Бош саҳифа » Алломалар » Икки Илоқий. Шарафуддин ва Муҳаммад Илоқийлар

Икки Илоқий. Шарафуддин ва Муҳаммад Илоқийлар

Олимлар таржимаи ҳоли ҳақида ёзилган манбаларда иккита Илоқий номи зикр этилган. Буларнинг бири Шарафуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ал-Илоқий (вафоти 1068 йил), иккинчиси Муҳаммад ибн Али (баъзан Адиб) ал-Илоқийдир (вафоти 1141). Лекин бу олимлар ҳақида ёзганлар уларнинг икковини ҳам Ибн Синонинг шогирди деб тилга олишади. Шарафуддин Илоқий вафот этган йилга кўра унинг Ибн Синога шогирд бўлганлиги тўғри келади. Бу, шогирд ўз устозидан ўттиз йил кейин вафот этган дейиш мумкин. Аммо Али ал-Илоқий вафот этган йил унинг Ибн Синога шогирд бўлганлигига шубҳа туғдиради.

Орадаги йиллар тафовути юз йилдан ортиқ. Бу ҳол эса худди Ибн Сино билан Форобий ўртасидаги устод-шогирдликка ўхшайди.

Захируддин Байҳақий кўрсатишича, Ибн Сино Форобийга китоблари орқали шогирд бўлган. Чунки улар бир-бирларини кўриша олмаган, ўқувчи-ўқитувчи бўлишмаган. Байҳақий бўлса уни китоблари орқали шогирд ҳам демаган. Уни Ибн Сино шогирди дейилганига қарата Шарқшунос олим Сайд Нафисий шуларни ёзади:

«Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф Илоқий машҳур табиб бўлиб, Ибн Синонинг шогирдларидан эди. У ўз устодининг «Қонун» китобини қисқартирган, Шунингдек, табобатда «Китоб ал-асбоб вал-аломот» деган асар ҳам ёзган эди.

Абу-л-Хасан Байҳақий «Татимат сивон ал-ҳикма» китобида айтишича, унинг ёзган асарлари кўп, чунончи: «Китоб ал-лавоҳик», «Китоб дўстнома», «Китоб султоннома»,«Китоб фи иъдод ал-вафқ», «Китоб ал-ҳайвон» каби асарлар ёзган. Ўзи ажойиб киши бўлиб, одамларни дурустгина даволаган. Боҳарзда туриб қолган, сўнг Балхда ҳукмдор Алауддин Қумоч билан боғланиб қолган, Қатвоннинг Гурхон деган жойида бўлган жангда ҳалок бўлган. У Умар Хайём ва бошқалар билан қарама-қарши фикрда эди. Қатвоннинг Гурхон деган жойда бўлган жанг қорахитойликлар билан Санжар ўртасида бўлган ва у 536 ҳижрий (мл. 1141) йили бўлган эди. Ажабланарли томони шуки, бу киши Ибн Синога шогирд бўлсин-да, устоди вафотидан 108 йил кейин ҳам тирик бўлса?!». Баъзан бу иккала Илоқий бир Илоқий эмасмикин, деган фикр туғилади. Бу Илоқийларга нисбат берилган китобларга қараганда, улар икки киши эканлиги аён бўлиб қолади. Улар ёзган асарларнинг мавзулари ҳам турлича. Уларнинг бири табиб, бу Ибн Сино билан бир даврда яшаган. Бошқаси табиатшунос Илоқий бўлиб, у ижтимоий фанларга ҳам алоқадор олим. Шунинг учун уларни алоҳида-алоҳида зикр этиб ўтамиз.

ШАРАФУДДИН ИЛОҚИЙ
(вафоти 1068)

Бу олимнинг номи Шарафуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ал-Илоқийдир. Манбалар кўрсатишича, Илоқий ўз даврининг машҳур табиби бўлиб, Ибн Сино шогирдларидан бўлган. Нисбасига қараганда у Тошкентга яқин бўлган Илоқ (ҳозирги Овлуқ)да туғилган. Илоқий ҳаёти ҳақида маълумот жуда оз, фақат 1068 йили вафот этганлиги қайд этилади.

Шарафуддин Илоқийнинг тиббиётга оид бир неча асарлари борлиги маълум. Улар қуйидагилар:

1. «Китоб ал-асбоб вал-аломот» («Касалликларнинг сабаблари ва аломатлари ҳақида китоб»). Илоқийга қадар бу темада кўп олимлар асар ёзганлар. Библиограф Хожи Халифанинг Шарқ олимлари асарларига бағишланган «Кашф аз-зунун ан-асоми ал-кутуб ва ал-фунун» («Китоб ва фан исмларидан шубҳанинг кўтарилиши) асарида ёзишича, «Касалликларнинг сабаблари ва аломатлари ҳақида китоб»ни дастлаб Буқрот — Гиппократ ёзган, кейин халифалик даврида бошқа табиблар ҳам ёзган. Булардан бири сифатида Хожи Халифа ал-Муқтадий Биамриллоҳ ал-Аббосий (ҳукмронлик йиллари 1075-1094)нинг табиби Шайх Абу-л-Хасан ибн Ҳиббатуллоҳнинг бу номда асар ёзганлиги келтирилади. Кейин Илоқий, ундан кейин Нажибуддин Муҳаммад ибн Али ибн Умар аё-Самарқандий (XIII аср) ёзган. Илоқий ёзган бу китобнинг бир нусхаси Байрут — Ливанда ва бир нусхаси Искандария (Миср)да сақланади.

2. «Куллиёт ат-тибб»—Илоқийнинг тиббиётга оид куллиёти Муҳаммад Омулий тарафидан шарҳланган.

3. «Фусул ал-Илоқия» (Илоқийнинг «Фасллар» китоби).
«Куллиёт ат-тибб» ва «Фусул ал-Илоқия» китоблари Париж ва Санк-Петрбург кутубхоналарида сақланади.

4. «Мухтасар ал-Илоқий» («Илоқий қисқартмаси») ёки «Мухтасар ул-қонун» («Қонун қисқартмаси»).
Бу асарнинг бир нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг Петербург филиалида «Мухтасар куллиёт ал-қонун» деган асар бор. Балки бу биз тўртинчи рақамда келтирган асар бўлиши ҳам мумкин. Номи бунга яқин қўлёзма охирида шундай ёзилган:
“Илоқий китоби” тугади. У «Мухтасар куллиёт» бўлиб уни Ҳаким ал-Илоқий Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» китобидан сайлаб олган. Бу жуда шарофатли китоб бўлиб, ўз ичига тиббиётнинг амалий ва назарий томонларини қамраб олган. Бунда берилишича уни кўчирувчи Шамсуддин Баҳоуддин Муҳаммад бўлиб, ҳижрий 1103 йили муҳаррам ойининг 28 (мл. 1691 йил 22 октябрь) куни кўчириб тугатган.
Ундан ташқари, манбаларда Илоқий номи билан боғлиқ бўлган яна «Тибб ал-Илоқий» деган асар ҳам келтирилади. Бу балки унинг «Куллиёт ат-тибб» асарининг бошқача номи ҳам бўлиши мумкин,

5. «Муолижот Илоқий» («Илоқий даволари»). Ҳинд муаллифи Муҳаммад Аъзам ўзининг табобатга оид «Иксири Аъзам» китобини ёзишда Ибн Сино билан бир қаторда Илоқий асарларидан ҳам кенг фойдаланганини айтади.

«Кашф аз-зунун» асарининг автори библиограф Котиб Чалабий ёзишича, Илоқийнинг «Фусул ал-Илоқий» асарига бир неча киши шарҳ ёзган. Шулардан бири Абдуссано Мухаффар ибн Амир ал-Хаж ибн Муаййид ал-Табризийдир.

«Фозил киши Шарафуддин Илоқийнинг «Фусул ал-Илоқия» асарини шарҳ қилишга ихтиёр қилдим, дейди Табризий, чунки бу қисқа асар толиби илмлар ўртасида машҳур бўлиб, «Қонун»даги фикрларни, сўзни кўп чўзмасдан, фойдаланиш мумкин бўладиган тарзда, ўртача тушунарли иборалар билан келтиради. Мен бу шарҳимни «Басит ал-воки фи шарҳи мухтасар ал-Илоқий («Илоқий қисқартмасига енгилгина шарҳ») деб атадим».

Маълумки, Шарқда китоб номлари чиройли иборалар, қофиядош сўзлар билан безатилган. Бу ерда «воқи—воқе бўлиш, юз бериш, чинакамига маъносидаги сўз «Илоқий» сўзига қофия учун келтирилган.

Демак, Илоқий ижоди ўз давридан қатъи назар, кейинги даврларда ҳам катта аҳамият касб этганлиги маълум бўлади.

МУҲАММАД ИЛОҚИЙ
(вафоти 1141)

Муҳаммад Илоқийнинг тўла исми Муҳаммад ибн ал-Али ал-Илоқийдир. Немис олими, библиограф Карл Броккельман ўзининг «Араб адабиёти тарихи» деб номланган библиографик асарида бу олим исмини Муҳаммад ибн Али ал-Илоқий деб келтиради. Асли Тошкент ёнидаги Илоқдан бўлиб, дурустгина файласуф эди. Ал-Байҳақий гапига кўра, Илоқий Боҳарзда туриб қолган, кейин Балхда Алоуддин ибн Қумоч даргоҳида яшаган. Араб энциклопедияси «ал-Аълом»нинг муаллифи Хайруддин аз-Зиркли кўрсатишича, у Самарқанд қишлоқларидан Қатвон жангида, 536/1141 йилда ҳалок бўлган. Муҳаммад Илоқий бир неча асарлар ҳам ёзган. Захируддин Байҳақий ёзишича, Илоқийнинг «ал-Лавоҳик» («Қўшимчалар»), «Дўстнома», «Султоннома», «Китоб иъдод ал-вафқ» («Мувофиқ тайёргарлик ҳақида китоб»), «Китоб ал-хайвон» каби асарлари бўлган.

Араб олими Хайруддин аз-Зиркли ҳам ўз энциклопедиясида юқоридаги асарлари бўлганини қайд этиб ўтади. Манбаларда бу кишининг таниқли табиб сифатида кўпларни даволагани ҳақида сўзланади. Лекин бу кишининг бирорта тиббий асарини кўришга муяссар бўлолмадик. Байҳақий ёзишича, Муҳаммад Илоқий кўпинча файласуф ва математика олими Абдураззоқ ат-Туркий билан тортишиб турган. Ат-Туркий ҳандаса ва мантиққа моҳир бўлган. Муҳаммад Илоқий ҳақида манбаларда баъзан уни моҳир табиб дейилганидан шу нарса аён бўлади: Ибн Сино даврида яшаган, унинг шогирдларидан бири деб юритиладиган Шарафуддин Илоқий билан чалкаштиришган. Муҳаммад Илоқий асарларидан у табиб бўлганга ўхшамайди. Ушбу гапларни Муҳаммад Илоқийга нисбатан беришади:

Кичик нарса бўлса ҳам, унга эътибор билан қараш ҳиммат
баландлигининг аломатидир.
Ҳайвонот олами ер юзи халифаси бўлган инсонга
буйсунадиган маҳлуқдир.

Байҳақий ўз асарида файласуф Абдураззоқ ат-Туркий ҳақида у билан Илоқий ўртасида тортишувлар бўлиб турганини эслайди. Шундан сўнг Байҳакий ёзади: «Мен билан у киши (яъни Абдураззоқ ат-Туркий) ўртасида анчагина ёзишмалар бўлган. Бу ёзишмалар мен тасниф этган «Ароис ан-нафоис» («қимматбаҳо келин») деган китобимда келтирилган».

Заҳируддин Байҳақий 1169 йили вафот этган. Демак, ўзи ёзишма қилиб турган файласуф Абдураззоқ ат-Туркий ва бу киши тортишиб юрган Илоқийлар XII аср ўрталарида яшаганлар.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Ўзбекистон Олий судининг биринчи раиси ва унинг аянчли қисмати

Post Views: 2 347 Саъдулла Қосимов ёхуд «Қосимовчилик иши» Саъдулла Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *