Бош саҳифа » Тошкент шаҳри » Палаткада ёзилган достон

Палаткада ёзилган достон

Эркин Воҳидов

26 АПРЕЛЬ

«Тошкент» сейсмик станцияси хабар беради: «Бугун 26 апрел эрталаб 5 дан 23 минут ўтганда Тошкент шаҳрида кучли ер қимирлаш бўлди… Зилзила эпицентри шаҳар остида… Зилзиланинг кучи марказда 7,5—8 баллга етди. Дастлабки маълумотларга қараганда…»

Йўқ, бу достон эмас,
Булар барчаси —
Зилзилада кўчган
Шеърлар парчаси.
26 апрель
Тонг саҳар
Қаттиқ силкинишдан
Уйғонди шаҳар.
Кварталлар гўё
Катта эшелон —
Силтаниб кўзғалди,
Юра бошлади,
Алланечук бўлиб
Еришди осмон,
Қайдадир гумбурлаб
Девор ташлади.
Бола қичқириғи,
Аёлнинг доди,
Итлар вовиллаши
Қўшилди бир он.
Бирдан кўтарилиб
Муаллақ қолди
Қашқар маҳалланинг
Устида тўзон.
Бир зум ўтмай, барча
Товушни босиб,
Сирена овози
Таралиб кетди.
Прожектор каби
Шаҳарни кесиб,
«Тез ёрдам» ҳар ёнга
Таркалиб кетди.

…Бир аёл чақалоқ боласини бешиги билан кўтариб ўзини эшикка отди. Қўрқув, саросймада тошойнага урилиб беҳуш йиқилди…
…Студент бола иккинчи қаватдаги ётоқхона деразасидан ўзини пастга ташлади. Ётоқхона ҳовлисига тахлаб қўйилган матраслар устига тушиб омон қолди. Чап кураги чиқиб, тирсаги бир оз лат еди…

Сўнгра жимлик чўкди,
Тонг отди аста.
Қуёш юпатгандай
Қаради пастга.
Одамлар эгнидан
Чангларни қокиб,
Ишга шошилади
Соатга боқиб.
Яна давом этар
Одатий ҳаёт.
Одамлар,
Одамлар —
Мужассам сабот!

Шу кун тонгда кўчага чиққанлар бир ажиб ҳодисанинг гувоҳи бўлдилар. Шаҳарнинг ҳамма соатлари худди зилзила юз берган дақиқани қайд этгандек, 5у 23 минутда тўхтаб қолган эди.

Йўқ, бу достон эмас,
Булар барчаси —
Зилзилада кўчган
Шеърлар парчаси.
Бу на чақириғу,
На ташвиқ, шиор,
Плакат на даркор?
Нутқлар на даркор?
Шундай пайт бетарғиб,
Бесўз, беалвон,
Фалокат нимадир —
Ҳаммага аён,
Девордан узилиб
Тушса плакат,
Ахир битта бошга
Бу ҳам «палакат»…

Бу бўлган воқеа. Катта идоранинг тепасига зилзила муносабати билан осилган плакат у кунги қаттиқ бўронда узилиб тушиб, бир пенсионернинг чаккасини ёрди.

Бу ишлар ўтмишга
Берилди букун,
Деворлар дарз кетди,
Юраклар бутун.
Бинолар йикилди,
Одамлар яшар.
Дўстларин чақирар
Ҳашарга шаҳар.
Режадан бошланар.
Тонг горсоветда.
Шаҳар яшамоқда,
Ваҳмаси четда.
Бу хабар Қаршига
Учди кабелдан:
«Ер ёрилиб кетди,
Сув ҳозир белдан.
Ўртоқ, Тошкент тамом».
Бу гапни ўртоқ
Термизга таркатди
Сал бўрттириброқ.
Ваҳималар ўтди,
Барчаси ортда.
Нималар бўлмайди,
Ахир, ҳаётда.
Гап уй-жойда эмас,
Жон бўлсин омон.
Лекин шундай пайтда
Билинар инсон.
Билинар ким танти,
Ким беҳамият.
Бундай пайт узр, сўз
Беаҳамият.
Бу аён — ҳар нарса
Силкинган пайтда
Йириги юзага
Чикар албатта.
Ер қалкди — ер билан
Юраклар қалкди.
Юзага туйғулар,
Тилаклар қалқди.
Одамлар ажралди
Уну кепакка —
Сарак-сараккаю
Пучак — пучакка.
Бир дўстим сўзларди
Минбардан туриб,
Бурч, виждон ҳакида
Кўксига уриб,
Дерди: фидо бўлсин
Жоним халқимга…
Бу кун келиб қолди
Жони халқумга.
Қалбим пайванд дерди
Ўсган еримга.
Тонгги рейс билан
Учди Қримга…

Райсоветга ёзилган аризадан:
«… Кеча менинг уйимга келиб зилзила оқибатини текширган комиссиялар: «Уйи яшаш учун яроқли, зилзиладан зарар кўрмаган», деб ёзиб кетибди. Ҳолбуки, меҳмонхонанинг икки жойида ганч кўчган. Бу зарарнинг ҳақини ким тўлайди?..»

Бутун халқ қўзғалди,
Ҳам бурч, ҳам ҳашар.
Қишда палаткада
Қолмас ҳамшаҳар.
Дейдилар, кулфатда —
Юрак бўлса кенг —
Тор уй ҳам дўст учун
Кенг оламга тенг.
Бизлар беш жон эдик,
Ўн бир жон бўлдик.
Бир кунда танишиб,
Жонажон бўлдик.
Эл бошига ногоҳ
Келган бу кулфат
Бир-бирига қилди
Ҳаммани улфат.
Ёзув:
«Уй омонат.
Эҳтиёт зарур».
Бундай пайтларда
Эътиқод зарур.
Уй омонат бўлса,
Ўй бўлсин бутун.
Сабот — ғишт, ганч каби
Зарурдир бу кун.
Гузар.
Узунқулоқ
Одам тумонат.
Эҳтиёт!
Бу ерда ишонч омонат.
Бир мулла ютиниб
Сўзлайди юввош:
«Айб ўзимизда
Одамлар бевош.
Имонни билмайди
На кекса, на ёш.
Хотинлар бениқоб,
Қизлар яланг бош.
«Гар ғазаб айласа
Холиқи қудрат…
…Шундай байт айтибдур
Ҳувайдо ҳазрат…»
Бежиз айтилмаган,
Бу ҳак бегумон:
Фожиа ва кулгу
Доим ёнма-ён.

Трамвайдаги суҳбат:
— Кеча футбол зўр бўлди-да!
— Ўйиннинг ўртасида икки марта ер силтаб ташлади.
Стадион худди бир коса сувдай чайқалиб кетди…
— Айтганча, футболчилар ойлик оладими?
— Катта пул олса керак. Красницкий трамвай олган эмиш. Тунов куни ўз кўзим билан ўқидим.
— Трамвай эмас, травма олган, овсар…

Ўтди даҳшатли кун,
Қора саҳифа.
Бугун студентлар
Тўқир латифа…
Аския пайрови
Энг янги мавзу,
Яна чойхонада
Кўк чой ва кулгу…
Яна кечагидек
Уйғониб саҳар
Туғурукка патир
Ясар кампирлар…
Яна давом этар
Одатий ҳаёт,
Одамлар,
Одамлар —
Мужассам сабот.

…Тошкент аҳолисига ёрдам бериш учун армия қисмлари юборилди…

Мен ўша «Фердинанд»,
«Тигр»лар билан
Юзма-юз олишган
«Танк-34»ман.
Пенсияга чиқиб,
Тошкентга келдим,
Карилар жой олар
Одатда тўрдан.
Тўпимни олдилар,
Зирҳ куббам қолди,
Юбордилар майдон
Тозалаш учун.
Кўриб турибсанки,
Уй бузмоқдаман,
Кетмон хизматини
Қиляпман бу кун.
Лекин ор қилмайман,
Хизматми — хизмат.
Занг босгандан кўра
Босай дедим чанг.
Аслини олганда,
Бу ер ҳам фронт,
Бу ерда ҳам ахир
Бормоқда зўр жанг.
Ёнбошимга ўтиб
Бир қара, йигит,
Зирҳимда ўқларнинг
Изи бор ҳамон.
Занжир ғилдирагим
Остига боккин,
Бунда ўчмас бўлиб
Қотиб колган қон.
Қанча йўллар босдим,
Қанча манзиллар,
Ортимда қолди минг,
Миллион чақирим,
Русь ва Украина,
Польша тупроғи,
Бу ёнда беғубор
Кавказ ва Қрим.
Кўп жангларни кўрдим,
Кўп қонлар тўкдим.
Эзилиб кетади
Темир юрагим.
Йўк, бу керак эди,
Мен мажбур эдим,
Юртга қалкон бўлган
Пўлат кўкрагим.
Бешафқат бўлмасам
Ўшанда агар,
Ёв қайси бозорда
Сотарди сени…
Йўқ, бу керак эди,
Мен мажбур эдим.
Тарих ҳеч гуноҳкор
Қилмагай мени.
Аммо тинчлик бермас
Менга хотирам.
Кечалар тушимга
Кирар доим кон.
Мени ўраб олар
Қўрқинч шарпалар,
Ўликлар куршайди
Бўлиб оломон.
Менга кўринади
Яна қайтадан
Дўзах оловида
Ёнгувчи дунё.
Рўпарамга келиб
Даҳшат ичида,
Одамлар кичқирар
Беун, бесадо.
Шунда титраб кетар
Бутун вужудим,
«Йўқ!» деб кичкиради
Ички бир овоз.
Йўк, сира кайтмайди
Қонли фожиа,
Қайтмайди,
Қайтмайди,
Қайтмайди у боз.
Ўша кичкирикдан
Ҳушимга келиб,
Атрофга қарайман,
Ҳар ён сукунат.
Хайрият дейман-у
Ва лекин яна
Тун келгач, қайтадан
Бошланар даҳшат…
Одамзод — бахтиёр,
Одам унутар,
Аммо темирларда
Мангу хотира.
Инсон ўзи билан
Кўмар ёдини,
Темир унутолмас,
Унутмас сира…
Мана, фожиам шу —
Фожиам — ёдим,
Маҳкум этилганман
Шунга умрбод.
Бу тенгсиз даҳшатдан
Қуткариб агар
Мени эритсалар,
Бўлар эдим шод.
Мен ўша «Фердинанд»,
«Тигр»лар билан
Юзма-юз олишган
«Танк-34»ман.
Сенга дардим айтиб,
Ёш юрагингга
Оғир ўйлар солдим,
Кечир, маъзурман.

БОЛАЛАРНИ ЖЎНАТИШ

Кеча бир группа тошкентлик болалар Подмосковьега жўнатилди. Улар у ерда уч ой дам оладилар…

Бундан роса чорак аср илгари,
Худди шу кунгидай иссик саратон
Москва йўлидан карвон сингари
Эшелон келарди Тошкентга томон.
Бугун,
Роса чорак асрдан кейин
Худди ўшандайин иссиқ саратон
Поезд вокзалдан қўзғалди майин.
Бу сафар
Тошкентдан Москва томон.
Болалар кетмоқда сокин, беозор,
Дўмбоқ қўлларида гуллар, лолалар.
Кузатган оталар ичра балки бор
Биринчи поездда келган болалар.
Она бағри каби кенг очиқ бугун
Москва, Киевнинг олтин қопқаси.
Поезд учар.
Учар изидан учқун,
Бу кун ғарбга кўчди «фронт оркаси».
Яна портлашлару
Яна чанг-тўзон
Гўдакларни ортга кўчирмоқда боз.
Аммо бу гал жўнар болалар шодон,
Негаки, «айрилиқ» — фақат уч ой ёз.
Улар қайтгунича чанглар босилиб,
Янги кварталлар кўтаради қад.
Болалар қайтишар,
Яйраб, ёзилиб,
Бу кун жўнашмоқда
Уч ойга фақат.
Эй, сиз,
Жажжи, дўмбоқ укажонларим.
Истикболи ёркин,
Бахти барқарор!
Узоқ йўл олдидан, жонажонларим,
Сизга икки оғиз айтар сўзим бор.
Салқин Подмосковье ўрмонларида
Қарағайлар аро,
Кайинлар аро,
Ажойиб боғлару бўстонларида
Сизлар яйраб-яйраб олганда ором —
Билиб қўйинг,
Бундан чорак аср аввал
Изғирин тунларда,
Аччиқ қаҳратон —
Одамлар бу ерда яланг тўшларин
Фашист танкларига килганлар қалқон.
Ҳайрон бўлманг яна
Тупроқ ичидан
Занг босган дубулға топиб олсангиз,
Гумбурлаган садо келиб туради
Ернинг юрагига қулоқ солсангиз.
Мабодо кўрсангиз танҳо қабрни,
Майли, ким бўлмасин,
Гуллар терган дам,
Укалар, мен учун бир чечак қўйинг,
Ўша ерда колган менинг ҳам акам.
Бир дам сукут сақланг
Қабр устида.
Айтинг,
Тинч ухласин у азиз инсон.
Сен кўрган у кунлар кайтмас денг сира,
Тириклар йўл қўймас бунга ҳеч қачон.

КЕЛИНЧАК

«Тошкент» сейсмик станциясининг маълум қилишича, кеча кундуз Тошкентда ер қимирламаган…

Бу даҳшат фожиа юз берди кеча.
Сокин чошгоҳ пайти,
Куппа-кундузи.
Ҳамма ёқ осуда,
Тинч эди ер ҳам.
Сўнди бу чошгохда бир калб юлдузи…
Дастурхонда колди ярим коса ош,
Қолди силкинганча қурук беланчак.
Гўдагини кучиб,
Дод солиб ногоҳ
Кўчага югуриб чиқди келинчак.
Олазарак бокди атрофга.
Жимжит…
Жимжит оташ сочар июн қуёши.
Сочини силади,
Сўзсиз йиғлади.
Дувиллаб тўкилди кўзидан ёши.
Олуча шохида титрар бир япроқ,
Арикча жилдираб окар эринчак.
Сийнасин ғижимлаб,
Узоқ йиғлади,
Сўнгра… бирдан қаҳ-қаҳ урди келинчак.
Бу даҳшат фожиа юз берди кеча,
Сокин чошгоҳ пайти.
Куппа-кундузи:
Ҳамма ёк осуда,
Тинч эди ер ҳам,
Сўнди бу чошгохда бир калб юлдузи.
Ҳали парвоз этмай синди бир қанот,
Бевақт очилмасдан сўлди бир чечак.
Қурбон бўлганларнинг сонига кирмас
Юракдан айрилган
Битта келинчак.
Ёри, севар ёри
Рангида қон йўқ,
Унсиз йиғламоқда, беролмай бардош.
Оҳ, нақадар оғир,
Нақадар оғир
Кўрмок йигит киши кўзларида ёш…
Зўрға айирдилар боладан уни,
Онага интилар,
Гоҳ кочар гўдак.
Ҳалок бўлганингда эди ногаҳон,
Бунчалар йиғламас эдим,
Келинчак.
Пок қадаминг теккан кўча чанги ҳам
Хайрлашар чоғи ердан кўзғалди.
Сени олиб кетган оқиш машина
Ортидан эргашиб,
Буралиб қолди.
Сен кетдинг,
Дилларни ўртаб, ёндириб,
Юракларда колди алам-тугунчак.
Ҳаётни севардинг,
Қандоқ севардинг,
Кўчамизнинг кўрки эдинг,
Келинчак.
Йўқ, ҳеч ишонмайман,
Ишонгим келмас,
Ҳали бор кўксимда умид учқуни,
Доктор,
Мана менинг юрагим, олинг
Ва лекин ҳаётга қайтаринг уни.
Усиз ёруғ дунё ҳувиллаб колар,
Усиз очилмайди боғларда чечак.
Етим бўлиб қолар ўксик шаҳарим
Ҳаётга қайтмаса
Уша келинчак.

ЎЗБЕК ҚИЗИ ЛЮБОВЬ ТИМЧЕНКО

…Кеча тошкентликлар Харьков ва Луганскдан келган қурувчиларни қаршилаб олдилар.

Бежо кўз ташлама менга,
Ҳой йигит,
Яхшимас,
Бекорга хафа қиламан.
Тил билмайди дея ўйлама мени,
Ўзбекчани сендан яхши биламан.
Сенинг шаҳарингга
Узоқ Харьковдан
Муҳаббат кидириб келган эмасман.
Мен ўзбек қизиман,
Мен шу ерликман,
«Жонон» дема мени, жонон эмасман.
Асли менинг исмим Баҳрихон эди,
Абдураззок кизи эдим аслида.
Ўйнаб юргандирман,
Ким билсин, балки,
Бизлар бузаётган манов яслида…
Менинг қиссам узоқ,
Сўзлайин агар
Тингламоқчи бўлсанг каноат ила.
Ёш бўлсам ҳам менинг
Бутун ҳаётим —
Чорак аср давом этган зилзила.
Мен эсимни таниб
Шу ерда ўсдим.
Ҳар қарич тупроғи менга ошино:
Абдураззоқ ота — дадам эди-ю,
Онагинам эди — Шарифанисо.
Дадам ўлиб кетди,
Ёлғиз қиз қолдим,
Мени ишонмасди ҳеч қайга онам.
Кечалари иссик бағрига босиб,
Ўпиб эркаларди,
Дерди ягонам.
Ўзбек қизи эдим,
Йўқ эди шубҳам,
Баҳор гулларидан бошимда гултож.
Жамалак сочимни силаб қўшнилар,
Суйиб атардилар мени «Олтин соч».
Иккинчи синфга энди кўчгандим,
Орзуларим каби кенг эди олам.
Бир кун
Уйимизни сўроклаб келди
Солдат кийимида
Нотаниш одам.
Эшикдан кирдию
Қулочин очиб,
«Люба, Любам» дея менга ташланди.
Йиғламасди сира эркак кишилар,
У солдатнинг кўзи бирдан ёшланди.
«Акагинанг кани,
Онанг кани», деб,
Фарёд қилиб мени тутди саволга.
Яна қандай онам,
Қандай акам, деб
Ҳайрон бўлар эдим бу ажиб ҳолга.
Сўнг…
Сўнг жўнаб кетдим у одам билан,
Худди кечагидек ёдимда бари:.
Кўз олдимдан сира кетмайди у кун
Онамнинг жавдираб боққан кўзлари.
Бор, кизим, дерди у,
Бор, дўмбокқинам,
Кузда бориб ўзим олиб келаман.
Дерди: — Бу ўз даданг.
Мен эса гаранг,
Дадам бошқалигин қайдан биламан.
Йўл бўйи у менга қилди ҳикоя:
(Сўзларди у одам ғоят таъсирли.)
Уруш бошланиши,
Даҳшатли жанглар,
Сўнг душман қўлида тўрт йил асирлик.
Ғалаба…
Озодлик,
Юртга қайтгани,
Мени излагани, кезиб мамлакат.
Ҳикоя сўнгида — мана сен дея,
Чўнтагидан олиб кўрсатди сурат.
Суратдан боқарди ярим яшар қиз,
Мен каби сариқ соч,
Юзи думалоқ.
Мен шунда ишондим,
У — отам эди,
Дада, дегим келди,
Айтмадим бироқ.
Биз Харьковга келдик,
Ёз бўйи турдик —
Тўрт хоналик уйда фақат икковлон.
Меҳрим ортар эди кундан-кун унга,
Дада демас эдим
Ва лекин ҳамон.
Онамни, Тошкентни соғинар эдим,
Лекин билинтирмас эдим аламим.
Бу одам кечирган кунлар олдида
Нима бўпти менинг
Кичкина ғамим…
Янгидан биринчи синфга бордим,
Сентябр тонгида очилиб хушҳол.
Ўзим ҳам таажжуб қилардим —
Тилим
Украин сўзига қовушди дарҳол.
Аммо
Ёш бошимга тушди фалокат,
Ғам булути босди бахт осмонимни.
Ярим кеча эди,
Бир киши келиб
Олиб кетди ёлғиз меҳрибонимни.
Ўша кеч куз пайти,
Ёмғирли кеча
Кўз олдимдан нари кетмайди ҳамон:
Хайрлашар экан,
Биринчи марта
У одамни қучиб
Дедим:
«Дадажон!»…
Дадам қайтгани йўқ,
Уни эсласам
Анор донасидек эзилар юрак.
Соғиндим,
Кўп кутдим,
Зор бўлдим, аммо
Ўзбек онамдан ҳам топмадим дарак…
У куни
Москва қилганда хабар
Фалокат тушганин Тошкент бошига,
Дарҳол учиб келдим,
Қизи келгандек
Оғир кунда қолган она қошига.
Бахтли эдим,
Кичик меҳнатим билан
Шаҳрим ярасига малҳам бўлолсам,
Қурилажак Тошкент пойдеворига
Юрагим меҳрини пайванд қилолсам.
Мана, саҳар туриб,
Кун бўйи ишлаб,
Кечқурун шаҳарни кезаман танҳо.
Ногаҳон учраса оқ сочли аёл.
Сўрайман:
Сизмасми Шарифанисо?
Йўқ деб бош чайқашар,
Зилзилага йўйиб —
Шўрлик қиз дейишар,
Бокишар ҳайрон.
Мен-чи, йигирма йил ўтган бўлса ҳам
Онамдан умидвор,
Излайман ҳамон.
Агар ҳаёт бўлса,
Уни топаман,
Қувончга тўлдириб мунис қалбини,
Агар ўтган бўлса,
Кечирим сўраб,
Қучоклаб йиғлайман топиб қабрини…
Мана менинг қиссам,
Эшитдинг, йигит.
Энди халал берма саволлар ила,
Ёш бўлсам ҳам менинг
Бутун ҳаётим —
Чорак аср давом этган зилзила.

ШАҲАР ИЖРОКОМИНИНГ РАИСИГА ОШИҚЛАРДАН АРИЗА

«…26 апрелда Тошкент «Бахт уйи»да 25 та никоҳ қайд этилган…»

Ўртоқ раис,
Ишингиз кўп,
Вақтингиз кам, биламиз.
Аммо, узр, уч-тўрт минут
Фурсатингиз оламиз.
Қўйинг бир дам қоғозларни,
Дунё иши битганмас.
Кўзойнакни олиб кўйиб,
Қулоқ беринг бир нафас.
Биз ошиқлар, яъни биз ҳам
Шу шаҳарга граждан.
Аризага ҳаққимиз бор
Эл қатори шу важдан.
Қандай бўлса янги шаҳар —
Бизга эмас барибир.
Ошиқ халқи тарқоқ халқ-у,
Лекин гапи, дарди бир.
Ўртоқ раис, ишқ аҳлини
Қўшсангиз гар қаторга,
Таклифимиз эшитингу
Тиркаб қўйинг қарорга.
Аввало шу —
Бизлар кўпмиз,
Бизлар юз минг нафарча.
Шаҳар ичра қуриб беринг
Бизлар учун шаҳарча.
Бу шаҳарга ном қўйилса —
«Севги шаҳри» аталсин.
Дарвозаси тепасига
Катта шиор қадалсин.
Бу шиорга катта қилиб,
Ҳамма учун кўрсатиб,
Зўр шоирга буюртириб
Шеър ёзилсин тўрт сатр.
Мазмуни шу:
Бу шаҳарча
Барча учун кенг очиқ,
Ким бўлмасин юрагидан
Фақат бўлсин чин ошиқ.
Аммо зинҳор бу шаҳарга
Киритилмас бедардлар.
Севги юкин кўтаролмай
Бир бор қочган номардлар.
Чин муҳаббат, чин дард бўлсин
Бу шаҳарча аҳлида.
Шаҳарчанинг айланаси
Бўлсин юрак шаклида.
Садоқатга макон бўлсин,
Тимсол бўлсин умрбод.
Энг марказий кўчасига
«Вафо» дея қўйинг от.
Битта кўча «Упич» бўлсин,
Битта майдон
«Аҳд-паймон».
Бу кўчага кирмаганлар
Мангу қилсин пушаймон.
Бир хиёбон «Висол» бўлсин,
Ҳеч бўлмасин фироғи.
Хира бўлсин, кўкиш бўлсин
Бу хиёбон чироғи.
Битта кўча бу шаҳарда
«Изҳори ишқ» аталсин.
Тажрибасиз ёш ошиқлар
Дардин бунда айтолсин.
«Севаман» деб ёзиб қўйинг
Бу кўчанинг бошига.
Айтолмаган тўхтаб турсин
Шу ёзувнинг қошида.
Катта равон шаҳроҳ номин
«Покизалик» деб қўйинг.
Оқ мармардан лавҳа қўйиб,
Навоийдан байт ўйинг.
Бу шаҳарга мангу қилиб,
Ўчмас қилиб зарҳали
Ўрнатилсин Фарҳодларнинг,
Мажнунларнинг ҳайкали.
«Вафо» номли кўча узра
Турсин аҳли чин вафо,
Ромео ва Тоҳир бўлсин,
Джульетта ва Зуҳро.
«Май ва маҳбуб» кўчасининг
Киравериш йўлида
Турсин шоир Умар Хайём,
Май косаси қўлида.
«Саргашталик» кўчасининг
«Рашк» тупиги устида
Отеллонинг шакли турсин
Қора кийиб устига.
Бу кўчанинг охирида
Бўлсин «Макр» майдони.
Тасвир этинг бунда ғолиб
Ёсуман ва Ягони.
«Гумон» ва «Ғаш» кўчасига
Белги қўйинг каттакон.
Бу кўчага киришмасин
Ёш ошиқлар ҳеч қачон.
Қоровуллар қўйинг, ҳайданг,
Интилса денг «нари бор!»
Айтинг, кўча охирида
«Айрилиқ»нинг жари бор.
Шаҳарчада ўссин фақат
Сарву гулу сунбуллар…
Гул шохида эртаю кеч
Сайраб турсин булбуллар.
Товуслар тинч хиром этсин
Бериб ўзга оролар…
Бу шаҳарга кўчирилсин
Барча ЗАГС бюролар.
Уйланганлар бу шаҳарга
Келиб турсин гоҳида.
Ором олиб ўтиришсин
Бир дам «Яраш» боғида.
Майли, кисқа қиламиз.
Биз сиздан уй сўрамаймиз,
Бизлар шундай, турфамиз,
Бошпанамиз мовий осмон,
Юлдузлардир кўрпамиз.
Бошпанамас, бизга фақат
Пана керак тузукрок.
Шаҳар ёруғ кеча-кундуз,
Дала эса кўп йирок.
Йўк, ҳазилга йўйманг буни,
Гапларимиз бари чин.
Биз билмасак, ким билади
Шаҳарнинг ҳар каричин.
Ҳа денг, ё йўқ, кетмас бунда
«Аммо», «ёхуд», «магар»и,
Бизга колса бутун Тошкент
Бўлсин «Севги шаҳари».
Хулоса шу — илтимосни
Бажарсангиз хўпу хўп,
Йўқ десангиз, юкорига
Ёзажакмиз бизлар кўп.
Ҳайрон бўлманг, устингиздан
Арз килувчи жойимиз —
На Совмин, на Олий Совет,
Балки келин ойимиз.
Ахир сиз ҳам севишгансиз…
Хўп десангиз ажабмас,
Келин ойим икки оғиз
«Қуриб беринг» деса бас.
Хайр энди, қарор кутиб
Юрагимиз ошиқар.
Салом билан шаҳрингизда
Яшагувчи ошиқлар.

ШАҲРИ ДИЛОРОМ

Тошкент,
Ўзбекистон раисига тегсин.
Мен бу йил тўртинчи синфни битирдим. Ёшим ўн бирда. Ер қимирлаш қанақа бўлишини билмайман. Бизнинг маҳаллада кеча Тошкентга ёрдам деб пул йиғишди. Мен атлас кўйлакка йиғиб юрган беш сўм пулимни юбораяпман. Болалар боғчаси қуришингизни сўрайман.
Дилором. Ўш шаҳридан.

Дилором,
Дилором,
Жажжи сингилчам,
Дўмбоқ юзларингни қилдим тасаввур.
Мунисам,
Каттакон мададинг учун
Бош эгиб айтаман сенга ташаккур.
Жаҳон подшолари хазинасидан
Олтин юборганда ҳамки беадад,
Дилором,
Дилором,
Жажжи сингилчам,
Сенинг ёрдамингча бўлмасди мадад.
Биз бунга бир эмас, юзлаб ва минглаб
Боғчалар қурамиз,
Кўркма, етади.
Сендек меҳрибони бор экан, демак,
Тошкент жароҳати битиб кетадй.
Фақат сен омон бўл, яйрагин кулиб,
Қора қошларингга қўнмасин ғубор.
Сен саломат бўлсанг, меҳрибонгинам,
Бу оғир кунларда толмаймиз зинҳор.
Сен учун бир шаҳар қурайлик, дўмбоқ,
Киройи одамлар қилгудек ҳавас,
Осмондай кенг бўлур, денгиздай мовий,
Кўксингни тўлдириб олурсан нафас,
Хиёбонлар аро сени етаклаб,
Чароғон кечада ва ё кундузи
Бирма-бир Тошкентни кўрсатиб чикар
У кун Ўзбекистон раиси ўзи.
Нақадар ажойиб,
Нақадар сулув,
Бунга сен сабабсан, сенинг ҳимматинг.
Ям-яшил шаҳарнинг энг ўртасига
Ўрнатиб қўямиз катта суратинг.
Токи узоқ-узоқ юртлардан келиб
Гўзал шаҳримизда олганда ором,
Дўстлар сўрасинлар:
Бу кандай шаҳар?
Биз жавоб берайлик:
Шаҳри Дилором.

НИҲОЯ

«Тошкент сейсмик станцияси хабар беради: 26 апрелдан буён ўтган икки ой ичида Тошкентда 500 марта ер қимирлади. Зилзиланинг кучи сўниб бормоқда».

Булар достон эмас,
Булар барчаси —
Зилзилада кўчган
Шеърлар парчаси.
Жарангли қофия,
Чиройли нисбат,
Янги ташбеҳларга
Йўқ эди фурсат.
Зудлик керак эди,
Кутарди замон,
Палатка ичида
Туғилди достон.
Фикрлар бениқоб,
Яланг туйғулар.
Чанг босган дафтарга
Ёзилди булар.
Бу — шоирлик эмас,
Инсонлик фарзим,
Бўйнимда қолади
Ҳали кўп қарзим.
Шоирлар ёзажак
Ҳали кўп достон.
Бир оз фурсат ўтсин,
Босилсин тўзон.
Бошдан учган ҳушлар
Жойига қўнсин,
Чайқалиш тўхтасин,
Фикрлар тинсин.
Кўнгилга шеър сиғмас
Юраклар танда —
Симоб қатрасидай
Қалқиб турганда.
Бари ўтиб кетар,
Ваҳима — ортда.
Нималар бўлмайди,
Ахир, хаётда.
Ҳали ишимиз кўп,
Ҳали кўп ҳашар.
Қурмоғимиз керак
Янгидан шаҳар.
Ҳакиқий Тошкентни
Тиклаймиз ҳали.
Сўнг келар ҳақиқий
Шеърларнинг гали.
Булбуллар сайраган
Боғу гулшанда
Шеърхонлик қиламиз
Тўйиб ўшанда.
Қувноқ гурунгимиз
Этади давом,
Биз билан бўлади
Жажжи Дилором.
Шарифанисони
Топган Любахон
Уйида бўламиз
Бир кеча меҳмон.
Биздан нима кетди —
Йўлма-йўл бир дам
Бош суқиб ўтамиз
Ижрокомга ҳам.
Бизни қарши олар
Дилкаш, қувнок мэр,
Тортмасидан олиб
Ўкиб берар шеър.
«Бу хатни ёзишган
Ошиқлар менга…»
Бизлар билмагандай:
«Ҳа, шундай денг-а…»
Раис бизни бошлар
Кўчалар сари.
«Мана, дўстлар, сизга
«Севги шаҳари».
Ошиқлар наказин
Қилолдик адо.
Бу шаҳарга келсин
Ким бўлса шайдо».
Кўчалар четида
Олмаю гилос,
Анорлар қизариб
Гуллайди қийғос.
Неча йиллар оша
Учмай зарҳали
Туради Фарҳоду
Мажнун ҳайкали…
Ҳа, шаҳрим тилларда
Достон бўлади.
Қримга қочганлар
Қайтиб келади.
Яна мажлисларда
Минбардан туриб,
«Жоним халқимга» дер
Кўксига уриб.
Биз эса мажлисдан
Қочиб ўшанда
Шеърхонлик қиламиз
Боғу гулшанда.
«Ғазал» хиёбонин
Этамиз сайр.
Уқувчим,
Шу ерда
Ҳозирча хайр.

1966 йил 28 май — 10 июнь,
Тошкент

forum.ziyouz.com сайтидан олинди

Ўхшаш мақола

Тошкентлик Муҳаммад Юнус Тоиб – биз билмаган қози

Post Views: 862 Қози – мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланадиган, шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *