Бош саҳифа » Тарих » Ғулом Зафарий Туркистон Мухторияти илҳомчиси

Ғулом Зафарий Туркистон Мухторияти илҳомчиси

Ўтган аср бошларида ижод қилган Туркистон тараққийпарварларининг йирик вакили Ғулом Музаффар ўғли Зафарий (1889-1937) нафақат ўзбек мусиқаси билимдони, миллий театр санъати дарғаларидан, балки, етук драматург, шоир ва журналист ҳам бўлган. Унинг болалиги кўҳна Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида, Катта боғ маҳаллада ўтди. Оддий мисгар оиласида дунёга келган Ғулом Зафарий ўз иқтидори ва ўткир салоҳияти билан жуда ёшлик онларидан Тошкент зиёлилари орасида танилиб улгурди. Ғ.Зафарий дастлаб, жадид муаллими сифатида Ўш ва Фарғона водийси шаҳар ҳамда қишлоқларида педагоглик фаолияти билан шуғулланди. Айни пайтда “Турон” маърифий жамияти аъзолари билан мустаҳкам ижодий алоқани йўлга қўйди, Туркистонда дунёга келган жадид матбуотининг фаол қаламкашларидан ва тарғиботчиларидан бирига айланади. Биз бу маърузамизда Ғулом Зафарийнинг миллий тарихимиз саҳифаларида жуда қисқа муддат умр кўрган, аммо ниҳоятта муҳим ўрин тутган Туркистон Мухторияти билан боғлиқ ижодий фаолияти ҳақида тўхталмоқчимиз.

Ғулом Зафарийнинг “Ишчилар дунёси” журналидаги мақолалари ўзининг ёрқин ҳиссиётларга бойлиги, ватанпарварлик туйғуларига лиммо-лим тўлганлиги билан ажралиб туради. Жумладан, муаллиф “Қувватимиз аскардир” мақоласида Туркистондаги мавжуд вазият ҳақида ўқувчиларга хабар бериб, уларга “Ҳимматпарвар туркистонлилар!” деб, мурожаат қилади. “Биз туркистонлик турк болалари Мухторият эълон этдик. Энди Мухториятимиз барқарор ўлсун десак, бизга қувват лозим. Ул қувват аскарликдир. Қувватимиз бўлган аскарликка жон дил ила боқуб, қалбимизни унга туфҳа этайлик. Асло унутмайлик. Оч сувсиз турсак ҳам бошқа бир нарсага қарамасдан фақат қаҳрамон аскаримизни тушунайлик! Зеро, бу исломият, бу турклик, бу миллат бунинг ила яшайдир. Бунинг ила буюк бўладир. Бунинг ила шон берадир, бунинг ила ҳаёт бўладир, бунинг ила музаффариятга ноил ўлуб жаҳонни титратадир. Бунинг ила аждод атомиз бўлган фотиҳларнинг, қаҳрамонларнинг руҳларини шод этайлик, мозийимизни хотирга келтириб истиқболимизни таъйин этайлик. Ҳаракат этайлик. Бир биримизла ёмон ҳаракатларда бўлмасдан, душманларимизла олишиб ном-шон олайлик, ифтихор этайлик. Шараф боб ўлайлик, лекин бу қувват қайси йўл ила вужудга келур?” дейди. Шундан сўнг мақсадга кўчиб, барчани муқаддас Ватан ҳуррияти йўлида фаол бўлишга чақиради. “Эшитингиз! Туркликла ифтихор этган миллатлар. Бу кун роҳатимизни тарк этиб, ухламай, фақат бунларни тушунайлик. Завқ ва сафога толмайлик, тўй томошаларга мўл-кўл пуллари харж этмай, иқтисодга риоя этиб, орттирганимиззи иона этайлик. Уйимизда кийим-кечак, уй асбобларимизни орттирмоққа ҳаракат этмай қувватимизни орттирмоққа ҳаракат этайлик. Ипак, қимош ва бошқа нарсаларда иқтисод этайлик, сандиқларни, халталарни, юкларни тўлдирмакка ғайрат этмай, қувватимизни тўлдирмакка ғайрат этайлик. Қимматлик нарсаларга, яъни олмосга, жавоҳирга, зумрадга, маржонга, ёқутга ва кумуш асбобларга олтунларимизни беруб сандиқларга ҳибс этсак буларнинг на давлатга, на миллатга, на Ватанга, на аскарга фойдаси бўлмас. Сандиқларда шундоқча қолар. Балки-да эгасигада фойда бўлмас”…, дейди. Ғулом Зафарийнинг юқоридаги чақириғи ҳамма замонлар учун ҳам муҳим хитобдир. Зеро, ҳарбийларда “ўз аскарини боқа олмаган халқ, ўзгалар аскарини боқишга маҳкумдир” деган гап бор. Муаллиф фақат аскар ва қудрат билангина ҳуррияти қўлда тутиб қолишга ишонади ва ҳаммани шу ғояга ишонтиришга интилади. У фикрини қуйидагича тушунтиради: “Букун бизни аскаримиз нақадар кўп бўлса, ул қадар қувватлик, ҳайбатлик бўлурмиз. У вақт биз душманлара кўкрагимизни кериб қарармиз. Ҳамда орзу этган масалаларимиз тўпсиз, тўфангсиз, салоҳсиз, масорифсиз ҳосил ўлурми? Унинг учун доимо тўпимиз, тўфангимиз, аскаримиз мавжуд бўлмоғин тақозо этар. Ҳар ҳолда бу йўлда ғайрат этайлик, берайлик. Бас энди кўп бердик демайлик. Ҳар кун, ҳар соат берайлик. Суръатла, рақобатла, ташвиқотла берайлик. Оз вақтда кўп иш кўрайлик. Илоҳимизи, давлатимизи, Ватанимизи суяр эсак берайлик. Молга мулкка, зийнатга, завққа, сафога тутунмай ҳаммамиз бирдан кўзимизни очайлик. Сарф масоъи этайлик, мақсадимизни ҳосил этайлик”.

Ғулом Зафарий агар шу кунларда истиқлолни қўлга киритадиган бўлсак, Туркистон тез орада ривожланган минтақага айланади деб ишонади ва “Фикри қосиронамга кўра, 2-3 сана ичинда ҳейли таоло ва тараққий этмоғимизга аминман. Аскарларимиз майдонда саф-саф бўлиб тизилиб турса, биз турк болалари тўғриликла, садоқатла чолишайлик. Жаноб ҳақнинг ваҳдониятига сиғинайлик.

Яшасун ҳимматли бойларимиз, яшасун аскарларимиз, яшасун миллат, яшасун Ватанимиз. Маҳв ўлсун думанларимиз… қаҳр ўлсун Ватан хоинларина…1 деб халққа мурожаат этади.

Журналнинг шу сонидан Ғ.Зафарийнинг “Ишчиларга хитоб” шеъри ҳам ўрин олган. Унда халқни Мухторият ҳимояси учун майдонга чақиради ва унинг муаззам тарихини эсга олиб:

Кенглик замони, келди ишчилар,
Бизни тилагимиз аввалдан эрди(!).
Мухториятимиз эълон этилди,
Бизлардан хизмат кутадир энди.
Салоҳ устига отилинг, ишчилар,
Тариха боқинг, ким эдик бизлар.
Чингиз, Чиғатой, Темур боболар.
Бизларга салаф эди, у эрлар,
…..
Этсамиз ғайрат, яшаюр миллат.
Барқарор ўлур, бу Мухторият,
Душманга тараф юрингиз, ишчилар.
Жойланур майдонда сифуру нафир,
Бир қўлда ялов, бир қўлда шамшир.
Отни ўйнатиб, ёвга отинг тир,
Тизилинг майдонга шерлар, ишчилар2 деб ҳайқиради.

Журналнинг навбатдаги сонида Ғ.Зафарийнинг “Ғоямиз” шеъри чоп этилди. У ўз вақтида худди Мухториятнинг мадҳиясидек жаранглади, қалбида Ватан, миллат озодлиги мустаҳкам инсонларнинг дилларини янада ларзага солди.

Туғди ҳуррият куни, биз энди олға борамиз,
Шонли замон мозийимиз, керак биз эсга оламиз.
Сабза ялов кўтарилиб, майдонда ҳилпираб турар,
Турк уруғлари ҳамма ул ялов остиға борамиз.
Чалинди сифур ила санж, карнай-сурна-ю нақор,
Самоларга кўтаргумиз, ғулғулаю алъоламиз.
Душманимиз нишон этуб, ўқлар отиб, от ўйнатуб,
Найзани кўксига тираб, бағрини тиғла ёрамиз!
…..
Бу турк ўғуллари ҳамма, Туркистоннинг ҳар ерида,
Йиғилдилар ялов тутиб, у эрди бир ишорамиз.
У эрлар айтдилар “Омин”, ер ила кўкни титратиб,
Ким бўлса ёғий бизлара, дер онинг сари борамиз!
Эй, шонли туркнинг авлоди, майдонга саф тузиб тизил!
Душманимизни илкидан Ватанни қутқариб оламиз.
Бориб ёзил йигитликка, юракда бўлса ғайратинг,
“Сақла мани бўтам” деюр, бизга бул мушфиқ онамиз.
Эр ўғли йўқму даҳрда, бу бахти қаро модарнинг,
Қутқариб ола онасин, йўқса уятга қоламиз.
Ёшу қари ва барчамиз, зафар тилашиб Аллоҳдан,
Иттифоқ этсамиз агар қутқарамиз бу онамиз3.

“Ишчилар дунёси”нинг 4-сонида Ғ.Зафарийнинг “Тошкент ёшларига” деб номланган шеърий мурожаати босилди. Қўқондаги Туркистон мухторияти учун большевиклар ҳукумати хавфи тобора ошаётган бир пайтда Зафарий барчани қўлга қурол тутишга, солдатликка ёзилишга чорлаб:

Тонг отди ётма! Олам ёришди
Тездан туғар кун, ғафлатдан уйғон!
Бошқалар энди ишга киришди,
Бошингни кўтарғил кўп ётма уйғон!
….
Зиёлий, олим, фидоий ёшлар,
Иттифоқ айлаб, келингиз тездан.
Беришиб қўлни қўлга ишланглар,
Кутадир миллат, ишни сизлардан!
Сизга ишониб қилдилар эълон,
Шундоғ муқаддас МУХТОРИЯТни!
Эй, қаҳрамон турк, эй, паҳлавонлар,
Топширди сизга МУХТОРИЯТинг!

Борсиз-му ёшлар, ё йўқ-му, асло!
Бўлсанг, бўлукка боқ ғайрат ила!
Бир иш қилиб ол, вақтдир ғанимат,
Фойдаланиб қол, шундоғ замондан,
Жамъ айлаб йиғ бир ерга қувват,
Қутқор! Элингни ўзга қўллардан!4, дейди.

Афсус, минг-минглаб афсуски, тарих бу сафар музаффариятни душман пешонасига битган экан. Хўқанди латиф бир неча соатлик тинимсиз замбараклар ҳужумидан бутунлай вайронага айлантирилди. Қуролсиз тинч аҳоли, марвариддек гўзал шаҳар узра қоқ туш (13 00)дан то шом (18 30)гача артиллерия тинимсиз олов ёғдирди. Журналнинг 5-сонида Ғулом Зафарий “Ғ.З” имзоси билан ёзган “Миллий муҳорибадан бир лавҳа” ҳикоясида Ҳўқанднинг ўша машъум кечадаги ҳолини тасвирлайди. Унда “Тўлган ой кечагина бутун бўлиб бугун харобага айланган катта бир мадраса орқасидан нима бор экан деб қўрқиб мўралагандек қараб, кўчада чўзилиб-чўзилиб ётган ўликлар устига маюсона нурин сочмоқда эди.

Мўминжон бир мунча вақт ойнинг кўтарилиб бутун кўчани равшан қилмоғин кутиб тургани бир замонда ўликлар орасинда бир неча қора нарсалар ҳаракат этиб юрганин кўрди-да унларни душманлар тарафиндан ўликларни ёнида бор нарсаларин олмоқ қасдила юрган одам гумон этиб, қўрқиб ўзин бир ўлик орқасига олиб бир қанча вақт ётиб олди. Бир вақт бошин кўтариб қараса ҳамон бир жойда қўзғолмай ҳаракат этур. Шул вақт бир тарафдан яна бир нарса эмаклаб келаётгандек бўлиб, камоли қўрқувидан кўзи тиниб кўринган нарсаларни нима эканин била олмасдан қўрқув ва ҳижолатлар ила хаёли учди.

Ҳар тараф ўликлар ҳайбати, гумбур-гумбур тўплар, потр-путр пулимёт, милтиқлар овози, ҳам тилинда калимаи шаҳодат талқин этиб, бўғилган овозлари ила: Оҳ.. муқаддас Ватанимиз, хароб бўлди. Оҳ, дин, миллат… уҳ, жоним… вой болам, деб ҳар тараф инграб тўлғонган ярадорларнинг дод-фарёдига бутун атрофни даҳшат ўраб, тамоми бўшашган эди. Бирдан бир овозга чўчиб тамом бадани иссиқ-совуқ бўлиб жимирлаб қўрқувдан ўзидан кетаёзди. Базўр тўхтониб қаради-ки кўзига одам бўлиб кўринган нарсалар итлар, келган овозлар дин миллатин ҳимоя қилув учун шаҳид бўлганларнинг, бадбахт ўликларини еб қутурган итларнинг талошиб қилган ғавғолари экан.

Мўминжон қўлига бир тош олиб, итларни қувлаб ўликларни қидирмоққа бошлади. Кўрди-ки, бирин бошидан, бирин кўкрагидан, бирин биқинидан ўқ еб ўлиб ётибдир. Баъзиси қўлидан, оёғидан, ён бошидан ёрадор бўлиб, уларнинг ярасин боғлаб холидан хабар олувчи йўқ. Тўлғониб, оҳ фиғон қилиб ётибдирлар. Улар орасидан ўтиб нарироққа борса, бир неча одам тўпнинг ўқидан титилиб, таниб бўлмаслик ҳолида ётибдир. Оҳ, қандай фожиа!

Мўминжон буларни кўриб яна атрофин қўрқув даҳшат ўраб ёнига қараса бир йигит қўлида пичоқ душманин маҳкам сочидан ушлаб пичоғин бўғзига санчганича пешонасидан ҳам кўкрагидан ўқ еб баробар йиқилиб ўлиб ётибдир.

Шул ерда бу қадар инсон болаларини золимона ҳаракатларини ўйлаб бутун атрофин қўрқув даҳшат ўраган ҳолда хаёл дунёсига ғарқ бўлиб қараб қолди.

Ҳар тараф куйган, йиқилган иморатлар,. Ҳар жой ҳар жойда куйгандан қолган раста тимларнинг устунлари ила бутун шохлари куйган дарахтларнинг таналари кўринур эди. Баъзи жойда ярмиси куйиб, баъзи шохлари омон қолган дарахтлар устида ётган қарғалар бу даҳшатдан қўрқибми? Ёки ётган ҳарбзада миллий шаҳидлара мотам тутибми? Биздан “ҳайитлик” (қағ қағ) дегандек овозларига чўчиб, ўзининг бул ерга нимага келганлигин ёдидан чиқариб, бир оз ўйлаб, кўнглида бир гудир бор эканлигин сезди. Ул гудур бир нарса қидириб юрганлигин ёдига солиб, яна ул кўнглига қадар келтурган нарсасин қидирмоққа давом этди. Бирдан нарироқдан бир овоз эшитилди. Овоз қулоғига ошно туюлуб, юраги дукур-дукур тефа бошлаб яқинроқ борди.

Оҳ! Бу фалокатзада Мўминжон нимани кўрсун? Отаси! Отаси оёғидан кўкрагидан ҳам ярадор бўлиб инграб ётур. Бирдан “оҳ, отажон, сизга нима бўлди” деб устига ўзин ташлади. Отаси ўғлин овозин эшитиб, ҳолсиз бир овоз ила “ўғлим… ўғлим… сув бер… суввв…” деди.

Мўминжон отасининг ўлум ҳолатида бу ерга қўюб, у ён бу ён югуруб, ўлукларга қоқилиб, суриниб, гоҳ йиқилиб, туриб сув қидирмоқда эди. Бирдан кўрди-ки тўп ўқи ила вайрон бўлган дўкон олдида ярмиси ерга кўмилган хум турибдир. Хум олдида бир сирли хум ётибдир. Қараса хум тўла сув, хурсанд бўлиб дарҳол сир хумни сувга тўлдириб олиб отаси тарафга қараб югурди. Келиб қараса отаси жуда ҳолдан қолибдир. Отасин бошин кўтариб, “отажон, мана сув” деди. Отаси сир хумни икки қўли бирла маҳкам тутиб, кўзларин катта-катта очиб сувдан симириб ичиб, “Алҳамдулиллаҳ” деди-да, ўзин ўғлин қучоғига ташлади. Бир маротаба кўзин ола-кула қилиб, атрофга қараб узоқ нафас тортиб “оҳ… хароб… бўлди… Хўқанд…” деди-да жонин ҳаққа таслим қилди5.

Ҳа, отанинг кўзига йўқотилган мулки ҳам, хазон бўлган умри ҳам, дилбанди ҳам кўринмади. Унинг сўнгги сўзи унинг учун ҳар недан азиз муқаддас Ватани, Хўқанди Латиф бўлди. Бу ҳам Ғулом Зафарийнинг Ватан ҳақидаги фикри нақадар улуғ эканлигини орадан аср ўтибдики, исботлаб турибди.

Журналнинг энг сўнгги сонида ҳам Ғ.Зафарий ўзининг “Даъват” шеъри билан қатнашди. Шеър татар шоири Неъмат Басир ғазалига тахмис сифатида битилган бўлиб, у чархи кажрафторнинг бевафолигидан, инсонлар ўртасидаги низою ноҳақликлардан фарёд чекади:

Не учун исломи Ёраб етмаюрсан додина
Инсон авлодини золим айладинг ўз зодина.
Боқмаюрлар бир бирининг додина фарёдина,
Бор йири оҳим кўтарсам, бу жаҳон айвонина,

Неча биз ҳақ деб йиғиб, халқни қилурлар анжуман,
Ҳеч парво айламас, маҳв ўлади миллат, ватан,
Неча халқ қурбон бўлди, нечаси қолди беватан,
Ушбу бизда бор, йўқдир фақат йўл кўрсатан,
Осий ўлмишдир бутун ўз маслагу иймонина.

Эй, биродар, бу ўланлар диндошингдир, раҳм қил,
Юрган очлар дарбадар миллатдошингдир, раҳм қил,
Жон берувчи ош деб ватандошингдир, раҳм қил,
Эй биродар, навъи инсон қардошингдир, раҳм қил,
Бер қулоқ қаршингдаги мазлумлар авғонина.
Хайр этинг бу очларга, дин миллат номина,
Дўст тутан фақиру етим, соҳиб шариат номина,
Ёрдам элтинг тезликда одамият номина,
Раҳм этинг мазлумлара ҳақ ва ҳақиқат номина,
Чунки, чорлар Ҳақ сизи бир кунда ўз девонина6.

Шу жойда яна бир марта бўлса ҳам ўқувчилар учун Ғ.Зафарийнинг кейинги ҳаёт йўли ҳамда ижодий фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Ҳа, Туркистон Мухторияти большевик зўровонлари томонидан шафқатсизларча тор-мор этилди. Бироқ, миллий ҳурриятни орзу қилган ва бу йўлда курашни ўзларининг тақдири деб билган Туркистон зиёлилари бир лаҳза бўлсин ортга чекинмади. Фақат энди улар кураш усулини бироз ўзгартирадилар.

Ғ.Зафарий “Турон” жамиятининг маърифий тадбирларида Мунаввар қори Абдурашидхонов, Саъдулла Турсунхўжаев, Муҳаммад Амин Афандизода, Башрулла Хўжаев, Салимхон Тиллахонов, Комилбек Норбўтабековлар билан елкадош бўлди. Уларнинг саъйи ҳаракати билан Маннон Уйғур, Босит Қориев, Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов каби ёш иқтидорлар тарбия топди ва кейинчалик улар ўзбек санъатининг етук дарғаларига айланганлар. 1919 йил Абдурауф Фитратнинг Тошкентга келиши ҳам муҳим аҳамият касб этди. Унинг ташаббуси билан тузилган “Чиғатой гурунги” ташкилоти Чўлпон, Ғулом Зафарий, Ғози Юнус, Элбек, Мирмулло Шермуҳаммад, Қаюм Рамазон, Шорасул Зуннун, Шокир Сулаймон, Боту, Санжар Сиддиқ, Маннон Рамз, Маннон Уйғур каби кўплаб иқтидорли ўзбек ёшларининг бошини қовуштирди. Фитрат ташкилотнинг ҳар бир аъзосига фан ёки миллий санъатнинг маълум йўналишларида чуқур тадқиқот олиб боришларини тақсимлаб беради. У айниқса, ўзбек тили ва орфографияси масаласига жиддий эътибор қаратиб, бу йўлда Қаюм Рамазон, Шокиржон Раҳимий ва Элбекдек етук билимдонларнинг шаклланишида муҳим роль ўйнади. У Мажид оқсоқолнинг ўғли Уйғур учун “Ўғузхон”, “Чин севиш”, “Ҳинд ихтилолчилари” каби асарларини ёзиб берди. Ғ.Зафарий ҳам Фитратнинг таъсирида қатор саҳна асарларини ёзади. Жумладан, 1919-21 йилларда “Шарифжон”, “Эрк болалари”, “Туйғуной”, “Мозорликда”, “Чинтемур ботир” асарлари дунё юзини кўрди. Болалар учун “Қуён”, “Татибой ота”ларни ёзиб, уларда совет сиёсатининг иккиюзламаликларини кўрсатиб қўйди.

1921 йил Ғулом Зафари Бухоро Маориф халқ комиссари Қори Йўлдош Пўлодий ва Ташқи ишлар нозири Фитратлар таклифи билан Бухорога келиб, Бухоро мусиқа мактабида директор ўринбосари вазифасида иш олиб борди. 1923 йил ёзида у Тошкентга қайтиб келади ва музика техникумига мудир лавозимига тайинланади. Ғ.Зафарийнинг бу даврдаги ижодий фаолияти ҳам жуда самарали кечди. У 1927 йил Термизга ўқитувчилар курсига мудир этиб юборилади. Унинг Сурхон воҳасидаги турмуши ниҳоятда оғир бир маиший шароитда кечди. Шунга қарамай бу вақтда Ғ.Зафарий ўзининг “Кетмон чопди”, “Қора кунлар”, “Тилак” каби 5 та достонини яратади. Бироқ, улар нашр этилмай қолди.

1927 йилнинг охирида Термизга ташриф буюрган Акмал Икромов Ғ.Зафарийнинг Тошкентга қайтиши ҳақидаги илтимосини бажаради. Лекин, аллақачон Средазбюронинг “қора рўйхатига” киритиб қўйилган Ғ.Зафарий Тошкентда иш топа олмайди. Шундан сўнг у Мунавар қори Абдурашидхонов ва Мирзоҳид Мироқиловлар билан Қўқонга театр санъатини ривожлантириш мақсадида йўлланадилар. 1930 йил Ғ.Зафарий Самарқандга келиб, 1928 йил Фитрат ташаббуси Самарқандда очилган мусиқа институтда ўқув бўлими мудири сифатида иш бошлайди.

1932 йил Акмал Икромов таклифи асосида Ғ.Зафарий Ўрта Осиё драматурглари қўмитасига киритилди. Бироқ, 1932 йилнинг ёзида Ғ.Зафарий айрим кимсаларнинг чақувлари асосида қамоққа олинади ва 1933 йил совет суди томонидан 3 йилга Жанубий Сибирга сургун қилинади. Шуниси қизиқки, саҳнада қўйишга арзигулик бошқа асар топилмадими, ҳукумат раҳбарлари Ғ.Зафарийнинг беайб қамалганини тезда озод бўлишини сездиларми, ҳар қалай бу вақтда унинг “Ҳалима” асари саҳнада кетаверди. Натижада тушган гонорардан 200-400 сўмгача Ғ.Зафарийга турли йўллар билан юбориб турилди, яна 150 сўмгача пул унинг онасига берилиб, оиласи таъминотдан қийналиб қолмаслигига сабаб бўлди. 1935 йилнинг ёзида адолатсиз сургундан Тошкентга қайтган Ғ.Зафарий яна ижод оламига шўнғийди. Бу вақтда унинг “Пахта хон”, “Янги одам”, “Сайил ва тўй” асарлари ёзилди. Ҳатто, унинг “Сайил ва тўй” асари Комил Яшин номидан нашр этилиб, 1937 йилда Москвада бўлган санъат декадасида саҳнага қўйилди.

1937 йил 28 октябрь куни эндигина ўз ҳаётини йўлга қўйиб бошлаган Ғ.Зафарийни қайтадан қамоққа олиш учун қарор чиқарилди. Бу гал ҳам унга етти ухлаб тушига кирмаган айбларни илишади. Унинг ортидан хотини Марямхон ва 8 яшарлик қизи Эркинлар қон йиғлаб кузатиб қолдилар. Эндигина 2 ойлик бўлган ўғли Ботир эса ҳали бу дунёнинг даҳшатларини англашдек азобдан анча узоқда эди. Шўро жаллодлари Ғ.Зафарийдек улуғ бир мураббийнинг кимлигини англаш бахтидан мосуво бир тубан кимсалар эди. Маҳкумнинг ўзи эса аллақачон, совет жамиятидаги чиркин муҳитда тирик яшашдан кўра ўлим анча маъқулроқ деган хулосага келиб бўлган эди. Шунинг учун унинг бўҳтонларга имзосини олиш ҳам қийин бўлмади. 1937 йил 2 декабрда Ғ.Зафарий учун “Айблов баённомаси” Леонов томонидан имзоланди ва ЎзССР ИИХК қошидаги машъум “учлик” суди 4 декабрь куни уни отувга ҳукм этди. 1937 йил 28 декабрь куни ноҳақ ҳукм ими жимида ижро этилди. “Қизил империя” бўйлаб илиқлик шабадаси эсган илк кунларда, 1956 йил 17 декабрда аслида жиноят у ёқда турсун гуноҳ ишга ҳеч қачон қўл урмаган покиза инсон Ғулом Зафарий ЎзССР Прокуротураси томонидан оқланди. Бироқ, моҳиятан зулм ва зўровонлик устида бунёд этилган СССР ҳеч қачон ўз айбини тан олмади. Буни 1958 йил 15 ноябрда Ғ.Зафарийнинг қизи Сиддиқа опага берилган отасининг оқланганлиги битилган ЗАГС ҳужжати ҳам исботлайди. Унда ёзилишича, Ғ.Зафарий гўёки 10 йилга қамоққа ҳукм этилган ва 1944 йил 4 августда қамоқда жазони ижро этиш даврида вафот этган эмиш.

Дарҳақиқат, юқорида айтганимиздек, Ғ.Зафарий Туркистон мухториятининг эълон қилинишини Тошкентда катта хурсандчилик билан кутиб олди. У бутун Туркистон халқини мазкур истиқлол учқуни билан қутлаб, ўз мақолалари ва оташин шеърларида барчани истиқлолни ардоқлаш ва бу йўлда керак бўлса молу жонини фидо этишга ташвиқ этди. Мухторият қонга ботирилишидан у ҳаммадан кўп изтироб чекди. Ёшларни, халқни янада мустаҳкамроқ алоқа боғлаб Ватан озодлиги йўлида ҳаёт мамот курашига чорлади. Ғулом Зафарийнинг кейинги илмий-ижодий фаолияти асосан мусиқа маданият ва театр санъати йўналишида кетди. Аммо, унинг қалбида миллат таназзули ва истибдодига қарши кураш бир лаҳза бўлсин сўнмади. Биз Сизнинг эътиборингизга ҳавола этаётган ахборот эса Ғ.Зафарийнинг қисқагина Туркистон Мухторияти давридаги фаолияти билан боғлиқ ижоди намуналаридир. Шу ҳам Зафарий шахсининг нақадар миллат келажаги учун қайғурган, унинг ёруғ истиқболи ва истиқлоли учун жон куйдирган фидоийлардан бўлганини кўрсатиб турибди.

Баҳром ИРЗАЕВ
“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи катта илмий ходими

Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1 Зафарий Ғулом. Қувватимиз аскардир // Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

2 Зафарий Ғулом. Ишчиларга хитоб // Ишчилар дунёси. 1918 йил 17 январь.

3 Зафарий Ғулом. Ғоямиз // Ишчилар дунёси.. №3. 1918 йил 1 февраль

4 Зафарий Ғулом. Тошкент ёшларига // Ишчилар дунёси. №4. 1918 йил 1 март.

5 Зафарий Ғулом. Миллий мухорибадан бир лавҳа // Ишчилар дунёси. №5. 1918 йил 15 март.

6 Зафарий Ғулом. Даъват // Ишчилар дунёси. №6. 1918 йил 1 апрель.

Ўхшаш мақола

Туркистон мухторияти байроғи

«Туркестан – туркестанцам»

Post Views: 645 Судьба Туркистанской Автономии и Туркестанское национальное движение В условиях резкого падения авторитета …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *