ЛАБЗАК АРИFИ, Жангоб – Бўзсув каналининг ўнг тармоқларидан бири, шаҳар ҳудудида шарқдан ғарб йўналишида оқади, суви Қуйи Бўзсув ариғига қўшилади. Узунлиги тахминан 4 км.
«Лабзак» номи «лаби зах» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «захкаш ер» маъносини англатади. Манбаларда шу номли ариқ 19-асрдан бошлаб учрайди. Халқ орасида «Жангоб» деган номи ҳам машҳур, бу ном қадимийроқдир. Бу ариқ 18-асрда шаҳар марказидан оқиб ўтган.
20-аср бошларида Лабзак ариғи Шайхонтоҳур даҳасининг Турк, Лабзак мавзе-маҳаллалари, Мараим халфа, «Раискўча», «Орқакўча» маҳаллалари, марказий бозордаги «Қошиқчилик» маҳалласи, Себзор даҳасининг «Дарвозакент» мавзе-маҳалласи, «Занжирлик», «Fиштмасжид», «Қозикўча», «Тинчоб», «Кичик Жанггоҳ», марказий бозорда жойлашган «Поякилик», «Ҳожикўча-2», «Ҳожикўча-3» маҳаллалари, Кўкча даҳасининг «Ишқобод», «Маҳкама», «Ходабозор», Бешёғоч даҳасининг «Сарчопон», «Эски Намозгоҳ», марказий бозордаги «Ҳовузбоғ-1», «Гулбозор», «Чорсу» маҳаллаларидан оқиб ўтган. Шаҳарнинг кўп аҳолили жойларини сув билан таъминлаган бу ариқ Себзор ва Шайхонтоҳур, Кўкча ва Бешёғоч даҳалари ўртасида чегара ҳам саналган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил