РТВЕЛАДЗЕ Эдвард Васильевич (1942 йил 14 май) – археолог-тарихчи олим. Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги (1995), тарих фанлари доктори (1989), профессор (1992). Грузиянинг Боржоми шаҳрида туғилган. 1962 йилдан Тошкентда. ТошДУни тугатган (1967). Ўзбекистон Санъатшунослик илмий-текшириш институтида илмий ходим (1969–76), катта илмий ходим (1976–85), санъат тарихи бўлими мудири (1985 йилдан). Илмий ишлари Ўрта Осиёнинг қадимий ва ўрта асрлар тарихи, археологияси, нумизматикаси, эпиграфикаси, санъати, маданияти тарихини ўрганишга бағишланган. Тошкент шаҳридаги археологик ёдгорликларни тадқиқ этган. Чоч тарихи ва нумизматикасига оид асарлар муаллифи. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1985), Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (2007) лауреати. «Буюк хизматлари учун» (2001), «Меҳнат шуҳрати» (2003) орденлари ва Грузиянинг «Гирсебис» («Рицарлик шарафи») (2001), Грециянинг «Буюк Константин» (2006) орденлари билан мукофотланган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил