» изоҳлик луғатининг 1523 бетида тадқиқотчилар томонидан «дилар қадимий қавм улар «ғарбий рунглар»дир, деб таъриф берилган[7].

Қадимий хитой манбаларидаги «рунг-ди» деб аталган этнонимнинг ўрта Хитой пасттекислигида ва унинг шимолида яшаган қисми «ди»лар бўлиб, Уларга хос жангаворлик туфайли уларга (рунглар) деган сифат қўшилиб, «рунг-ди» (жангчи турклар) ёки «ди-рунг» (турк жангчилари) деган атама юзага келади. Аммо, уларнинг хитойликларга аралашиб деҳқончилик қилганлари, яъни ўтроқлашганларига фақат « ди» атамаси ишлатилган. Уларнинг шимолида яшаган чорвадорлар эса «шимолий ди» деб хитой манбаларида ёзилган.

Хитой манбаларида «шимолий рунг» деган атама ҳам тилга олинади. Шунингдек, шимолий рунглар жуда қадимда «шанрунг» (тоғ рунглари) деб номланган. Хитойлар чуанрунг (ит феълли рунглар) ёки «гуйфанг» (шайтонлар)[8] деб ҳам атаганлар. Уларнинг яшаган жойлари дилардан шимолда кўрсатилади[9].

Бунга қараганда «ғарбий рунг» атамаси асосан Ўрта Хитой текислигининг ғарбида ва Марказий Осиёда яшаган туркий аҳолига нисбатан ишлатилган. Хитойнинг шимолида яшаган чорвадорлар эса шимолий рунглар деб номланган. Мазкур туркий халқларнинг жанговорлиги уларни рунг (жангчи) деб ажратган ва жойлашган ўрнига қараб уларга, «шимолий рунглар», «тоғ рунглари» каби атамаларни ишлатган. Тоғ рунглари мил.ав. XX асрдан олдин ўтган «шунюйлар» Жоу хонлиги (мил.ав. 1122-771 й.) даврида «шянюн» деб номланган ҳунларнинг аждодлари ҳисобланган. Айнан ўшаларнинг қадимда чуанрунг деб аталган ит лақабли қисмининг тотемида ит бўлганлигини кўрсатади.

Хитой манбаларида мил.авв. II минг йилликнинг охирига келиб, Жоу сулоласининг тўнғич хони Вувангнинг отаси Винванг 3-4 минг йиллар аввал кунйи (ёввойи) қабилалар бўлганини, улар яна бошқа – Чуанйилар (сой ёввойилари)[10] деб аталиши, улар шянюн (хун)ларни эгаллаган жойларидан кўчиб кетишга мажбур бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор[11].

Мазкур маълумотдаги ғарбий рунгларнинг кунйилар (кунлун ёввойилари) деб номланиши, уларнинг кунлун ёки қорақурум тоғ этакларидан Хитойнинг шимолига бундан 4 минг йил аввал бориб қолганлиги кўрсатилади. Бу уларнинг чуаний (сой ёввойилари) деб номланишини тасдиқлайди. Хитойликлар яшаган жойларда баланд тоғлар бўлмаганлигидан тоғ музликлари ва улардан ҳосил бўладиган сойлар ҳам бўлмаган. Кунйи ёввойилари хитой манбаларида ғарбий рунглар деб ҳам эслатилади. Демак, хитой манбаларидаги кунйи ёки чуанйийлар Хитойнинг шимолига Турон текислигидан кўчиб борганлар, уларни хитой хансулари бўлмагани учун «ёввойилар» деб камситилган. Мана шу маълумот жуда қадимда туронликларнинг Хитойнинг шимолига бориб қолганлигидан далолат беради. Уларни хитойликлар рунглар (турк жангчилари) деб атаган.

Хитой манбаларида кўрсатилишича «шимолий рунг» ва «ғарбий рунг» атамалари «рунгди» деб номланган этносга тегишли бўлиб, уларнинг жойлашган ҳудудларига қараб, «шимолий рунг» ва «ғарбий рунг» атамалари «рунг-ди» деб номланган этносга тегишли бўлиб, уларнинг жойлашган ҳудудларига қараб, «шимолий рунг» ва «ғарбий рунг» деб номланган. Шунинг билан бирга, хитой аҳолисига нисбатан шимолда ва шимолий шарқда (Чи, Лу, Жин, Вэй, Сунг, Шинг бекликларининг ҳудудларида) яшаган ва кейинги даврда хитойликларнинг ассимиляциясига учраган туркий халқлар хитой манбаларида оддий қилиб «ди» деб аталган. Натижада хитой манбаларида «ди», «шимолий ди», «ғарбий рунг» атамалари ишлатилгани ҳолда негадир «ғарбий ди» атамаси учрамайди.

Бунинг боиси: хитой тилининг ўзига хос алоҳидалиги, мазкур тилда атама ва номлар доим қисқартирилиб айтилиши анъанаси бўлса керак. «Рунг-ди» атамасининг қисқартирилган кўриниши «ди» шаклида бўлиб, хитойларга қўшни ёки аралашиб яшаганларига бу атама ишлатилган.

«Рунг-ди»ларнинг ғарбда яшаганлари, жанговор турклар бўлганлигидан уларга ишлатилган «ғарбдаги жангчи турклар» атамасидаги «турк» сўзи айтилмасдан уч иероглифдан иккитаси олиниб, ғарбда яшаган дилар «ғарбий рунг» (ғарбдаги жангчилар) деган ном олган. Хитойликларнинг жанубида ва шарқида дилар яшамаганлиги сабабли «шарқий рунг» ёки «жанубий ди» атамалари ишлатилмаган.

Хитойнинг шимолида яшаган дилар хитой манбаларидаги маълумотга қараганда ўзларини «улуғ ди», «қизил ди», «оқ ди» ва «шимолий ди» деган тўрт ном билан аташган[12]. Демак, туркий халқларнинг томонларга қараб ранг билан белгилаш одати бундан 3 минг йил аввал дилардан бошланган. Уларнинг шарқида, қуёш чиқадиган томонда яшаганлари улуғланиб «чанг ди» (Улуғ, катта ди) деб номланган. Бу туркий халқлар кўк рангни улуғлаб «улуғ», «катта» деб номланганига ўхшайди.

Жануб ёруғ бўлганлигидан жанубдагилар «чи ди» (Қизил ди) ғарбдагилар «бай ди» (оқ ди) деб аталган. Фақат нима учундир шимолдагилар «қора ди» деб номланмасдан «шимолий ди» деб аталганлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Мил.авв. III минг йилдан аввал рунг-дилар истиқомат қилган Хуангхэ дарёсининг қуйи оқимида хитой аҳолисининг кўпайиши билан ҳокимият ҳуангди авлодларидан Шия, Шонг сулола вакилларига ўтганлигини ривоят қилинади. Бу даврда асосан чорвачилик билан шуғулланган рунг-диларнинг бир қисми шимолга силжиб, уларни сиқиб борган хитой аҳолисининг шимолга силжишига қатъий қаршилик қилганлиги сабабли хитой манбаларида улар «йилар» (ёввойилар) деб камситилган ва қувғин қилинган. Уларни бошқа рунг-дилардан фарқли ўлароқ, яшаган ёки келган жой номларига «ёввойи» сўзини олдига қўшиб номлашган. Аммо, уларнинг Хитой давлатчилигида тутган ўрни катта бўлганлиги манба воқеаликлар баёнида ошкор бўлади. Ҳатто диларнинг Хитой давлатчилигида мавқеининг устунлиги ҳақидаги маълумотлар хитой манбаларида учрайди. Чуанйиларнинг қўллаб қувватлаши оқибатида мил.ав. 869 йили Чжоу сулоласининг хони Шйау ванг ҳокимиятга келганлиги ҳақида: «ғарбий рунглар жуда рози бўлди. Шунинг учун ўзингиз хон бўлдингиз» деган гаплар ёзилган[13].

Милоддан аввалги VII асрда шимолда хитой аҳолисининг кўпайиши билан вужудга келган бекликлар (хонликлар) рунг-диларни шимолга сура бошлаган. Жин хонлигининг хони «Венгунг (мил.авв. 636-628) рунг-дилар устига юриш қилиб, Шихэдаги Йиншуй[14], Луошуй дарёларининг оралиғига уларни қувғин қилган. Улар кейинги даврда теле (туро)лар деб номланган қизил ди, оқ диларнинг ўзгинаси эди. Чин (хони) Мугунг (мил.ав. 659-621) Ююкнинг[15] ёрдами билан ғарбий рунгларнинг саккиз хонлигини ўзига бўйсиндирди»[16]. Рунг-дилар Хуангхэ дарёсининг бош оқимларида Йиншуй ва Луошуй дарёлари оралиғидаги тоғликларга қувғин қилинган. Уларнинг хонликлари жойлашган ҳудудлар хитойликлар томонидан эгалланган.

Хитойнинг шимолидаги диларнинг жанубий шарқида яшаган бўлаги қадимий хитой қавмларининг маданиятини қабул этиб, аста-секин тил ва урф-одатларини ўзгартира бошлаган. Мил.авв. 607 йили «улуғ ди»ларга мансуб сурман қабиласи[17] бошчилигидаги хонликнинг йўқ қилиниши билан энг шарқий дилар тарихдан ўчади[18]. Жин хонлиги томонидан эса мил.ав. 594 йили қизил диларнинг Лу ёки Лузи хонлигини ташкил қилган қисмига барҳам берилади[19]. Мазкур «Қизил ди» деб номланган жанубий диларнинг асосий қисми эса шимолга кўчиб кетади. Мил.ав. 450 йилларда оқ диларнинг Чўвйўв хонлиги ҳам Жин хонлиги томонидан йўқ этилади[20].

Ўз маконларидан қувғин қилинган қизил дилар (жанубий турклар) Туркистоннинг шимолига келиб истиқомат қилиш бошлайди. Хитой манбаларида улар янги жойга кўчиб кетгандан сўнг, турк сўзига яқин талаффуз қилинадиган «динглинг», «тинглинг», «тили» каби хитой ёзувида ёзила бошлаган. Айнан шулар Марказий Осиёдаги кўчманчи туркларнинг аждоди ҳисобланади.

Тадқиқотчи Дуан Лянчин: Илк ўрта асрлар даври Хитой тарихчилари Вей-шу, Ли Яншу, Ду юлар ўзлари жудаям мукаммал биладиган «Зучюминг тафсири», «Давлат арбоблари ҳақида баёнлар», «Тарихий хотиралар», «Ханнома», «Вейнома»дан фойдаланиб, динглинларнинг этник таркиби қизил дилар, деган хулосага келади» деб ёзади[21]. Шунингдек,у диларнинг чўлликнинг шимолида (Манғўлиянинг ғарбида) ва Жанубий Сибирьда янгидан пайдо бўлиши билан милоддан аввал II асрдан тарихий асарларда динглин-хун муносабатларида тилга олина бошлади деб хулоса қилади[22]. Шунинг учун хитойшунослар ва туркий халқлар этник тарихи билан шуғулланганларнинг ҳаммаси қизил диларни туркий халқлар аждоди эканлигини тасдиқлашади.

Қизил диларнинг шимолга сурилишининг асосий сабаби, чорвачиликка мослашган диларнинг яйловлари жанубдан кўчиб келган хитойлар томонидан тортиб олина бошлаган эди. Чунки хитой манбаларида жуда кўп тилга олинган «рунг-диларнинг урф-одатлари ўзгартирилди» деган сўзлар учрайди. Аслида рунг-ди яйловларининг деҳқончилик майдонларига ўзгартирилганлиги айтилади. Чорвадор халқларни деҳқончилик билан шуғулланишга мажбур этилади. Ўз турмуш-тарзини ўзгартиришни ҳоҳламаган рунг-дилар (қизил дилар – жанубий турклар) яшаб турган жойларини ташлаб, шимолга кўчиб кетган ва Сибирда уларнинг излари моддий маданият материаллари билан тасдиқланади.

Мил.авв. V асрдан сўнг Хитойнинг шимоли ва ғарбидаги рунгдиларнинг мавқеи ожизлаша борди. Чунки, эгаллаган ҳудудлар Хитойнинг шимолида ташкил топган бекликлар томонидан тортиб олинган эди. Хусусан, Чин беклигининг ғарбий рунглар билан бўлган урушлари юз йиллаб давом қилади. Рунглар чинликларнинг ҳужумига қарши баъзида қайтарма ҳужумлар ҳам уюштирган. Мазкур урушларда асосан чинликларнинг қўли баланд келиб турган. Чинлар мил.авв. 461 йили Дали рунгларини мағлуб қилган бўлса, Йичу рунг элида пайдо бўлган ички низолардан фойдаланиб, 434 йили Чин беглиги унинг 25 шаҳрини босиб олади[23]. Айнан ўша даврга келиб «рунг-ди» «ху» деб ҳам номлана бошлайди.

Хуларнинг Жунгшан деб номланган давлатига қилинган кетма-кет ҳужумлар туфайли мил.авв. 300 йили мазкур беклик катта талофат кўрди[24] ва Жунгшан беклигини босиб олишга муваффақ бўлаолмади. Бунга қараганда рунг-дилар катта талофат кўришига қарамай, ўз ватани учун қаттиқ жанг қилганлигини кўрсатади. Фақат мил. авв. 295 йили Жоу беклиги Чи беклигидан ёрдам олиб, Жунгшан давлатининг қўшинини тор-мор қилган[25]. Жунгшан ҳукмдори Фуши (ҳозирги Янъан) шаҳарига кўчиб кетади. Кўчиб кетган хулар хитой манбаларида кейинчалик хун номида тилга олинади.

Рунг-дилар эгаллаган жойлар хитой бекликлари томонидан жуда қийинчиликлар билан тортиб олинади. Чунки хитой қўшнининг қурол-яроғлари кийим бошлари ҳарбий ишларга мослашмаган. Бу аҳвол хитой қўшинининг ислоҳ қилишни тақозо этарди. Шунинг учун шимолий рунг-диларга яқин жойлашган Жоу беклиги хитой қўшинининг хуларча (рунгдиларча) тузиш таклифини кўтариб чиққан[26]. Демак, ўша даврда ху деб ҳам аталган рунгдилардан тортиб олган Хуонгхэ бўйидаги жойларда Чин сулоласи қўрғонлар кўтариб, уларга ҳарбий чегара постлари ўрнатган.

Чин диёрида қолиб кетган рунг-дилар бутунлай хитойлашиб кетмади. Чин ҳоқолиги томонидан ташкил топган Тяншуй[27], Лунгши[28], Бэйди[29], Шангжун вилоятлари ғарбда чянглар, шимолда рунг-дилар билан чегарадошдир. Гансу ўлкасида Уду[30] деган жойда дилар билан чянглар аралаш яшар эди[31].

Мил.авв. 80 йил Уду вилоятидаги оқ отлиқ дилар[32] (турклар)[33] исён кўтарган. Уларга қарши катта куч ишлатилган, ҳатто жиноятчилар ҳам урушга тортилган бўлсада, диларни мағлуб қилишга муваффақ бўлмаган. Фақат 77 йили чянгларнинг қўшинлари ёрдамида исён бостирилган.

Мил.авв. IV асрга оид хитой манбаларида «рунг-ди»нинг «ху» «хун» деб аталишининг сабабини хитойда ташкил топган бекликлар ёки кичик хонликлар томонидан рунг-дилар ерларини эгаллаш билан шарҳланади. Хитой кичик хонликлари шимолга кўчиб кетган чорвадор рунг-дилар юртига бостириб келиши билан изоҳланади. Шу боис, мазкур давр ҳақида қалам тебратган хитой тарихчилари шимолий рунг-диларни кўп ҳолларда хитой аҳолиси билан яшаб қолган рунг-дилардан ажратиш мақсадида, янги атамани ишлатганлар.

Улар яшаган жой номи билан қабилалар номланган. Натижада Чжоу давридаги рунгларга ишлатилган «гуйрунг», «ғарбий рунг» атамалари Чжоу сулоласи заифлашиб кетган даврда, яъни, Чунчю даврида (мил.авв.722-481) жирунлар, шимоли рунглар, юнрунглар, йилурунглари, чуанрунглар, лирунглар, рунг ёввойилари деб номланган. Милоддан аввал IV асрга келиб, Марказий Осиёнинг шарқда дихван-гуйжи рунглари, йичу рунглари, дали рунглари ва шимолда линху рунглари, луфан рунглари деган номлар пайдо бўлди[34]. Уларни умумлаштириб бир ном билан «ху» деб атаганлар. Кейинчалик хунлар даврига келиб шимолдаги туркий халқлар «хун» деб номланди. «Ху» атамаси ўтроқ ҳаётга мослашган барча халқларга, жумладан, хунларга нисбатан ишлатилган. Хунлар заифлашиб, қабилалар ўртасидаги муносабатларни баён қилишда, умумий хун номидаги рунгдиларнинг айрим қабилалари данлинг, тенглинг, тели, чели, дили, говчи (қонгқил) деб умумий турк халқларига нисбат берилганлиги қайд этилган.

Албатта, рунг-ди атамаси тарихчилар томонидан ўтмиш тарихни баён қилганларида доим ишлатилган. Аммо, кейинги тарихчилар IV-асрларга оид маълумотларни таҳлил этганда чалкашлик юз бермаслиги учун янги атамаларни қабул этган. Хитой тарихчиларининг рунг-диларга нисбатан «ху» атамасини қабул этишига ўша даврда Марказий Осиёда «хўр»[35] атамасининг мавжудлиги асос бўлган бўлса керак. Чунки «ху» иероглифи «Чет элли» мазмунида бўлиб, Чунчю (Баҳор-кўз) (мил. авв. 770-475) даврида Анхуй ўлкасидаги хонликнинг (диларнинг хонлигининг) номи бўлган[36]. Дилар аслида ёт юртли, яъни, Марказий Осиёликлар бўлганлигидан «ху» атамаси қадимда «чет элли» маъносини билдирган. Мил. авв. IV-асрлардан бошлаб хитой манбаларида мазкур атама рунгдиларининг умумий номига айланган. Шимолдаги рунг-ди қавмлар камситилиб, «ёввойилар» деб аталганлигидан «ху» иероглифи ҳам ёввойилар мазмунида ишлатилган.

Натижада Хитойнинг шимоли ва ғарбида яшаган халқларни умумий бир ном билан «ху» деб атаган. Жумладан хунларни ҳам «хулар» деб номлаган. Шунинг учун уларни ажратиш зарур бўлса «ху» нинг олдига улар яшаган жой ёки қабила, уруғ номлар қўшиб айтилган. Масалан линху (танлинлар, динлин, ўрмон хунлари), луфан хулари, дунгхулар (шарқий хулар)[37] каби ажратиб кўрсатилган.

«Ғарбий рунглар» (ғарбий турк жангчилари)нинг «ху» деб номланиши ва уларнинг Марказий Осиёда яшаганлиги «турк» сўзининг хитой тилидаги яна бир номи «ху» эканлигини кўрсатади. Хитой манбаларида « ху» атамаси рунг-диларнинг «ғарбий рунглар»га ҳам ишлатилган. Демак, Марказий Осиёнинг туркий аҳолиси «ху» деб номланган. Марказий Осиёлик хулар қадимий хитой манбаларида «ғарбий рунглар» деб аталган экан.

«Ди» атамаси хитой тилида «турк» сўзининг қадимий талаффузи бўлиб улар кейинчалик қадимдан Дашти Қипчоқда яшаганлигига манбалари аниқлик беради.

Хитойнинг шимолида туркий халқларнинг аждодлари рунг-диларнинг бир қисми жанубдан кўчиб келган хитойликлар томонидан милоддан аввал мингинчи йилликда хитойлаштирилган. Лекин, рунг-диларнинг чорвачилик билан шуғулланган асосий қисми яшаб турган масканларини ташлаб янада шимолга кўчиб кетишга мажбур бўлади. Улар «ху», «хун» ва яна «турк» номида тарих саҳнасида пайдо бўлади.

Абдухалиқ Абдурасул ўғли Айтбаев (ЎзФА Шарқшунослик институти)

«ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ: ИЛМИЙ-МЕТОДОЛОГИК ЁНДАШУВЛАР, ЭТНОГЕНЕТИК ВА ЭТНИК ТАРИХ» МАВЗУСИДАГИ РЕСПУБЛИКА ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ СЕМИНАР МАТЕРИАЛЛАРИ

Тошкент шаҳри 2004 йил 19-20 ноябрь

[1] А.Хўжаев, К.Хўжаев. Қадимги манбаларда халқимиз ўтмиши. Тошкент, 2001

[2] М.Исҳоқов. «Номи азал Туркистон», Ўзбекистон адабиёти ва санъати

[3] Янг Шенгмин. Қадимги уйғурлар. (Таржимон Имин Аҳмиди). Урумчи, 1998, 7-8-бетлар

[4] А.Хўжаев. Қадимий хитой манбаларидаги туркий халқларга оид айрим этнонимлар // Ўзбекистон ўрта асрларда: тарих ва маданият. Тошкент, 2003, 176-184-бетлар

[5] Шиолий дилар. Мил.авв. VI-V асрларгача Хитойдаги Чи, Лу, Жин, Вей, Сунг, Шинг бекликлари (хонликлари)нинг ҳудудларида истиқомат қилган

[6] 168 Си-Мачян. Тарихий хотиралар. 24 тарихдаги Ўрта Осиёга оид материаллар тўплами 1-китоб. Урумчи. 1989, 392-бет.; Бангу, Ханнома. 24 тарихдаги Ўрта Осиёга оид материаллар тўплами. 2-китоб. Урумчи. 1994, 680-бет

[7] Бангу. Ханнома. Урумчи, 62-бет

[8] Гуйфанг деган атамадаги «гуй» иероглифи шайтон, иблис деган мазмунни, «фанг» иероглифи эса ер, жой деган мазмунда келади

[9] Хэбей ўлкасининг шимолида истиқомат қилган. (Си-Мачян. Тарихий хотиралар. Урумчи. 30-бет

[10] Тоғ сувларидан пайдо бўлган ориқ сувларида яъни, сойларда яшайдиганлар. Хитойликлар яшаган ҳудудда баланд тоғлар бўлмаганлигидан улар марказий осиёликларни тоғ сувли сойлардан келганлар деб атаган

[11] Фан-Йе, Симо-Бёв. Ғарбий чянглар ҳақида қисса. Кейинги Ханнома. Урумчи. 1996, 435-бет

[12] Си Мачян. Тарихий хотиралар. Урумчи. 1989, 28-бет

[13] Си Мачян. Тарихий хотиралар. Урумчи. 1989, 65-бет

[14] Йиншуй дарё (Хвонгхэнинг бош тармоғи, Ўрдус баландлигидан бошланган. (Бангу. Ханнома. Урумчи, 755-бет)

[15] Ююк – рунгларнинг бош вазирларидан бири бўлиб, донишманд одам бўлган. Рунг хони Ююкни Чин хонлигига элчи қилиб юборади. Чин хони рунг хонига Ююкни ёмон кўрсатиш учун уни катта ҳурмат билан меҳмон қилган. Хоннинг ўзи Ююкни ўз қўли билан овқатлантирган. Шунингдек, Ююкни элига қайтармасдан узоқ муддат ушлаб қолган. Натижада, рунг хони Ююкдан гумонсирган ва уни тақиб қила бошлаган. Охирпировардида, Ююк ўз юртини тарк этиб, Чин хонлигига кетишга мажбур бўлади. Бундан фойдаланган Чин хонлиги Ююкнинг ёрдамида 12 рунг элини ўзига қўшиб олиб, Чин хонлигининг ҳудудини минг ли (500 км)га чўзишга муяссар бўлган (Си-Мачян. Тарихий хотиралар. Урумчи. 1989, 70-73-бет.)

[16] Бангу. Ханнома. Урумчи. 683-бет

[17] Сурман (Сўман — sou man) қабилалари ҳозирги Шандунг ўлкасининг ўрта қисмлари, Жинан шаҳрининг шимолида яшаган. Баъзи маълумотларга қараганда Шандунг ўлкасидаги Гавйван доирасида яшаган. (СиМачян. Тарихий хотиралар. Урумчи, 1989, 195-бет)

[18] Си-Мачян. Тарихий хотиралар. Урумчи. 1989, 194-195-бет

[19] Ўша манба. 195-бет

[20] Ўша манба

[21] Дуан Лянчин, Динглинглар, қонгқиллар ва туролар. Урумчи, 1996, 1-китоб, 12-13-бетлар

[22] Ўша манба. 140-бет

[23] Си Мачян. Тарихий хотиралар. Урумчи. 126-128-бетлар

[24] Ўша манба. 233-234-бет

[25] Ўша манба. 129-бет. Сўма-Цян, исторические записки. Том III. М., 1984. С.289

[26] Ўша манба. 129 бет

[27] Тяншуй (Tian shuyi) Хан сулоласи даврида таъсис этилган вилоят, ўрни Гансу ўлкаси Тунгвэй, Жингнинг, Чинан, Дингши, Чингшуй, жвонгланг, гангу, Жонгжиё Чуан туманлари ва Тяншуй шаҳарининг ғарбий шимоли, Лунгшингнинг шарқи қисми, Юнгжунгнинг шимоли шарқи қисмига тўғри келади. (бангу. Ханнома. Урумчи. 1994. 58-бет.). Бу жойда мянжу, жирунг номидаги рунг-ди қавмлари яшаганлиги маълум. Жингнинг Йичу хонлигининг таркибига кирган

[28] Лунгши – гансу ўлкаси Юуан ванг (yuan wang)нинг шимоли ғарбида, Тяншуйнинг ғарбига тўғри келади. Қадимда рунглар яшаган жой

[29] Бейди (бэй дй- bei di) қадимда Йичу рунгларнинг истиқомат қилган жойи бўлиб, Чин ҳоқонлиги томонидан таъсис этилган вилоят. Хитойда Суй сулоласи (581-618) даврида ҳам бейди вилояти мавжуд бўлган. Фақат маркази ўзгариб турган. Унинг ўрни НТМЎдаги Хэлан тоғи, Чингтунгшё, Саншуй дарёсининг шарқи ва Гансу ўлкасидаги хванжиёнг дарёси, малиян дарёси водийларига тўғри келади. (Си Мачян, тарихий хотиралар. Урумчи. 105-бет. Бангу. Ханнома. Урумчи. 1994. 19-бет). Мазкур жойда ҳозир тунган (дунган_ аҳолиси яшайди

[30] Уду – (wu dou) мил.авв. 111 йили хан сулоласи томонидан таъсис этилган вилоят. Ўрни гансу ўлкаси Уду, Ченгшян, Хуйшян, Шихэ| Лёнгдонг, Конгшян ноҳиялари ва Шанши ўлкаси Фенгшян, Луёнг ноҳияларига тўғри келади. (Бангу, Ханнома, Урумчи. 1994. 167-168-бет)

[31] Ўша манба. 204-бет

[32] Оқ отли дилар (бай моди дилари)нинг қадимда яшаган жойлари Гансу ўлкасидаги Чэнгшян ноҳиясидан 80 ли ғарбга тўғри келади. Бангу, Ханнома, Урумчи. 1994. 167-168-бет

[33] тадқиқотчилар мазкур диларнинг тўро эканлигидан келиб чиқиб, таржимада «Тўро» атамасини ишлатади. Бангу, Ханнома, Урумчи. 1994. 518 бет

[34] Си Мачян, Тарихий хотиралар, Урумчи, 28-29 бет

[35] Хур — VIII-IХ аср тибет хужжатида туркий халқларга нисбатан «хўр» атамаси ишлатилган. Ҳатто, Уйғур хоқонлигини ҳам Хўр хони деб кўрсатган (Қурбон Вали. Бизнинг тарихий ёзувларимиз. Урумчи, 1986, 184, 186 бет). Шунинг учун бўлса керак, кейинги даврларда «Хўр» сўзи форс тилида «халқ» деган мазмунда ишлатилган . «Хўр» сўзи Кужудан (Шарқий Туркистон) топилган мони ҳужжатларида «Хўрмуза» («Илоҳ»номи, «тўнғич инсон») тарзида келади (Қадимий уйғур тили луғати. Урумчи, 1889, 224 бет). Хитойнинг шимолида яшаган қадимий халқларнинг хаммаси «Ху»деб номлашига сабаб бўлган бўлса керак

[36] Большой китайско-русский славарь. М., 1984. Т.З. С. 159- 160

[37] Хуллас – мазкур жойда Дунгху яъни, шарқий хулар кўзда тутилади

Ўхшаш мақола

Бодавлат, Оталиқ ғозий – Муҳаммад Ёқуббек ҳақида

Post Views: 491 Ёқуббек ботирнинг қабрда кесилган боши Қўқон хонлиги тарихида Муҳаммад Ёқуббек (халқ орасидаги …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *