«Лабзак» маҳалласи (Баҳор кўчаси, 4) – Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла. «Коҳота» ва «Тахтапул» маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла ўтмишда «Сирли масжид», шўролар даврида «Баҳор» номи билан аталган, кейинчалик «Известия» маҳалласи билан «Баҳор» бирлашиб, ҳозирги «Лабзак» маҳалласи ташкил қилинди. Маҳалла ҳудуди Лабзак ариғи бўйида жойлашганлиги сабабли «Лабзак» – «захкаш сув бўйи» деб номланган. Маҳалла ҳудудида шаҳарнинг Лабзак дарвозаси бўлган. Аҳолиси 6,5 минг киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 20 дан ортиқ турли миллат вакиллари яшайди (2009). Маҳалла ҳудудида 21 та кўп қаватли уй, 2 касб-ҳунар коллежи, ўрта мактаб, болалар боғчаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, кафелар, новвойхоналар мавжуд. Маҳаллада академик Комилжон Зуфаров, Ўзбекистон халқ шоирлари Ҳамид Олимжон, Зулфия, Мирмуҳсин ва бошқалар яшаган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил