Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Сузукота маҳалласи

Сузукота маҳалласи

Шу маҳалла фаолларидан бўлмиш Асқархожи Обидов тўплаган маълумотларга кўра маҳалланинг асосчиси Сузукота (Мустафоқул) XII асрнинг ўртаси XIII асрнинг бошида яшаган. Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли Мустафоқул 1140 йилда Сайрамда таваллуд топган. Болалик чоғида бобоси Аҳмад Яссавий хизматига борганда, бобосининг назар мубораклари тушиб, муҳаббат ила: “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”- деб қарши олганлар.

Шу-шу, Мустафоқулни яқинлари Сузук деб атай бошлайдилар.

Отаси Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг йўлланмаси билан бу маҳаллага келиб, турғун бўлиб яшаб қолган. Кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш ва обод қилиш учун Сузукота туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ва яқин биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана қилиб берилгач, илм ва ҳунарни кенг оммага жорий қилишни бошлаб юборишган.

Маҳаллани хўжалар маҳалласи, баъзан усталар маҳалласи деб ҳам аташган. Кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузукота 1240 йили вафот этган. Шундан бери бу жой Сузукота маҳалласи деб аталиб келинган.

Буюк саркарда Амир Темур Тошкентда кўплаб масжид-мақбаралар қурдирганида Яссавийнинг эрка набираси Сузукотага ҳам атаб мақбара масжид ва мадраса бунёд эттирган.

[nggallery id=11]

XX асрдан бошлаб маҳалла номи бир неча марта “Бауман”, “Қахрамон” ва “Обод” деб ўзгартирилган. Мустақилликдан сўнг, 1992 йилдан бошлаб қайтадан Сузукота маҳалласи деб атаб келинмоқда. Бу маҳалла таркибига 1945 йилдан кейин “Чақар” маҳалласи қўшилган бўлса, энди атрофдаги “Андижон”, “Мирлар”, “Миср”, Чўпонота” ва “Чўқур кўприк” маҳаллалари ҳам қўшилди.

Маҳаллада бир қанча кўҳна обидалар мавжуд бўлиб, улар:
1. “Чўпонота” маҳалласи масжиди (XII аср);
2. “Сузукота” жоме масжиди (XIV асрнинг охири);
3. “Андижон” маҳалла масжиди (1817 йилда қурилган);
4. “Чақар” маҳалла масжиди (1820 йилда қурилган);
5. “Чуқур кўприк” маҳалла масжиди (1850 йилда қурилган);
6. “Сузукота” мақбараси;
7. Шогирдлари дафн этилган сағана-даҳма;
8. Йўлбарсли ота сағанасидир.

Бундан ташқари маҳалла ҳудудида қадимий қўшсинчлик, тоқилик уйлар сақланиб қолган.

Сузукота уста-ҳунармандларнинг пири, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган зотдир. Унинг вафотидан кейин усталар маҳалласи Сузукота номи билан атала бошланган.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Маълумот учун («Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил):

СУЗУКОТА (Мустафоқул) – Бешёғоч даҳасидаги қадамжолардан бири. Тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишига қараганда, бу даҳада Сузукота мақбараси жойлашган. Сузукотанинг насаби Ҳакимотага тақалган. «Ҳужжат ул зокирин» асарида бу шахс «Суқсуқота» номи билан ҳам тилга олинган. Унинг асл исми шайх Мустафоқули бўлиб, Сайрамда туғилганлиги таъкидланган. Шарқшунос А.Носиров маълумотига кўра, Сузукота Исмоилотанинг кенжа ўғли бўлган. Бошқа бир маълумотга кўра, Мустафоқул 1140–1217 йилларда яшаган; Аҳмад Яссавийнинг Гавҳари Хуштож исмли қизининг кенжа фарзанди бўлган. Балоғатга етгач, Тошкентнинг Бешёғоч даҳасидаги Чуқуркўприк, Мирлар ва Чақар маҳаллалари оралиғидаги жойларга келиб ўрнашган. Сузукота уста ҳунармандларнинг пири бўлиб, кейинчалик у яшаган усталар маҳалласи Сузукота номини олган.

СУЗУКОТА ЖОМЕ МАСЖИДИ (Сузукота кўчаси, 50) – қадимги масжидлардан бири (1392). Амир Темур томонидан масжид, мадраса ва мақбара қурдирилган деб ҳисобланади. 1998 йил 18 сентябрда Адлия бошқармаси рўйхатидан ўтган. Масжиднинг хонақоҳ ва айвонида 650–700 намозхон намоз ўқиши мумкин. 1985–90 йилларгача шаҳардаги энг катта гумбазли (диаметри 10 м) масжид деб аталган.
1930 йил ҳайит намозидан кейин масжид-мадраса ёпилган ва металл буюмлар корхонасига айлантирилган. Мадраса ҳужралари буздирилиб, ўрнига икки қаватли корхона идораси ва омборхонаси қурилган.

Мустақиллик арафасида корхона бошқа ерга кўчирилиб, вайрона ҳолатдаги бино маҳалла ихтиёрига берилган. Маҳалла усталари очган «Шош» кичик корхонаси ҳунармандлари ва маҳалла аҳли ёрдамида таъмирланиб, 1996 йил рамазон ойидан масжид ўз фаолиятини бошлаган. Масжидда қадимда «Сузукота маҳалласи»дан ташқари қўшни «Самарқанд дарвоза» маҳалласининг бир қисми, Чорсу даҳасидаги уйлар, «Ўқчи», «Каттабоғ», «Гулобод» маҳалла аҳолиси ва «Жар» спорт мажмуаси атрофидаги ҳунармандлар намоз ўқийдилар.

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан Сузукота мақбарасида кенг қамровли таъмирлаш ишлари олиб борилди (бу ишлар 2009 йил май ойига қадар якунланди).

СУЗУКОТА МАҲАЛЛАСИ (Сузукота кўчаси, 50) – Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла. «Каттаҳовуз», «Эшонгузар», Зангиота маҳаллалари билан чегарадош. Сузукота номига қўйилган. Маҳалла 1940 йилгача ушбу ном билан аталиб келинган. Сўнгра «Коминтерн», «Бауман», «Қаҳрамон», «Обод» деган номлар билан юритилган. 1991 йил охиридан яна ҳозирги номда аталади. 2004 йил маҳалланинг янги гузари бунёд этилди. Аҳолиси 3698 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, рус, татар, қозоқ, уйғурлар ҳам яшайди. Маҳалла ҳудудида Сузукота жоме масжиди бор.

Ўхшаш мақола

Тошкент қозилари

Post Views: 915 Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар …

Битта мулоҳаза

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *