Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Жиззахдаги “тошкентликлар” ҳақида мулоҳазалар

Жиззахдаги “тошкентликлар” ҳақида мулоҳазалар

Ёзма ва археологик манбалар таҳлилига кўра, Чоч (Шош) тарихий маданий ўлкаси қадимдан узоқ-яқин, ўлка ва мамлакатлар билан узвий равишда сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Бундай ўзаро алоқа, ҳамкорлик муносабатларидан Чочнинг жануб томонидаги қўшниси Уструшона ҳам истисно бўлмаган. Давлат тизими ва бошқарув, ишлаб чиқариш ва савдо, моддий ва маънавий ҳаёт борасида Чоч билан Уструшона ўртасидаги ўзаро алоқалар ўрта асрларда (V-VIII; IX-XII) кучайган ва деярли турғун ҳолатни касб этган. Кейинчалик, соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даврида, айниқса, Ўрта Осиё хонликлари замонида Сирдарёнинг чап қирғоқ ўлкалари, Жиззах шаҳри ва унинг теграсидаги (собиқ Уструшонанинг Фағнон рустоқи ва унинг бош шаҳри Дизак) кентларига Тошкент воҳасининг маданий таъсири “бошқачароқ”, хусусан, демографик жараёнлар кўринишида содир бўлган.

Жиззах шаҳри маҳаллалари тарихи бўйича ўтказилган изланишлар натижасида хонликлар даврида, ҳақиқатдан ҳам, маҳаллаларнинг шаклланишида Тошкент воҳасининг таъсири салмоқли бўлганлиги аниқланди. Буни маҳалла аҳлининг асли келиб чиқиши Тошкент воҳаси билан боғлиқ эканлиги номидан ҳам кўриниб турган “Тошкентлик”, “Оққўрғонлик”, “Мўлканлик” каби маҳаллалар тарихи мисолида кўриш мумкин.

Археологик тадқиқотлардан маълумки, Жиззах шаҳрининг қадимги ўрни Қалиятепадаги ҳаёт XV асрнинг охири — XVI асрнинг бошларида ундан чамаси 6 км шимоли-ғарбда қад ростлаган Ўрдага кўчади. XVI асрдан бошлаб Ўрдани ўз даврининг мукаммал шаҳар ва ҳоким қароргоҳи мақомига айлантириш учун маҳаллий амалдорлар кўп саъй-ҳаракатлар қилишган. Ўрда шаҳристони ва аркининг умумий майдони қарийб 100 га.ни эгаллаган. Баланд кунгирадор мудофаа деворлари билан ўралган. Чор атрофига ҳандақ қазилиб сув билан тўлдирилган, “Тошкент”, “Ўратепа”, “Самарқанд” номлари билан аталувчи учта дарвозаси мавжуд бўлган.

XVI аср иккинчи ярми ва XVII асрда Жиззах Ўрдаси аҳолиси бир қадар кўпаяди. Бунга асосан сунъий демографик жараёнлар сабаб бўлади. Қўшни вилоятлар, ҳусусан, Тошкент воҳасидан турли сабабларга кўра кўчиб келган аҳоли ҳисобига Ўрда қўрғони ичида янги маҳаллалар ташкил топади. Шаҳар атрофидаги деҳқончилик ва боғдорчилик мавзелари кенгаяди, улардаги дала ҳовлилар ҳисобига обод қишлоқлар шакллана бошлайди. Шу даврдан бошлаб Жиззах Ўрдаси маҳаллалари касб-кор ҳусусиятларига кўра (Кулоллик, Совунгарлик, Заргарлик…), уруғ ва этноним номлар (Қанғли, Қипчоқ, Сарой, Эрони…) ва қўшни шаҳар, туман, қишлоқлар номи билан (Тошкентлик, Оққўрғонлик, Мўлканлик, Ўратепалик…) аталувчи маҳаллаларга бўлинган. XV-XVI асрларда айнан шундай тарихий жараёнларни Тошкент шаҳри мисолида ҳам кўришимиз мумкин1.

Ҳозирги пайтда “Тошкентлик” маҳалласи Жиззах шаҳрининг шимолий қисмида, Ўрданинг ён атрофида жойлашган. Ўз номидан кўриниб турганидек, маҳалла аҳлининг келиб чиқиши асли Тошкентдан бўлган. Ахборотчиларнинг маълумотларига кўра, тошкентликларни Жиззахга келиб қолишларига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Тошкент ҳокимининг улуғ ёшдаги пири муршиди мурид овлаб Жиззахга келган ва анча муддат у ерда қолиб кетган. Ўз пири сиҳат-саломатлигидан хавотирга тушган ҳоким Жиззахга мулозимларини юборади ва пирни Тошкентга олиб келишни тайинлайди. Иттифоқо, мулозимлар етиб келиб, пир билан кўришгандан бир кун кейин тунда пир тўсатдан вафот этади. Пир вафот этиши олдидан уни Жиззахга дафн этишларини васият қилади. Жиззах халқи катта эҳтиром билан пирни Ўрданинг шимоли-ғарб томонидаги қабристонга дафн этишади. Шундан бошлаб бу қабристон “Тошкентлик” қабристони деб номланади.

Кўп ўтмай, пирнинг Тошкентдаги кўп сонли қавм-қариндошлари ва муридлари Жиззахга кўчиб келишади ва пир дафн этилган қабристон атрофига жойлашадилар. Шу тариқа, Жиззахда “Тошкентлик” маҳалласи бунёд этилади. “Тошкентлик” маҳалласи одамлари дастлаб, асосан, деҳқончилик, боғдорчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланишган. Уларнинг яшаш жойлари қўрғон ҳовли ва дала ҳовлида бўлган. Яъни асосан кеч куз ва қиш ойлари Ўрда шаҳристонидаги ўз маҳаллаларида, деҳқончилик, боғдорчилик ишлари билан машғул бўлиб баҳор, ёз ва эрта куз ойларида эса шаҳар атрофидаги дала-ҳовлиларда яшашган. Уруш ҳаракатлари содир бўлганда Ўрда қўрғони ичида жон сақлашган. Жиззах шаҳри аҳолисининг бу хилдаги ҳаёти ва турмуш тарзи Тошкент аҳолисининг ўша даврдаги ҳаёти билан ниҳоятда ўхшашдир2. Кейинги даврларда тошкентликлар Жиззах бозорини савдо моллари билан тўлдиришда фаол саъйҳаракатни амалга оширишган. Ёзувчи Н.Сафаровнинг XX аср бошларидаги Жиззах аҳолиси бўйича келтирган маълумотда қайд этилишича, Жиззахда “Тошкентлик” элининг нуфузи катта. Бу элнинг шаҳарга яқин турадиганлари деярли ҳаммаси савдосотиққа омил, “озор пичоғи”, баззозлик, атторлик, ип-ипак, чой, ширинлик, от-арава жабдуғлари, жун, кигиз-гилам сингари товар савдолари шуларнинг қўлларида. Булардан ташқари, кавуш-маҳси, мўкки (тош тавон), кийим-кечак тикувчи, ҳунарманд, косибларнинг ҳам аксарияти “тошкентликлардир”3.

Самарқанд маҳаллалари тарихи билан шуғулланган олим М. Абрамовнинг ёзишича, Самарқанддаги “Тошкенти” (Тошкентлик – М.П., А.П.) маҳалласи ХVIII асрда Тошкентдан кўчиб келган аҳоли ҳисобига бунёд этилган. Самарқанддаги “тошкентлик”лар ҳам худди Жиззахдаги ҳамшаҳарлари сингари катта нуфузга эга бўлишган. Улар ҳунармандчиликнинг пойафзал, гиламдўзлик, тикувчилик, ёғоч устакорлиги билан шуғулланишган4.

“Мўлканлик”номи билан аталувчи маҳалла Жиззах шаҳрининг икки мавзеида жойлашган бўлиб, улар “Қалия мўлканлик” ва “Чўл мўлканлик” номлари билан аталади. “Қалия-мўлканлик” маҳалласи шаҳарнинг шарқий қисмида, Ўрдадан 3,5-4 км масофа узоқликда, “Чўл-мўлканлик” маҳалласи эса шаҳарнинг шимолий қисмида Ўрдадан 1,0- 1,2 км узоқликда жойлашган. Ахборотчилар ва маҳалла оқсоқолларининг берган маълумотларига кўра, бу икки мўлканлик аслида бир уруғ, бир ота-онадан тарқалган эл бўлган. Мўлканлик элининг асли келиб чиқиши Тошкент шаҳридаги Арпапоя маҳалласидан бўлган.Кейинчалик, Тошкент ҳокимининг фармони билан бу элнинг бир қисми Чиноз тумани Ниёзбоши қишлоғи атрофидаги Мўлкан номи билан аталувчи мавзега, қолган қисми Эски Қовунчи қишлоқ атрофига кўчирилган5.

Кейинчалик, Бухоро хонига кўрсатган ҳарбий хизматлари эвазига хон, уларга Жиззахдан жой ҳадя этган ва аҳолининг катта қисми “Мўлканлик” номи билан Жиззахга кўчган. Ҳозирда ҳам мўлканликлар билан Ниёзбоши, Қовунчи аҳолиси ўртасида қавмқариндошлик ришталари сақланиб қолган. Айтишларича, 50-60 йил аввал бундай борди-келдилар Тошкентдаги қондошлар Арпапоя, Сағбон маҳаллалари билан ҳам мавжуд бўлган. Жиззах қўзғолони (1916 йил) ва ундан кейинги очарчилик йилларида мўлканликларнинг бир қисми Тошкент, Ниёзбоши ва Қовунчидаги қариндошлари ҳузуридан паноҳ топишган.

Мўлканликларни Жиззахга келиб ўрнашгандан сўнг иккига ажраб кетишларининг ҳам ўзига хос тарихи бор. Айтишларича, дастлаб улар Қалиятепага (атрофига) келиб жойлашган. Бу даврда Қалиятепа Жиззахнинг бош қалъаси бўлиб фаолият кўрсатган. Турмуш тарзи деҳқончиликка асосланган мўлканликлар Қалиятепа атрофидаги очиқ ерларни ўзлаштириб экинзор ва боғ-роғларга айлантиришган. Кейинчалик, аҳоли сони ўсиб экин ерлари тахчил бўлиб қолганда, аҳолининг бир қисми Жиззахнинг шимолиғарб томонидаги чўл ерларни ўзлаштиришни бошлаган. Вақти келиб чўлда мўлканликлар қишлоқ барпо этиб, муқим яшай бошлашган ва шундан Қалиятепа атрофида қолган аҳоли “Қалия-мўлканлик”, чўлда яшаб қолган аҳоли “Чўл-мўлканлик” деб аталиб кетган.

Мўлканликларнинг миришкор деҳқон, уста боғбон, чорвачиликнинг бўрдоқичилик соҳаси билан шуғулланганлари ҳақида Н.Сафаров ҳам ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган6.

Эътиборга молик томони шундаки, мўлканликларнинг макони Ниёзбоши мавзейи яқинидаги Мўлкан қишлоғи ҳақида ёзма манбаларда ҳам маълумотлар бор. Хусусан, «Мусаххир ал-билод», («Мамлакатларнинг фатҳ этилиши») асарида ёзилишича, Мўлкат Сирдарё бўйидаги муҳим, ҳарбий стратегик қалъалардан бири бўлган7.

Шунингдек, Муҳаммад Солиҳ қаламига мансуб «Шайбонийнома» нинг «Имом уз — замон, халифат ур-раҳмоннинг Хоника хоннинг вилоятларин, Шоҳрухияни чоптурғони» бобида Шайбонийхон лашкарлари билан музлаб ётган Сирдарёдан ўтиб Шоҳрухияни ва Мўлкентни вайрон қилганлиги қуйидагича ёзилган.

Ким, яна Сирни ўтубон лашкар,
Ошлиқ олғой тевасига яксар.
Яна хон айлагач ул навъ хаёл,
Яна Сир бўлди черикига паймол.

Мўлкент устига йўл солдилар,
Бўлғой ошлиқларин олдилар.
Кўнгул ошлиқ соридин жамъ ўлди
Мўлкент эли вале соврулди8.

Демак, муаллиф таъкидлаганидек, бу воқеа Шайбонийхон Самарқандни Бобурдан тортиб олгандан сўнг, яъни 1501-1502 йилнинг қиш ойларида содир бўлган. Мўлкент эли бутунлай соврулган, таланган ва омон қолганлари турли томонга тарқаб кетган.

Авлоддан-авлодга, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган бу маълумотларда қанчалик тарихий ҳақиқат мавжудлигини эндиликда аниқлаш қийин. Лекин, юқорида «Мўлканлик» маҳалласи бўйича ёзилган фикрлар, яъни ушбу аҳоли туркуми аввал Тошкентда, сўнг Ниёзбоши ва Қовунчида яшагани, сўнгра Жиззахга кўчгани тарихий фактдир.

Мўлканликларнинг ҳам Жиззах Ўрдасида қишки турар жойлари, маҳаллалари мавжуд бўлган. Деҳқончилик пайкаллари ва ёзги дала ҳовлилари шаҳарнинг ғарбий ва шимоли–шарқий қисмида жойлашган. Мўлканликларнинг “Жиловдор ота”, “Хожа Ғозиён” ва “Қалия” қабристонлари Жиззах шаҳридаги энг кўҳна қабристонлар ҳисобланади.

“Оққўрғонлик” маҳалласи Жиззах шаҳрининг шимоли-шарқ қисмида, Ўрдадан 0,8- 1,0 км масофа шарқ томонда жойлашган. “Оққўрғонлик” маҳалласи оқсоқоллари ва ўтмишни яхши билувчи отахонларнинг айтишларича, маҳалла аҳлининг бобокалонлари Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги Шоҳрухия атрофидан кўчиб келган. Улар ўзбекларнинг юз уруғига мансуб. Асосий иш-юмушлари ўтроқ деҳқончилик бўлган. Айтишларича, оққўрғонликлар Жиззахга Бухоро хони томонидан кўчирма қилинган. Жиззах Ўрдасида уларнинг маҳаллалари, Ўрда ташқарисида дала ҳовлилари мавжуд бўлган. Маҳалла аҳли ва экинзорларини Жиззахнинг 12 та ариғидан бири Қулниёз ариғи сув билан таъминлаган.

Таъкидлаш лозимки “Тарихи Шоҳрухия”да Бухоро хони Абдуллахон II (1557-1598 й.) томонидан Шоҳрухия аҳолисини Мовароуннаҳрнинг марказий қисмига кўчирилганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Ушбу маълумотлар “Оққўрғонлик” маҳалласи оқсоқоллари айтган, оғиздан-оғизга ўтиб бизгача етиб келган маълумотларга тўғри келади. Маҳалла аҳолисининг Тошкент Оққўрғонидаги уруғ-аймоқлари билан алоқалари ҳозирги кунда деярли тўхтаб қолган.

Шундай қилиб, ёзма манбалар, этнографик ва ахборотчилар маълумотлари таҳлилига кўра, хонликлар замони, хусусан Шайбонийлар давридан бошлаб Жиззах (Ўрда) маҳаллалари шаклланишига бирмунча аниқликлар киритила бошлаган. Бу даврда воҳанинг катта қисмига юз, қирқ уруғлари келиб ўрнашган9. Улар Ўрданинг ички ва ташқи маҳаллалари ташкил топишида фаол иштирок этишган. “Тошкентлик”, “Мўлканлик”, “Оққўрғонлик” маҳаллаларини айнан шу даврда, XVI асрнинг иккинчи ярмида ташкил топган деб айтиш мумкин.

XVIII асрнинг сўнгги чорагида Амир Шоҳмурод (1783-1800) даврида аҳолиси камайиб кетган Самарқанд, Миёнқол, Каттақўрғон, Жиззах шаҳарларига турли ўлкалардан аҳолини “оқ уйли” қилиб кўчириб келиш сиёсати ўтказилади10. Жиззахга, асосан, Ўратепа, Ховос, Хўжанд тарафлардан аҳоли кўчириб келтирилган.

XIX аср биринчи ярмида Бухоро ва Қўқон, Қўқон ва Тошкент ўртасида қирғинбарот жанглар кўп марта содир бўлган. Бетўхтов жанглардан азият чеккан аҳоли нисбатан тинч, Бухоро амирлиги тасарруфидаги Жиззах Ўрдаси атрофига келиб ўрнашган. Хусусан, Тошкент воҳасидаги Бекобод шаҳри атрофидан қирқ уруғига мансуб аҳоли туркуми Жиззах Ўрдасининг жануб томонидаги Илонўтти дараси ҳудудига келиб жойлашган. Жойнинг географик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирда “Шариллоқ” ва “Желли-Ғули” (Ел тегирмон — П.М., П.А.) номлари билан аталувчи ушбу маҳаллалар аҳолисининг Ўрда ичида қўрғон ҳовлилари бўлмаган. Чунки, ушбу аҳоли туркуми Жиззахга келган даврда Ўрда шаҳристони тўлиқ маҳаллалар билан банд бўлган.

Тошкент шаҳри ва воҳасидан турли даврларда, турли тарихий жараёнлар натижасида Жиззахга кўчиб келган аҳоли вақт ўтиши билан маҳаллий халқларга сингишиб кетганлар. Улар Жиззах шаҳрининг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти тараққиётига ўзларининг муносиб улушларини қўшганлар.

М.Ҳ. Пардаев, А.Ҳ. Пардаев

Мысль о «ташкентцах», живущих в Джизаке

В статъе анализируются новые данные и источники о переселении из Ташкента в Джизак. Исследованы жизнь, хозяйственная и социальная деятельность переселенцев. Показана историческая роль ташкентцев в судьбе местного коренного населения Джизака в прошлом нашей страны.

M.H. Pardaev, A.H. Pardaev

Idea About «The Таshкеntians in Djizak»

In given article the new data and sources are considered on how people from Tashkent to Dzhizak moved which have received the name mahalla «the таshкеnts» have moved. Life, economic and social activity, and also a historical role of the таshкеnts in destiny of local indigenous population of Dzhizak are comprehensively investigated in the past of our country here.

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

1 Алимова Д.А., Филанович М.И. Тошкент тарихи (Қадимги даврлардан бугунги кунгача). Тошкент: ARTFLEX, 2007. 43-44 — бетлар

2 Ўша асар. 54-55 — бетлар

3 Сафаров Н. Наврўз. Тошкент: Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1977. 30-бет

4 Абрамов М.М. Гузары Самарканда. Ташкент: Фан, 1989. С. 25-26; Мукминова Р.Г. Очерки по истории ремесла в Самарканде и Бухаре в ХVI веке. Ташкент: Фан, 1976. С. 120

5 Пардаев А.Ҳ. Жиззах беклиги Ўрта Осиё хонликлари даврида (XVI асрдан XIX асрнинг 60- йилларигача): тарих фан. номз. дисс. авфтореферат. Тошкент, 2004. 19-20-бетлар

6 Сафаров Н. Наврўз. Тошкент, 1977. 30-бет

7 Аҳмедов Б. Тарихдан сабоқлар. Тошкент: Ўқитувчи, 1994, 430-бет

8 Муҳаммад Солиҳ. Шайбонийнома. Тошкент: F.Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989. 130- бет

9 Шаниязов К.Ш. Некоторые вопросы этнической динамики и этнических связей узбеков в XIV-XVIII вв. // Материалы к этнической истории населения Средней Азии. Ташкент: Фан, 1986. С. 83-93

10 Абу Тоҳирҳожа Самарқандий. Самария. «Мерос» туркуми. Тошкент: Камалак, 1991. 335-бет

Ўхшаш мақола

Первая мировая война и ташкентцы

Post Views: 2 341 Начало первой мировой войны на территории Российской империи сопровождалось усиленной патриотической кампанией …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *