Бош саҳифа » Тошкентнома » Бешёғоч даҳаси. Арпапоя, Эски Ўрда, Қоратош ҳаммоми, Чақар, Янги маҳалла, Чорсу

Бешёғоч даҳаси. Арпапоя, Эски Ўрда, Қоратош ҳаммоми, Чақар, Янги маҳалла, Чорсу

Арпапоя Чақардан бир мунча шарқроқдаги жойлар Ўрпапоя, яъни «жар қобоғининг этаги» деб юритилган. Чунки шаҳардан ташқарига жойлашган бу ерлар жарликдан иборат бўлиб, у ерда кейинги асрларда ташкил топган маҳалла тошкентликлар ўртасида Арпапоя номи билан шуҳрат топган (А.Муҳаммаджонов). Ҳозирда Муқимий номли театр биносидан бошланувчи бир кўчанинг номи Арпапоя номида сақланиб қолган.

Эски Ўрда Археологик топилмаларнинг гувоҳлик беришича, XV—XVI асрларда Тошкент жанубга – Бешёғочга, ҳамда шарққа Шайхонтоҳурга томон кенгайиб борган. Шу даврда Қоратош ва Олмазор маҳаллалари оралиғида янги ўрда барпо этилиб, унинг атрофи шаҳарнинг обод ва кўркам қисмига айланган.

Шаҳар атрофи янгитдан девор билан ўралган. XVII асрнинг бошларида Бухоро хони шаҳар билан Ўрдани бутунлай вайрон қилган. XIX асрда у Эски Ўрда номи билан машҳур бўлган. Эски Ўрдадан ҳозирги рассомчилик коллежи биноси ҳовлисида ўша даврга хос Қоратош ҳаммоми харобалари 2000 йилгача сақланиб келган. Маҳалланинг қадимги номи шундан. Маҳалла қарияларининг гапига кўра Тошкент хони ўрдаси бу ҳудудга кўчган даврда шу ердан ўтган кўчага тош ётқизилган. Маҳалланинг кейинги Қоратош номи шундан.

Қоратош ҳаммоми — археология ёдгорлиги (XV—XVI аср). 1981 йил Тошкент археология экспедицияси томонидан Қоратош кўчасида очилган. Қоратош ҳаммоми даҳлиз, миёнсарой, унинг асосий ўқлари бўйлаб жойлашган хоналар қадимги анъанавий шарқ ҳаммомлари тархида қурилган. Деворлар ганч билан, супа тепасидаги деворлар гулдор сирли сопол парчаси билан безатилган. Қоратош ҳаммоми шаҳарнинг нуфузли кишиларга мўлжалланган бўлиб, шу ерида жойлашган ўрда иншоотлари мажмуига кирган. Ҳозир ҳаммом ўрнида республика рассомчилик коллежи қурилган.

Шарқда, хусусан Тошкентда ҳаммом қуришга алоҳида эътибор берилган. Ўрта асрларда ҳаммом нуфузли шахслар учун ўрда таркибида, раият учун жамоат жойларда қурилган. 1865 йилда Тошкентда 8 та ҳаммом бўлган. Чорсу меҳмонхонаси ўрнида Бадалмат ҳаммоми, Табиат музейи (2005 йилгача Чорсу бозорининг шимолий қисмидаги дарвоза қаршисида жойлашган бўлиб ҳозир кўчирилган) ўрнида аёллар ҳаммоми (Пуштиҳаммом), Кайкобус ариғи бўйида Муҳаммадқул Эроний ҳаммоми, Қашқар маҳалласида Ўрда ҳаммоми (Анҳор кафесининг орқа томонида бўлиб, 1966 йил Тошкент зилзиласига қадар ишлаб турган), Кўкалдош мадрасасининг орқасидаги Жангоб ариғи бўйидаги Муҳаммадкаримхожи ҳаммоми, Чорсунинг эски Намозгоҳ кўчасидаги Отабой ҳаммоми, Маҳсидўзлик кўчасидаги Регистон ҳаммоми (2004 йилга қадар ишлаб турган) кабилар мавжуд бўлган.

Чақар қадимий Тошкент атрофида, Чақар номи билан машҳур гузарлардан бири бўлган. Ҳозирги даврга келиб, Тошкентнинг икки манзилида Чақар ўрни ва номи аниқ сақланиб қолган. Бири Чиғатой (ҳозирги Фаробий) кўчаси ўрта белидан кунботар томонга бироз кўтарилган баланд тепалик устидаги атрофни чуқур жарликлар ўраган маҳалла. Ҳозир ҳам жарликлар бор. Иккинчиси Чорсу билан Бешёғочни бирлаштирувчи кўчанинг ўрта қисмида, Чуқур кўприк яқинида жойлашган. Чақар топоними мўғулларнинг Цаҳар қабиласи номи билан боғлиқ деган фикрлар бор. Тарихий манбаларда мўғулларнинг ҳақиқатан ҳам шундай қабиласи бўлганлиги қайд этилган. Яна туркманларнинг бир уруғи Чақар деб аталган.

Тошкент метроси трассаси бўйлаб, “Бунёдкор”(собиқ Халқлар Дўстлиги) бекатида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида XIV—XVI aср маданий ёдголиклари топилган моддий – маданият қолдиқларининг гувоҳлик беришига кўра, “Истиқлол” саройидан шимолий-ғарброқда, шаҳарнинг чегарасига яқинроқ жойда илк ўрта асрлар суворийлардан ташкил топган ҳарбий навкар-чокарларнинг қалъаси – Чокардиза жойлашган бўлиб, (тадқиқотчи А.Муҳаммаджонов фикрича) кейинчалик бу жойда қад кўтарган маҳалла талаффузида маҳаллий аҳоли Чақар тарзида ўзгариб етиб келган.

Ўрта Осиёда илк феодализм даврида феодалларга қарашли бўлган қуролли кучлар гуруҳи чокар дейилган. Аниқроғи, шаҳарнинг қалъа деворидан ташқаридаги ўралган истеҳком чақар дейилган.

Янги маҳалла Камолон, Чархкамолон, Бешёғоч маҳаллалари билан чегарадош бўлиб, Бўржар каналига туташ бўлган. Маҳаллада шоир Ҳабибий яшаган. Бешёғоч даҳасининг нуфузли маҳаллаларидан бири ҳисобланган. Шу ердан ўтган кўча ҳам «Янги Маҳалла» деб аталган. Кўчада 1850 йилда Абулқосим эшон мадрасаси, кейинчалик жанубий-шарқий томонига гумбазли қилиб ҳаммом, шимолий томонига уч хонадан иборат синчкор масжид солинган ва халқ орасида Синчлик масжид номи билан юритилган. Шимол томонда Абулқосимнинг файзли ҳовлиси, шунингдек, ўғли Боқихон қози ва набираси Маъдихон қозиларнинг ҳашаматли, нақшинкор уйлари қурилган. 1975 йилга қадар бу уй Тошкент вилояти ўқитувчилар малакасини ошириш институти сифатида фойдаланиб келинган.

Боқихон қози шаҳар қозикалони лавозимига кўтарилган кезлари шаҳар ташқарисидаги мавзеларига чиқишга қийналиб қолган маҳалла аҳли илтимосига кўра қўшимча кичик дарвоза очдириб беради. Дарвоза масъуллиги маҳалла аҳлига юклатилганлиги сабабли дарвоза ҳам Янгимаҳалла номи билан аталган.

Чорсу Бешёғоч даҳасининг қадимий маҳаллаларидан бири. Маҳалла сифатида XI асрда вужудга келган. Тиканлимозор, Чуқурқишлоқ маҳаллалари билан қўшни бўлган. Унга шаҳарнинг ҳамма дарвозаларидан йўллар келиб туташган. Кейинчалик XVI асрда Кўкалдош мадрасаси қурилган. 1959 йилдан Охунбобоев майдони деб атала бошлади. Мустақиллик давридан бошлаб яна Чорсу майдони деб атала бошлади. Самарқанд дарвоза, Бешёғоч кўча, Беруний ҳамда А.Навоий шоҳкўчалари оралиғида.

Қадимшунос С. Қораев маълумотига кўра Чорсу қадимий сўз бўлиб, зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»да Човурсуқ (тўрт томонлама) шаклида учрайди ва бозор маъносини англатади. Кейинчалик бу сўз «Чоҳарсу» ва ниҳоят «Чорсу» шаклига айланган. Форс тилидаги манбаларда «чоҳарбозор» – «чорбозор» деган сўз ҳам учрайди. «Суқ» сўзи араб тилида «бозор» маъносини англатади. Ўрта аср Шарқ шаҳарларида икки йирик кўча кесишган жой «Чорсу» (форс тилида) дейилган. Одатда бундай жойларда савдо расталари, ҳунармандларнинг дўконлари бўлган.

Маҳаллада Тошкент булоқларидан энг машҳури Уккоша булоғи, Тошкент ҳаммомларидан энг йириги ва шифобахшлиги билан ажралиб турадиган, Бадалмат ҳаммомининг ўрнига қурилган Чорсу меҳмонхонаси ёнидаги Чорсу жарининг ён бағрида жойлашган эди (ҳозир бу ерлар «ЖАР» спорт комплекси). Уккоша булоғининг суви шифобахш ҳисобланганлиги учун бу ерга махсус шийпон қурилган ва сув олиб ичиш учун заранг косалар қўйилган. Ёзнинг иссиқ кунларида мешкопчилар бу булоқ сувидан олиб Чорсу бозорида сотиб юришган.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур. Хадра, Дархон, Баландмасжид, Занжирлик, Ўқчи маҳаллалари

Post Views: 560 Хадра маҳалласи Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қадимги мураккаб чорраҳаларидан бири ҳисобланади. Шаҳристон …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *