Тошкент минерал суви

ТОШКЕНТ МИНЕРАЛ СУВИ – Тошкент атрофи артезиан ҳавзасига мансуб, махсус хосса ва компонентларга эга бўлган минерал суви. Юқори бўр – сеноман ярусидаги гравелит ва қумтош қатламларида жойлашган. Дастлаб 1948 йил Эшонқўрғон структураси (Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилояти, Сариоғоч шаҳри)да топилган. Тошкент атрофидаги сеноман ярусида ўнлаб бурғи қудуғи ковланган. Бу қудуқлардан сув босим остида чиқиб, улар фаввора режимида 1,35 л/сек.дан 10,6 л/сек. дебит билан ишлаган. Тошкент минерал суви 1100 м дан 2345 м гача бўлган горизонтда топилган. Бу азот-ишқорли иссиқ сув бўлиб, 0,6–1,14 г/л минералланишга эга. Сувнинг жойлашиш чуқурлигига қараб температураси 360 дан 710 гача. Таркиби гидрокарбонат-натрийли, сульфат-гидрокарбонат-натрийли, баъзан хлорид-сульфат-гидрокарбонат-натрийли бўлиб, унда радон концентрацияси 4–9, баъзи микроэлементлар (Si, Al, Fe, Ti, Mo, V) ҳам мавжуд. Тошкент минерал сувида гелий 0,2–1,6, аргон 0,5–1,7, СО2 1,2–1,3 ҳажмли фоизларда эриган. Сув таркибида (4,8–8,12) 10-6 г/л уран, (1,4–9,9) 10-12 г/л радий; газлардан 89,6% эриган азот, 12–18,6% кислород, 0,5–8,9 карбонат ангидрид бор. Сувнинг умумий қаттиқлиги 7,2–8,2. Шифобахш омиллари – юқори температураси, кремний кислотага (30–40 мг/л) бойлигидир.

Тошкент минерал сувидан ҳозирги вақтда Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий маркази ва «Чинобод», «Турон», «Ботаника», «Чатқол» ва бошқа физиотерапевтик шифохоналарда фойдаланилади. Минерал сув таянч-ҳаракат органлари, асаб системаси, гинекологик, экзема, нейродермит, ошқозон-ичак касалликларини даволашда қўлланади. Шунингдек, 1952 йилдан шифобахш ичимлик суви сифатида истеъмол қилинади. Тошкент минерал сувидан кўплаб фойдаланиш оқибатида бурғи қудуқларидан сувнинг табиий босим остида чиқиши (1л/сек. ёки ундан кам) кескин камайиб, пьезометрик сатҳнинг мунтазам равишда пасайиши кузатилмоқда. Шунинг учун, Тошкент минерал сувидан фойдаланишни қатъий назорат остига олиш зарур.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *