КЎЛБУЛОҚ МАКОНИ – илк палеолит даврига оид ёдгорлик. Тошкент вилояти ҳудудида Чатқол тоғ тизмаси ёнбағрида, Оҳангарон дарёсининг ўнг қирғоғида, «Геолог» шаҳарчасидан 2 км шимоли-ғарбда жойлашган.
Кўлбулоқ макони Қизилолмасойнинг Жарсой ўзани соҳилидаги Кўлбулоқ яқинида (1962) топилган. М.Р. Қосимов (1963–83) кенг тадқиқот ишлари олиб борган. 600 кв. метрдан зиёд майдон очиб ўрганилди ва 49 та маданий қатлам аниқланди. Бу қатламлардан 3 таси сўнгги палеолит, 21 таси ўрта ва 23 таси илк палеолит даврига хос деб топилди. Илк палеолит қатламларидан 3000 дан зиёд тош қуроллар, ҳайвон суяк қолдиқлари топилди. Ёдгорликнинг ўрта палеолит даврига оид қатламларидан қирғичлар, пайконлар, ретушли пластиналар, тош бигизлар, шунингдек қуён ва суғур суяклари топилган. Кўлбулоқ макони одамлари бу даврда архар, ит, жайрон, суғур, қуён, чўчқа, от, тур, тоғ эчкини ов қилган. Шунингдек, бўри, сиртлон, тулки, шоқол, кўршапалак, каклик суяклари аниқланди. Кўлбулоқ макони одамлари овчилик билан бир қаторда ёввойи ўсимликлар, бошоқлар, мевалар, ёнғоқлар, илдизларни ҳам териб ейишган. Буни Кўлбулоқ маконидан топилган тош ёрғучоқлар исботлайди. Кўлбулоқ макони одамлари таом тайёрлашда оловдан кенг фойдаланишган. Мустье давридаги неандерталлар теридан кийимлар тайёрлаб кийган. Тош қуролларга берилган ишлов техникасига кўра, Кўлбулоқ тош «индустрияси» ўзига хос сифатларга эга бўлиб, олимлар томонидан Кўлбулоқ макон-устахонаси мақомини олган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил