Тошкент «Оқтепа»лари (номларнинг келиб чиқиш тарихи)
Оқтепа — Ўрта Осиёда қадимги бинолар қолдиқлари ва археологик маданий қатламлар сақланган тепаликлар номи. Тошкент шаҳрининг ўзида бир қанча Оқтепалар мавжуд — Кўкча Оқтепаси, Чилонзор Оқтепаси, Сағбон Оқтепаси, Чиғатой Оқтепаси, Юнусобод Оқтепаси.
КЎКЧА ОҚТЕПАСИ – археологик ёдгорлик (6–11-асрлар). Тошкентнинг жануби-ғарбий қисмида, Кўкча ариғи бўйида жойлашган. 1927 йили Н.Г.Маллицкий томонидан қайд этилган. 1968 ймлда Тошкент археология экспедицияси текширган. Қўрғоннинг баландлиги 5 м га яқин бўлган. Тепаликнинг дўнг қисми остидан хом ғишт ва пахсадан барпо қилинган иморат қолдиқлари (6–8-асрлар), манзилгоҳдан шу даврга оид турли сопол идишлар, сопол остадон топилган. Кўкча Оқтепада ҳаёт 10–11-асрларгача давом этган.
ЧИЛОНЗОР ОҚТЕПАСИ – археологик ёдгорлик (4–8-асрлар, 10–11-асрлар). Тошкентнинг жануби-ғарбий қисмида, Бўзсув анҳори бўйида жойлашган. 1940 йили А.И.Тереножкин қайд этган; 1960 йилда А.С. Шиллер ва Ю.Ф.Буряков, 1969–71 йилларда Тошкент археология экспедицияси текширган. Чилонзор Оқтепаси баландлиги 15 м ли тепалик бўлиб, атрофида умумий майд. 60х75 м2 келадиган қадимий қишлоқ харобаси қолдиқлари жойлашган. Тепаликда олиб борилган қазишмалар натижасида ундаги иморатлар устма-уст хом ғишт ва пахсадан солингани (4–8-асрлар мобайнида навбатланиб турганлиги) маълум бўлди. Вазифасига кўра, мажусийлик билан боғлиқ бўлган, композицияси жиҳатдан бир-биридан фарқ қиладиган бинолар 3 даврга мансублиги аниқланган. 1-даврда (4-аср) бино пахса пойдевор устига қурилган 4 минорали қасрдан иборат бўлган. Бино квадрати (13,5х13 м2) ички томондан гумбазли узунчоқ 3 хонага ажратилган, бурчаклардаги овалсимон минораларнинг ички хоналари мазкур хоналар билан тор йўлак орқали боғланган. Қалин деворлар (жанубий деворининг қалинлиги 4 м гача) ва пиллапоя қолдиқлари 2-қават ҳам бўлганлигини кўрсатади. Истеҳком қонун-қоидаларига риоя қилинган ҳолда мудофаа воситалари (қалин деворлар, миноралар, шинаклар) билан таъминланган қаср фақат оддийгина қаср бўлиб қолмай, балки оташпарастларнинг истеҳкомли ибодатхонаси вазифасини ҳам бажарган.
2-даврда (5–6-асрлар) дастлабки иморат атрофига янги хоналар ва ёрдамчи хўжалик хоналари қурилган, шинакли қўшимча қалъа девори билан мустаҳкамланган.
3-давр (7–8-асрлар)да дастлабки иморат қолдиқлари тупроқ билан тўлғизиб шиббаланиши натижасида вужудга келган 9 метрли тагкурси устига солинган тепаси очиқ тўртбурчак (38х27 м2) ҳовли кўринишидаги ноёб бино бўлиб, атрофи токчали девор билан ўраб олинган, ичкариси ҳовли саҳни бўлиб, унинг тўрида тўртбурчак супа курси жойлашган. Қазишмалар натижасида ҳовли саҳнининг қалин қатламларидан органик қолдиқлар, Қовунчи – II маданиятига хос белгиларга эга кўплаб сопол буюмлар, ёрғучоқлар ва бошқа материаллар, шунингдек, туркашларнинг 8-асрга оид тангаси ҳам топилган. Бино тарҳининг ўзига хос хусусиятлари ва топилмалар мажмуи 3-даврдаги иншоот ибодатхона бўлганлиги ва у Қовунчи маданияти давридаги маҳаллий аҳолига тааллуқли эканлигидан далолат беради.
Бино ва қолдиқлар асосида тикланган диний маросим белгиларига асосланиб Чоч аҳолисининг араблар истилосигача бўлган диний эътиқодларини тахмин қилиш мумкин.
Чилонзор Оқтепасидаги баланд ибодатхона биносининг қурилиши ва белгиларини қиёслаш (тагкурси, ҳовли саҳнидаги органик қолдиқлар қатламлари) Чочда аждодлар руҳига сиғиниш айниқса кенг тарқалганидан ва ибодатхона айнан шу мақсад учун мўлжалланганидан далолат беради. 7–8-асрлар ўрталарига оид Чилонзор Оқтепасидаги ибодатхона мажмуи Чоч вилояти марказининг гавжум бўлган теварак-атрофида жойлашган бўлиб, йирик зиёратгоҳлардан бири ҳисобланган. Араб халифалиги даврида бино бир қанча вақт зардуштийлик удумлари бўйича дафн этиш жойи бўлиб хизмат қилган, сўнгра харобага айланган. Бу ерда кичик қишлоқ шаклланган даврда (10–11-асрлар) харобалар атрофидаги ҳаёт тикланган.
САFБОН ОҚТЕПАСИ – археологик ёдгорлик, қалъали қишлоқ харобаси (милодий 5–8, 10–12-асрлар). Тошкентнинг шимоли-ғарбий қисмида, Қорақамиш-2 массивида жойлашган. Сағбон Оқтепасининг катта қисми турар жой бинолари қурилиши ва қабристон ҳудудининг кенгайиши туфайли йўқ бўлиб кетган. Маданий қатлам қолдиқлари қалъадан 500 м гача масофада кузатилади. Қалъа кесик пирамида шаклида бўлиб, баландлиги 11 м бўлган. У йирик тўғрибурчакли ғиштлардан бино қилиниб, маданий қатламдан Қовунчи маданиятига оид материаллар топилган. Сағбон Оқтепасида ҳаёт 7–8-асрларда равнақ топган. 10–12-асрларда кўҳна қалъадан нарида атрофи девор билан ўралмаган кенг қишлоқ вужудга келган. Унинг иншоотлари, бинолари Келес йўли бўйлаб чўзилиб кетган.
ЧИFАТОЙ ОҚТЕПАСИ – археологик ёдгорлик, истеҳкомли қишлоқ харобаси (5–8-асрлар, 10–12-асрлар). Тошкентнинг шимоли-ғарбида, Кайковус канали бўйида жойлашган. 1927 йил Н.Г.Маллицкий ва 1940 йилда М.Э.Воронец қайд этган, 1968 йилда Тошкент археология экспедицияси текширган. Тик ён бағирли тепалик шаклида сақланган арки харобасининг диаметри 30 м, баландлиги 6–8 м бўлиб, атрофида мустаҳкам мудофаа девори билан ўралмаган қишлоқ жойлашган. Ҳозирги Чиғатой Оқтепаси атрофи текислаб ташланган ва замонавий иморатлар қурилган. «Чиғатой Оқтепа» маҳалласи бор.
ЮНУСОБОД ОҚТЕПАСИ – археологик ёдгорлик, шаҳар харобаси (5–13-аср боши). Тошкентнинг шимоли-шарқий қисмида, Оқтепа канали бўйида жойлашган. Дастлаб, 1886 йилда В.П.Наливкин қайд қилган. 1940–41 йилларда А.И.Тереножкин қисман қазишмалар олиб борган. 1975 ва 1977–83 йилларда Тошкент археология экспедицияси ўрганган. Жанубий томони баландроқ тепалик кўринишидаги арк ва қишлоқ (100 га)дан иборат. Арк харобалари (86х180 м) шимолдан жануб томонга чўзилган ва қишлоқдан чуқур жарлик (арк атрофидаги хандақ ўрни) билан ажратилган. Аркка ёндошган кенг ҳовли ва унинг жанубий қисмида арк харобалари жойлашган бўлиб, қазиш вақтида хом ғишт ва пахсадан қурилган, меъморий жиҳатдан яхши сақланган бинолар қолдиқлари очилди. Мажмуада қурилиш 3 босқичда амалга оширилганлиги аниқланди. Биринчи босқичдан (5–6-асрлар) қалъанинг ички қисмидаги бир неча хона ва йўлаклар сақланиб қолган. Қишлоқдаги ҳаётнинг сўнгги даври (7–8-аср боши)га оид ансамбль баланд қаср (майдони 80х80 м), ҳовли ва қаср этагида жойлашган сарой типидаги иншоотдан иборат. Ансамбль мудофаа девори ва хандақ билан ўралган. Қасрга ғарб томондаги хандақ устига қурилган осма кўприкдан кирилган. Кўприкдан ўтилгач, лабиринт кўринишидаги дарвозага, сўнгра ҳовлига кирилган. Дарвозалар олдида қўриқчилар хонаси, шимолда саройсимон иншоот, қаср жойлашган. Қасрга квадрат минора орқали пандус билан кўтарилган. Қаср икки қатор йўлаклар билан ўралган. Устки қатор йўлаклар бурчакларида думалоқ гумбазли хоналар бўлиб, улар ташқаридан айлана минорага ўхшаб кўринган. Қасрнинг ичи икки қисмга бўлинган. Fарбий қисм бурчагида икки қаватли баланд минора – мўла қад кўтарган. Пастки қаватда гумбазли учта йўлак, юқорида – деворий расмлар билан безатилган зал жойлашган. Шу ерда оташпарастларнинг икки хонали саждагоҳи, қўшимча ёндош хоналар жойлашган.
Асосий хонанинг деворлари тагида супалар, марказда оташгоҳ бўлиб, унинг усти ёғоч билан рамзий ёпилган. Қуёш нурларидан муҳофаза қилинган яланг деворли хона зардуштийлар оташгоҳи талабларига мос равишда бунёд этилган. Бу қисм марказида куб кўринишидаги маҳобатли бино қад кўтарган, унинг усти гумбаз билан ёпилган, деворлари қалин бўлган, ичида супалари – новуслар жойлашиб, уларга зардуштийлар удумига кўра остадонлар қўйилган. Қасрнинг шарқий қисмида хўжалик (ошхона, узум эзадиган қурилма, тандирлар) ва омборхоналар жойлашиб, улар узун, икки қаватли йўлак қўринишида бўлган, у ердаги супаларга хумлар қўйилган. Қасрдаги йўлакларда шу давр учун хос бўлган шинак-туйнуклар бўлмаган, уни мудофааси йўлакларга ўрнатилган усти том кунгуралари ортидан амалга оширилган. Омборхоналар ва минора тепасига зинапоя билан чиқилган, у ерда майдонча бўлган, натижада қаср зинапоясимон ташқи қиёфа кўринишини олган. Ҳовлидаги сарой мажмуаси учта йирик зал, кенг ҳовли ва ички хоналардан ташкил топган. Заллар усти ёғоч тўсинлар билан ёпилган, уларнинг бир қисми қулаб тушган ҳолатда сақланган. Деворлар рангли, нақшинкор сюжетли расмлар билан безатилган. Марказий зал – маросимлар ўтказиладиган зал атрофи зинали супалар билан ўралган, марказида тахт ўрнатилган. Қалъа тузилиши, шунингдек ундаги археологик топилмалар (тош, суяк ва металлдан ясалган қурол-яроғ, зеби-зийнат, темир пичоқ, ханжар, болта, ўроқ, уч парракли ўқ пайконлари, тош ёрғучоқлар, тоғ хрустали, кўзли кумуш узук ва айниқса нуроний мўйсафид тасвирли терракота) диққатга сазовор. Юнусобод Оқтепаси 7–8-аср бошида яшаган чочлик йирик зодагоннинг қасрли чорбоғи, саройи бўлганидан далолат беради. У ҳокимнинг ёзги қароргоҳи бўлгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Топилмалар, жумладан умавийлар халифалиги (8-аср 1-ярми)га оид кумуш тангаларнинг кичик хазинаси топилган. Ёдгорликдаги ҳаёт 8-аср 2-ярмида қайта жонланган, 9–12-асрларда эса у Бинкат вилоятининг мустаҳкамланмаган қишлоқларидан бўлиб, 13-аср бошида мўғуллар истилоси даврида инқирозга учраган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил






Изоҳлар