«ТУРКИСТОН АЛЬБОМИ» – Туркистон ўлкаси, унинг ижтимоий ҳаёти, аҳолининг турмуш тарзи, маданияти ва тарихи акс эттирилган биринчи ноёб фотоальбом. Туркистон генерал-губернатори Кауфман топшириғи билан шарқшунос А.Л.Кун раҳбарлигида тайёрланган (1871–72). Альбом 447 картонли варақдан иборат бўлиб, унда 1262 та фотосурат жамланган. Фотоальбом 4 қисм: ўлка этнографияси, археологияси, тарихи ва ҳунармандчилигидан иборат. «Тошкент альбоми»нинг археология қисми (154 варақ, 363 расм) А.Л. Кун ва Н.В.Богаевский томонидан, этнография қисми (163 варақ, 496 расм) А.Л.Кун, ҳунармандчилик қисми (45 варақ, 213 расм) А.Л.Кун ва М.И.Бродовский, тарих қисми (79 варақ, 211 расм) М.А.Терентьев томонидан тайёрланган. Альбомдаги аксарият фотосуратлар Тошкентдаги биринчи фотоателье эгаси Н.Н.Нехорошев ва ҳарбий фотограф подпоручик Г.Кривцов томонидан олинган. «Тошкент альбоми» қадимий Тошкентнинг маданий-тарихий ёдгорликлари, бозорлари, карвонсаройлари, чойхоналари, серқирра миллий ҳунармандчилиги, дарвозалари, шахсий турар жой бинолари, мудофаа деворлари, ариқ ва каналлари ҳамда аҳолининг турмуш тарзи кенг акс эттирилгани билан қимматлидир. Фотоальбом 10 жилддан иборат бўлиб 7 нусха тайёрланган. Унинг бир нусхаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг ноёб адабиётлар бўлимида сақланади.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил