Ниёзбек йўли кўчаси

НИЁЗБЕК ЙЎЛИ КЎЧАСИ – Юнусобод туманининг «Турон» маҳалласи, Мирзо Улуғбек туманининг «Амир Темур» маҳалласи ҳудудида жойлашган. Тошкентнинг қадимги кўчаларидан бири. Амир Темур шоҳкўчаси ва Қори-Ниёзий кўчаси оралиғида. Узунлиги 1,5 км атрофида. 19-асрнинг 2-ярмида ташкил топган. Шаҳарнинг Қашқар (Оққўрғон) дарвозасидан бошланувчи қадимий карвон йўли ўрнида вужудга келган. Ўрта асрларда Хожа Аҳрорнинг вақф ерларига қарашли бўлган Оққўрғон қишлоғининг жанубий чеккасидан ўтган. Дастлаб шаҳар ташқарисидаги Ниёзбек қалъасига олиб бориладиган асосий йўл бўлгани учун Ниёзбек кўчаси номи билан юритилган. 1864 йил 15 октябрда генерал М.Г.Черняев бошлиқ чор Россияси қўшинлари Тошкентга биринчи марта Ниёзбек йўли орқали яқинлашиб, шаҳарнинг Қашқар дарвозасига ҳужум қилган ва мағлубиятга учраб, Чимкентга чекинган. 1865 йил 29 апрелда Черняев қўшинлари Тошкентни забт этиш учун асосий истеҳком ҳисобланган ва Тошкентдан 27 км узоқликда жойлашган Ниёзбек қалъасини қўлга киритган. 9 май куни Ниёзбек йўлининг Дархонотасой ва Салор ариғи билан кесишган жойда Черняев қўшинлари билан Қўқон хонлиги лашкарбеги Алимқул қўмондонлигидаги 7000 нафар Тошкент мудофаачилари ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтган. Алимқул оғир яраланиб ҳалок бўлган. 1993 йил 30 июнда жойнинг тарихий номи сифатида Ниёзбек йўли номи берилган. Йўналишида шахсий турар жой бинолари, «Ўзкоммунхизмат» ва «Мадад» агентликлари, «Ўзкоммунлойиҳа» институти, Тошкент молия институти факультети, Тошкент ирригация ва мелиорация институти, савдо мажмуалари, хорижий компаниялар, «Минор» метро бекати, 43-мактаб, Юнусобод туман прокуратураси бор. Кўчадан Оққўрғон ариғи ўтган. Яқинида Қирғизистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, Кардиология маркази, Олой бозори, Ҳамид Олимжон майдони, Сергей Есенин музейи, «Турон» ресторани, Юнусобод туман ижтимоий таъминот бўлими, фирма ва компания офислари, турли сервис хизмат кўрсатиш масканлари жойлашган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *