Ўзбек давлатчилиги тарихида кўплаб давлатлар ва сулолалар ўтган. Тарихан қисқа муддат мавжуд бўлган Туркистон Мухторияти ҳам ўзбек давлатчилиги тарихида ўз ўрнига эга. Мухторият қисқа муддат мавжуд бўлган бўлса-да бугунги кунда ўз тадқиқотчиларига, изланувчиларига эга.
1917 йил 26-28 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида бутун Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб, унда Туркистон Мухторияти ҳукумати тузилди. Мазкур қурултойда кўрилган бир қатор муҳим масалалар қатори Мухторият халқ милициясини вужудга келтириш ҳамда Туркистонда яшовчи миллатлар тинчлигини сақлаш мақсадида миллий қўшин ташкил этиш масаласи асосий масалалар қаторидан ўрин олди1.
Мухторият таркиби 8 кишидан иборат бўлиб, Мухториятнинг ҳарбий вазири лавозимини мутахассислигига кўра адвокат бўлган Убайдулла Хўжаев (1882-1938)2 эгаллади. Кейинчалик Убайдулла Хўжаев Қўқонда бўлмаган вақтда уфалик агроном (баъзи манбаларда полковник дейилади3) Махди Чанишев 1918 йил февралда Туркистон Мухторияти ҳукуматида ҳарбий кенгаш раиси бўлган. Мухторият қўшини қўмондони вазифасини бажарди. Манбаларда келтирилишича, Махди Чанишев Қўқон воқеалари вақтида шаҳардаги тартиб ва интизомни сақлаш учун бутун милицияга бош қўмондон этиб тайинланган4.
М.Чанишев большевиклар билан бўлган жанглар вақтида алоҳида жонбозлик кўрсатди5. Мухторият бостирилгандан кейин ҳукуматнинг 15 раҳбари – М.Мираҳмедов, А.Ўрозаев, Я.Агеев, Қушбегиевлар билан биргаликда М.Чанишев ҳам Скобелев (Фарғона)га жўнашга мажбур бўлади, аммо шу куннинг ўзида улар қўлга олиниб отиб ташланади.
Мухториятнинг таянчи бўлган ҳарбий қўшин фаолияти “Улуғ Туркистон”нинг бир неча сонларида ҳам атрофлича ёритиб берилган. Жумладан, “Мухторият ҳукуматининг вазифаси”, Мухтор Бакир ўзининг “Туркистон Мухторияти ва туркистонлилар”6, “Туркистон Мухториятини барпо бўлишига куч керак”7 каби мақолаларида Туркистон Мухторияти ҳукумати олдида турган асосий вазифалар сифатида Мухториятнинг миллий армиясини шакллантириш, аскарий маҳкамалар ва ташкилотлар тузиш лозим деб ҳисобланган. “Мухторият ҳукуматининг вазифаси” номли мақолада “Мустабид чор ҳукумати вақтида Туркистонга четдан нақадар кўп қуролли аскар келтурилиб тутул эрди. Мухторият эълон қилинуб идора халқнинг ўз қўлиға кўчув ила бу аскарларга эҳтиёж битди. Шуни эътиборга олиб бўлса керак ҳозир Туркистоннинг бошқа шаҳарларида бўлғон аскарлар ҳар қайсиниси ўз ватанларига қайта бошладилар”, – деб ёзса, “Туркистон Мухторияти ва туркистонлилар” номли мақолада эса “Мухторият ва истиқболни эълон қилув мушкул эмас. Лекин они ҳаётга татбиқ қилув ва ижро этув кўп тажриба ва билимни, фидокорликни истайди. Мухториятни эълон қилув билан туркистонликлар олдига ғоят улуғ ва оғир бўлувчи ила баробар муқаддас ва масъулиятли хидматлар келуб турмақдадур. Мазкур вазифалар қаторида энг муҳим вазифалардан бири сифатида аскарий маҳкамалар ва ташкилотлар тузиш ва зобития ишларини тартиб этиш эътироф этиб ўтилади”, – деган маълумотларни учратамиз.
“Эл байроғи” газетасининг 1918 йил 26 январдаги сонида Туркистон Мухториятига катта умидлар билан қараган шоир Чўлпоннинг “Тешабой” тахаллуси остида “Мухторият эълон қилинди” номли даъватнома мақоласи эълон қилиниб, мақолада зўр умидлар билан эришилган Мухториятни Туркистон халқи ҳимоя қилиши керак деган фикрни илгари сурган8. Миллий матбуот нашрларидаги Мухториятни ҳимоя қилиш ва бу йўлда Мухторият миллий қўшини сафига даъватлар ўз натижасини берган. Фарғоналик Шомансур Алихўжаев9 ҳам Мухториятнинг миллий қўшини сафига кирган ҳамда Мухторият қўшини сафида совет ҳокимиятига қарши курашларда қатнашган. Шу сабабли Ш. Алихўжаев 1919 йилда ҳарбий трибунал қарори билан 6 йилга қамалган10.
Демак, Мухторият ҳукуматига хайрихоҳ бўлган ва ҳарбий соҳадан хабардор кишиларга мухторият тарафидан алоҳида эътибор қаратилган. Ҳатто бу жараёнга миллатидан қатъий назар бошқа миллат вакиллари ҳам жалб этилди. Туркистон Мухториятининг раиси Мустафо Чўқай ўғлининг хотираларига кўра, Қўқонда мухторият ҳарбий ишларини йўлга қўйишда уларга поляк миллатига мансуб штаб офицери ёрдам берган. Мустафо Чўқай ўғли “Ўша пайтда менинг ёнимда бир польшалик ҳарбий штаб офицери бор эди. Исмини унутиб қўйганман, бу киши аскарий ташкилотимизнинг шўъба мудири эди. Ўша бизнинг миллий ишларимизга юракдан берилган, билармон ва қобилиятли эди”11, – дея хотирлайди. Шунингдек, миллий мухторият учун кураш жараёнида мухториятчилар сафида яна бир польшалик офицер Юниша Гзовский ҳам бўлган. Ўз навбатида М.Чўқай ўз хотираларида унга ҳам ташаккурини билдириб ўтган.
Туркистон Мухторияти эълон қилиниши ҳамда ўз миллий қўшинини ташкил эта бошлаши билан Туркистонга чор Россияси даврида келган аскарлар ўз ватанларига қайта бошлаганлар. Туркистондаги 2-Сибир полки аскарлари Мухторият эълон қилиниши билан Туркистондан кетишга қарор қиладилар, бу полк таркибида ўша даврда 1500 аскар бўлган бўлса, 1-Сибир полкида эса 700 га яқин аскар бўлган12.
Мухторият эълон қилинган дастлабки кунларданоқ ҳукумат миллий армияси ҳамда милициясига рўйхатдан ўтиш бошланган13. 1918 йилнинг 9 январида Туркистон Мухторияти аскарига дастлабки ҳарбий намойиш ўтказилди. Туркистон Мухторияти аскарларини Убайдулла Асадуллахўжаев ўзи ва янги ҳукумат номидан табриклаб, “Сизлар Туркистон Мухториятининг биринчи қаҳрамонлари бўлдиларингиз, бунга фахрлансангиз арзийди, чунки сизлар Ватанга биринчи марта ўз ихтиёрингиз билан аскар бўлдингиз. Мен сизларни Мухториятли Туркистон ҳукумати аъзолари номидан табриклаб қоламан”, – дея Туркистон ёшларининг ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи нутқ сўзлади. Шу куни қуролланган қўшин сони 500 кишини, шундан 200 таси отлиқ аскарни ташкил этган. Бундан ташқари қўрбоши кичик Эргаш қўлида 50 га яқин, шаҳарда эса 150 киши мавжуд бўлган. Қатъий чора-тадбирларнинг кўрилиши натижасида Мухторият қўшинининг сони бир неча мартага кўпайтирилган14.
Туркистон Мухториятнинг озиқ-овқат вазири бўлган Обиджон Маҳмудов ўз ваколати доирасига кирган вазифадан ташқари, мухторият аскарларини қурол-яроғ билан таъминлаш масаласига ҳам катта аҳамият берган15.
Мухторият ҳукуматига ўз миллий қўшинини ташкил этишга мураккаб бир вазиятда киришган бўлиб, Туркистон аҳолиси тинчлиги ва мустаҳкамлигини таъминлашнинг таянчи ҳисобланган Мухторият ҳукумати аскарларининг таъминоти қониқарли даражада эмас эди. Таъминотнинг ёмон даражада эканлигининг бош сабаби моддий маблағнинг етишмаганлиги бўлган.
Мухторият аъзоларининг саъй-ҳаракатлари ва маҳаллий сармоядорларнинг ёрдами билан маълум миқдорда маблағ йиғилган бўлса-да, бу маблағлар Мухторият армиясининг эҳтиёжи ҳамда таъминоти учун етарли даражада бўлмаган. Мавжуд қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамасдан, Мухторият раҳбарларининг қўшин тўплаш борасида халқ орасида олиб борган тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самарасини бера бошлади. Туркистон Мухторияти аскарларининг иккинчи ҳарбий намойишигача мавжуд бўлган ҳукуматнинг мингтача аскарига яна мингта аскар қўшилиб, январь ойи охирига борганда уларнинг сони икки мингтага етказилган.
“Улуғ Туркистон”нинг 1918 йил 21 январь сонида “Ушбу январнинг тўққизида Ҳўқандда Туркистон Мухториятининг аскарина манёвр ясалған. Бир минг қадар аскар тузилган экан, ҳаммаси мулла Абдураззоқбойнинг боғига йиғилганлар. Ҳукумат нозирларидан ҳарбия нозири Убайдулла Асадуллахўжаев ила молия нозири Ислом Шоаҳмедов бориб аскарни табрик қилғонлар. Оташли нутқ сўзлағонлар. Бу манёврдан сўнг, нақ бир мингга яқин аскар йиғилиб, ҳозир муваққат қарамоғида икки минг қадар мунтазам миллий армия бор экан”16, – деган маълумот келтирилади. Бундан шундай хулоса чиқадики, Мухторият масъул раҳбарлар энди оёққа тураётган давлатнинг таянчи бўла оладиган ва ҳимоя қила оладиган ўз миллий армиясини шакллантириш учун кенг кўламли амалий тайёргарлик ишларини олиб боришган. Бундан ташқари Мухторият етакчилари томонидан ҳарбий тайёргарлиги бор, Туркистон Мухториятига содиқ фуқаролар халқ милициясига инструктор сифатида хизматга таклиф этилди17.
Буларнинг барчаси совет тарихчиларининг Мухториятчиларнинг аҳоли орасидан ўзининг армиясига ўз ҳоҳишига кўра “киришга чақирган даъвати пучга чиқди, ҳукуматнинг ҳарбий қўшини 60 кишидан иборат” бўлган, “ҳукумат қўшинига жиноятчи гуруҳлар жалб қилиниб, шундай қароқчилар ёрдамида қўшин сонини 2000 тага етказди”18, “Мухторият қўшини инструкторлари рус оқ гвардиячилари ва турк офицерларидан иборат эди, улар совет ҳокимиятига қарши курашиш учун бажонидил аскар беришга рози бўлган” деган мутлақо асоссиз хулосаларини йўққа чиқаради.
Баъзи совет адабиётларида ҳукуматнинг 60 кишилик армиясининг аксариятини кавказлик ва эронликлар ташкил қилган деган илмий асосланмаган маълумотлар ҳам кўрсатилади19.
Туркистон Мухторияти қўшинининг етакчилари, унинг миллий таркиби, Мухторият қўшини қайси давлатлар қўшини намунаси асосида бўлганлиги, тузилиши ҳақида умуман маълумотлар сақланиб қолмаган. Бир қатор тадқиқотларда ҳукумат томонидан 2000 кишилик мунтазам армия ташкил қилингани, Эргаш қўрбошининг большевикларга қарши фаолияти ёритилган холос.
Большевиклар Туркистон Мухториятининг ташкил этилишига тиш-тирноғи билан қарши эди. Аммо Туркистон Мухториятини бутунлай тугатиш учун большевиклар етарли ва қудратли ҳарбий кучга эмас эди. 1918 йил 19 январда қизил гвардия томонидан Оренбургнинг эгалланиши Москва билан алоқани вақтинча яхшилади ва Туркистонга борадиган йўлни очди. Шундан сўнг Тошкент ўзини қурол-яроғ билан таъминлаш имкониятига эга бўлди. Мухториятни тор-мор этиш учун Тошкентдан Қўқонга 300 та милтиқ юборилди. Е.А.Бабушкин Тошкентга бориб, Мухториятга қарши Қўқонга қизил гвардиячилар отрядини юборди.
Қўқонда 9 кишидан иборат Ҳарбий-инқилобий қўмита тузилди. Е.А.Бабушкиннинг илтимосига кўра, Қўқонда милиция ташкил этиш, шунингдек, Қизил армия ишини тегишли даражага кўтариш учун Тошкент Совет Ижроия Комитети бир гуруҳ вакилларни ҳам юборди20.
Дастлабки жангда Мухториятнинг миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари ҳам қатнашди. Асосан болта, чўкич, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10.000 кишига етди. Шунга қарамай, қуролсиз бу кишилар қизил аскарларнинг Қўқон шаҳрига қилган ҳужумини уч кун давомида мардонавор қайтардилар. Шу орада Мухториятчилар сафида парокандалик юз берди. 18 февралда уламоларнинг тазйиқи билан Мустафо Чўқай истеъфога чиқди ва баъзи вазирлар сингари Қўқонни тарк этди. Айрим вазирлар (Ҳ.Агаев ва б.) жангда ҳалок бўлди. Ҳукуматнинг бошқа аъзолари (О.Маҳмудов, Носирхон тўра, С.Герцфельд, У.Асадуллахўжаев, И.Шоаҳмедов) эса кейинчалик большевиклар томонидан қўлга олинди.
Туркистон ХКС 14 февралда Фарғонада ҳарбий ҳолат эълон қилди. Фарғона вилояти ижроқўми томонидан 1918 йил 18 февралда 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркак фуқароларни Мухториятга қарши ҳарбий сафарбар этиш тўғрисида махсус қарор чиқарди. Совет ҳокимияти маҳаллий аҳоли вакилларини Мухториятга қарши ҳарбий ҳаракатларга жалб этиш мақсадида уларни ҳарбий таълимга ўргата бошлади. Сафарбар этилганларга ҳар куни икки соатдан ҳарбий таълим берилиб, кечқурунлари шаҳарлардаги патрул хизматида ишлаганлар21.
Туркистон Мухторияти ҳукумати атиги 72 кун умр кўрган бўлса ҳам, у эрксевар халқимизнинг миллий мустақиллик ва истиқлол учун курашга даъват этди. Туркистон Мухториятининг ағдарилиши эса совет Россиясининг Туркистонга нисбатан тажовузкор ва мустабид сиёсатининг дастлабки кўриниши эканлигини намоён этди.
Хуллас, Туркистон Мухторияти учун кучли ва профессионал миллий қўшин жуда зарур эди. Келгусида у Мухториятнинг таянчи ва суянчи, ҳимоячиси бўлиши лозим эди. Аммо қисқа фурсатда замонавий қуролланган большевикларнинг ҳарбий кучлари: қизил гвардиячилар отрядлари ва арман дашноқлари дружиналарига тенг келадиган ҳарбий қўшин йиғишнинг умуман иложи йўқ эди. Ўз вақтида Т.Рисқулов ҳам ўзининг “Инқилоб ва Туркистоннинг ерли халқлари” китобида “Қўқон ҳукумати ҳарбий кучга муҳтож эди”, – деб ёзган эди. Мавжуд қийинчиликлар, муаммоларга қарамасдан Мухторият аъзолари ўзининг миллий қўшинини ташкил эта олди, аммо уни сифат жиҳатидан юқори даражага кўтара олмади. Аммо шундай бўлса-да, Мухторият миллий қўшини сафига маҳаллий миллат вакилларининг келиб қўшилиши Россия империяси даврида узоқ вақт ҳарб ишига яқинлаштирилмаган бўлса-да, уларда жанговарлик, ватанпарварлик, ҳарбий санътнинг йўқолмаганлигини кўрсатади.
Эркин РАДЖАПОВ
Ўзбекистон ФА “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи воиз-экскурсоводлар раҳбари
1 Мухтор Бакир. Туркистон мухториятининг барпо бўлишига куч керак // Улуғ Туркистон, 1917 йил, 8 декабрь.
2 Убайдулла Хўжаев (тўлиқ исми Убайдуллахўжа Асадуллахўжа ўғли) – дастлабки ўзбек адвокатларидан бири, журналист, жадидлар ҳаракатининг етакчиси. Февраль инқилобидан кейин Бутунроссия мусулмонлари I ва II съездларининг делегати. Советлар даврида бир неча марта қамоққа олинди ва сургун қилинди. 1938 йилда сургунда вафот этган. Бу ҳақида қаранг: Ўзбекистоннинг янги тарихи. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. 2-китоб. – Тошкент, Шарқ. 2000. – Б.18.
3 Алексеенков П. Кокандская автономия. – Ташкент, Узгиз. 1931. – Ст.26.
4 Кичик хабарлар: мухторият аъзолари // Улуғ Туркистон, 1918 йил, 21 март.
5 Хабарлар // Улуғ Туркистон, 1918 йил, 28 февраль.
6 Туркистон Мухторияти ва туркистонликлар // Улуғ Туркистон. 45-сон. 1917 йил 20 декабрь.
7 Туркистон Мухториятини барпо бўлишига куч керак // Улуғ Туркистон. 48-сон. 1917 йил 24 декабрь.
8 Тешабой. Мухторият эълон қилинди // Эл байроғи. 18 сон. 1918 йил 26 январ
9 Шомансур Алихўжаев – 1887 йилда Фарғонада имом оиласида туғилган. 1917 йилга қадар бир мунча вақт миршаб бўлиб хизмат қилган. 1937 йил 7 апрелда “Иттиҳод ва тараққий” ташкилотига аъзоликда айбланиб қамоққа олинган. Манба: Қор қўйнида лолалар. Масъул муҳаррир. Б.Шарипов. – Тошкент, Академия. 2001. –Б.100.
10 Каримов Н. Сабоҳат Раҳматова // Қор қўйнида лолалар. Масъул муҳаррир. Б.Шарипов. – Тошкент, Академия. 2001. –Б.100.
11 Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари). – Тошкент, Ғафур Ғулом. 1992. –Б.50.
12 Иккинчи пўлқнинг қарори // Улуғ Туркистон. 45-сон 1917 йил 20 декабрь.
13 Свободный Туркестан, 1918, 15 февраля.
14 Мадьярова С. Туркистон мухторияти миллий армияси масаласини ўрганилишига доир // Ўзбекистон тарихи, 2006 йил, 1-сон. –Б.68.
15 Каримов Н. Ўзбекнинг биринчи тоғ-кон муҳандиси // http://n.ziyouz.com/maqolalar/naim-karimov-o-zbekning-birinchi-tog-kon-muhandisi
16 Мухторият ҳукуматининг аскари // Улуғ Туркистон. 54-сон. 1918 йил 21 январь.
17 Абдуллаев Р. Туркестан в 1917 году: национальное движение и военный вопрос // Ўзбекистон тарихи, 2002 йил, 1-сон. –С.41.
18 Иноятов Х. Ш. Октябрская революция в Узбекистане.– Москва, Госполиздат. 1958. – Ст.264.
19 Алексеенков П. Кокандская автономия. – Ташкент, Узгиз. 1931. – Ст.44.
20 Воскобойников Э.А., Серий Я.М. Ефим Адрианович Бабушкин. –Тошкент, Ўзбекистон. 1962. –Б.38.
21 Победа Советской власти в Средней Азии и Казахстане. – Ташкент, Фан. 1967. – Б.591.