Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент шаҳри Шайх Зайниддин мажмуасидаги чиллахонанинг фойдаланиши хусусида

Тошкент шаҳри Шайх Зайниддин мажмуасидаги чиллахонанинг фойдаланиши хусусида

Тошкентнинг жануби-ғарбида, Кўкча ариғи ёнида, VI-XII асрларда қўрғон бўлган. Ўша даврда ундан шарқ тарафда Куйи Орифон мавзесида икки қаватли, пишиқ ғиштдан бино бунёд этилган ва тадқиқотлар бу бино астрономик моҳиятга эга эканлигини тaсдиқлади, кейинчалик у Чиллахона деб аталди.

Бу объектда дастлаб В. А. Левина-Булатова[1] археологик тадқиқотлар олиб бориб, унинг натижаларини 1960 йили “Ўзбекистон меъморий мероси” тўпламида “Зайниддин мақбараси тарихи ҳақида” номли мақолада эълон қилди. У ўз тадқиқотида бинонинг археологик тарихи ва меъморий жиҳатлари ҳақида маълумот беради.

Шу жойнинг астрономик объект эканлиги ҳақида дастлаб биз О.С. Турсунов билан ҳаммуаллифликда 2000 йили Россия Фанлар академиясининг С.И. Вавилов номидаги Табиий ва техникавий фанлар тарихи институтининг “Астрономия тарихи тадқиқотлари”[2] йиллик тўпламининг 25 сонида “Тошкент марказидаги илк ўрта асрларга оид астрономик қурилма” номи билан мақола чоп этган эдик. Кейинчалик ушбу маълумот 2002 йили Англияда чоп этиладиган “Астрономия тарихи”[3] журналида ҳам “Тошкентдаги ўрта аср астрономик жиҳози” номи билан чоп бўлди.

Ундан кейин ҳам тадқиқотларни давом эттириб, олиб бориб ушбу мавзуни бойитишга муваффақ бўлдик ва ҳозирги маърузада Тошкент Чиллахонаси ҳақида кенгроқ маълумот бермоқчимиз.

Тошкент шаҳрининг ҳозирги Кўкча маҳалласидаги қабристон ҳудудида ХIV асрга оид архитектура ёдгорлиги — Шайх Зайниддин (1164 йилда таваллуд топган) қабри узра қурилган мақбара қад кўтариб турибди. Шайх Зайниддин Бағдод шаҳридан келиб, Тошкентнинг “Кўйи орифон” мавзесида муқим яшаб қолгани тарихий ҳужжатлардан маълум. Мақбаранинг шундоқ ёнгинасида “Чиллахона” деб аталадиган, унча катта бўлмаган қурилма мавжуд ва у мақбара мажмуаси билан унча қовушмайроқ туради. Археолог В.А. Левина-Булатова тадқиқотларидан маълум бўлишича, мазкур ёдгорлик XI асрга оид экан ва “Чиллахона” суғориш тизими қисмлари мавжуд маданий қатламга қурилган. Мақбара пойдевори тадқиқ қилинганда ҳам шу нарса малум бўлди, яъни унинг остида илгари қурилган бино пойдевори топилди. Қурилиш ашёлари, хоналар шакли, Маккага қаратиб очилган меҳробга кўра, “Чиллахона” Ўрта Осиёга ислом кириб келиши даврига тааллуқли дейиш мумкин. Бу ерда XIV асрда Шайх Зайниддин қабри атрофида қабристон пайдо бўлган.

Маълумки тасаввуфда “чилла” зоҳидлик хилвати ва тариқат йўлининг ўзига хос расм – русумларини англатади. Чилла қирқ кун давомида нафсдан тийилишдан иборат бўлиб қолмай, балки бу даврда хилватда бўлишни ҳам англатади ва бу устоз раҳнамолигида амалга оширилади. Чилла ўтириладиган хона қоронғу ва чўзилиб ётиш имкони йўқ, фақат ўтиришга мўлжалланган махсус жойдир. Ухлаш ҳам ўтирган ҳолда кечади. Бу даврда устоз раҳнамодан ўзгалар билан суҳбат қуриш ва унинг ижозатисиз чиллахонани тарк этиш тақиқланади[4].

Тошкентдаги Шайх Зайниддин қабристон ҳудудида мақбара билан ёнма-ён жойлашган Чиллахонани маҳаллий аҳоли диний маросим иншоотига тегишли деб билган.

Чиллахона меъморий жиҳатдан қанақалигини кўриб чиқайлик. Иншоот икки қисм – ер ости ва ер усти хоналардан иборат. Устки хона тўғри саккиз қиррали бўлиб, усти гумбаз билан ёпилган. Гумбазнинг юқори нуқтасида диаметри 97 сантиметрли доира шаклидаги тешик мавжуд. Бинонинг умумий баландлиги саҳндан шифтнинг юқори нуқтасигача 583 сантиметр. Тенг томонли саккиз бурчак полнинг диагонали 615 сантиметр, томонлари эса 236 сантиметрдан. Eр остидаги хона ер устидаги хонанинг кичрайтирилган нусхаси бўлиб, баландлиги 230 сантиметр. Ер ости хонанинг шифтидаги тешик кесик конус шаклида, юқори асосининг диагонали 30 сантиметр, пасткисиники 15 сантиметр; ён томонлари эса 28 сантиметрга тенг. Бу тешик пол проекциясига нисбатан шимол томон 166 сантиметрга сурилган. Бунда кесик конус ўқи ер устидаги хонанинг шифтидаги доира шаклидаги тешик марказига йўналган. Хар икки тешик марказидан ўтадиган чизиқ жойнинг меридиан текислигида ётади.

Чиллахонанинг санаб ўтилган бу хусусиятлари қатор саволларни келтириб чиқаради: 1. Нима сабабли ҳар икки хона гумбазидаги тешик доира шаклида? 2. Нима учун ер ости хонаси тешигининг маркази ер усти хонаси тешигининг полга проекциясига нисбатан шимол томонга 166 см сурилган? 3. Нега ер ости хонаси шифтидаги тешик кесик конус шаклида? 4. Нега ҳар иккала хона шифтидаги тешиклар маркази жойнинг меридиан текислигида жойлашган? 5. Нима учун кесик конус ўқи ер усти хонаси тешиги марказига йўналтирилган ва уфқ текислигига нисбатан 73 градус бурчакда оғган? 6. Нима сабабли ҳар иккала хона баландлиги ва диагонали нисбатан тахминан 2,2 катталикка тенг? Чиллахона диний маросимлар ўтказилган жой, деб тахмин қилинадиган бўлса, биз юқоридаги ва бошқа саволларга жавоб топа олмаймиз. Агар Чиллахона диний маросим иншооти эмас, балки илк ўрта асрлардаги диоптрли астрономик қурилма бўлган, деб тахмин қилинсагина мазкур саволларга жавоб топиш мумкин. Биз олиб борган ўлчаш ишлари Чиллахона ер усти ва ер ости хоналарининг марказларини бирлаштирадиган чизиқ пол текислигига нисбатан 73 градус оғганини кўрсатади. Бу оғиш бурчаги нима билан изоҳланади? Тошкент кенгламаси тахминан 41,5 градусга тенглигини билган ҳолда унинг белгисини 90 градусга қадар тўлдирувчи бурчакни осонлик билан аниқлаш мумкин. У 48,5 градусга тенг бўлиб чиқади. Осмон экватори текислигининг эклиптика текислигига оғиши 23,5 градусга тенг. Бундан, қуёш ёзги қуёш турғунлиги кунида меридиандан ўтишда 48,5+23,5=72 градус баландликда бўлишини топамиз. Шундай қилиб диоптрлар марказларини бирлаштирувчи чизиқнинг оғиши ёзги қуёш турғунлиги кунида қуёшни кузатиш билан боғлиқлигини таъкидлаш мумкин.

Чиллахонанинг конструкцияси турли астрономик масалаларни ҳал этиш, жумладан, баҳорги тенгкунликни; ёзги қуёш турғунлигини; экватор текислигининг эклиптика текислигига оғиш бурчагини; қуёш авжга чиққан туш пайтини ва сутка соатларини; кузатиш жойи кенгламасини ва ҳоказоларни аниқлаш имконини берган.

Чиллахонанинг тузилиши билан боғлиқ муҳим элементлардан бири обскур камераси хисобланади. Гап шундаки, Тошкент Чиллахонасида осмон объектлари тасвирини яхшилаш мақсадида, бу қурилмада илк бор ён атрофдан келадиган ёруғликни тўсиш учун мослама яратилган, деб тахмин қилиш мумкин. Унда икки диоптрдан иборат тизимдан фойдаланилганлиги ҳозирги телескопларда ҳамда фотоаппаратларда қўлланилаётган диафрагма ҳалқаларини ёдга солади. Кесик конус шаклидаги диоптрнинг ўзи эса телескоплар ва фотоаппаратлар объективлари олдидаги ён атроф ёруғлигини тўсиш учун қўлланиладиган “бленда”ни эслатади.

Диоптрли асбоблар қадимги даврлардаёқ яратила бошланган. Доира шаклидаги тешикли гумбаз Марказий ва Ўрта Осиё халқларининг милоддан анча аввал маълум бўлган ўтовлари тузилишини ёдга солади. Кўчманчи халқлар ўтовлардан икки хил мақсадда фойдаланишган. Биринчидан — турар жой, иккинчидан, вақтни аниқлаш ҳамда юлдузли самони кузатиш учун қуёш соати типидаги диоптрли астрономик қурилма бўлган. Марказий ва Ўрта Осиёда ўтовдан, яъни доира шаклидаги тешиги (диоптри) бўлган иморатдан диоптрли асбобларни яратишда фойдаланган бўлишлари ҳам мумкин. Бу ҳозирги фотоаппаратларнинг прототипи бўлган “обскура камераси” (қорронғу ҳона) нинг бир туридир. Ўрта асрлар мусулмон Шарқида “обскур камераси” эффектига асосланган астрономик жиҳоз-бинолар бунёд этила бошланди. Обскур камераcи ҳақида Шарқдаги илк маълумот Ибн ал Хайсам (Алхазен) нинг кўзгуларга бағишланган рисоласида қайд қилинган бўлиб, ундан Қуёш ва Ойнинг кўринма гардиш диаметрини аниқлашда фойдаланилган.

Жиҳоз- бино икки қисмдан ташкил топган: бири – обскур камераси ва иккинчиси – кузатиш қурилмаси. Обскур камерада ёруғлик нури хона деворидаги диоптр-туйнукдан ўтиб қарши тарафдаги деворда тескари тасвирни ҳосил қилади.

Тошкентдаги Чиллахона (VIII-X), Райдаги “Фахрий секстанти” (X) ва Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси (XV)[5] обскур камераси принципида бунёд этилган астрономик диоптрли жиҳоз-бинолардир. Даврлар ўтиши билан расадхоналар қиёфасида бу астрономик жиҳоз ҳам такомиллашиб борган. Масалан, Самарқанд расадхонаси универсал бўлиб, унда кундузлари ва тунлари ёритқичлар: Қуёш, Ой, сайёра ва таянч юлдузларни кузатиш олиб бориш мумкин бўлган. Рай расадхонасида Қуёшни йил давомида кузатиб, унинг уфқдан баландлиги қайд қилинган.

Тошкентдаги Чиллахонада ёзги Қуёш туришини аниқлаш имкони бўлган ва бу ўз навбатида чилла тақвими тушунчаси билан боғлиқ. Тошкент Чиллахонасининг асосий вазифаси ҳам айнан ёзги қуёш турғунлигини кузатиб Чилла тақвимининг “нуль” пунктини аниқлаб бериш бўлган. Чилла тақвими ниҳоятда содда, фойдаланиш учун қулай, мукамммал ва кабисасиз; мангу ва ҳисоблидир. Чилла тақвими кабисали тақвимлардан анча илгари пайдо бўлиб, чорвадор ва деҳқонларнинг тақвими сифатида амалда кенг қўлланилган.

Чилла тақвими икки қисм: ёз ва қиш даврларидан иборат. Табиатга оид мақол, иборалар, рақамлар билан боғлиқ чилла тақвими муддатлари қуйидагича:

Ёз: Қиш:

26.06 — 04.08 = 40 = Чилла. = 40 = 26.12 — 03.02
01.06 — 29.08 = 90 = Тўқсон. = 90 = 01.12 — 28.02
01.06 — 08.09 = 100 = Юз кун = 100 = 01.12 — 10.03
01.06 — 21.09 = 113 = Деҳқон ҳисоби = 110 = 01.12 — 20.03
21.03 — 31.05 = 72 = Ўтиш даври. = 70 = 22.09 — 30.11
21.03 — 21.09 = 185 = 365 кун = 180 = 22.09 — 20.03

Тошкент шаҳри Европа ва Осиёни Хитой билан боғловчи йўл (“Ипак йўли”) да жойлашгани учун ишонч билан Тошкент чиллахонаси сайёҳлар орасида ҳам анча машҳур бўлган, деб айтиш мумкин. Шундай қилиб, Чиллахона илк ўрта асрлардан яхши сақланиб қолган диоптрли қурилмалардан бири, бошқача қилиб айтганда, биз ҳозирги вақтда телескоп деб атайдиган астрономик жиҳознинг узоқ ўтмишдаги дастлабки содда кўринишидир.

Юқорида келтирилган таҳлилдан келиб чиқиб, Тошкентдаги Шайх Зайниддин мажмуасида жойлашган Чиллахона ўз даврида астрономик кузатув объекти ёки ўзига хос расадхона бўлган дейишга асос бор. Айни вақтда уни исломий тушунчадаги чиллахона дейиш билан бир қаторда, астрономик объект сифатида ҳам эътироф этмоқ зарур.

С. Азизов

О функциональном назначении чиллаханы (VII-X вв.) у комплекса Шайха Зайниддина в Ташкенте

Входящее в общий комплекс памятника небольшое помещение чиллахоны (дословно – комнаты 40 – дневного поста) находится в непосредственной близости к мавзолею Шайха Зайниддина и представляет собой особое сооружение. Археологи установили, что чиллахона была построена в XI в, а позже, в XIV в. возведен остальной комплекс. Планировка помещения (алтарь направлен в сторону Мекки) говорит о том, что оно возведено как религиозное сооружение ислама. Однако исследователями доказано, что это сооружение исторически использовалось в качестве астрономического инструмента – взаимное расположение двух диоптров служило для наблюдений за перемещением летнего солнцестояния. Оно сходно с устройством диоптра в городах Рей, Марага и Самарканд. Это уникальный хорошо сохранившийся средневековый диоптровый астрономический инструмент был прообразом изобретенных впоследствии телескопов.

S. Azizov

Astronomical meaning of Chillahona is in a complex Shayh Zayniddin in Tashkent in VII-X centuries

The small apartment Chillahona is near the mausoleum Shayh Zayniddin and including a general complex of the monument nevertheless represents the special structure. Archaeologist founded, that chillahona was built in XI century and the other complex is erected later in XIV century. The plan of apartment (altar is directed to Mecca) says that it was erected as a religious structure of Islam. But researchers proved, that this structure was used historically as the astronomical tool — mutual arrangement two diopters which was served for supervision over moving summer sun standing. It is similar to the device diopter in cities Rey, Maraga and Samarkand. It is unique well saved medieval diopter the astronomical tool was a prototype subsequently invented telescopes.

[1] Левина- Булатова. В. А. К истории мавзолея Зейниддина. Ўз ССР ФА нинг “Архитектурное наследие Узбекистана” тўпламида. Тошкент Cанъатшунослик институти. 1960. –Б. 75-84

[2] Турсунов О. С., Азизов С. Х. Астрономический инструмент раннего Средневековья в центре Ташкента // Историко-астрономические исследования вып. XXV. Москва, Наука, 2000. С. 56-60

[3] Azizov S., Tursunov O.S/ Journal for the history of astronomy. Volume 33 Partt 1, February 2002, No. 110. A Medieval Observational Instrument in Tashkent

[4] Исмоил бин Муҳаммад Саъид. Ал — Фуйузот ар — Раббонийа. — Қоҳира, 1353 (1934 – 1935)

[5] Розенфельд. Б. А. Астрономия стран ислама. Исторические астрономические исследования. 1984. XVII. С. 67-122

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

Генерал Черняев ҳисоботларида Тошкент истилоси

Post Views: 1 184 1865 йилнинг июнида рус генерали Черняев қўшинлари томонидан Тошкент шаҳрининг истило қилиниши …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *