Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Тошкент қамали (1852)

Тошкент қамали (1852)

ТОШКЕНТ ҚАМАЛИ (1852) – Тошкент ҳокими Нормуҳаммад қушбегининг Мусулмонқул мингбоши сиёсатига қарши бош кўтариб, Тошкентни Қўқондан мустақил деб эълон қилиши сабаб бўлган. Мусулмонқул 1852 йил баҳорда ёш Худоёрхон ҳамроҳлигида Тошкентга юриш бошлаган, 7 мартда 40 минг кишилик қўшин билан Тошкентга етиб келган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, Чирчиқдан ўтган қўшин Ниёзбек қалъасига ҳужум бошлаган, лекин қалъани эгаллай олмаган Мусулмонқул унинг рўпарасида Танасўйди мавзеида янги қалъа қурдириб, у ерга қурол-яроғ, озиқ-овқат захирасини бир қисм навкарлари билан қолдириб, ўзи Тошкент қўрғонига етиб келган. Жанг вақтида қўқонликлар сафидан Ўтаббой қушбеги ўғиллари ва яқинлари билан Нормуҳаммад қушбеги томонга ўтиб шаҳар ичига кириб кетган. Натижада Қўқон қўшинида тартибсизлик юз бериб, Мусулмонқул Ниёзбекка чекиниб, Парвизшоҳи мавзеига келиб тўхтаган. Эртаси куни Қўқонга қайтишда Чирчиқдан ўтаётган Мусулмонқул қўшинига шаҳардан чиқиб келган Ўтаббой қушбеги бошлиқ Тошкент қўшини ҳужум қилиб, катта талафот етказган. Бироқ, Мусулмонқул 1–2 ойдан сўнг Тошкентга қайта қўшин тортиб, уни қамал қилган. Нормуҳаммад қушбеги шаҳар мудофаасини кучайтириш мақсадида шаҳардаги барча савдогарлардан бир неча бор пул йиққан, аҳолидан эса «таноб пули» солиғини олган. Бундан ташқари, Бухоро амирига ўз вакилини, кейинроқ тортиқ сифатида 6000 қўй юбориб, Мусулмонқулга қарши курашда ёрдам сўраган. Шаҳарга кириш-чиқиш қаттиқ назорат остига олинган, тошкентликларга ҳатто Чирчиқдан ўтиш ҳам тақиқланган. Шаҳар қозикалонини эса Мусулмонқул билан хуфия алоқаси борлиги учун ҳибсга олган. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарига кўра шу пайтда (1852 йил май) Худоёрхон Тошкентда оқ кигизга чиқарилиб, қайтадан хонликка кўтарилган. Ўтаббой қушбеги амирлашкар этиб тайинланиб, Қўқонга Мусулмонқул тарафдорларига қарши юришга жўнатилган. Бу юриш, кўп ўтмай, хонликда қипчоқлар қирғинига олиб келган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Тошкент қозилари

Post Views: 880 Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар …

2 комментария

  1. Oxirida -> Xudoyorxon qaytadan Toshkenda xon etib tayinlandi, O’tabboy anir lashkar etilib Qo’qonga Musulmonqulga qarshi harakatlar uchun yoborildi<- shu joyini sal tushunmadim

    • Ушбу масала юзасидан маълумот тўплаб кейинги мақолалар орқали ёритишга ҳаракат қиламиз. Мақола ҳаволаси электрон почта манзилингизга юборилади

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *