Тарихи жаҳоннамойи (якуни)
КИТОБНИНГ ХОТИМАСИ ЖАНОБ ХУДОЁРХОН ВАЛИНЕЪМАТ ВА БУХОРО ПОДШОҲИ ЗАФАРСИЗ МУЗАФФАРГА БАҒИШЛАНГАН БЎЛИБ, УЛАРНИНГ ДАВРИДА ЮЗ БЕРГАН ВОҚЕАЛАР БАЁН ЭТИЛАДИ
Фатонат арбобларининг гули, наво ва аҳли саноат нуктадонлари, соҳибфасоҳат ва зукко эшитувчилар жамоатига маълум ва равшан бўлсинким, ул вақт ва замонда Бухоро амири кўп лашкар билан келиб, ўзи Бухорога қайтиб, давлат қароргоҳига ором бўлган эди. (Амир Музаффар) ўзбилармонлик ила кеча-кундуз айш-ишратга машғул бўлиб, хотинбозлик қилиб, оламдан ғофил ва ҳатто ўзидан кетиб қолиб, ўзини Фиръавну Намруд деб биларди. Дўстни душманддан фарқ этмасди. Шундай аҳвол бир неча вақт давом қилди. Қиш ҳам кириб келди, тўқсон тўққиз хил тотуқларни олиш вақти ҳам бошланди. Бу иш шу мамлакат подшоҳлари учун расм бўлуб, унга риоя қилиб, ўлканинг ҳар ёнидан саркардалар тотуқ ва туҳфалар билан Бухорога келардилар.
Жаноб хон хазрат ҳам шу удумга амал қилиб, Баходурхон тўра Косоний орқали кўпдан кўп ҳадя ва туҳфаларни Бухорога жўнатди.
Шу воқеаларни нақл қилиш пайтида 1282 йил, рамозони шариф ойининг охирги ўн кунлигида ўрус кофирлари Тошканд вилоятидан Жиззахни забт этиш учун лашкар йиғиб, қишнинг ўртасида ҳаракар бошладилар. Сайҳун дарёси бўйига келиб, ундан кемада сузиб ўтиб, бир муддат лашкар камчилигини тузатиб, Жиззах сари йўл олдилар. Рамазон ойининг охирларида кофирлар Жиззах яқинида жойлашган Учтепа мавзеига келиб нузил қилдилар.
Жиззах қалъасининг ҳокими Яъқуббек деган бир ғулом қалъа ҳимоясига тушиб, кутуб турди. Подшоҳ (амир Музаффар) Самарқандга келиб, шу ердан кетма-кет илғор дасталарни жўнатиб, Жиззахни беҳисоб лашкар ила тўлдириб юборди. Шунга қарамасдан кофирлар бу лашкарларни ғафлатда қолдириб, шаввал ойининг бешинчисида, душанба куни 20-80 кишидан иборат гуруҳлар билан қалъа олдидан бозорга келиб, ҳийлаю найранг қўллаб шаҳарга кирмоқчи бўлдилар. Шу пайт одамлар бетаравот наҳс босган малъунларни таниб қолиб, шоқин солиб, уларни тўрт томондан иҳота қилдилар. Кофирлар манғитларнинг журъатсизлиги ва ҳимматсиз эканликларини билиб, тўпу тўфанглардан ўқ уздилар, кейин халос бўлуб орқага чекиниб, соғ-саломат ўз қўшинларига қайтдилар. Учтепа қишлоғига, ўз қароргоҳларига келиб, ўн беш кунча яшадилар. Икки томон ҳам урушга жазм қилмадилар. Шундан сўнг Яъқуббек ғулом замонасозлик ва одамийлик юзасидан туяларга озиқ-овқат ва ему хашак ортип кофирларга жўнатди. Кофирларнинг аҳволлари танг бўлиб қайтишга фармон бўлди, (улар) Сайҳун дарёсининг бўйида жойлашган Бўёқчикўл мавзеига келдилар. (Ўрусларнинг саркардаси) бир неча сарбози билан Тошкандга қайтди.
Шу воқеалар юз бераётган чоғда валинеъмат (Худоёрхон) ёрлиғига биноан жоҳил Рустамбек Тошкандий Қурамага келиб, Тиловга кирди, Ботурбек қурама эса Бўка қалъасидан жой олди. Фармон додхоҳнинг ўғли Овлиқ вилоятига нузул қилди. Мусулмонларнинг бу ишлари кофирларнинг қулоқларига нохуш тегиб, улардан 300 киши дабдаба ила тўйтепага яқинлашди. Бу дахшатли хабар шижоатли мусулмон сарбозларига етиб-етмасдан, қўрқуб, ваҳимага тушиб, ҳар бири ўз туғи билан қочиб кетдилар. (Мусулмонларнинг) бир гуруҳи кандир давонидан ўтиб, бир қисми Саримсоқлик тоғидаги бир биёбонда истиқомат ихтиёр этдилар.
Шу вақтда Бухоро подшоҳи зафар кўрмаган амир Музаффари безафар ўзининг қўполлиги, мумсуклиги ва ақли кўрлиги билан ғазоват деб, шум ва номуборак ниятини яшириш, Хўқанди латифга юришдек фосид хаёлни бошдан кечирди. Бир неча минг авбошу бебош безори-дайди одамлардан лашкар йиғиб, катта дабдаба ва салтанат билан Жиззахга келди.
Ҳозиру ғойибдан ҳамма умид қилар эдиким, иншооллоҳ, энди замона амири кофирларга етиб борди, ҳаммаларини журъату диловарлик ва шижоату мардлик ва баҳодурлик кучи бирла барбод қилади ва вилоятни озод этади деб.
Аммо ул номард ва ҳезтарош амир номуносиб фосид хаёлларга ботиб баҳона қидирарди. Хон Худоёрхон ҳам салтанат тахтида ўтуруб, ҳали мурод гулини ҳидламасдан, осойишталик дамини сурмасдан туриб, тинч Хўқанди латиф вилоятида катта фатарот юз берди.
Йигирма етти йил давомида йил сайин, ой сайин, кун сайин қотиллик, биродаркушлик жанжаллари авжига чиқади. Ҳатто душманга қарши чиқадиган бир мард киши топилмайдур. Ўн уч йилдурки, ўрус кофирлари бостириб кириб Оқмасжид, Қозонлидан то Авлиёота, Марка, Олма-Ота, Чулек қўрғонларигача забт этдилар. Кўп одамлар кофирлар билан бўлган жангда талофат кўрди ва вилоятнинг шундай харобага айланиши олам аҳлига маълум ва равшандур. Бундан ташқари, шу йил қаҳатчилик келиб, одамларнинг тоқати тоқ бўлди. Хўқанди латиф вилоятининг аҳолиси давр жафоси кулфатига гирифтор бўлдилар. Алар Худоёрхон қадамини муборак билиб, жонларига янги руҳ кирган ҳолатда турардилар. Бу воқеаларга қўшимча куффор уруш бошланиб, ўруслар Хўқандликларга ҳар томондан ҳужумга ўтдилар. Бу сўзлардан ғараз шулким, ул ножинс (амир Музаффар) Хўқанди латиф лашкарини олдинги сафда куффор урушига жўнатип, ўзи бир-икки кунлик масофада турип, “зафар тегса фақат хўқандликларга тегсун, улар нобуд бўлсин, мен безарар қолай” дерди. Маҳрами хосларини ва саноқсиз ясовулларини номалар ила дўқ пўписа билан кетма-кет Хидоёрхон олдига жўнатарди.
Худоёрхон амирнинг ношуд муддаосини фаросат ила тушуниб, замонасозлик қилиб, бир неча минг сарбоз, маҳраму ясовул ва бир нечта топъларни олиб,шаҳардан ярим фарсанча узоқроқдаги Ермасжид қишлоғига келди. Ўн беш кунча шу жойда истиқомат қилиб турганда, яна амир ясовуллари етиб, уларни ҳол-жонига қўймасдан Қайрағоч қишлоғига олиб келдилар. Уч кун шу ерда туруб, зу-л-қаъда ойининг 26-сида сешанба куни ўрусларға қарши ғазоват учун Сайҳундарёси соҳилиға етиб келдилар. Жаноб Султон илли навбатда дарёдан лашкари ила ўтиб, Оқжар мавзеида тўхтадилар.
Бухоро амири кўрдики, валинеъмат хон унинг сўзига кирмасдан бошқа йўлни ихтиёр этди, шунда у кофирлар урушини бир томонға қўюб, қаҳру ғазаб ила Хўқонди латиф сари йўл олди.
Бухоро вилоятининг юзи қаро уламолари Хўқонд аҳолисини ўлдириш ва хотину болаларни асир олиб сотиш ҳақида ривоят чиқариб, фатво бердилар. Шундай фатво берганлари учун уларнинг қўллари синсин!
(Амир Музаффар) кўзойнакли илондек ҳаракат қилиб, Ўратепадан ярим фарсанг келадиган Лаккат мавзеига келди…
Икки ой ичда шу мавзеда истиқомат (қилиб) ва ҳар куни ўз ҳарамида қизлар билан вақтини ўтказиб, бачанозлик қилиб, оламдаги бор фисқу фужур ила ҳаётини мурдор қилди. (Амир Музаффар) жаҳлу жоҳиллик ва фаросатсизлиги туфайли, кофирлардан атиги беш фарсанг нарида туриб, шундай номаъқулчиликлар билан шуғулланарди. Ҳар кун аҳолининг қиз ва хотунларини зўрлаб олиб (келиб) маишат қилиш шул бетавфиқнинг иши эди. Қитъа (мазмуни):
Мулк арбобининг маст бўлиши беадабдан эмас,
Шоҳ салтанатиға ҳушёрлик ойини яхшидур.
Шоҳ посбондир, шунда мулк ширин уйқуда бўлар,
Посбонға ҳушёрлик яхшию, ғафлат лойиқ эмасдур.
(Амир Музаффар) валинеъмат хон хизматиға ҳар кун кишларини юборуб, уларни куффорлар билан жанг қилишға мажбур этарди. Худоёр (хон) валинеъмат сомон тиқилган қоп ва кундага ўхшаган бу кишининг (амирнинг) сўзига кирмасдан, элчиларни яхши сўз ила қайтариб юборарди. Бундай муносабатни кўрган амир қаҳр-ғазабдан ўлимга ҳам рози бўларди. Ноилож ўзини кару кўрликка олиб, шу йил йигирма тўртинчи зул-л-ҳижжада уч фарсанглик масофани қийинчилик билан босиб ўтиб, Сайҳун дарёси соҳилидаги Майда лулғун деган мавзега етиб келди. Шу ердан Абдуғаффорбекни 5 гуруҳ туғли қўшинга сардор қилиб, Қурама вилоятиға жўнатди. Ўзи шу ерда (Майда лулғунда) қолиб, Оллоёрбек манғит, Яъқуббек ғулом, Шер Али ғулом ва бошқа саркарда — понсодларни кўп минг лашкари билан ўрусларга қарши урушга боришга буюрди. Улар ҳар кун чиқиб, ўруслар билан урушиб қайтардилар. Бу маънони билиб муҳаррам ал-ҳаром ойининг бир шанбасида кофирлар келиб (манғитлар билан) жанг қилиб қайтиб кетдилар. Бу воқеадан хабар топиб, кофирларни заифу фақир деб, назарлари илмади ва улар билан катта тўқнашувни кутиб турдилар. Якшанба куни кирди. Қуёш шарқ буржидан малики фарҳанг амри-ла улуғ дабдабалар билан осмон гиламиға қадам босиб, содиқ кишиларнинг қалбидек оламни равшану намоён, софу мусаффа қилди. Ислом лашкари ҳаракатга келиб уруш майдонига жасорат билан кирдилар ва тўпу тўфангларни ҳозирлаб, сафларини Садди Искандаийдек маҳкам қилиб, кофирларни кутдилар. Якшанба кофирлар учун ибодат куни эди. Пешиндан сўнг ибодатдан фориғ бўлган ўруслар ислом лашкарига қарши бирдан ҳужумға ўтдилар. Икки томон бир бири билан учрашиб кўрган ва эшитган кишининг ақли ҳайратда қоладиган урушни бошлаб юбордилар.
Манғитлар эса кўп йилдан буён халқ нонини туя қилиб еб, на ўзлари ва на ота-боболари уруш кўрмаган эдилар. Ҳаммалари олд-орқаларига қарамасдан қочиш йўлини қидирардилар.
Нима бўлсанг ҳам, фақат ҳез бўлма дегандек, Бухоро подшоҳи бир фарсах масофада туриб дурбин орқали урушни томоша қиларди. Кофирлар ҳушсиз манғитлрани тўпу тўфанг билан отардилар. Лашкари ислом паришон ва пароканда бўлиб, чўлу биёбонга қочиб кетдилар.
Ҳезалак подшоҳ (Амир Музаффар) дурбинда бу аҳволни кўрди ва шундай ҳез кишида ҳам тоқат қолмади ва кийиниб улгурмасдан минг ҳасрат ила отга миниб, намози аср вақтида Жиззах томон йўл олди. Унинг лашкарига путур етди ва паришон бўлиб жанг майдонидан қочиб қолдилар. Ҳеч ким бундай бесаранжомлик ва номардликни бундай тўнкабадан кишидан, амири ҳездан ҳозиргача кутмаган эди. Аждодларидан қолган шундай салтанатни, бухоролик баъзи бир мағрур кишилар учун ифтиҳор бўлган муфохиротни, қурол-яроқ, подшоҳлик анжомларини, хусусан, бир неча дилбанд маъшуқаларини бегоналарга ташлаб кетди.
Бу воқеа 1283 йил якшанба куни, муҳаррам-ал ҳаром ойининг 7-сида юз берганди. Катта ҳез жаноблари (амир Музаффар) шу қочишда жони ҳалқумга тиқилиб, кечқурун Жиззахга етиб келди. Унинг мулки беҳисоб, беҳоким қолди. Абул Ғаффорбек юз Ўратепага кириб, музофот ила эгаллаб, мустақил бўлди. Хўжанд аҳолиси жаноб (Худоёр) валинеъмат хон ҳузурига келиб, ундан сардор бўлишини илтижо қилиб сўради. Жаноб Шаҳриёр Мулло Тўйчи додхоҳ қирғизни бир неча ишончли кишилар билан Хўжандга юборди. Ўз ҳам келиб шаҳарга кирди. Хўжандга тобеъ бўлган жойлардан Нов қалъаси, Қўштегирмон, Ғўлакандоз, Оқтепа, Далварзин, Маҳрам, Қорачиқум, Конибодом ва бошқалар амири валинеъмат (Худоёрхон) тасаруффига ўтиб, олам тинч ва осойиш бўлди. Туркистон шахлари орасида шундай бир гап бор: “Отилмаган сопқон ҳам бошга тегар, ҳам кўзга”. Уларнинг яна кўп масаллари амири (Музаффар)га қарата айтилган. У Жиззахда ҳам тўхтамасдан Самарқандга қочиб кетган эди. Амир Музаффарга ўлим ваҳимаси тушиб, бир неча кун шу ерда (Самарқандда) истиқомат қилди.
Оллоёрбек манғит эса Жиззахга кириб келди, қолган молу хазина, тўпу тўфанг ҳаммаси кофирларнинг қўлига тушди. Неча йиллаб жамланган бойлик бир зумда нобуд бўлди. Шундан кейин баттол кофирлар Ўратепа ва Жиззахни қўйиб, ғайрат жиловини Хўжанд томон буриб, бир неча кун ичида етиб келиб, шаҳарни қамал қилдилар.
Баъзи бедин ва дунёфуруш молпараст уламо, оқсоқоллару арбоблар бирлашиб, озгина пул маблағ деб қанча одамларнинг қонидан ҳам қўрқмай, қалъа дарвозасини кофирларга очиб бердилар.
Хулосатул-камол шулким, амир валинеъмат (Худоёрхон) Баҳодур хожа понсодни қўшини билан (Хўжандга) юборди. Унинг юз кишидан кўпроқ қўшини кофирлар сафини ёриб ўтиб, шаҳарга кирдилар. Шунга қарамасдан, кофирлар Хўқонд дарвозасига яқинлашиб, жанг бошладилар. Хўжандликлар ғайрат камарини белларига боғлаб, уларни орқага қайтардилар. Шу пайт мазкур йил муҳаррам ал-ҳаром ойининг йигирма учида ул хиёнаткорлар кофирларга бошқа дарвозани очиб бердилар. Хўжанд қалъасини олиш кофирларга осон тушди. Хўжанд фуқароси кофирларнинг шаҳарга киришларини кўриб ғайрат ва шижоат ила ўрусларнинг йўлини тўсиб, қатъий ҳаракатлар билан жангга кирдиларки, еру осмон, доно ва нодон кишилар афсус бармоқларини ҳайрат тишлари ила тишлаб, таҳсин ва офаринлар. Ҳар икки тараф тўпу тўфанг, чўбутаёқ ила бир-бирларини уриб (ўлим ила) яксон қилардилар.
Хусусан, мусулмонлар кўпроқ тўпу тўфанг қурбони бўлуб, орқага қайтиб ҳар бир кўча, маҳалла ва боғлар ичидан қочиб қолдилар. Кофирлар ҳам улар орқаларидан қувлаб кетдилар, кўча, маҳалла ва бозорларда одам қолмасдан, аёлу бола демасдан кўп кишиларни милтиқ билан отиб шаҳид қилишди.
Файзосор шайх Муслиҳиддин ҳазратларининг мозорларида паноҳ топган ғарибу бекаслар, кўру чўлоқлар, гадою дарвешлар, майибу мажруҳлар ҳаммалари бирор киши қолмасдан нобудлик оламига кетдилар.
Мадраса ва саройларда кўплаб одамлар талон-тарож қилиниб, қатл этилдилар.
Икки томон ҳам тинчиб, қиёматсар можаролар тўхтагандан сўнг ҳар бир тоифа ўз ўликларини топиб, уларни санаш билан машғул бўлдилар. Мусулмонлардан 2600 киши эркагу аёл, кабиру сағирдан шаҳодат даражасига етиб эканлар ва куффорда эса 1200 киши — дўзаҳ ва жаҳаннам даргоҳига кетган экан. Шундай фожиа ила Хўжанд фуқаролари кофирларнинг зулм ситамиға гирифтор бўлдилар. (Хўжанд) вилоятининг мўтамадлари минг ажзу дард ила жаноб хон (Худоёрхон) валинеъматға кетма-кет элчи билан ҳат юбориб, ислом (аҳли)дан мадад сўрадилар.
Жаноб хон узоқ муддат андиша денгизига ғарқ бўлиб, кофирларга қарши бирон журъат қилмади.
Куффор аҳли саъй ва тараддудга тушди, аслаҳа-анжомини шай қилиб, 1263 йил, жумодул ойининг учинчисида жабру сита ҳаёлини Ўратепа томон бурди. Кўп лашкар ила Оқсув дарёсининг соҳилига етиб келиб тушдилар. Шу ерда истиқомат қилишни ихтиёр этиб, уч юзга яқин қозоқ ва ўрис батолларини илғор тариқасида Ўратепа томон юбордилар.
Абдул Ғаффорбек Ўратепа вилоятининг ҳокими ва етакчиси эди. У бир қанча мард ва жасур одамларини йўл қўриқлашга юборган экан. Йўлда бу икки гуруҳ бир-бири билан тўқнашдилар. Мусулмонлар катта куч билан кофирларга шундай ҳамла қилишдики, аҳли куффорда тобу тоқат ва сабру сабот қолмади ва келган йўлларига қайтиб, минг найранг ила қочиб кетдилар. Ўктам йигитлар чаққонлик билан кофирларга етиб олиб, пўлатсимон найзалар отиб, ёмғирдек ўқ ёғдириб, қўшларигача қувиб бориб, қйтиб келдилар. Мусулмонларнинг журъати аҳли куффорга маълум бўлди. Беқарор юракларида сабру тоқат қолмади ва улар пайшанба куни, эрталаб ўз жойларидан кўчиб, Кўркат мавзеига келдилар. Ислом лашкари кофирларнинг йўлини тўсиб, саъю кўшишила жанги азм қилдилар. Кофирларнинг ҳарбий қудрати зўрлиги туфайли аҳли исломмағлуб бўлиб, уруша-уруша орқага қайтдилар. Навканд мавзеига келиб, отларини тўхтатиб, яна бир қаттиқ жангга киришдилар. Ҳар бир мавзе ва қароргоҳ учун бетиним жанг қила-қила Маховзор мавзеига яқинлашдилар…
Шу кунинг эртаси аҳли куффор қалъани эгаллаш қасди ила йўлга чиқди. Мусулмонлар ҳам бир қанча мерганларни қалъа атрофига жойлаб қўйган эканлар. Мерганлар баттол кофирлар яқинлашиши биланоқ уларнинг атрофларини ўраб олиб, тўпу тўфангларни жўшу ҳуружга келтириб, тўрт томондан муҳоботсиз отдилар. Кофирларда тоб-тоқат қолмади ва улар катта зарар кўриб, қаттиқ зарба еб қайтилар. Кундан-кунга жангу жадал кучайиб борарди. Якшанба кечаси, жумодул-охир ойининг 4-си ё 5-сида кофирларучта дарвозага одамларни таъйинлаб Муғ дарвозасининг чуқур ҳандақини хас-хашак билан тўлдириб, шундай васиъ жойни бир кечада тикис қилиб, ўзларига йўл очиб, тонгни кутиб турдилар.
Шу пайт шаҳар аҳолиси ғофил ва ўз аҳлуҳолига машғул бўлиб, оламдан бехабар уйқуда ётар эдилар. Бироз вақт ўтгач, саҳар пайтида шаҳар дарвозаларига бир минг — икки минг кишини қўйиб, ўрусларнинг губурнот(ури) ва жинироли (генерали — Ш. В.) кўп сонли тўда ила Муғ дарвозасида ҳозир бўлди. Тўсатдан ўзлари текислаган йўлдан ўтиб, шаҳар дарвозасидан кириб туғ санчиқини Муғ қалъасига ўрнатишни буюрди. (Муғ қалъаси) шу вилоятнинг ҳокимининг жойи эди. Кофирларнинг қолган лашкарлари шаҳарга ҳар бир дарвозадан фирқа-фирқа, тўп-тўп, гуруҳ-гуруҳ бўлиб қичқириб шовқин-сурон кўтариб кирдилар ва оламни тўс-тўполонга кўмиб бозорга яқинлашдилар. Аҳли ислом мусулмонлик ҳамиятини дилига жойлаб, Садди Искандардек устувор туриб жанг қилардилар. Улар ўз юртининг ҳокими Абдул Ғаффаорбек юз кофирлар келиши биланоқ жуфтакни рослаганини эшитиб, заиф ва бемадор бўлиб, қочишни мўлжал қилдилар. Одамлар хилват жойларга яшириниб, кофирлар назаридан махфий бўлдилар.
Қишлоқдан ва шаҳардан келган аҳоли пана жой топмасдан ноиложликдан жангга тушиб, ўрусларнинг тўпу тўфангларнинг сочган оташ балосудан нобуд бўлиб, шаҳодат даражасига етуб, охират оламига кетардилар. (Ўруслар) уч соатга яқин вилоятни талон-тарож ва аҳолини қатл қилиб, замона мардумига омонлик бердилар. Шу даҳшатли жанг жараёнида мусулмонлардан саккиз мингдан кўпроқ киши кофирларнинг тўфанг ва шамширлари тиғидан ажал топди. Кофирларнинг ўлган сони беш мингдан ошиб, дўзах оташига сазовор бўлдилар. (Ўруслар) куч ила Ўратепа мамлакатини ўз қўлларига олдилар.
Абдул Ғаффорбек хотин ва болалари билан Самарқандга қочиб кетди. Аҳли куффор етти кун Ўратепада туриб, вилоят ишларини саранжом қилиб, якшанба куни мазкур (жумодул охири) ойининг ўн учинсида Жиззах томон боришга амр этди. Неча йўл босиб, манзили муддао сарҳадиға етдилар. Шаҳарга бир ярим фарсах келадиган масофага қўниб, одамларнинг ҳафсаласини пир қилди ва бир неча кундан кейин, этда тонгда қалъа дарвозаларига ҳужумга ўтди. Губурнот(ур) қалъа муҳосарасига буйруқ бериб, ўзи Бухоро дарвозаси олдига турди.
Лашкари ислом қалъа ичидан туриб тўпу тўфангни ишга солдилар. Кофирлар эса ташқаридан ўқ отиб, талотўб билан шаҳарга кирдилар. Мусулмонлар бесаранжом бўлиб, ҳар томонга паришонлик билан югурар ва нажот йўлини қидириб топмасдилар. Кофирлар мусулмонларни уч томондан тўсиб, тўпу тўфанг зарби ила шундай урушардиларки, ўлганларнинг ҳисоби йўқдур. Манғит сипоҳидан тахминан 15-16 минг киши ўз сардорлари шаҳодат даражасига етган эди. Манғитлар ўз журъатсизлиги туфайли шундай балога гирифтор бўлдилар. Акс ҳолда, шунча одам жасорат кўрсатганда, кофирларнинг терисини шилиб олардилар. Вилоят ичи аҳли куффорга тўлиб кетди.
Жиззах забт этилгандан сўнг уч кун ўтиб, амир (Музаффар) Бухородан, Самарқандга келди. Унинг табиатида ғайрату ҳамият йўқлиги учун Самарқандда ҳам бемаза ва бемаъни амаллар билан шуғулланиб юрди.
Қиш келиб, далв ойи кирди. Оренбург волиси Киржижановски жинирол ва Русиянинг амирлашкари эди, Русияға кетди. Шундан кейин Бухоро амири Содиқ Тўра ибн Кенесари тўранким, Дашти қипчоқ салотинларининг авлодидандир, бир неча минг суворий сипоҳ билан Оқмасжид сарҳадини чаповул қилиш (бостириш) учун жўнатди. Жавзо (май) ойининг бошларида ўруслар ҳам 200 га яқин сарбози билан Оқмасжид қалъасидан чиқиб, Бухоро чегарасида жойлашган Сариқ булоқ мавзеига келдилар. Улардан бир фавж сарбоз ажралиб, Содиқ тўра мулозимлари билан тўқнашдилар. Ўруслардан 13 киши ўлдирилди, 6 сарбоз асирликка тушди, қолганлари эса қочиб халос бўлдилар. Содиқ тўра ҳушхабар билан асирларни Бухорога жўнатди, ўзи эса Ўқжаргача бориб қайтиб келди.
Бухоро амирининг фармонига биноан Самарқанд волиси бир неча минг сарбозни (Жиззахга) жўнатди. Улар Жиззах қалъасига озуқа жўнатишга қаршилик кўрсатиб, шу жиҳатдан ўруслар вазиятини оғирлаштириб юбордилар. Бошқа томондан (Бухоро амири ўрусларга) элчи жўнатди. Бухоро амири элчиси ва вакили Оренбурғ вилоятида сулҳ тузди. Шартнома асосида ўруслар томонидан забт этилган Янгиқўрғонни Бухоро амирига қайтарилди. Бухоро амири эса Жиззахни ўрусларга берди. Бухоро томонидан элчи Абдуллахон … тўра эди.
Шу воқеалар айтилаётга пайтда (Бухоро) вилояти ҳароб бўлди. Шаҳрисабз ва Қарши вилоятининг элот ва аҳолиси (амирга) қаршилик кўрсатиб, Жўйбор хўжазодалари ва тўраларинким, Бухоро амирига жиян бўладилар. Шаҳрисабзға олиб келдилар. Амир (Музаффар) Самарқандда бу одамларнинг журъатини эшитиб, ғазабланиб, уларни камситди.
Шу воқеларда хитой-қипчоқ қабиласи Миёнколотда қўзғолон кўтариб, Дубус, Челак ва Каттақўрғонгача бўлган бир қанча қишлоқларни босиб олдилар.
Амир шундай жасоратлардан кўп маъюс ва мағмум бўлиб, қипчоқларга қарши қўшин ташлашга ботинмади. Қипчоқлар бу кўзёшларга аҳамият бериб, хитой қабиласининг бир нечта улуғларини ушлаб амирга бердилар. Самарқандда уларни қатл этиб, лашкар ила Шаҳрисабз томонюриш қилди.
Мароҳилларни босиб ўтиб, Жом қалъасиға этиб келганда тўхташга буйруқ берди. (Жом мавзеи) шаҳрисабздан қарийб уч фарсах келади. Амир (Музаффарнинг) табиатида ғайратдан ҳеч асорат қолмади ва аҳволи оғирлашиб, шу ерда қолди. Биринчи дафъадагидек сиёсат қилиб дўқ-пўписа билан бир элчи юборди, аммо фойдасиз эди. Охири амир ярашишга мажбур бўлиб, орқаға қайтди ва қарши томон йўл олди. Шу давру замонда Оренбурғ вилоятидан то Хўқанду Бухоро вилоятларигача бўлган ҳудуд рус подшоси қўлиға ўтди. Шу ерлар бир аёлотга (генерал-губернаторликка) бирлаштирилди ва Русия пойтахтидан Кауфман номли киши волий-амирлашкар тайин этилди. Янги Русия волийси олдинги амирлашкар ва амир ўртасида тасдиқланган битимни қабулқилмади, аксинча уни бузиш йўлидан борди.
(Кауфман) Бухоро амирига биринчи шарномадан ҳам ўгир бўлган, ўзи тартиб ва танзим берган янги аҳдномани жуда оз муддатда кўриб чиқмоқ учун юборди.
Агарда Бухоро амири шу аҳдномани қабул қилмаса урушишга таёр бўлсин, деб шарт ҳам қўйди. Бухоро амири бу аҳднома шартларини ўз давлатига ўгир билиб, шундай жавоб юборишни буюрдиким, “Русия арбобларининг аҳду паймонлари барқарор эмас экан. Ҳар қайси янгитдан амирлашкар ва волий бўлиб олса, энг аввал янги аҳдномалар қабул қилишга интилар эканлар. Аҳдноманинг шартлари бизнинг ҳукуматимизга зарари куллий етказади ва кунлар ўтиши ила бизнинг сабр-тоқатимизни тўлдиради. Биз ўз ихтиёримиз ила биринчи тузган аҳдномани бузиб табдилетмаймиз. Агарда Кауфман олдин тузган битимни қабул қилмасдан унинг бекор қилишга кўшиш этса, унда бузмакор ва аҳду паймонсиз номин олади”. Шу мажлис-машварат охирига етмасдан ва Кауфман жавоб олмасдан бурун милодий 1867 йил, жаддий ойининг охирларида ўрус аскарларининг сардори Жиззахдан Бухоро ҳудудиға кириб, Ухум қасабаининг ерларигача босиб келди. Бу ерларнинг аҳолиси Бухоро раъияси ҳисобланар эди. Ўруслар уларнинг манзилларига ўт қўйиб, мол-ҳолларини талон-тарож қилиб, кейин Жиззахга қайтиб кетдилар.
Милодий 1868 йилдан қуёш ҳамал буржига кирган маҳал Ўрусия аскарлари Ухум қасабасига иккинчи марта тажовуз қилиб, бухоролик қоровул тўдаларни босди ва уларни паришон қилди. Челак ҳокими бухоролик мададига етиб келиб, ўруслар билан урушга тушди.
Қуёш савр буржининг 18 даражасида эдиким, Туркистон сипоҳсолари Кауфман тахминан 5 минг сараланган Ўрусия аскарлари билан Самарқандни забт этишни ўзиға мақсад қилиб, Тошканддан йўлга чиқди. Бир неча муддат Жиззахда туриб, жавзо ойининг бошларида Зарафшон дарёсиға яқинлашдилар. Шу ерда амирдан элчи келиб, кауфман томонидан янгитдан тартиб ва танзим бериб амирға юборилғон аҳдномани олиб кетди. Амир (Музаффар) аҳдномани ўқиб, қўйилған шартларға мослаб қабул қилиб, Кауфманға жўнатган эди, Кауфман элчига айтдиким: “Бугун мен юруш учун энди отга минганман, кечқурун манзилга етсам, аҳд шартлари борасида музокара қиламан” Кауфман яқинлашиб, Зарафшон бўйида Тали сиёҳ тепасида Бухорони кўрди. Ўрус сипоҳсолари Кауфман элчига айтдиким: “Сенга 2 соат муҳлат, чопар жўнатиб, бухороликларни нариги соҳилдан қайтарсин, биз ҳеч қандай тўсиқсиз дарёни кечиб ўтсак, шу ерда сен билан сулҳ ҳақида гаплашамиз”. Элчи чопар юбориб, бу шартни Бухоро амирига маълум қилди. Улар шу ваъдага ишониб, ўруслар Зарафшон дарёсида кечиб ўтаётган пайтда уларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмадилар. Кауфман бошлиқ ўрус аскарлари талофатсиз ўтиб, музокара ва сулҳни кутиб турган бухороликларга тўсатдан ҳужум қилиб, уларга талофат етказдилар. Шундан Кауфман сулҳ таклифини қабул қилмаслиги ҳақида қатъий жавоб бериб,элчини қайтарди. Фирибга дучкелган содда элчи маъюс бўлиб Бухорога қайтди…
Бухоро сипоҳи Самарқандга кирмасдан азамат жиловини Бухоро томон бурдилар. Эртаси Самарқандликлар ўруслар билан сулҳ туздилар. Ўруслар амир Темур пойтахти саналмиш Самарқанд шаҳрини тасарруф қилдилар. Жавзо ойининг ўртасигача улар Ургут шаҳри ва Челак қалъасини ҳам истило қилдилар. Бир неча аскарларини Кауфман бир жинирол етакчилигида Каттақўрғон тасарруфи учун юборди. Учинчи куни ўруслар Самарқанддан 8 фарсах келадиган Каттақўрғонга етиб келдилар. Шу ернинг ҳокими Яъқуббек шаҳарни ташлаб қочди. Ўруслар Каттақўрғонни жангсиз эгаллаб олдилар. Кауфман ҳам шу заҳоти Каттақўрғонга етиб келди. (У) Самарқандга қайтиб, бир неча гуруҳ аскарни икки фарсах келадиган Қалъасига юборди. Шаҳрисабз сардори бир неча минг пиёда ва суворий қўшини билан келиб, ўруслар билан жанг қилиб, қайтиб кетди. Ўруслар Самарқандга қайтдилар.
Шу жангда Шаҳрисабзликлардан кўп киши талофот кўрди. Самарқандлик Мирзо сўзига қараганда 50 киши ҳалок бўлган экан. Қуёш жавзо ойининг охирида эдики, Бухоро сипоҳи Зирабулоқ мавзеига жамъ бўлуб, Каттақўрғон қалъасини забт қилишга жазм этдилар. Бу хабар Кауфманга етиб борди. (У) Самарқанддан бир неча сарааскарлари ва тўпу тўфанглари билан Бухоро сипоҳига қарши курашмоқ учун Каттақўрғонга, ундан Зирабулоққа келди. Бухороликлар Зирабулоқ мавзеида Бухоро йўлига қўшилиб кетган бир қир тепасида сафланган эдилар. Ўрус аскарларини Кауфман икки қисмга бўлиб, ўнг ва чапдан ҳамла қилишди. Бухороликлар жанг кўрган аскарларнинг тўпу тўфанглари оташиға тоб бермасдан орқага қайтдилар.
Шу муҳорабада ҳозир бўлган кишларнинг айтишича, бухоролик пиёда ва суворийлардан минг кишидан кўпроғи нобуд бўлиб, ўрусларнинг талофати икки юз кишигинага етар экан, холос. Кауфман Зирабулоқда бухороликлар билан урушаётган вақтда минг, хитой-қипчоқ ва Шаҳрисабз кенагасларининг қабила сардорлари иттифоқ бўлиб, кўп сипоҳ ила Самарқандга келиб, бу шаҳарни фатҳ этмоқчи бўлдилар. (Улар) Саройнинг атрофида ички қалъани тўрт томондан босиб олиб, унинг икки дарвозаси — Самарқанд ва Бухоро дарвозасига ҳужум қилиб, мардлик билан саъйи балиғ кўрсатдилар. Ўрусларнинг аҳволи жуда танг бўлди. Қабилалар иттифоқи агар яна икки-уч кун иттифоқ ва ижтимў ила муҳосарага сабот кўрсатганда эди, ғолиб келиб, Самарқандни ўруслардан озод қилган бўлардилар. Аммо мовароуннаҳрлик бадбахтларнинг шунча саъю ҳаракатлари ва меҳнату машаққатлари натижасиз анжом топди. Бухоро сипоҳининг Зирабулоқда мағлуб бўлганларини эшитиб, биринч бўлиб Шаҳрисабз кенагаслари, кейин эса бошқа тоифалар сабот ва жалодат қадамларини тортиб олиб, муҳосарадан юз ўгуруб, ҳар томонга паришон бўлиб, парокандаликка берилдилар. Шунинг учун айтганларким, байт (мазмуни):
Пароканда лашкардан ҳеч фойда йўқ,
Уларнинг юз мингидан икки юз жанговар йигит яхшироқ.
Қолган лашкар беш кун муҳораба ва муҳосара ихтиёр этиб, Кауфман Самарқанддаги ўруслар мададига келаётир деган хабар маълум бўлгандан кейингина қамалини қўхтатиб, ўз ватанларига қайтдилар.
Воқеаларга шоҳид бўлган самарқандликларнинг сўзларига қараганда, ўзбекларнинг бирлашган қўшинлари кўп жасорат кўрсатиб, ўруслардан 270 кишини ўлдирган эканлар.
Милодий 1867 йили саратон ойининг ўрталарида зафар кўрмаган амир Музаффар ва Туркистон сипоҳсолари Кауфман ўрталарида сулҳ тузилди. Бухоро амири Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғон ва уларга тааллуқли бўлган ерларни ҳамда ўруслар истило қилган мавзеларни Русияга берди. Бунга қўшимча катта маблағ — товон тўлашни ўз бўйнига олди. Бухоро мамлакатида уларнинг сиёсий идораси таъсис топди. Шу вақтда қуёш далв буржининг охирига етган эди. Бухоро амирининг сулҳидан 6 ой илгари Фарғона хони Саид Муҳаммад Худоёрхон ва Туркистон сипоҳсолари Кауфман ўрталарида ҳам сулҳ битими бўлган эди ва адовату хусумат ўрнини амният эгаллади. Мамлакат рифоҳияти эса тижоратга айланди. Қон тўкилиш ва мулку маданият харобалигига сабаб бўлган жангу жадаллар йўқ бўлди. Шу воқеалар юз бераётган бир пайтда Қарши волийси Абдумалик тўра Бухоро хони амир Музаффарнинг катта ўғли Шаҳрисабз кенагасларининг улуғлари ва Содиқ тўра бинни Кенесари тўра Аблай Султон юртдошлари ила Бухоро амирлиги ва салтанатига даъво қилди. У ўз отаси амир Музаффарга қарши ҳамлага ўтиб, жанговар сипоҳни йиғди. Бухородан амир Музаффар сипоҳ ва сарбозлар ила ўғлининг ҳужумини дафъ этмоқ учун Қарши томон отланди. Қарши чўлларида Абдулмалик билан жанг бўлди ва Абдулмалик тўранинг сипоҳи пароканда бўлди. Абдулмалик Шаҳрисабзга қочди. Ўз ўғлини тақиб қилиб, отаси Шаҳрисабз қалъаларидан бўлган Чироқчини қуршаб олди. Шаҳрисабз волийсидан ўз ўғлини талаб қилди. Бу иш охирига етмасдан туриб, бошқа жойда қўзғолон кўтарилди. Абдулмалик тўра фармонига биноан Нурота ва Карманани Содиқ тўра олгани хабари амир Музаффар қулоғига етди. Бу фитна ва ихтилол сабабига кўра (амир) Чироқчидан орқаъга қайтиб, бу даҳшатли ҳодисаларни бартараф қилмоқ учун Самарқанд волийси жинирол (Абрамов — Ш. В.)дан ёрдам сўради. Ўрусия учун Бухоро амирини қўллаш хайрли иш деб, жинирол амир илтимосини қабул айлаб, бир неча гуруҳ аскар билан Жом сарҳадиға келди. Шаҳрисабз волийси ўрусларни келишларини эшитиб. “Ўрусия Шаҳрисабзни ҳам олар экан” деб Чироқчидан Шаҳрисабзга қайтди. Абдулмалик тўра ҳам Қаршига келди. Бухоро амири бу аҳволдан фойдаланиб, Содиқ тўра фитнасини бостиришга ҳаракат қилди, унга шикаст етказиб, фасод ва шўру ғавғоларга озгина бўлса-да таскин берди. Амир Бухорога қайтди.
Қарши турган Абдулмалик тўра пароканда бўлған сипоҳни йиғиб яна қўзғолон кўтариб, ихтилофни бошлади. Бухоро амири иккинчи марта Самарқанд жиниролидан ёрдам сўради. Самарқанд жинироли Жомдан бир неча гурук қўшин ва бир неча тўп ила Қаршиға борди. Қуёш ақрабнинг 20-21 даражасида эди, ўруслар қаршида Абдулмалик билан тўқнашиб, унга зарба бердилар. Абдулмалик тўра Қаршидан қочди ва унинг сипоҳи мағлуб бўлди. Ақраб ойининг охирларида ўрус жинироли Қаршини амир маъмурларига топшириб, Самарқандга қайтди. Шу ҳодисалардан кейин Шаҳрисабз ҳокими, кенагас тоифасининг раислари, Киштут ва фароб фуқаросини ўрусларға қарши қайрадилар. Киштут, Фароб ва Магиъён раислари ўрусларға қарши чиқдилар. Уларга ёрдам деб Ҳайдар хожа деган кишини бир неча шаҳрисабзлик гуруҳ билан юбордилар. Ҳайдар хожа Самарқанд чегарасида юрган ўрус суворийларига ҳамла қилиб, улардан бир қанчасини ўлдириб, баъзиларини ярадор қилди. Бундан Самарқанд волийси жиниролнинг жаҳли чиқиб, Туркистон сипоҳсолари Кауфманга бу аҳволни маълум қилди. Туркистон сипоҳсолари буйруқ бердиким, Шаҳрисабз юришини махфий режалаштириб, вилоятни макр билан ишғол қилиб, Бухоро амирига берсин самарқанд жинироли сафар анжомларини муҳаё айлаб, амир Музаффарни бу ишидан бохабар этиб, ўз аскарларини икки дастага ажратди. Сунбула ойининг еттисида биринчи фавж Жомга йўл олди. Фавжи соний икки кундан кейин Қоратепа девонидан ўтиб, Китоб қалъасининг олдида биринчи қисм билан бирлашди. Улар қалъага яқин бўлган Ўрус қишлоқ деган жойга тушдилар. Сунбуланинг 13-кунида ўруслар аскар ва тўпларини ҳар нуқтага жойлаштириб, қалъани олиш билан машғул бўлдилар. Шаҳар ва қалъага алоҳида-алоҳида ҳамла қилиб, тўпга тутишни бошладилар. Кечаси эса ўрусларнинг бир неча гуруҳи қалъага юриш қилиб, хандаққа яқин келдилар. Қалъадагилар бундан огоҳ бўлиб, ўрусларни ўққа тутиб, мудофаага ўтдилар. Ўрусларнинг яна бир гуруҳи посбонсиз қолғон жойдан деворға нарвонлар қўйиб, қалъага кирдилар. Қолганлари эса деворнинг қулаган жойларидан шаҳарга бостириб кирдилар. Ўрус суворийлари ҳам Робатак дарвозасини йиқитиб, тўрт томондан шаҳарга кирдилар. Қалъа аҳолиси ўзларини ғам-андуқ денгизида кўриб, турли йўллар билан уруша-уруша чекиндилар. Ўруслар йўлларида учраган уй-жойларни, кишиларнинг тўплаб қўйган ем-ҳашакларини, заҳира қилиб қўйган ўтинларини ёндириб, унинг ёруғлигида олдинга қараб интилдилар. Шундай қилиб, тонгача ўруслар шаҳарни буткул забт этиб, ўз тасарруфига олдилар. Шу урушда Шаҳрисабзликлардан 500 дан кўпроқ шаҳид бўлиб, кўп одам заҳмдор бўлди. Жангда қатнашган мўтабар кишиларнинг сўзларига қараганда ўруслардан 150 кишига яқин одам талофатга учрабди. Аммо 30 та чўян тўп, бир неча пилта милтиқ ва бошқа нарсалардан жуда кўп заҳира ўруслар қўлига ўтибди.
Сунбула ойининг ўрталарида Самарқанд жинироли (Шаҳрисабз) шаҳрига кириб, шаҳар аъёну ашрофини жамъ этиб, Шаҳрисабз Бухоро аморатига таалуқли эканини эълон қилиб аҳолини тинчитди, кейин Китобга келди. Шу ерда амир Музаффар Шаҳрисабзга юборган янги маъмур ва зобитлар билан мулоқот қилиб, вилоятни Бухоро амирининг мутасаддиларига топшириб, Самарқандга қараб жўнади. Шу аснода у эшитдики, Шаҳрисабз волийси Бобобек парвоначи Ҳакимбий ўғли ва унинг ноиби Қаландар эшикоғасининг ўғли Жўрабек додхоҳ Моғиён қасабасида 3 мингга яқин лашкар тўплаб кутиб турибди ва агарда рус аскарлари Шаҳрусабзни бухороликларга бериб қайтсалар, бухороликларни Шаҳрисабздан ҳайдаб, яна вилоятни ўз қўлларига олармишла. Шунинг учун жинирол Китобдан Фаробга келди. Шаҳрисабз волийсини сипоҳи ила топмасдан Фароб аҳолисиға шундай эълон қилдиким, шу кундан бошлаб сизнинг қасабаларингиз Самарқанд музофотининг ҳайъатига тегишлидир ва сизлар рус тобелигига киргансизлар. Яна бир маъмурни бир фавж ила Моғиёнга юборди ва юқорида айтилган мазмундаги хабарни у ернинг аҳолисига ҳам эълон қилди. Шу ишлардан сўнг Самарқанд жинироли ўз аскарлари билан Самарқандга қайтиб кетди. Шаҳрисабз волийси Бобобек ўз акалари ва ноиби Жўрабек додхоҳ ҳамда хизматкорлари билан анча муддат сарсону саргардоон бўлиб, Фарғона чегарасига яқинлашди. Буни Худоёрхонгга маълум қилдилар. Жаноби Худоёрхон ўз амирлари билан машварат қилди. Хоннинг акаси Султон Муродбек, умаро ва вузаронинг аксарияти бирлашиб дедиларки: “Агарда биз Шаҳрисабз волийсини Фарғона саройида қабул қилсак, Бухоро амири Ўрусияни бизга қарши қайрайди ва ўруслар биздан волий (Бобобек)ни талаб қиладилар. Агар уни ўрусларга берсак, шарманда бўламиз, агар ўрусларнинг хоҳишини рад қилсак, бу билан аҳду паймонини бузиб, уларга баҳона ва сабаб топибберган бўламиз. Бунинг чораси шуки, Шаҳрисабз волийсига сафар зарурияти ва лузимотини тахтлаб, аввал уни меҳмон қилиб, кейин Қошғарга жўнатсак. Бу савобли фикр қабул бўлди. Саройнинг бир ишончли мулозамини узру маъни ила зиёфат ва меҳмондорчиликка даъват қилиш учун Бобобек олдига юбордилар.
Мазкур маъмур Шаҳрисабз волийсининг олдига келиб аҳволни тушунтирди ва ҳамма нақдини бериб айтдики, “Фарғона ҳокими сиздан узр сўраб ўз мулкида бир неча кун меҳмон бўлишингини ҳоҳлайди ва кейинроқ Қошғарга борсангиз, сизни чегарагача кузатиб қўймоқни зиммамизга оламиз”. Шаҳрисабз волийси (Бобобек) унга жавоб бердики: “Биз Қошғар сафарини хоҳламаганмиз. Биз Шаҳрисабздан бу томонга Бухоро амири зулмидан қочиб келдик. Бухоро амири бизнинг кўп улуғлармизни ўлдирди. Бизнинг ўртамизда қўҳна адоват бор. Биз Самарқанд жиниролининг олдига бориб таслим бўлмадик, чунки у Бухоро амирининг ўнг қўлидур. Агарда унга таслим бўлганимизда эди, эҳтимол жинирол амирдан пора олиб, ўзини Туркистон сипоҳсолари Кауфманга яхши кўрсатиш учун бизни Бухоро амирига топширган болур эрди. Агарда Фарғона хонининг (Худоёрхон) ўзи бизни авлодимиз ила Кауфман ҳузурига юборса маъқул эрди. Самарқанд жинироли ва бошқаларнинг воситасисиз ўзимиз Туркистон сипоҳсолари Кауфманга таслим бўламиз. Бизнинг мақсадимиз шу, чунки Русия давлати буюкдур ва уларнинг қонуни ва низомларида асирлар ва таслим бўлган кишларни ўлдириш қоидаси йўқдур. Буни биз кўп мўтабар кишилардан эшитганмиз.
Кўп жойларнинг ва вилоятларнинғ ҳокимлари, масалан, тоторлар, черкаслар ва бошқа ғайридинлар ўрусларга асир тушганда, уларни ўлдирмасдан тарбия қилганлар. Бинобарин, биз сафар саргардонлигидан кўра яхшиси, Тошкандга бориб, ўрусларга таслим бўламиз, агар Фарғона ҳазрати бизларни ўз элчиси билан Тошкандга жўнатса, ундан рози ва ва хушнуд бўлардик”.
Мазкур маъмур бу сўзларни Шаҳрисабз волийсидан эшитиб, хон ҳазратлари олдига келиб, ҳаммасини арз қилди. Хон жаноблари волий илтимосини қабул айлаб, йўл эҳтиёчи ва харажатини хазинадан бериб юборди. Шаҳрисабз волийси Бобобек парвоначи Ҳакимбий ўғлини баъзи шахсий мулозимлари ва ноиби Жўрабек додхоҳ қаландар эшикоғоси ўғли билан бирга Хўқанддан яна бир элчи қўшиб, Тошкандга жўнатдилар.
Уларнинг қолган қариндошларини, уруғларини Бобобек парвоначи илтимосига кўра Фарғонада қолдирдилар ва уларнинг мартаба ва мақомларига қараб, хазинадан маош муқарра қилдилар.
Абдулмалик тўра ғозий Самарқанд жинироли билан Қаршида жанг қилиб талофатга дуч келгач, Оллоҳ иродаси ила бир муддат Урганч ва Афғонистонда мусофират заҳматини чекди. У ёқлардан Фарғона мамлакатига келиб, бир неча кун Фарғона хонинг дарборида маҳмон бўлиб, ўз хоҳиши ила Қошғарга ўтиб кетди ва бир неча вақт шу ерда яшади. Кейин Бритониё Азимага кетди. Маккаи мукаррама зиёратиға борган мўтабар кишиларнинг айтишларича, фозил амирзода ҳозир Ҳиндистонда иззату икром, офият ва саломат маснадида ўтурган эканлар. Ва бу жумлала ҳам ғаройиб воқеаларнинг баёни эди ва биз уларни мухтасар ёздик.
Жунайд Мулла Аваз Муҳаммад ибн Мулла Рўзи Муҳаммад Суфий Аттор






Изоҳлар