Баландмасжид
БАЛАНДМАСЖИД – Шайхонтоҳур даҳасидаги қадимги маҳалла. Оқмасжид, Девонбеги, Говкуш, Қатортерак маҳаллалари ва Каттакўча (ҳозирги Навоий кўчаси) билан чегарадош бўлган. 400 дан ортиқ хонадон бор эди. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, мирлар ва маҳсумлар тоифасига мансуб бўлган; боғдорчилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган, шаҳар чеккасида деҳқончилик қилинган.
Маҳалладаги тепаликда 1738 йил меъмор Мўминжон қурган масжид (номи шундан), шунингдек, баққоллик, гўшт ва атторлик дўконлари, темирчилик устахонаси бўлган (20-аср боши). 30-йилларда маҳалла ва масжид ўрнида кўп қаватли бинолар қурилганда, Баландмасжид биноси архитектурасини сақлаб қолиш мақсадида уни Бешёғоч майдони ёнига олиб бориб, қайта ўрнатишган (шўролар даврида ушбу бинода «атеизм уйи» ишлаган. Кейинчалик бино бузиб ташланган). Баландмасжидда шоир Мискин (1880–1937) яшаган. Ҳозирги ҳудудида «Ҳадра» маҳалласи, Марказ-14 турар жой микрорайонининг бир қисми жойлашган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил







Мирлар ва маҳсумлар, яна саволлар…