Бош саҳифа » Биласизми? » Тошкент аҳолиси

Тошкент аҳолиси

Ҳозирги Тошкент ҳудуди ва Тошкент воҳасида яшаган энг қадимий аҳоли ҳақида маълумот жуда кам. Бу ерда яшаган ибтидоий одамларнинг қадимий манзилгоҳлари юқори палеолит даври (40–12-минг йиллик)га тўғри келади. Жез даври (мил.ав. 2-минг йиллик)да бу ҳудудда чорвадор қабилалар, мил.ав. 1-минг йиллик ўрталарида қисман деҳқончилик билан шуғулланган қабилалар яшаган.

Тошкент аҳолиси ҳақида бирор аниқ маълумот сақланмаган. Шаҳар аҳолисининг сони ҳақидаги бирмунча аниқ маълумотлар 18-аср охирига тааллуқли (Тошкентда 40 мингдан кўпроқ киши яшаган).

19-аср 50-йилларида Тошкентдаги 11 минг хонадонда 50 минг киши яшаган. Чор Россияси Тошкентни босиб олганидан кейин (1865) шаҳар аҳолиси сонини аниқлашга уриниб кўрилди. Шаҳар Бешёғоч, Кўкча, Себзор, Шайхонтоҳур сингари тўрт даҳа ва Янги шаҳардан иборат бўлиб, 1869 йил бу ерда 73,8 минг киши, 1884 йил 90,1 минг киши истиқомат қилган. Кўкча ва Шайхонтоҳур даҳалари сераҳоли ҳисобланса-да, аҳоли сони Янги шаҳарда тез суръатлар билан кўпайган. 1869–1902 йиллар мобайнида Т. аҳолиси 2 баравар кўпайгани ҳолда, Янги шаҳар аҳолиси 16 баравар, Себзор аҳолиси 2,2, Бешёғоч аҳолиси 2,1 баравар ўсган. 1868 йил аҳолини рўйхатга олиш бўлими ташкил этилди. Ана шу бўлим маълумотига кўра, 1888 йил охирида шаҳарда 130 минг киши яшаган. Маълумотда аҳолининг таркиби ва шаҳарда қай тарзда жойлашганлиги ҳақида ҳам айрим кўрсаткичлар берилган эди. Аҳолининг ижтимоий структурасини подшо ҳукумати маъмурлари, маҳаллий амалдорлар, ҳарбий хизматчилар, зодагонлар, савдогарлар, руҳонийлар, шаҳарга хизмат кўрсатадиган аҳоли, деҳқонлар, ҳунармандлар, оз сонли зиёлилар, шунингдек, ҳунарманд ва косиблар ҳамда қишлоқ аҳолисидан шаклланган ишчилар синфи ташкил этар эди. 1897 йилда ўтказилган аҳоли рўйхати якунига кўра, шаҳар аҳолисининг ижтимоий-сиёсий таркиби қуйидагича бўлган: саноат ходимлари ва ҳунарманд косиблар – 29,5%, савдогарлар – 17,8%, ҳарбий хизматчилар – 15,8%, транспорт ва алоқа ходимлари – 3,0%, уй-жой хўжалиги ходимлари – 2,3%, пенсионерлар (чор ҳукумати собиқ маъмурлари) – 2,0%, фан, санъат, соғлиқни сақлаш ва халқ маорифи ходимлари – 1,2% ва ҳ.к.

1897 йилги аҳоли рўйхати маълумотларига кўра, шаҳарда 156,4 минг киши истиқомат қилган, ундан 88,4 минги эркаклар ва 68,0 минги аёллар эди. Бу даврда Тошкент аҳолисининг ўсиши миграция ҳисобига бўлган. Чунки ўша давр – Ўрта Осиё ҳудуди чор Россияси томонидан фаол ўзлаштирилаётган йилларга тўғри келади. Ўша даврда Тошкентнинг янги шаҳар қисми қурила бошлаган ва бу ерга русийзабон аҳоли кўчириб келтирилган. Бир вақтнинг ўзида шаҳар атрофида ҳалқа кўринишида 16 та (Черняевка, Троицкое, Кауфманское, Солдатское ва б.) рус қишлоқлари барпо этилган. Эски шаҳар эса Бешёғоч, Кўкча, Себзор ва Шайхонтоҳур даҳаларидан иборат бўлган. Маълумотларга кўра, 1897 йилда Тошкентда четдан келганлар сони 26,2 минг кишини ёки шаҳар аҳолисининг 17% ини ташкил этган.

Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг турли босқичларида муайян даврда рўй берган ҳодисаларга мос ҳолда аҳоли сонининг ўсиш суръатлари ўзгариб турган. Жумладан, 20-асрнинг 20–40-йиллари орасида жадал ўсиш кузатилиб, аҳолининг ўртача йиллик ўсиши 5% га яқин бўлган. Мамлакат пойтахтининг Самарқанддан Тошкентга кўчирилиши ҳам шу давр-га тўғри келади. Айнан шу даврда шаҳар аҳолиси сони 500 минг кишилик чегарадан ўтди.

Тошкент аҳолисининг 100 йиллик динамикаси таҳлили аҳолининг икки баробар кўпайиши учун биринчи марта 27 йил, иккинчи марта ҳам 27 йил керак бўлганини кўрсатади, хусусан, 1960 йилда Тошкент аҳолиси 1 млн.га етди, яна шунча йилдан кейин 2 млн.ни ташкил этди.

1940–50-йилларда аҳолининг ўсиш суръатлари пасайди. Бундай паст кўрсаткичлар 2-жаҳон уруши билан боғлиқ. Бу йилларда кўпайиш фронт олди ҳудудларидан эвакуация қилинган аҳоли ҳисобига бўлди. 1944 йилдан реэвакуация жараёни бошланди ва бунинг натижасида аҳоли камайди. Урушдан сўнг демографик тикланиш даври бошланди, бу 1960 йилда ўз чўққисига етди. 1955–60 йилларда ўртача йиллик ўсиш суръати 6,4% ни ташкил этди, бу эса шаҳар тарихидаги энг юқори кўрсаткич эди.

1966 йилда Тошкент шаҳрида рўй берган зилзила шаҳарга янги талафот келтирди. Тошкентни қайта тиклаш учун Собиқ Совет Иттифоқи республика ва шаҳарларидан бир неча юз минг қурувчи қатнашди. Шаҳар қиёфаси ўзгарди. 1960–70 йиллар давомида пойтахт майдони 2,5 марта кенгайди, аҳолининг мутлақ кўпайиши эса 1384,5 минг кишини ташкил этди ёки ўртача йиллик ўсиш 3,3%га тенг бўлди.

1970 йилдан бошлаб ўртача йиллик ўсиш суръати пасайди. 1970 йилда 3,25% ни ташкил этган бўлса, 1975 йилда 2,9, 1980 йилда 2,45 ва 1990 йилда 1,35% га тенг бўлди.
20-асрнинг 90-йиллари охиридан Тошкент аҳолиси секин ўсмоқда, ҳатто айрим йилларда унинг сони қисқарганлиги кузатилади. 1989 йилда шаҳар аҳолисининг сони 2102,1 минг киши бўлса, 1991 йилда аҳолининг мутлақ кўпайиши 55 минг кишини ташкил этди.

Тошкентнинг демографик ривожланиши аср охирига келиб анча турғунлашди. Ушбу жараёнларда ҳам ўзига хос ўтиш даври кузатилмоқда ва бу ҳолат туғилиш кўрсаткичларининг пасайиши (оилада фарзандлар сонининг камайганлиги) ҳамда манфий миграцион қолдиқ (кўчиб келганларга нисбатан кўчиб кетганлар сонининг юқорилиги) таъсирида юзага келмоқда.

 

Аҳолининг ёш-жинсий таркиби муҳим демографик кўрсаткичлардан биридир. Ёш-жинсий таркиб шаклланишига туғилиш ва ўлим кўрсаткичларидаги ўзгаришлар, ҳудуд аҳолисининг миграцион алоқалари, аёлларнинг ижтимоий мавқеи, болалар ва оналар ўлими каби омиллар таъсир қилади.

1897 йилги аҳоли рўйхати натижалари аҳоли таркибида аёллар 45,9%, эркаклар салмоғи эса 54,1% эканини кўрсатди. 1959 йилга келиб аёллар салмоғи 54% гача кўтарилди. Бунга, албатта, 2-жаҳон урушининг таъсири сабаб бўлди. Аҳолининг демографик тикланиши натижасида аёллар билан эркаклар салмоғи тенглашмоқда.

1940 йил маълумоти бўйича аёллар сони эркаклар сонига нисбатан 68 мингдан ортиқ бўлгани ҳолда, бу рақам 2006 йилга келиб 37 мингни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси ва Тошкент аҳолиси ёш-жинсий таркибининг қиёсий таҳлили пойтахтда туғилиш кўрсаткичлари мамлакат ўртача кўрсаткичларидан анча паст, аксинча, ўлим юқори эканлигини кўрсатади. Хусусан болалар ва ўсмирлар (0–16 ёшдагилар) жами республика аҳолисининг 37,4% ини ташкил этгани ҳолда, Тошкент бўйича бу кўрсаткич 27,4% га тенг. Кекса ёшлилар (55 ёшдан юқори аёллар ва 60 ёшдан юқори эркаклар) салмоғи эса республика ва шаҳар бўйича мос равишда 7,0 ва 11,7% ни ташкил этади.

Энг кўп сонли ёш гуруҳлари республика бўйича 10–19 ёшлиларга (жами аҳолининг 24,3%), Тошкент бўйича эса 15–24 ёшлиларга (34,3%) тўғри келади.

Шаҳар аҳолисининг миллий таркиби жамият тараққиётининг турли босқичларида рўй берган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга мос ҳолда ўзгариб турган. 19-аср охири – 20-аср бошида шаҳар аҳолисининг миллий таркибида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Ўрта Осиёнинг чор Россияси томонидан босиб олиниши ва империя фуқароларининг Туркистонга кўчириб келтирилиши Тошкент аҳолиси миллий таркибининг хилма-хил бўлишига таъсир кўрсатган асосий омилдир. 1868–1910 йилларда шаҳарда умумий аҳоли сони 3,2 марта ошган бўлса, ўзбеклар 2,4 марта, татарлар 3, яҳудийлар 15,3, руслар 22,6 марта кўпайган.

Кейинги йилларда аҳоли таркибида маҳаллий миллат вакиллари, биринчи навбатда, ўзбекларнинг салмоғи қисқариб борган. Агар 1920 йилда бу кўрсаткич 65,6% ни ташкил этган бўлса, 1959 йилга келиб, 34,8% га тушиб қолган. Аксинча, ўша даврда русларнинг улуши 23,6% дан 42,5% гача ўсган. 1920–59 йилларда ўтказилган аҳоли рўйхатлари натижалари 2-жаҳон уруши туфайли рўй берган демографик жараёнларни ўзида акс эттиради. Бу давр орасида уруш бўлаётган ҳудудлардан кишиларнинг кўплаб эвакуация қилиниши аҳоли таркибида руслар салмоғининг ортишига олиб келди.

20-асрнинг 2-ярмида пойтахт аҳолиси орасида ўзбеклар салмоғи яна ортиб, аксинча, руслар улуши камая бошлади. 1970–79 йиллардаги рўйхат натижалари шундан далолат беради. Ўзбекистонда яшовчи руслар сонининг ўсиш динамикасига назар ташласак, энг юқори ўсиш суръатлари 1959–70 йилларга тўғри келади. Бу даврда ўртача йиллик ўсиш салкам 3,5% ни ташкил этган. Бунинг сабаби 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг шаҳарнинг қайта қурилиши, янги саноат марказлари ташкил топиши муносабати билан кўплаб рус ва б. Европа миллатларига мансуб кишилар кўчиб келганлиги билан боғлиқ.

20-асрнинг охирига келиб аҳолининг миллий таркиби билан боғлиқ ўзгаришлар янада кучайди. Хусусан, славян халқларига мансуб аҳоли миграция ҳисобига ҳар йили 2,5–3% га камайиб бормоқда, шунингдек, мазкур миллатларда ўлим кўрсаткичлари туғилишга нисбатан бир неча марта юқори. Жумладан, 2005 йилда Тошкентда истиқомат қилувчи руслар орасида туғилиш кўрсаткичи 3256 тани ташкил этган бўлса, ўлим 6372 га тенг, украинларда бу кўрсаткич мос равишда 195 ва 518 тани ташкил этди, яъни ўлим туғилишга нисбатан 2,6 марта юқори.

Ўзбекистон Республикасининг бошқа минтақаларига нисбатан Тошкент аҳолисининг миллий таркиби хилма-хил. Жами аҳоли таркибида ўзбекларнинг улуши Ўзбекистон бўйича 80% бўлгани ҳолда, Тошкентда бу кўрсаткич 61,1% га тенг, холос.

Тошкент таркибидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар аҳолисининг умумий сони, табиий ўсиши, миллий таркиби, миграцияси бўйича ўзаро фарқ қилади. Жумладан, юқори ўсиш суръатлари таркибида маҳаллий миллат вакиллари кўпчиликни ташкил этувчи Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) (1,54%), Шайхонтоҳур (1,48%) туманларида кузатилади, қуйи кўрсаткичлар эса маҳаллий миллат вакиллари камчиликни ташкил қилувчи Яшнобод (Ҳамза) (0,6%) ва Яккасарой (0,5%) туманларига тааллуқли.

Тошкент умумий аҳолиси сонига кўра дунёдаги етакчи шаҳарлар қаторига киради. Шунингдек, Тошкент аҳолиси келгусида тез суръатлар билан ўсиши кутилмоқда. Мутахассисларнинг тахминига кўра, Тошкент аҳолисининг умумий сони яқин йилларда 2,5 миллион кишига етади.

 

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

1926 йил, Боку. Биринчи Бутуниттифоқ туркологик съезди (видео)

Post Views: 123 1926 йил 26 февраль – 5 март кунлари Озарбайжон ССР пойтахти Боку …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *