Отчопар

ОТЧОПАР, «Тошкент отчопари» ОАЖ (Бунёдкор шоҳкўчаси, 156) – от спорти бўйича мусобақалар ўтказиладиган спорт мажмуаси. 1976 йилгача Отчопар Қўйлиқ яқинида бўлган. 1974–75 йилларда республикада энг йирик Отчопар қурилди (меъморлар Р.У.Асанов, Э.И.Гусарова) ва 1976 йил ишга туширилди. 2001 йил сентябрдан Республика от спорти мажмуаси тасарруфидаги «Тошкент отчопари» ОАЖ. Умумий майдони 66,5 гектар. Асосий фаолияти – Ўзбекистонда от спортини ривожлантириш, унинг моддий базасини мустаҳкамлаш, жисмоний тарбия ва спортнинг мавқеини ошириш, соғлом авлодни тарбиялашдан иборат. Отчопар таркибида 9 отхона (200 отга мўлжалланган), отларни тўсиқлардан оша сакрашга йўналтирилган «конкур» майдони (1 гектар; 340 томошабинга мўлжалланган), асосий бинода 7 минг томошабинга мўлжалланган усти ёпиқ трибуна, ҳакамлар хонаси, 1600 ва 2000 м ли масофага отларни юритиш йўлкачалари бор. Спорт мажмуаси ҳудудида, шунингдек, Республика от спорти олий маҳорат мактаби ва Тошкент вилоят ҳокимияти тасарруфидаги От спортига ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият олиб боради. Спорт мажмуасида от спортининг турли йўналишлари бўйича Республика ва Тошкент шаҳар биринчиликлари, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида мусобақалар ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Отчопардаги от спорти бўйича ўтказиладиган мусобақаларга Ўзбекистон Республикаси от спорти федерацияси раҳбарлик қилади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Post Views: 8 460 ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ – Ўзбекистон мусулмонларига раҳбарлик қилувчи диний ташкилот. 1943 йил …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *