Муҳтарам ўқувчилар, ушбу сарлавҳа сизга қизиқ, балки, ғалати туюлаётгандир, ўттиз – қирқ йиллар олдинги шиорбозликни эслатаётгандир. Ҳа, топдингиз, шундай шиор яқин ўтмишда деярли ҳар бир катта майдонда ёзиғлиқ турадиган, байрам намойишчилари ҳам уни кўтариб юрадиган русча “Миру мир” (дунёга тинчлик) деган шиор эди. Лекин шундай сарлавҳа қўйилган бизнинг мақоламиз мутлақо бошқа мазмунда бўлиб, мир у – мир (мир ва яна мир), яъни фақат “мир” истилоҳи хақида баҳс юритади.
Ўзида жуда кўп маъно ва мазмунни акс эттирган мазкур истилоҳ биздан олдин ҳам кўпгина шарқшунос, тилшунос, тарихчи мутахассисларни қизиқтириб келган ва улар бу борада ўзларининг турфа фикрларини баён этганлар. Биз уларни номма – ном, сўзма – сўз такрорлаб ўтирмасдан, ўз тадқиқотларимиз асносида келиб чиққан хулосаларни баён этмоқчимиз.
Деярли барча тадқиқотларда “мир” атамаси “амир” истилоҳидан қисқартириб олинганлиги эътироф этилади. Амир сўзи араб тилида амр этувчи, бошлиқ, ҳоким дегани бўлиб, қуйидаги маъноларни англатади:
1) Араб халифалигида дастлабки халифалар унвони;
2) Уммавийлар даврида алоҳида қўшин қўмондонлари;
3) Халифалик томонидан забт этилган вилоятлар ҳокими;
4) Қадимги подшоҳлар наслидан бўлмаган ҳукмдор;
5) Марказий Осиёда Чингизхон наслидан бўлмаган ҳукмдор;
6) Йирик подшоҳ қўл остидаги (империя таркибидаги) алоҳида бир мамлакат ҳукмдори;
7) Ислом халифасининг чет ўлкалардаги ноиби;
8) Вилоят ҳукмдори;
9) Лашкарбоши, каттагина бир қўшин бошлиғи;
10) Бошлиқ;
11) Ислом халифасининг ҳамда бошқа подшоҳларнинг канизакдан бўлган ўғли.
Талаффуз шундай бир қудратли кучки, у ифодани осонлаштириш учун кўпгина атама, сўз ҳамда истилоҳларни ихчамлаштириб, қисқартириб, маҳаллий лаҳжага, шарт – шароитга, бошқа тилларда айтишга мослаб юборади. Шу тариқа, араб бўлмаган халқларда “амир” сўзи қисқартирилиб, “мир” тарзида талаффуз қилинадиган бўлди. Демак “мир” – “амир”нинг қисқартирилган шакли бўлиб, қуйидаги маъноларда қўлланилади:
1) “Амир”нинг кўплиги.
2) Тариқат йўлига кирган саййидлар (Пайғамбар (сав) авлодари)дан муайян қисмининг унвони. Пайғамбаримиз (сав)нинг йигирманчи авлодлари, Ҳазрати Бурҳониддин Қиличнинг ўғиллари Саййид Мир Ати Девона; Амир Темурнинг пирлари Мир Саййид Барака; етти улуғ пирлардан бўлмиш Мир Саййид Кулол; шайбонийлардан бўлмиш Убайдуллохон томонларидан берилган тортиқ ҳисобига мадраса қурган “Мир Араб” тахаллусли Шайх Саййид Абдуллоҳ; Шайх Мир Саййид Баҳром Карминагий; Мир Жалил Халифа Хўқандий Мир Бадал Эшон ўғиллари ва бошқа кўплаб саййид, хожа, эшонларга ҳам Мир унвони берилган. Қўқон хонлигининг атоқли давлат арбобларидан бўлмиш Саййид Мир Қурбон Охунд ҳам шу тоифадаги зотлардан эдилар. Қўқон хони Саййид Муҳаммад Умархон Қўқон хонлиги давлатининг бошқа мусулмон давлатлари томонидан тан олинишига эришиш, Усмонли турк давлати билан доимий дипломатик муносабат ўрнатиш, ўзларига уламолар томонидан берилган “Амир ал муслимин” (мусулмонлар амири) мақомини расман тасдиқлатиш, Бухоро ва Хўқанд хонликлари, Хитой ва Русия ўрталаридаги Қашқар масаласини ҳал этишда ёрдам сўраш мақсадларида Усмонли турк давлатига Хўқанднинг обрў – эътиборли уламоларидан бўлмиш Ҳожи Саййид Мир Қурбон Охунд ҳазратларини элчиликка юборганлар. Саййид Мир Қурбон Охунд Саййид Мир Бурҳон Аълам ўғиллари тахминан 1177 (милодий 1763) йилда Хўқанднинг Читгарлик маҳалласида таваллуд топганлар. Саводни оталари ва у кишининг шогирдлари қўлларида чиқариб, дастлаб Хўқанддаги Мадрасаи Ҳиштинда, сўнгра, Бухородаги Улуғбек мадрасасида таҳсил оладилар. Хўқандга қайтганларидан сўнг Мадрасаи Мирда мударрислик ҳамла Олимхон саройида мирзолик вазифасида хизмат қиладилар. Амир Умархон тахтга ўтирганларидан сўнг Саййид Мир Қурбонни мударрислик вазифасидан озод қилмаган ҳолда вакиллик, элчилик ишларига сафарбар этиб турадилар. Саййид Мир Қурбон ўзларининг чуқур билимлари, юқори савиядаги мударрислик ва воизлик фаолиятлари туфайли эллик ёшга етар – етмас “Охунд” илмий унвонига сазовор бўладилар. 1231 (милодий 1816) йилда Амир Умархоннинг ижозатлари билан ҳаж фарзини ўтаб, Ҳожийи Ҳарамайн рутбасига эришадилар. Ниҳоят, юқорида эслатиб ўтилганидек, 1235 (милодий 1820) йилда Рум (Усмонли турк империяси)га элчиликка юбориладилар. Мир Қурбон Охунд ўзларининг туғма дипломатик маҳоратлари, сўзга усталиклари билан Хўқанд хонлигининг мустақил давлат сифатида тан олиниши ҳамда Амир Умархоннинг “Амир ал муслимин”деган унвонларини тасдиқлатишга муваффақ бўлдилар.
3) Чорёрлардан Абу Бакр Сиддиқ (ра), Умар Форуқ (ра), Усмон Зуллинурайн (ра) авлодларининг айрим тармоқлари унвони;
4) Илмда, тариқатда, санъат ва ҳунарда, адабиётда, умуман, кишилик фаолиятининг турли жабҳаларида юқори даражага кўтарилган шахслар унвони; мусаввир, наққош, хаттотлар ичида кўпроқ учрайди: Мирак Наққош, Мир Саййид Али, Мир Ҳусайн ибн Мир Ҳасан ал – Ҳусайний, Мир Ҳусайн Куланкий Бухорий, Мулло Мир Афзал Хўқандий, Мир Олим Хўқандий, Мирзо Мир Маҳмудий Хўқандий, Мир Маҳмуд Қорий Хўқандий Мир Шамсиддин ўғли, Мир Саййид Нўъмон Хожа – Маҳзун, Мулло Мир Убайдулло Муҳандис Хўқандий; қозилардан Мулло Мир Маъсум Домулло Муҳаммад Юсуф ўғли, Мир Муҳаммад Оқил…Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
5) “Бий”, “бек” тариқасида, яна бир тоифа наслий зодагонлар унвони;
6) Кўп ҳолларда “ҳукмдор” маъносида ҳам қўлланилади. Қўқон шаҳридаги “Мир” мадрасасини 1798 йилда Қўқон хони Норбўтахон қурдирган. Шу туфайли, мадрасанинг расмий номи “Мадрасаи Мир” тарзида, баъзан “Норбўтабий мадрасаси” тарзида келади.
7) Мураккаб таркибли сўз бўлакларида “мутасадди”, “бошлиқ”, “бошқарувчи” маъноларида келади, масалан: Мирасад – форсийда “шерлар (арслонлар) амири” деган маънони англатиб, аслида жамоат тартибини сақловчи қисм бошлиғи мансаби номидир.
Мир асас – пойтахтда тартибни сақлаш, осойишталикни таъминлаш масалалари билан шуғулланувчи ўрта даражали мансабдор.
Мири бор – подшоҳ қабулини бошқарадиган амир.
Мири Мажлис – Давлат Кенгаши раиси.
Мири понсод – понсодлар бошлиғи.
Мири таббоҳ – сарой ошпазлари бошлиғи.
Мироб (мири об) – сув амири. Сув тақсимоти ва суғориш тармоқларини назорат қилувчи мансабдор. Мироббоши – бош суғориш тармоғи ва асосий суғориш тармоқларидан сув тақсимловчи мироб.
Мирохур (мири охур) – ўрта даражали мансаблардан. Бу сўзнинг таржимаси “охур амири”, “охур хўжайини” бўлиб, “мирохур” деганда ҳукмдорнинг отларини боқиш ишига раҳбарлик қилувчи мансабдор тушунилади. Мирохурбоши – юқори даражали сарой мансабдори; мирохурлар бошлиғи.
Мирсипоҳ (мири сипоҳ) – ҳарбийлар бошлиғи. Миршаб (мири шаб) – араб тилида (мир – ҳукмдор ва шаб – тун) — тун амири маъносини беради. Миршаб – Ўрта Осиё хонликларида маъмурий лавозим; тунги шаҳар соқчиси. Миршаббоши – кичик шаҳарларда шаҳар миршаблари, катта шаҳарларда даҳа миршаблари бошлиғи
Миршаблар садри – сўзнинг мағзи садр (юқорида турувчи, пешво, сардор, вазир, бош вазир) бўлиб, миршаблар садри – миршаблар ва миршабхона сардори деганидир.
Миршикор (мири шикор) – ов амири деганидир. У хоннинг қўриғи, яъни, ов хўжалигини бошқарган. Хонликнинг турли жойларида хон ва унинг яқинлари учун шикор (ов) ташкил этган..
Миршикорбоши – миршикорлар бошлиғи.
Мирғазаб (мири ғазаб) – ички ишлар тизими билан боғлиқ атама:
1) Миршаблар бошлиғи;
2) Жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи.
Мирҳож (мири ҳож) – ҳожилар бошлиғи. Ҳаж мавсумида шайхулислом томонидан тайинланадиган мансаб.
Ислом дини ва араб тили таъсири ўлароқ, юқорида таъкидланганидек, “мир” атамаси Шарқ халқлари тиллари, жумладан, туркий, Усмонли турк, форс, пушту, бенгал, балуж, сингҳ, ўрду ва бошқа кўпгина тилларда қабул қилинган бўлиб, йирик этник гуруҳлар, иттифоқдош қабилалар етакчиси, роҳнамоси маъноларини англатади.
Шунингдек, Шарқ мамлакатларида “мир” билан боғлиқ яна қуйидаги сўз бирикмалари муомалада бўлган:
Мири сомон – бош бошқарувчи;
Мири оташ – душман томонга ўт очувчи жангчилар бошлиғи, артиллерия қўмондони;
Мири маҳаллун – маҳаллалар, шаҳар бошлиғи;
Мири манзил – муайян бир манзил хожаси;
Мирдаҳ (мири даҳ) – ўн кишилик даста бошлиғи
Мири мунший – муншийлар (котиблар, мирзолар ) бошлиғи
Мири умаро – амирлар амири;
Мири мирон – амирлар амири истилоҳи Усмонлилар салтанатида “Бейлар бей” (бекларбеги) унвони билан биргаликда қўлланган;
Мир – язидийлар маданиятида диний ва маъмурий ҳукмдор;
Мири тузак – тузатувчи, тузувчи, ислоҳотчи, бошқарувчи. Имоми Раббоний Аҳмад Форуқ Сарҳандий қуддиса сирруҳу нотўғри йўлдан кетиб қолган Нақшбандия тариқатини тўғри йўлга солганликлари, ислоҳ қилганликлари учун ул зоти бобаракотга “Иккинчи минг йилликнинг мужаддиди (ислоҳотчиси)” деган олий унвон берилган. Ҳиндистонда эса, у киши худди шу маънодаги “Мири тузак” унвонига сазовор бўлганлар.
Тоғли Осиё, яъни, Помир, Ҳиндикуш, Ҳимолай тоғли ўлкалари ва уларнинг атрофларида умргузаронлик қиладиган халқлар тилларида “мир” истилоҳи кўпроқ ҳукмдор, шаҳзода, доҳий, ҳомий (ҳимоячи) маъноларида қўлланади. “Помир” сўзига кўпинча “Бомидунё” (дунё томи”) тарзида изоҳ берадилар. Бироқ маҳаллий аҳолида бошқача изоҳ ҳам бор. Геодезия ва картография экспедициясида хизмат қилган давримизда бир мавсум Помирда иш олиб борганмиз. Пайтдан фойдаланиб, Рўшан деган жойда фозиллар ва кўпни кўрган мўйсафидлар билан бўлган суҳбатда мавзуни Помир тарихи, номнинг келиб чиқиши масалаларига буриб юборганмиз. Уларнинг айтишича, бу сўзнинг асли “пойи мир”, яъни, “халқ ҳомийси оёғи ости” экан.
Бобур Мирзо ўзининг асарида Кашмир ўлкаси ва халқи хақида шундай ёзади: “…Ушмунча дейдурларким, бу тоғ элини Кас дерлар. Хотирға еттиким, Ҳиндустон эли “шин”ни “син” талаффуз қилур. Чун бу тоғда муътабар шаҳр Кашмирдур, балки Кашмирдин ўзга бу тоғда яна шаҳре эшитилмайдур. Бу жиҳатдин бўла олурким, Кашмир демиш бўлғайлар…” Бобурнинг сўзларини мантиқий давом эттирсак, Кашмир – Каш эли ҳукмдорининг шаҳри деганидир. Шунингдек, Кашмирдаги Мирпур, Синддаги Мирпурхас шаҳарлари номлари ҳам “Шаҳзоданинг шаҳри” (“мир” – шаҳзода, “пур” – шаҳар) маъносини беради.
Ҳиндистон ёзма ёдгорликлари таркибига кирувчи форс тилидаги айрим манбаъларда “Пир” истилоҳининг ассимиляция жараёни натижасида “Мир” шаклига киришига ишоралар бор. Бунинг исботи сифатида ҳар икки сўзнинг асл маъноси бир – бирига яқин эканлиги кўрсатиб ўтсак бўлади:
Пир. Форс тилида кекса, қари маъноларини беради.
1) Узоқ умр кўрган одам, кекса, қария. Мумтоз адабиётимизда кекса, ҳурматли эркак қарияларни “Пири мард”, кекса, ҳурматли аёлларни “Пири зан” тарзида ёзганлар.
2) Сўфийлик анъанасида тариқатларнинг олий роҳнамолари ёки обрўли роҳнамолар. Шунингдек ҳар бир мурид ўз муршидини ҳам пир, пирим деб атаган.
3) Ҳомий, ҳимоячи;
4) Бошлиқ, раис;
5) Бирор касб – ҳунарнинг асосчиси деб тушуниладиган шахс. Бундай пирлар ҳар бир касбда бўлиб, бирини “кўҳна пир”, иккинчисини “зинда пир (ҳаёт пир)” деб атаганлар. Кўҳна пир асосан пайғамбарлар ёки машҳур авлиёлардан бўлган.
6) Кўчма маънода бирор иш, касб ёки соҳани пухта эгаллаган киши, шу соҳада энг моҳир, уста одам, устоз.
Бу ишорат баъзи тадқиқотчиларнинг асарларида ҳам тасдиғини топган.
Буюк Британия ва Россия империяси манфаатларининг Осиёдаги тўқнашувлари тарихи билан шуғулланган тадқиқотчи А.В. Постниковнинг “”Дунё томидаги олишув” номли асарида қуйидаги маълумотни келтиради: “Британиялик дипломат Ний Илеяс Шуғноннинг келиб чиқиши ҳақида шундай ҳикоя қилади: Шуғнон мирларининг аждодлари бу ернинг аҳолисини пир сифатида дини исломнинг суннийлик равишига киритган ва уларнинг мирига айланган бухоролик саййид ва дарвеш Шоҳ и – Ҳамошга бориб туташади…”.
Помир тадқиқотчиларидан бири капитан Путята ўзининг “ Бош Штабнинг Помирга экспедицияси очерклари” китобида ҳам юқоридаги фикрни бироз бошқача тарзда такрорлайди: “Мамлакатни (Шуғнонни) охирги пайтларгача бу ерда дини исломни тарқатган эронлик Шоҳ и – Камош авлодларидан бўлмиш хон Юсуф Али бошқариб келган…”. Фарқ – Шоҳ и – Камошнинг эронлик деб таъкидланишида. Биз бу кишининг шахси билан қизиқиб, манбаълардан маълумот қидириб кўрдик, аммо, ҳеч бир тазкира ва маноқибда бу номни учрата олмадик.
Ҳиндистонлик Мир Иззатулло ҳам Кашмир зодагонлари хонадонидан бўлиб, ўз номи ёнига Мир унвонини қўшиш ҳуқуқига эга бўлган кишилар сирасига кирган. XVIII – XIX асрларда Ўрта Осиё хонликларига сафар қилиш европаликлар учун хавфсиз эмас эди. Шу туфайли машҳур “Ост Инд” компанияси бў ўлкаларни ўрганиш учун Мир Иззатуллони 1812 йилда саёҳатга юборади. У “Мир Иззатуллонинг 1812 йилда Қўқон хонлигига саёҳати” асарида хонлик хақида қимматли ва қизиқарли маълумотлар беради.
Энди эса, “мир” истилоҳи энг кўп қўлланган соҳага ўтамиз. “Мир” сўзи киши исмларида ҳам олд қўшимча тарзида исмнинг олдига қўшилиб келиб, шу исмли ёки тахаллусли кишилар ҳукмдори маъносини англатади. Масалан: Мирзиё – нури илоҳийга мушарраф бўлганлар ҳамда зиё таратувчилар ҳукмдори, зиёлилар амири; Мирзокир – барча зокирлар (зикр айтувчилар) ҳукмдори; Мирсолиҳ – барча солиҳлар (яхши одамлар) ҳукмдори, Миркомил – барча комиллар, камолотга етганлар амири. Бундай номлар аждоддан авлодга узлуксиз равишда ўтиб келади, яъни, мир олд қўшимчаси билан бошланган ном эгалари анъана асосида ўз ўғил фарзандларига ҳам шу тариқа мир олд қўшимчаси билан бошланадиган исм қўядилар. Бундай анъана бойлар сулолаларида яхши сақланиб қолган. Дарвоқе, аксарият бойларнинг исмлари ҳам мир олд қўшимчаси билан бошланади. Бу тасодифми ёки қонуниятми? Тарихий тадқиқотладан маълум бўлишича, бойларнинг кўпчилиги қадимги зодагонларнинг авлодларидир.
Мисол тариқасида бир қанча бойларнинг исми – шарифини келтириб ўтамиз:
-
Мирбарот Мирмўъминбоев
-
Мирайюббой Мираъзамбой ўғли
-
Мирвоҳид Қори Мирофуржонбой ўғли
-
Мирсолиҳ Бойвачча Миролимбой ўғли
-
Миргулшанбой Фозилжонбой ўғли
-
Миржаъфар Бойвачча Миргулшанбой ўғли
-
Миролим Мирмуҳаммедов
-
Мирпўлат Миртоҳиров
-
Мирраббибой Мирмаҳмудов
-
Миртоҳирбой Мирзокирбой ўғли
-
Мирфайзибой Мирҳалилбой ўғли
-
Мирфозил бойвачча Мирқобилбой ўғли
-
Мирғофир Қори Миртожибоев
-
Мирҳабиббой Мирмаҳмудов
-
Мирҳалилбой Ҳожи Миржалилбой ўғли
-
Мирҳалил Ниёзматов
-
Мирҳамзабой Ғофуржонбой ўғли
-
Миркомилбой Мирмўминбоев
Ҳозирча “Мир” истилоҳи ҳақида топганимиз шу. Биз бу тадқиқотчамизни тугал деб ҳисобламаймиз, манбаъларда, кишилар шуурида яна бошқа маълумотлар мавжуд эканлигига шубҳа қилмаймиз.
Муҳаммад Яҳёхон Хўқандий (Я. Дадабоев)
Қўқон давлат музей – қўриқхонаси илмий ходими