Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. 20-30-йиллар

Сулола. Долимовлар шажараси. 20-30-йиллар

1924 йилда Долимбек учинчи фарзанди Насира (1902 – 1984)ни Муҳаммад Солиҳ (келажакда колхоз раиси)га турмушга узатади, лекин узоқ вақт фарзанд кўришмайди ва ажралишади. Бирмунча вақт ўтгач, 1931 йили Долимбек Насирани тоғаси Расулбойнинг энг катта ўғли Абдумажид (1875 – 1953)га узатади. Мажид аканинг ёши анча улуғ эди. Шунинг учун Насира аммам “мени отам тенгига узатасизларми!?” деб йиғлаганини айтишарди. Бу оиладан 3 фарзанд – Раҳима, Салима, Абдушукур дунёга келди. Абдушукур (иккинчи исми – Темур) тиббиёт фанлари номзоди, узоқ йиллар Семашко номидаги Тошкент Курортология ва физиотерапия илмий текшириш институтида катта илмий ходим сифатида фаолият кўрсатди, ҳозир нафақада.

1927 йили Долимбек ва Марзия энг катта ўғли Нуъмонбекни асли бухоролик Адолат исмли қизга уйлантирадилар. Аммаларимнинг айтишига қараганда, Адолат келинойи анча хушфеъл, чиройли, аммо касалманд аёл бўлган экан. Нуъмонбек бу оиласидан уч фарзанд кўрган, лекин онаси касалманд бўлгани туфайли бўлса керак, дейишарди катталар, бир-икки ёшга бориб-бормай ўлаверган, энг катта ўғли Улуғбек беш ёшида онасидан олдинроқ  ўлган экан. Адолат келинойи ҳам сил касалидан 1934 йилда вафот этган.

Долимбек ва унинг фарзандлари учун 20 – 30-йиллар иқтисодий буҳронлар етмаганидек, сиёсий фожиаларга ҳам тўла йиллар бўлди. Укалари Комилбек ва Каримбек Норбековлар Сибирга сургун қилиниб, ҳовли-жойлари тортиб олингач, Долимбек ҳам анча илгари бошлаб қўйган, лекин ҳали битмаган, сомон сувоқда бўлган Сағбон кўча, 24-охири берк кўчадаги кичик  бир ҳовлисига кўчиб ўтишга мажбур бўлган эди. Аммо шўро ҳукумати ва болшевикларнинг баландпарвоз ваъдаларига учган узоқ-яқин маҳалладошлар, ҳукумат одамлари бу ерда ҳам унинг оиласига тинчлик беришмайди. Тазйиқ кўланкаси энди унинг вояга етиб қолган ўғил фарзандлари қисматига ҳам соя сола бошлайди. Шундай вазиятда Долимбек нажотни тижоратда эмас, илм-маърифатда кўрди. Лекин ўғиллари ҳам олий ўқув юртларидан, ишхоналаридан бирин-кетин қувғин қилина бошланди. Ўта тахликали йилларда Долимбек авжи йигит ёшидаги фарзандларини оила қучоғидан, яқин ва узоқ маҳаллалардаги шўро ҳукуматининг кўз-қулоқларидан, айғоқчиларидан узоқлаштиришга мажбур бўлди. Усмонбек (Субутой) дўсти Саидмаҳмуд Саидрасулов (улуғ мутафаккир Саидрасул Саидазизийнинг ўғли – У.Д.)нинг Шайхонтаҳур даҳа “Баланд масжид” маҳалласидаги ота ҳовлиси болахонасида, Акбарбек Тошкент давлат педагогика институти ётоқхонасида, Зиёдбек ва Султонбек Тошкент тиббиёт институти ётоқхонасида яшаб ўқийдилар. Улар маҳалла-кўй, ҳукумат одамлари кўзидан паналаб, ҳафта-ўн кунда бир қоронғу паллада ота-она қучоғига келишар ва тонг ёришмасдан ҳовлини тарк этишарди. Бу ҳол узоқ йиллар давом этди.

Фарзандларининг ишдан, ўқишдан ҳайдалишлари, укалари Комилбек ва Каримбекларнинг қамалишлари муносабати билан кунда, кунора соатлаб ГПУнинг Шаҳрисабз кўчасидаги идорасида бўладиган терговлар, дўқ-пўписалар Долимбекнинг ҳам тинкасини қуритди. Буларнинг олдида тирикчилик машаққатлари ҳеч нарса бўлмай қолди. Шўро ҳукуматининг Норбековларни – Долимовларни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди. Бундай хўрликларни улар ҳар қадамда, маҳалла аҳллари, шўро одамларининг ҳар бир ҳаракатида кўриб турар эдилар. “Кунлардан бир кун, — деб бир воқеани эслайдилар Долимбек отам, — терговлар авжига чиққан кунларнинг бирида ГПУ идорасида қачон мени чақиришар экан, деб узоқ кутиб турган эдим, ўзимизнинг Сағбон маҳаллалик идорадан чиқиб қолса бўладими, кўзимга худди оловдек кўриниб кетди, дарров у билан кўришиб:

— Аҳмаджон ука, тезроқ мени чақиришса яхши бўларди-да, уйда касаллар бор, биласиз, — дедим.

— Вақтида даври даврон сурдинглар, энди буёғига ҳам чидайсиз, тегирмон ҳам навбати билан-да, Долимбек ака, — деб тескари қараб кетаётган эди, уни шартта тўхтатдим.

— Тўхта, нима деб ўтлаяпсан? Ақл-фаросатинг жойидами? Авлоди-аждодларинг билан қирилиб кетаёзганларингда, Комилбек билан Каримбек Норбековлар едириб-ичириб, кийинтириб сақлаб қолишди. “Тўйдирганнинг қорнига” деб шуни айтар эканлар-да! Сен нонкўрларга ҳам Худонинг боққан балоси бордир, кўп ҳовлиқаверма, бу ақлинг билан узоққа боролмайсан! — дедим.

Аҳмаджон деганимиз энг оғир очарчилик, қаҳатчилик авжига чиққан 1914 – 16-йилларда ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари – бутун ёта-қўнаси билан тирикчилигини Комилбек ва Каримбеклар ҳовлисида ўтказишган, адам Муҳаммадаминбек ҳожи закот улашганда, ҳамма вақт уларнинг оиласи биринчилардан бўлишар эди. Бу қандай нонкўрликки, ҳаммасини унутган бўлса. Номига бўлса ҳам кўнгил сўраш ўрнига… У билан кўришганимга минг бор пушаймон қилиб, жойимга бориб турдим ва чақиришларини кута бошладим.”

Кеча куни бир дастурхондан тановул қилиб, Аллоҳга шукроналар илтижо қилган одамлар ўртасидаги хиёнат, қабоҳат, разолат қаердан пайдо бўлди? Буларнинг ҳаммаси маърифатсизлик, ўлим салтанати олдидаги ночорлик, ожизлик, қўрқувдан эмасми?! Ҳа, ўлим салтанати мустамлака исканжасидаги ночор ва нодон халқни оддий инсонийликдан ҳам юз ўгиришга мажбур қилган эди. Шўро ҳукуматининг, ҳатто унинг раҳнамоси Лениннинг иккиюзламачилик қабиҳ сиёсатини кўравериб, тоқати тоқ бўлган буюк ватанпарвар Заки Валидий Тўғон ўз Ватанини тарк этиб, Туркияга келгани ҳақида атоқли шарқшунос олим академик А.Н.Самойлович билан 1925 йили Истанбулда бўлган учрашувида қуйидагиларни баён қилган эди: “Мен энди Туркия фуқаросиман. Советларнинг усталиги шундаки, кишининг энг яқин дўстлари, ҳатто унинг оила аъзоларини ҳам ўзига қарши айғоқчи қилиб қўяди. Улар қўлга тушириш учун ҳар қандай йўлдан қайтмайдилар. Аммо совет тузумидаги маҳфий муҳофаза тизимининг ўрганиб қолган иши шуки, улар жосусликда энг яқин кишиларидан, дўстлардан ва оила аъзоларидан фойдаланадилар, шоир Чўлпон каби софдил инсонларни аралаштиришдан ҳам тоймайдилар. Уларнинг бу феъли менга яхши аён”.

Комилбек ва Каримбекларнинг йиллар давомида обод қилган боғлари, яшаб турган ҳовли-жойлари, дўконлари – ҳаммаси давлат ихтиёрига ўтказилади. Буд-шудидан айрилган уларнинг аёллари Каромат буви (Комилбекнинг хотини, биз “Карам буви” дер эдик – У.Д.) вояга етмаган фарзандлари Муҳиддинбек ҳамда Фахриддинбек билан Оқлон маҳалласидаги  қариндошлари ва Шарофат бувим (Каримбекнинг хотини) Робиа, Иффат, Мунавварбек ҳамда Арслонбек исмли ёш-ёш тўрт норасида фарзандлари билан “кўрпа кўтарди” бўлиб, оталарининг “Гулистон” маҳалласидаги ҳовлисида қўним топадилар. Бу икки оиланинг ҳўрланган, таҳқирланган машаққатли ҳаётига, фожиали қисматига шерик бўлиш ҳам акалари Долимбек отамнинг зиммасига тушди. Бу воқеаларни отам шундай эслайдилар: “1933 йилнинг ёз кезлари эди. Адам Муҳаммадаминбек ҳожининг таъзия маросимларини янги ўтказган кунларим. 5 – 6 шўро кишилари ҳовлимизга бостириб киришди (уларнинг одати шундай эди), улар орасида битта-яримта танишроқ одамлар ҳам кўринарди. Укаларим Комилбек ва Каримбекларнинг мол-мулкини мусодара қилиш ҳақидаги қоғозни қўлимга тутқазишди ва уларнинг уйларидаги ҳамма анжомларни ҳовлига олиб чиқа бошлашди: меҳмонхонадаги тоза ва катта-катта гиламлару стол-стуллар, шкафлар, диван-кроватлару креслолар, ҳатто китобларгача – ҳаммасини олиб чиқишди. Ҳатто болаларнинг попка-жилдларини ҳам титкилай бошладилар. Навбат ёш болаларнинг, қизларнинг кийим-кечакларию кўрпа-ёстиқларига келди. Мен уларга:

— Инсоф билан таланглар. Бу кийим-кечаклар, кўрпа-ёстиқлар, попка, китоб-дафтарлар болаларники. Ахир, улар ҳам шўро болалари, шўро даврида туғилишган, шўро мактабида ўқишади, улар қишда нима киядилар, қаерда ётадилар, буларни ҳам ўйланглар, — десам:

— Нарироқ тур, газанда, ҳозир пешанангдан дарча очиб қўяман! – дейди буйруқ бериб турган каттаси.

— Ҳали сенми менинг пешанамдан дарча очиб қўядиган, — деб, жаҳл устида бир мушт урсам, даҳлиздаги ҳаникка учиб тушди. – Менинг пешанамдан дарча очиб қўядиган маҳлуқ ҳали туғилгани йўқ! – деб, устидан босиб тушдим ва тўппончасини тортиб олдим. У лаънати менинг бу ҳаракатимни кутмаган эди. Шу пайт менга танишроқ кўрингани югириб келиб, мени унинг устидан тортқилаб ажратди:

— Бек ака, ўзингизни босинг, ахир, биз ҳам буйруқни бажаряпмиз-да! Бизлардан ҳам талаб қилишади-ку!

— Ахир, буйруқда бола-чақанинг ҳам кўйлак-лозимигача тортиб ол, демагандир, мусулмонмисизлар ўзи?! Ҳой йигит, сен эмас, мен пешанангдан дарча очиб қўяман! – деб тўппончасини кўчага улоқтирдим.

Дарҳақиқат, нопоклик ва таҳқирлар авжига чиққан эди. Ахир, ота қамоққа олинган бўлса, норасида фарзандларда нима гуноҳки, уларнинг ҳам кийим-кечагию кундалик ҳаёти учун энг зарур бўлган нарса-буюмларигача тортиб олинса, даҳшатга тушади киши. Тирик етимларнинг тақдири уларни асло қизиқтирмайди. Комилбек ва Каримбекларнинг ҳамма мол-мулкини мошинага ортиб олиб кетишди, шип-шийдам бўлиб қолган катта-катта хоналарга, икки катта гулзор ҳовлига қулф солишди. Эртаси куни олиб кетилган стол-стуллар, диван-кресло, шкафлар ва бошқа баъзи анжомларни қайтариб олиб келиб, жой-жойига қўйишди. Комилбекнинг уйларида район фирқа қомитаси, Каримбекникида эса район ижроия қўмитаси иш бошлаши керак экан. Шунинг учун баъзи асбоб-ускуналарни қайтариб олиб келишган экан. Шу кундан бошлаб, Норбековлар уйларида Калинин район фирқа қомитаси ҳамда  район ижроия қомитаси ташкилотлари фаолият кўрсата бошлади. Мен арзимаган ошхона анжомларини, эски-туски кийим-кечак, кўрпа-ёстиқларни аравага ортиб, Шарофатнинг Камолондаги ота ҳовлисига олиб бордим. Унинг укаси Шоолимбой мени яхши қабул қилиб, кўнгил сўради:

— Долимбек ака, биламан, Каримбек поччамнинг ҳам, Комилбек акамнинг ҳам ҳамма ташвишлари сизнинг бошингизга тушиб қолди. Кўп ғам чекавериб, ўзингизни олдириб қўйманг, бу кунлар ҳам ўтиб кетар, ёруғ кунлар ҳам яна келар: ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ, — деб тасалли берди.

Худди шу тарзда Комилбекнинг оиласи – Каромат ва болаларини ота ҳовлисига – Йўлдошбек амакимникига кўчирдим. Бу ишда амакивоччам – Кароматнинг укаси Қосимбек яқиндан ёрдам берди. Буларнинг ҳаммаси катта ташвишларнинг бошланиши эди. Ҳали бу оилалар учун қанчадан-қанча тирикчилик машаққатлари, рўзғор ташвишлари, таҳқиру ҳақоратлар, камситишлар олдинда. “Аёлнинг боши – тегирмон тоши” деб бекорга айтилмаган экан.”

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович

Post Views: 310 Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович – Зоҳида аммам ва Тошмуҳаммад поччанинг энг катта ўғли, …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *