Бош саҳифа » Тошкент тарихи » ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Бошқарув тизими

ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Тошкент. Бошқарув тизими

1865 йилда чор ҳукумати Туркистон ўлкасидаги босиб олинган ерларда «Дашт комиссияси»ни тузди. Ушбу комиссиянинг вазифаси ўлкадаги шароитни ўрганиш ва уни қандай бошқариш кераклиги хақида низом тузиш учун материал тўплашдан иборат эди.

Бу комиссия иш жараёнида босиб олинган ерлардан қуйидаги қоидаларга асосан фойдаланишни белгилаб берди:
1. Ҳарбий ва фуқаро хокимиятини бир қўлда тўплаган холда ўлкани бошқариш;
2. Сиёсий аҳамиятга эга бўлмаган барча ички ишларни бошқаришни, ерли аҳолининг хулқ-атвори ва урф-одатини ҳисобга олиб, маҳаллий аҳоли қўлига топшириш;
3. Маҳаллий бошқармада, унинг қонун ва урф-одатларида мавжуд бўлган давлат манфаатларига зиён етказувчи барча нарсаларни бутунлай тугатиш;
4. Имконияти борича судни маъмуриятдан батамом ажратиб қўйиш;

Мазкур комиссия томонидан ишлаб чиқилган «Низом» лойихаси қонуний тасдиқланмади.

Шаҳарнинг «янги» қисмининг қурилиши ва ривожланиши шаҳар маъмурияти фаолияти билан боғлиқ бўлган. 1866 йилда ташкил этилган шаҳар қўмитаси асосан уй қуриш учун ер ажратиш ва бунинг эвазига пул ундириш билан шуғулланарди. Шаҳарнинг ободончилиги учун суғориш аҳамияти катталигини ҳисобга олиб Тошкент “янги” қисмида ариқларни ва сувни тўғри тақсимлашни бошқариб борувчи ариқ қўмитаси тузилган эди. Ушбу икки қўмита бир-бирига бўйсунмаган ҳолда фаолият кўрсатган. Уларда ҳеч қанақанги қоида ва йўриқнома бўлмай, бу шаҳар хўжалигини бошқаришни қийинлаштирган.

1867 йили Туркистон генерал-губернаторлиги эълон қилингач, унинг биринчи губернатори қилиб К.П.Кауфман тайинланди. Генерал-губернаторнинг ваколати чексиз бўлиб, у агарда маҳаллий бошқарма ва унинг урф-одатларида давлат манфаатига қарши бирор зарарли ҳолат маълум бўлса, уларни бекор қилиш хуқуқига эга эди.

Бутун Туркистон ўлкаси ҳудудидаги ҳарбий ва фуқаро ҳокимияти генерал-губернатор ва вилоятларнинг ҳарбий губернаторлари қўлида эди. Рус ҳукумати ўлкада жорий этмоқчи бўлган бошқарма аппарати маҳаллий аҳолининг хар қандай озодлик учун кўтарган харакатларини бостириши ва мустамлакачилик сиёсатини мустахкамлаш учун хизмат қилиши даркор эди.

Дастлаб (1867) Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига Сирдарё ва Еттисув вилоятлари кирган. Кейинчалик минтақада Россия ҳукмронлигининг кенгайиши билан генерал-губернаторликка бешта: Сирдарё, Фарғона, Еттисув, Самарқанд ва Каспийорти вилоятлари кирди. Бир вақтнинг ўзида Туркистон генерал-губернаторлиги ихтиёрида бўлган Бухоро ва Хива хонликлари устидан ҳам рус ҳукумати протекторати ўрнатилди.

1868 йил 27 февралда Сирдарё ва Семипалатинск вилоятлари ва Тошкент “янги” қисмида бошқарув тўғрисидаги 1867 йил лойиҳасига биноан “ҳарбий-халқ” бошқармаси тузилди. Статистик маслаҳатчи Россиғкий бошқарманинг биринчи бошлиғи этиб тайинланди. Шаҳар “янги” ва “эски” қисмларидаги ижтимоий-сиёсий ва хўжалик бошқаруви бир-биридан алоҳида-алоҳида олиб борилган, ҳолбуки бу ҳар иккала қисм ҳам Тошкент шаҳри бошлиғига бўйсунарди. Тошкентнинг “янги” қисмида қуйидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилди:

1. Режа тузиш, уй қуришга ер ажратиш, кўча ва майдонлар барпо этиш;
2. Солиқлар, турли тушумларни тартибга келтириш ва ундириш, шунингдек шаҳар даромад ва ҳаражатлар сметасини тузиш;
3. Шаҳар ирригация тизими ва ободончилигини бошқариш.

Ҳарбий-халқ бошқарувининг барча қарорларини генерал-губернатор томонидан тасдиқлангач вилоят идораси, шаҳар бошлиғи ва ҳокими орқали ҳаётга татбиқ этилган.

Шуни таъкидлаш керакки, мазкур бошқарув Тошкент шаҳар бошқаруви тўғрисидаги лойиҳани узил-кесил ишлаб чиққунгача қадар таъсис этилган эди. Бошқарув аъзолари 3 йилга сайланарди. Ҳарбий-халқ бошқармаси учун кўп моддий маблағ талаб этилмасди. Чунки қуйи маъмурият аҳоли ҳисобига яшарди.

Уларни ҳамда бошқарув раиси лавозимини ҳарбий губернатор тасдиқларди. Бошқарув аъзолари хазинага келиб тушадиган ҳар йилги тушумларнинг 5-10% миқдорида маош олар эдилар. Ариқ оқсоқоллари, оқсоқолларнинг барчаси халқ ҳисобига яшаган. Бу эса ўз навбатида талон-тарожликка кенг йўл очиб берган.

Шаҳар хўжалигининг фаолияти қониқарсиз ахволда бўлганлигини ҳисобга олиб, ҳарбий губернатор Н.Н.Головачев шаҳарнинг «янги қисмидаги барча хўжалик ишларини бир бошқармага бирлаштириш учун ҳаракат қилди. 1870 йилдан бошлаб «янги» шаҳарда ижтимоий хўжалик бошқармасига асос солиниб, унинг таркиби халқ- ҳарбий бошқармасидан беш амалдор ҳамда «янги» қисмдан тўрт уй соҳибидан иборат бўлиб, ҳарбий губернатор томонидан тайинланган. Эски шаҳар ижтимоий-хўжалик бошқармасида 20 та аъзо фаолият кўрсатган. Лекин бу бошқармалар мустақил равишда хея қандай тадбирларни ўтказа олмас эди. Бунинг учун албатта шаҳар бошлиғи ёки юқори маъмуриятдан рухсат олишлари шарт эди. Бошқармаларнинг асосий вазифалари давлат солиқларини тўплаш, земство ва ижтимоий йиғимларни тақсимлаш ва х.к.лардан иборат эди. Шаҳар бошлиғи бошқарма раиси вазифасини ҳам бажарган.

Шаҳар хўжалиги хақидаги масалалар ва харажатлар шаҳарнинг иккала қисми учун ҳам бир хилда хал этилиб, ҳатто маблағлар ҳам тенг иккига бўлинган эди. Эски шаҳар бошқармаси аъзолари хўжалик ишларини олиб борувчи янги тартиб ва қонунлар билан мутлақо таниш бўлмаганлар, рус тилини ҳам билмаганлар. Янги шаҳар хўжалик бошқармаси аъзолари руслардан иборат бўлиб, улар хам маҳаллий тартиблар ва аҳолинингг урф-одатларидан умуман бехабар бўлганлар. Аҳоли манфаатларини ҳисобга олмай, бундай сунъий ажратиш шаҳар хўжалигига салбий таъсир кўрсатган.

Ҳатто рус амалдорларининг ўзи хам мазкур бошқарув шаҳар хўжалиги масалаларида мутлақо яроқсиз эканини ва у ердаги амалдорларнинг хизмат мажбуриятлари бошқарув манфаатларига мутлақо зид эканини таъкидлаганлар.

Шаҳар бюджети анча ғариб бўлишига қарамай унинг қурилиши ва ободончилиги бўйича маълум ишлар қилинганди. 1870 йилда шаҳар даромади 10 минг рубл, 1871 йилда-17,5 минг рубл, 1872 йилда-17 минг рубл, 1873 йилда-21820 рубл, 1874 йилда-23917 рубл, 1875 йилда-30287 рубл, 1876 йилда-27766 рубл ташкил этган. Бюджетнинг 82%и полиция ва шаҳар жамоатчилик бошқаруви, тиббий, санитар хизмати ва суд органлари, ирригағиянинг шахсий таркибини таъминлашга ва х.к ларга, маблағнинг 18 фоизигина шаҳар ободончилигига сарфланарди. Бу аҳволда жамоатчилик бошқаруви ўз вазифасини қай даражада бажаргани ўз-ўзидан аён.

Аҳоли ўсиши ва шаҳар ҳудуди кенгайиши муносабати билан 1870 йил 16 июндаги Умумроссия шаҳар низомига кўра Думани ташкил этиш зарурияти юзага келди. Биринчи марта бу масала 1872 йилда кўтариб чиқилди, бироқ бу масалани 1877 йилдагина ҳал этишга муваффақ бўлинди. Шу йили Сирдарё ҳарбий губернатори бошчилигида махсус ҳайъат тузилиб, унга Тошкент шаҳрининг “эски” ва “янги” қисмлари учун ягона бошқарувни ташкил этиш бўйича лойиҳа тайёрлаш топширилганди.

Ҳайъат сайловчилар рўйхатини тузиш, шаҳар жамоатчилик бошқарувига сайлов ўтқазиш бўйича иш олиб борди. Сайловда 25 ёшга тўлган, шаҳарда қўзғолмас мулки бўлган, рус фуқароси бўлган, савдо ва косибчилик гувоҳномалари бўйича шаҳар солиғини тўлайдиган, қарзлари бўлмаган ва судланмаган шахслар иштирок этиши мумкин эди. Думада овоз берувчилар миқдори 72 одамдан ошмаслиги керак эди. Шулардан Тошкентни христиан бўлмаган, фақат маҳаллий аҳолининг 1/3 қисмидан ортиқ бўлмаган туб аҳоли вакилларидан аъзолар, қолган 2/3 қисми шаҳарнинг “янги” қисмидаги аҳоли вакилларидан ташкил топиши шарт эди.

Сайловларда асосан савдогарлар, йирик саноат корхоналари ва уй эгалари иштирок этган. Янги ташкил этилган Дума биринчидан шаҳарни мустамлакачилар қўлида сақлаб туришни, иккинчидан Думага сайланган туб аҳоли вакилларини хокимият таянчига айлантиришни мақсад қилиб қўйганди. Шаҳар бошлиғи генерал-губернатор томонидан тайинланган.

Шу тариқа чор ҳукумати маҳаллий аҳоли меҳнати эвазига кун кўрувчи қуйи маъмурият барпо қилди. Думага сайлов 4 йилда 1 марта бўлиб ўтган. Аммо сайлов йиғилиши “аъзоларга ҳеч қанақанги инструкция бериш хуқуқига эга эмасди”. Шаҳар сайловларида “эски” шаҳардаги қўзғолмас мулкка эга бўлган масжидлар, мадрасалар ва бошқа муассасалар ҳам вакиллари орқали овоз бериш хуқуқига эга эдилар. 1870 йилдаги шаҳар низомини татбиқ этилиши бир мунча маҳаллий хусусиятларга эга эканини кўриш мумкин. Жумладан, шаҳар жамоатчилиги бошқаруви функциясига шаҳарни узлуксиз сув билан таъминлаш мақсадида ирригация иншоотларини қуриш ва сақлаш ҳам киритилганди.

1877 йил 9 августда генерал-губернатор полковник Е.Т. Пукаловни шаҳар хокими этиб тайинлади. Шундан бир ҳафта ўтиб Тошкент шаҳар думасига аъзоларни сайлаш бошланди. Ўша йилнинг 30 августида Тошкент шаҳар Думасининг очилиши бўлиб ўтди.

Сентябр ойида шаҳар маҳкамасининг олти амалдорига сайлов бўлди, шулардан иккитаси маҳаллий аҳоли вакиллари, қолганлари “янги” қисм вакиллари эди. Маҳаллий шароит хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда генерал-губернатор тавсияси бўйича шаҳар ижтимоий бошқармаси сақлаб қолинди. Бунинг оқибатида Дума фаолияти устидан тартиб назоратини Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори амалга оширар эди. Эндиликда шаҳар ижтимоий бошқармаси Шаҳар думаси, шаҳар маҳкамаси ва сайлов йиғинларидан иборат бўлди. Сайлов йиғинида дума аъзолари сайланса, улар ўз навбатида шаҳар маҳкамасига аъзолар сайлар эди. Шаҳар думаси фармойиш чиқарувчи, шаҳар маҳкамаси эса уни бажарувчи ташкилот ҳисобланган. Лекин думанинг чиқарган қарорлари дастлаб генерал-губернатор томонидан тасдиқланиши лозим бўлган. Бу ўз навбатида думани мустақил иш юрита олмаганидан далолат беради.

Фуқаро судлари иши бундан мустасно эди, улар шаҳар ишлари бўйича махсус вилоят идораси (присуствие) ихтиёрига топширилганди. Шаҳар Думаси хуқуқлари қуйидагилардан иборат бўлган:

1) жамоатчилик бошқаруви бўйича шаҳар маҳкамаси таркибига мансабдор шахсларни тайинлаш;
2) бу шахсларга маош тайинлаш;
3) шаҳар йиғим ва солиқлари миқдорларини белгилаш ва ўзгартириш;
4) шаҳар харажатларини аниқлаш ва шаҳар сметасини тасдиқлаш;
5) шаҳар маблағини тўплаш ва сарф қилиш ҳақидаги, шаҳар мол-мулки ҳолати ҳақидаги ва умуман маҳкама олиб бораётган ишлар хақидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
6) шаҳар мол-мулки ва умуман бошқарув фаолиятини юргизиш қоидаларини белгилаш;
7) маҳкаманинг умумий тартибини аниқлаш ва х.к.

Жиноят содир этилган ҳолда шаҳар хокими ва шаҳар маҳкамаси аъзолари Сирдарё вилоят суди томонидан жавобгарликка тортилганлар.

Шаҳар бошлиғи бир вақтнинг ўзида шаҳар ҳокими ва дума раиси вазифаларини бажарган. Бу билан чор ҳукумати шаҳар ижтимоий бошқармаси хуқуқларини чеклаб қўйган эди.

Аввал таъкидлаб ўтилганидек, Кауфман пайтида Тошкентнинг хўжалик ва ижтимоий идораси шаҳар бошлиғи қўлида эди. Генерал-губернатор Розенбах вақтида ҳам бу тартиб сақланиб қолганди. У 1887 йилда ўзининг ҳарбий вазирга мурожаатида шундай ёзганди: “Тошкент амалдаги шаҳар низоми тартибларига биноан Тошкент шаҳри бошлиғи шаҳар хокими вазифасини ҳам бажарган эди. Бу чора-тадбирлар марҳум генерал-губернатор Кауфман томонидан ҳам дастлабки тўрт йил давомида қўлланиб келинган эди. Бунга сабаб биринчидан, шаҳар аҳолисини яқинда бўйсундирилган мусулмонлардан иборатлигини ҳисобга олган ҳолда сиёсий аҳвол назарда тутилган, иккинчи томондан эса шаҳар ҳокими мусулмон аҳолиси орасида ҳукумат ваколатини олган ва маъмурият орасида ҳукумат юзасидан шаҳар ишларини ҳар томонлама яхши билган шахс саналган. Бу тартибни қуйидаги ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда бундан кейин ҳам сақлаб қолишни шарт деб биламан. Тошкентдаги ижтимоий бошқарувни 1870 йилдаги шаҳар низоми асосида сақлаб қолиш ўн йиллик тажриба кўрсатганидек мутлақо тўғри ва зарур, ҳудуддаги аҳоли нуфузи, шунингдек аҳолининг 1877 йилдан буён шу бошқарув тартибига кўникиб қолганлиги ҳам шуни тақозо этади. Бироқ шу билан бирга яқинда ташкил топган ва турли элементлардан иборат бўлган (маҳаллий аҳоли ва унча кўп бўлмаган амалдорлар, зобитлар ва бошқа табақалардан иборат руслар) шаҳар жамияти ўз орасидан бутун шаҳар ва ҳукумат хохишини тўла бажарувчи шахсни ажрата олмайди”.

Кўриниб турибдики, генерал-губернатор, хўжалик бошқарувини сақлаб қолиш заруриятини асослаб берса-да, мустақил лавозим сифатида шаҳар думаси раисини сайлаш масаласида бир ёқламаликка йўл қўйган. Ўша вақтда унинг сайланиши асосланган эди. Ваҳоланки бу нарса генерал-губернаторнинг шаҳарни бошқаришидаги таъсирини сусайтирарди. Шу боис шаҳар бошлиғи Дума раиси ва шаҳар ҳокими вазифасини бажарди.

80-йилларда шаҳар махкамаси (городская управа) бошлиқ ва ўринбосар, олти отлиқ йигит (отлиқ полицияи), миршаб (городовой), врач, 2 фелқдшер, мироб ва бошқалардан иборат бўлган. Кейинчалик шаҳар маҳкамаси тизими анча ўзгариб кетди.

Шаҳар ҳокими вазифаларини Тошкент шаҳри бошлиқлари: полковниклар В. Ю. Мединский (1804-1877 йй.), Е. Т. Пукалов (1877-1883 йй), С. Р. Путинцев (1884-1890 йй), А.. Т. Тверитинов (1891-1898 йй), И. А. Ладыженский (1898-1901 йй), В. Ф. Киселёв (1901-1904 йй)лар бажарганлар. 1905 йилда Тошкент шаҳрида шаҳар хокими лавозимини шаҳар бошлиғи зиммасига юклаш бекор қилинди ва шаҳар ҳокими лавозимига истеъфодаги генерал-майор В. Н.Рыбушин (1904-1905 йй) тайинланди. Кейинчалик шаҳар ҳокими лавозимига номзодни сайлаш шаҳар Думасининг ихтиёрига берилди. Дума бир овоздан бу лавозимга юқорида тилга олинган С. Р. Путинцевни (1905-1907 йй) сайлади. 1907 йилдан бошлаб шаҳар ҳокимлиги вазифасини коллеж маслаҳатчиси (коллежский советник) Н. Г. Маллицкий бажарди. У Тарих-филология институтини тамомлаган ва Ўқитувчилар семинарияси ҳамда Тошкент эркаклар гимназиясида тарих ва жўғрофиядан ўқитувчи бўлиб хизмат қилган эди, кейинчалик “Туркистон газети” муҳаррири лавозимида ишлаб, ўзбек тилини яхши биларди.

К.К.Пален тафтиши маълумотларига кўра, Н. Г. Маллицкий “яхши шаҳар ҳокими бўлган, чунки озроқ ишлаганига қарамай, унинг фаолияти натижалари кўзга ташланиб қолганди”.

1909 йил маълумотларига кўра шаҳар думаси шаҳар ҳокими, ёрдамчиси,котиби, фармон берувчи бўлим, иш юритув бўлими, ҳисоб-китоб бўлими ва шаҳар кассасини ўз ичига олган. Бундан ташқари, бошқарма ихтиёрида шаҳар меъмори, мухандиси, танобчиси, шаҳар врачи, шаҳар санитар врачи, шаҳар телефон тармоғи, шаҳар сув тармоғи, сув тармоғи техниги, шаҳар ёритиш тармоғи, шаҳар адлия-маслаҳатчиси ва тилмочи бор эди. Шаҳарнинг “эски” қисмидаги амбулатория, Тошкент шаҳар касалхонаси, шаҳар дорихонаси, шаҳар ветеринар врачи, Тошкент етимлар суди, савдо полицияси ҳам шаҳар бошқармасига қарарди.

Туб аҳоли вакилларининг Дума фаолиятидан тез-тез норози бўлиб турганлар. 1905-1906 йилларда туб аҳоли вакиллари «эски» шаҳар даромади «янги» шаҳар даромадидан кўплигини, бу даромаддан маҳаллий аҳоли хеч қандай фойда кўрмаётганлиги ва уни фақатгина «янги» шаҳар ободончилиги учун сарф қилинаётганлигини таъкидлаб, дума таркибига маҳаллий миллат вакиллари билан «янги» шаҳар вакиллари аъзоларини тенг миқдорда сайланишини талаб қилганлар.

Маҳаллий аҳолининг норозиликлари дума мажлисларида хам бўлиб турар эди. Шаҳар хокими Н.Маллицкий ўз ҳисоботида: «Мен 10 йиллик фаолиятим давомида миллий низоларни келтириб чиқарувчи ҳолатларни юзага келтирмасликка харакат қилдим. Лекин дума йиғилишларида баъзи бир масалалар, айниқса шаҳар ободончилиги хақида гап кетганда туб аҳоли вакиллари ўз норозиликларини билдирар эдилар. Бу келишмовчилик кўпинча туб аҳолининг қониқтирмайдиган жавоб олиши ёки «расман қониқиш» хосил қилгандай ўзини тутиши билан тугарди. Кўпинча улар асабийлашган ҳолда «биз барибир ҳеч нарсага арзимаймиз; бизни думага келишимиз ҳам шарт эмас, барибир руслар хамма масалани ўз ҳохишларига қараб ҳал қиладилар» деган гаплар билан норози бўлар эдилар, деб ёзган эди.

Бундай ҳолатлар нафақатгина дума мажлисларида балки хар бир соҳада яққол кўзга ташланиб турар эди. Чор ҳукумати дастлабки кунданоқ Туркистон ўлкасида айнан ана шундай сиёсат олиб боришни мақсад қилиб қўйган эди. Ҳатто архив ҳужжатларида ҳам мустамлакачилик сиёсатининг асл моҳиятини кўриш мумкин. Шаҳар ижтқимоий бошқармасининг ҳисоботида мустамлакачиларнинг асл қиёфалари ва мақсадлари очиқ-ойдин ёритилган. Унда: «Асосий контингенти мусулмонлардан иборат бўлган Тошкент бутун ўлкани бошқарув маркази ҳисобланади. Бу ўлкадаги руслар зиммасига тараққиёт, инсонпарварлик, ватанпарварликдан ташқари, хақиқат қонунларини тарғиб қилишдек буюк вазифа юклатилган. Бу масалани бир қисмини ҳал этиш бизга, яъни думанинг руслардан иборат аъзоларига топширилган. Думада сон жихатдан кўпчиликни ташкил этишимиз бизга, яъни русларга ҳар қандай ишни хохлаган томонимизга йўналтиришга имкон беради. Чунки бизнинг мажбуриятимиз маҳаллий аҳолини бир хил даражада ушлаб туриш ва Туркистон ўлкаси бошлиғининг бизга нисбатан бўлган ишончини оқлашдан иборатдир» деган сўзлари фикримизни яна бир бор исботлайди.

Асрлар давомида жахон цивилизациясига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келган Ўрта Осиё халқларига, тараққиёт ёки бўлмаса ватанпарварлик ва инсонпарварлик каби хиссиётлар хақида ваъзхонлик қилиш, маҳаллий аҳолини хар томонлама камситиш мустамлакачилик сиёсатининг шиорларидан бири ҳисобланган. Чор Россияси туб аҳолини хар қандай қаршилиги ва норозилигини бостириш учун доимий равишда ҳарбийлар ва полиция ёрдамига таяниб келган.

1869-1887 йилда шаҳарнинг “янги” қисмида полициячилар вазифасини городничий (миршаб) ва унинг ёрдамчиси (пристав) бошқарарди. 1884 йилгача полиция хизматини “қўшиндаги қуйи амалдорлар” бажарарди, кейин эса у эркин ёллаш йўли билан 80 нафар одам таркибида тузиладиган бўлди.

1882 йилда полиция бошқармаси шаҳар хокими (городничий), унинг ёрдамчиси (пристав), котиблари, полиция командаси, 12 йигит (отлиқ полиция) ва бошқалардан ташкил топган.

Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги низомга кўра 1887 йилда “янги” шаҳар полиция бошқармаси шаҳар бошлиғига бўйсунарди, бошқа жойларда эса полицияга уездларнинг бошлиқлари раҳбарлик қиларди. Полиция қўриқчилари маошига харажатлар земство солиғи ҳисобидан қопланарди, кейинроқ эса бу эҳтиёжларга маблағларни маълум қисми шаҳар даромадидан ажратиладиган бўлганди. Сўнгра полиция маоши бутунлай шаҳар даромади ҳисобига ўтиб кетганди. 1912 йилдан бу харажатларнинг ярми хазина ҳисобига ўтказилди.

XIX аср охири-XX аср бошида чор маъмурияти милли-озодлик харакатларининг кучайиши сабабли полиция бошқарувини мустаҳкамлашга имкон берувчи қатор чора-тадбирларни кўрди. 1893 йилда махфий полиция ташкил этилди, 1907 йилда эса генерал-губернатор идораси қошида махфий полиция ташкил этиш бўйича махсус бўлим тузилди. 1907 йилдан Туркистон райони муҳофаза бўлими (ТРОО) таъсис этилди, у ҳар қандай оммавий чиқишни бўғишга қаратилганди. Полиция шефи ва бош жандарм ўлка генерал-губернаторининг ўзи эди.

Гарчи Тошкент шаҳрига ўз-ўзини бошқариш хуқуқи берилиши катта воқеа ҳисобланса-да, у бор кучи билан ишлай олмас эди. Бунга дума аъзолари орасида “сиёсий ва фуқаролик бурчни тўла тушуна оладиган етук” кишилар йўқлиги сабаб эди. Аъзолар ичида ўз мавқеидан ғаразли мақсадларда фойдаланишга интилувчилар оз эмасди. Бошқа томондан юқори лавозимдаги шахслар шаҳар бошқармаси ва думаси фаолиятига кам қизиқар эдилар. К.К.Пален тафтишининг кўрсатишича (1908-1909 йй.), вилоят маъмурияти томонидан “бу муассасалар қонуний ҳатти-харакатлари устидан деярли хеч қандай назорат ўрнатилмаган ва уларнинг фаолиятини ўша Дума таркибидаги тафтиш хайъатларигина назорат қилади, бунинг оқибатида гохо суистеъмолликлар фош этилиб қоларди, аммо шаҳар ғазнасидаги моддий зарарларни қоплашга энди кеч эди. Яна таъкидланадики, инспектор кўрсатмаси билан 1905 йилда ўтказилган тафтиш ҳам хеч қандай натижа бермаган. Шу билан бирга шаҳар маҳкамаси фаолиятида бирлик ва ҳамжихатлик йўқ эди.

Молия ҳисоботи ҳам ёмон аҳволда бўлган, маблағларни совуриш ва суиистеъмол қилиш авж олган. Булар барчаси дума олдида турган вазифаларнинг бажарилишига салбий таъсир кўрсатган. Шундай воқеалар ҳам бўлганки, думада кўплаб амалдорлар чиқиб кетганидан кейин 38 тагача қисқарган. Лекин туб аҳоли вакиллари олдингидек 24 талигича қолаверган, бу думада масалаларнинг ҳал этилишида улар таъсирини ортишига олиб келган.

1877-1914 йилларда даврида шаҳар думасининг 1280 мажлиси бўлиб ўтган. Унинг 9 сессияси давомида иштирок этган аъзолар сони 404 нафар одамни ташкил қилган. ХХ аср бошидаги маълумотларга кўра, дума иши қуйидаги: бюджет, юридик, заём ҳақидаги молия, баҳолаш, сув қувури (водопровод), электр тармоғи, трамвай, боғдорчилик ва тафтиш ҳайъатлари бўйича олиб борилган.Шуни таъкидлаш жоизки, шаҳар бюджети фақатгина турли йиғимлар тушумидан ташкил топган.

10 йил ичида (1898-1908 йй.) дума бюджети 5 296 872 рублни, ўртача йилига 519 687 рублни ташкил этади. Даромаднинг энг муҳим манбалари савдо, қушхона, дорихона йиғими, шаҳар мулки ва тарозиларни ижарага беришдан тушган йиғим ҳамда шаҳарликлар кўчмас мулки ва давлат бинолари солиғи ҳисобланган. Жарима, пеня, устамалардан ҳам талай даромад олинган. Бошқа шаҳарлардан фарқли ўлароқ Тошкент тарози йиғимларидан озод эди.

Ҳаражат моддалари орасида биринчи ўринда шаҳарни ободонлаштириш турибди (931 658 рубл), кейин тиббий хизмат (855 385 рубл) ва шаҳар ижтимоий бошқаруви ҳаражати (646 041 рубл). Халқ таълимини молиялаштиришга келсак, у атиги 414 280 рублни ташкил этган, ҳолбуки полиция ҳаражати 605 937 рублга етган. Кейин дума бюджети ортиб бораверган. Унинг ҳаражат қисми 1909 йилда 851 минг рублни, 1910 йилда-903 минг рублни, 1911 йилда-1 110 минг рублни, 1912 йилда-1 248 минг рублни, 1913 йилда эса 1 438 минг рублни ташкил этган.

Кўриниб турганидек, аста-секин харажатлар йилига 1 млн.дан ортиб борган, бу шаҳарнинг кейинги ривожланиши ва дума фаолиятининг фаоллашуви билан боғлиқ бўлган. Шаҳар ўз маблағларидан яна қамоқхоналарни ёритиш харажатини ҳам кўтарган, ҳолбуки у мавжуд низомга кўра давлат хазинасидан таъминлиниши керак эди. 1914 йилда қамоқхоналарни ёритиш учун дума 11 057 рублни сарфлади. Бундан ташқари, бошқа шаҳарлардан фарқли равишда Тошкент шахри давлат солиғи ва земство тўловини ҳам тўлаши керак бўлган. Масалан, 1907 йилда у 53 499 руб давлат солиғи тўлаган, бутун Фарғона вилояти эса атиги 44000 руб тўлаган. Тошкентда земство солиғи 1908 йилгача 42 минг рубга яқин бўлган, Самарқандда эса 1907 йилда атиги 761 рубл, бутун Фарғона шаҳарлари биргаликда 7,5 мингга яқин тўлаган. Дума фаолиятида яна бошқа қийинчиликлар ҳам бўлган. Масалан, Тошкент шароитида ирригағия тизимлари, катта ва кичик ариқлардан ўтган кўприклар қуришга катта маблағлар талаб этиларди. Кўчалар ободончилиги учун ҳам кўп харажат кетарди. Бу борада 1909 йилда шаҳар ҳокими Н. Маллицкий шаҳарнинг ёйилиб кетиши, шу билан бирга йўлларни тартибда сақлашдаги қийинчиликларни таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, ёзда йўлларнинг устки қисми тупроққа айланиб, озгина ҳаракатдан ҳам самога чанг-тўзон кўтарилган, қишда кўчалардаги турпоқлар чилп-чилп лойга айланиб, отлар ботиб қолган. Тош йўллар ва катта йўллар лойга тез қорилган. Кўчалар, ҳовлилар, боғларда кўчатлар кўп ўтқазилганидан ифлос япроқлар янада кўп ташвиш орттирган. Шу боис тозалаш ишларига кўп меҳнат ва маблағ сарфланган. Н. Маллицкийнинг қуйидаги эътирофи қизиқиш уйғотмай қолмайди: “Ўлканинг бошқа шаҳарларида уезд бошлиқлари маоши хазина ҳисобидан бўлган, бизда, Тошкентда эса маҳаллий аҳолига нисбатан ўз ҳуқуқи бўйича уезд бошлиғига (идораси билан бирга) тегишли (12272 рубл) шаҳар бошлиғи маоши бутунлай шаҳар бюджети зиммасига юклатилган”. Бу ҳам етмагандай дума маъмурий бинолар ва қароргоҳларни ободонлаштириш билан ҳам шуғулланган. Н. Маллицкий ёзади: “Ниҳоят Россияга қарашли Ўрта Осиё ҳудудининг пойтахти сифатида Тошкентдан бошқа шаҳарларга қараганда кўпроқ талаб қилиниши ҳақида гапирмай туролмайман. Жумладан, ўлканинг катта бошлиқлари Самарқанд, Скобелев, Андижон ва ҳ.к.ларни ободонлаштиришдан кўра кўпроқ ўзларининг қароргоҳларини обод қилишга эътибор бермоқдалар”, деб бежиз ёзмаган.

Гарчи ўз фаолиятининг барча босқичларида дума самарали ишлай олмаган бўлса-да, у умуман шаҳар ривожига сезиларли даражада ҳисса қўшди. Айниқса у, Путинцев ва Н. Маллицкий ҳоким бўлганида муваффақиятли фаолият кўрсатди.

Шуни кўрсатиб ўтиш жоизки, Тошкент ХХ аср бошида Россияда 1870 йилдаги шаҳар низоми сақланиб қолган ягона шаҳар эди, бунга кўра шаҳар жамоатчилик бошқаруви унга берилган ваколат доирасида мустақил равишда фаолият кўрсатган. 1892 йилдаги шаҳар низомини Тошкентга қўллашга кўп марталаб уринган, бу билан у думани узил-кесил ўз қўғирчоғига айлантиришни мақсад қилиб қўйган эди. Думанинг бутун фаолияти вилоят ва умуман ўлка юқори маъмурияти назорати остида бўлишига қаршилик қилмади. Маъмурият Бироқ бу низомни қабул қилиш Петербургдаги бюрократик расмиятгарчилик туфайли жуда чўзилиб кетди.

ХIХ АСРНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА ТОШКЕНТНИНГ «ЯНГИ ШАҲАР» ҚИСМИ ТАРИХИ

Жаннат Исмоилова

ЎзРФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004

Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўхшаш мақола

«Туркистон альбоми»

Post Views: 310 «ТУРКИСТОН АЛЬБОМИ» – Туркистон ўлкаси, унинг ижтимоий ҳаёти, аҳолининг турмуш тарзи, маданияти …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *