Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Тошкент маҳалла — кўйларининг айрим тарихий номлари семантикаси

Тошкент-2200. Тошкент маҳалла — кўйларининг айрим тарихий номлари семантикаси

Пойтахтимизнинг тарихий манзарасида асрлар оша қад кўтарган сон-саноқсиз тураржойлар топонимиясида ўзига хос бениёз маъною сифатларни англатувчи турли фонетик шакллардаги атамалар қайд этилади. Уларда нафақат шаҳар ва унинг теварак атрофи табиати, хусусан пасту баландликлардан иборат ер сатҳи ёки шаҳарликларнинг оби ҳаёт манбаи анҳору суғориш тармоқлари, балки шаҳар маъмурий қисмларининг кўрки бўлган даҳа, маҳалла-кўй, иморату иншоотлари ва уларда ўз инъикосини жилолаган шаҳарсозлик маданиятининг умум тадрижий даражоти ҳам беқиёс маъною мазмунда ифодаланади.

XIX асрда Тошкентда яшаган муаррих Муҳаммад Солиҳхўжанинг “Тарихи жадидайи Тошканд” (Тошканднинг энг янги тарихи) номли китобида ёзилишича, XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб шаҳар тўрт даҳа (туман)дан иборат мустақил жумҳурият асосида маҳаллалар кенгашида сайланган оқсоқоллар томонидан бошқарилган.

Дастлаб шимолий даҳа Қаффоли Шоший; жанубийси – Занги ота; шарқийси – Шайхонтоҳур; ва ғарбийси – Шайх Зайниддин номлари билан таъриф этилса-да, шаҳар аҳли ўртасида улар аксарият Себзор, Бешоғоч, Шайхонтоҳур ва Кўкча (Коҳча) деб юритилган.

Бу даврда Тошкентда шаҳарликлар томонидан тан олиниб сайланган ҳокими мутлақ ҳали қарор топмаган эди. Шу боисдан шаҳар тўрт мустақил даҳаларга ажратилиб бошқарилган. Ҳар бир даҳанинг бошқарув маъмурияти жамоатчилик асосида сайланган оқсоқоли, қозиси, раиси, муфтийси, имому сўфилардан иборат бўлган.

Шаҳар мудофааси, бозор, хусусан нарх-наво масалалари чор ҳокимлар томонидан биргаликда ҳал этилган. Шунинг учун ҳам бу давр Тошкент шаҳри тарихида “Чор ҳокимлик” номи билан шуҳрат топган.

Мазкур даҳалар бошлиқлари ўртасида, шубҳасиз, бош ҳукмдорликни қўлга киритиш учун ўзаро келишмовчиликлар ва тўқнашувлар бўлиб турган. Низолар кескинлашиб, шаҳарни бошқариш эса даҳа оқсоқоллари қўлидан-қўлига ўтиб турган. Кўпинча Себзор даҳаси билан Кўкча даҳаси бирлашиб, Шайхонтоҳур даҳасига қарши олишув бошлаган. Бундай вазиятларда шайхонтоҳурликлар билан бешоғочликлар бирлашган. Ўзаро низо кескинлашган вақтларда шаҳар марказидан оқиб ўтадиган Лабзак ариғининг (ҳозир Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи) икки томони кураш майдонига айланган. Шу боисдан Лабзак сувининг номи шаҳарликлар орасида “Жангоб” ва мазкур сув тармоғининг икки ёқаси эса “Жангоҳ”, яъни жанг майдони, беллашадиган қумлоқ, яланглик номи билан донг чиқарган.

Муҳаммад Солиҳнинг таърифлашича, Чор ҳокимлик даврида Шайхонтоҳур даҳасида Юнусхўжа бинни Ҳидоятхўжа, Бешоғоч даҳасида Дониёрхўжа, Кўкча даҳасида Исҳоқхўжа ва Себзор даҳасида Шоҳбек (Шербек)лар ҳокимлик қилганлар. Ҳар бир даҳада ўнлаб маҳалла, бир нечта масжид ва мадраса, ҳаммом ва бозорлар бўлган. Масалан, Себзор даҳасида 38 та маҳалла, 3 та мадраса ва 10 та масжид қад кўтарган. Себзорликлар асосан этикдўзлик, бўёқчи-нилчилик ва бўзчилик билан кун кечиришган.

Бешоғоч даҳаси 32 та маҳалладан иборат бўлиб, унда 3 та мадраса ва 68 масжид фаолият кўрсатган. Бешоғоч даҳаси боғу роғлари, эгарчи ҳунармандлари, “қизил иш” (от ёпунчиғи) тикувчилар ва ғиштчилари билан шуҳрат топган. Шайхонтоҳур даҳасида 48 та маҳалла, 6 та масжиду 3 та мадраса бўлиб, аҳолиси эгарчилик ва бўзчилик билан шуғулланган. Кўкча даҳасида 31 та маҳалла, 3 та мадраса, 51 та масжид бўлган. Кўкчаликлар кўнчилик ва этикдўзлик билан ҳаёт кечиришган.

Бу даврда Тошкентнинг тўрт даҳаси 12 та дарвозали мудофаа девори билан иҳота қилинган. Улар Қиёт, Турк, Ўзбек, Қанғли, Бешоғоч, Тахтапул, Қорасарой, Чиғатой, Суъбониён (Сағбон), Кўкча, Камондарон ва Қатағон каби номлар билан юритилган.

Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, ҳар бир дарвозани қўриқлаш ва унда посбонлик қилиш айрим қабилалар зиммасига топширилган.

Асрлар оша шаҳар майдонининг кенгайиши оқибатида дарвозаларни ўрни силжиб, ҳатто сони ҳам, номи ҳам ўзгариб турган. Тошкент шаҳрининг сўнгги девори XIX аср бошларида беклар беги ҳокимлиги даврида қайта тикланиб, унинг теварак — атрофи бўйлаб Кўймас, Қўқон, Қошғар, Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешоғоч каби номлар билан ифодаланган дарвозалар ўрнатилган. Турли томонларда жойлашган шаҳар, эл-юрт ва музофотлардан Тошкентга ташриф буюрган савдогару элчи, дарвешу мусофирлар каби келиб кетувчилар, ҳар бир дарвозадан шаҳар маркази – бозор томон йўналган. Кўча-кўйлар орқали шаҳарга кириб борган. Шаҳарнинг марказий бозори Эски Жўва (аслида-Иско Жўба), яъни юқори катта (жаҳон) бозори деб юритилган.

Мазкур савдо-сотиқ маскани бетараф сершовқин ўзаро мулоқот макони бўлиб, шаҳар даҳаларининг тала-тўпалон олишув ва курашлари вақтида ҳам қизғин савдо давом эта берган. Кўча-кўйлар туташган чорраҳалар гузар деб юритилган. Гузарлар маҳалла-кўйларнинг гавжум маркази ҳисобланган. Чунки чорраҳа гузарларида маҳалладошларнинг кундалик эҳтиёжига хизмат қиладиган нонвойхона, баққоллик, қассоб дўкони, масжид, чойхона, ҳовуз, сартарошхона, ямоқчилик дўкони каби корхоналар, баъзиларида эса ҳатто мўрча (ҳаммом) ҳам жойлашган.

Археологик қазишлардан аён бўлишича, илк бинокорлик, яъни дастлабки рамзий шаҳарсозлик маданияти ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида милоддан аввалги икки минг йилликнинг иккинчи чорагидан то мазкур мил. авв. биринчи минг йилликнинг охирги чораги давомида шаклланган. Мазкур тарихий босқичда гарчи катта-кичик илк “шаҳарча” сифатидаги масканлар қад кўтарган бўлса-да, аммо қадимги ерли аҳоли тилида “шаҳар” шаклида талаффуз этиладиган сўз, яъни турдош жой номининг ўзи ҳам ҳали пайдо бўлган эмасди. Бундай умум турдош атама “Маскат”, яъни катта тураржой, ёки “димас” – катта қишлов жой. Шунингдек, “пирмаст”, яъни катта девор ёки қўрғон ва қалъа маъноларини англатувчи шаклларда ифода этилган. Шу боисдан ёзма манбаларда қадимги даврда Самарқанд ва Марғилон шаҳарлари Маскат, Тошкент (Тошкат) эса Тошқўрғон ёки Тошқала баъзан Кўйимас, яъни катта маҳалла номлари билан тилга олиниши тарихан айни ҳақиқий манзарани намойиш этади.

Қадимий кўҳна шаҳарлар: Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз (Кеш) ва Марғилон (Марғинон)ларнинг тарихий топографияларини қиёслашдан аён бўлишича, барча йирик шаҳарларда маҳалла-кўю кўчалар, тураржойлару устахоналар, бозору расталар, ибодатхоналару мадрасалар билан бир қаторда шаҳар ҳокимияти учун махсус қароргоҳ (иморат)лар ҳам қад кўтарган. Шаҳар ҳаётини бошқарувчи ҳукмдорнинг саройи бино қилингач, тарихий маскат – катта қишлоқ аҳоли истиқомат қиладиган оддий умум тураржой маъносини йўқотиб, ҳукмдор шоҳ қарор топган, яъни турадиган “баланд жой” мазмунидаги “шаҳристон”, яъни шоҳ>ўр>истон шаклидаги атама билан юритилиб кетган. Мазкур тарихий атама маълум ҳудудий бошқарув тузуми, иқтисодий, маънавий-маданий ҳаётнинг маркази каби тушунчаларни умумлаштирган турдош ном бўлса-да, бироқ ҳар бир шаҳарнинг географик ўрни, хўжалиги, касб-ҳунари ва маънавий ҳаётининг ўзига хослиги, ҳатто айрим сифатлари билан ҳам, ниҳоятда, сермазмун беқиёс топонимлар билан ифодаланган.

Тарихий жараёнлардан аён бўлишича, деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликларидан ҳунармандчилик алоҳида мустақил касб-ҳунар тарзида ажралгач, шаҳристон саҳнида, Хиванинг Ичанқалъасидек қисмида кўю-кўчалар асосида маҳалла-кўйлар шаклланган. Чунки мазкур шаҳристон кўйларида азалдан ҳунар аҳли яшаб, устахоналари муҳим қарор топган. Шу боисдан ўрта асрларгача (IV-VIII) шаҳарларнинг шаҳристон қисмидан ўтказилган кўй, кўча ёки гузарлари бир хил талаффузда, яъни бир шаклда кўй деб юритилган. Сўнгра VIII аср бошларида, араб тилига таржима этилиб, “маҳалла”, яъни ўзбекча “жой” ва “ўрин” маъноларини англатувчи атама билан аталиб кетган. Шаҳар майдонини кенгайиши билан маҳалла, кўй ва кўчаларнинг сони ҳам, номланиши ҳам ортиб борган. Бундай маъно жиҳатдан синонимик номлар – маҳалла-кўй шаклида ўзбек тилининг ноёб қадимги қадрияти сифатида ҳамон, кексаларимиз иборасида қўлланилиб келмоқда.

Тошкентнинг 22 асрлик ўтмиши давомида кечган шиддатли тарихий жараёнлар оқибатида мазкур кўҳна шаҳримизнинг ўтмиш географияси ҳам, топографияси ҳам, ҳатто унинг дастлабки номланиши ҳам деярли ўзгариб кетган бўлса-да, бироқ кейинчалик ҳозирги Тошкент шаҳри ҳудудида шаклланган маҳалла-кўйлар, биною иншоотлар, илмгоҳлару зиёратгоҳларнинг атамаларида узоқ ва яқин ўтмишнинг тарихий манзараси маълум даражада ўз ифодасини сақлаб қолган. Масалан, ХХ аср бошларида айрим маълумотлар бўйича Тошкент шаҳрида ҳаммаси бўлиб 281 маҳалла, 180 мавзе, 283 масжид, 26 мадраса бўлган. Ҳозирги вақтда Республикамиз шаҳарларида ўн мингдан ортиқ, пойтахтда эса 474 та маҳалла мавжуд. Шаҳар бўйлаб уч мингга яқин кўча-кўйлар тармоқ отган.

Ўтмишда Тошкентнинг тўрт даҳаси чегаралари уларни узунаси ёки кўндаланг кесиб ўтган марказий кўю кўчалари бўйлаб белгиланган. Маҳаллалар эса гузарлари билан ажралиб турган. Маҳалла гузарлари орқали йўналган кўчаю кўйлар бўйлаб қатор иморату иншоотлар, масжиду мадрасалар қад кўтарган, баъзан эса айрим майдонлар ҳам ястанган. Тошкент шаҳри ва атрофида қайд этилган топономия хилма-хил ва ниҳоятда, микро топонимларга бойдир. Масалан, ХХ аср бошларида шаҳарда 500 тагача ҳовуз, 1500 бозору расталар, 5000 га яқин дўкон, 40 та қабристон, қарийб 200 боғ ҳовли-мавзелар бўлган.

Шаҳар маҳалла-кўйлари номланиши жиҳатидан ниҳоятда қурама. Улар тизимида турк-ўзбек, суғд, форс-тожик, баъзан ўзбек-мўғул, турк-тожик, араб-форсий бирикмалар асосида шаклланган урбоним, гидроним, ороним ва этнонимлар қайд этилади. Масалан, кўча-кўйларнинг айрим тарихий номларида шаҳар табиий манзараси акс этган: Арпапоя, Бўрижар, Бўз, Жаркўча, Зах, Лабзак, Пастак, Сарикўл, Тошариқ, Хадра, Шўртепа, Ўркўча, Чуқурқишлоқ, Чуқурсой, Ўртатўқай, Яланғоч, Регистон, Қумлоқ, Чангалзор, Ингичка қўриқ Қурқават (Қўриқ работ) каби атамалар умум турдош номлар асосида шаклланган оронимлардир.

Тошкентнинг сув манбаларини англатувчи гидронимларнинг аксарияти, гарчи ўзбек ва туркий сўзлар асосида юзага келган бўлса-да, аммо улар тизимида арабий, форстожик ва айрим мўғулча бирикма атамали гидротопонимлар ҳам шаклланган. Масалан, Бўзариқ, Дамариқ, Дархон (Тархон) ариқ, Йўлариқ, Лабзакариқ, Мозорариқ, Нишабариқ, Терсариқ, Тошариқ (Тагитош), Чангалариқ, Қувур (Қубур) ариқ ва бошқалар шулар жумласидандир.

Шаҳар топонимиясида касб-ҳунар атамалари билан юритилган маҳалла-кўй ва мавзелар алоҳида ўринга эга. Уларнинг каттагина қисми арабий, форс-тожик атамалар асосида шаклланган. Улар асосан бозор, ҳунармандчилик расталари ҳамда турли хил устахоналар жойлашган маҳалла-кўй номлари сирасига оиддир. Масалан, Атторлик, Баззозлик, Деҳрез (Дароз), Заргарлик, Кўнчилик, Маҳсидўз, Мисгарлик, Нонвойгузар, Парчабоф, Табибкўча, Тақачи, Темирчи, Чилангар, Эгарчи, Ўқчи ва Хизматчи каби топонимларда шаҳар ҳунармандчилиги ва унинг турли соҳалари ҳамда жойлашган манзиллари яққол ифода этилади.

Қадимдан Тошкент жаҳон бозори карвон йўлларининг чорраҳасида жойлашгани туфайли ички ва ташқи савдо бозорида муҳим ўринга эга бўлган. “Тарихи жадидайи Тошканд” номли китобнинг муаллифи Муҳаммад Солиҳхўжа Регистон майдонида ястанган Эски Жўва номли бозорнинг шаҳарни асосий савдо маркази сифатида таърифлаб, “унинг дўкон-расталари Чорсудаги қандолатпазлик дўконигача давом этади. Рамазон ойида бу ерда кечаси ҳам бозор бўлади” у “бозори шаб” деб юритилганини таъкидлайди. XIX асрнинг охири — ХХ аср бошларида Тошкентда бозор расталарининг сони 1.500 тага етган. Улар рўйхатидаги Атторлик, Баззозлик, Бандак (паранжи) бозори, Дўппибозор, Ипакбозор, Калавабозор, Кетмонбозор, Майизбозор, Мошфурушлик, Сабзибозор, Сўкфуруш, Тузбозор, Унбозор, Ковушбозор, Кўрпабозор, Гуручбозор, Каппон (улгуржи) бозор, Бедабозор, Болтабозор, Булғорбозор (тери), Бўйрабозор, Гулбозор, Кўмирбозор, Носвойбозор, Пахтабозор, Пичоқбозор, Сандиқбозор, Саҳҳоббозор, Сомонбозор, Ходабозор, Тамакибозор, Товоқбозор, Чиннибозор, Этикбозор, Юганбозор, Қандалоқбозор, Қассоббозор, Қозоқбозор, Қулфбозор, Қўйбозор, Ғўзабозор, Қаймоқбозор каби атамалар Тошкент тарихда ички ва ташқи савдо муносабатларда ҳар томонлама кенг ривож топиб, жаҳон савдосида ўз ўрни билан шуҳрат топганлигидан далолат беради.

Тошкент шаҳрининг топонимиясининг маълум бир қисми халқ, элат, қабила, уруғ– аймоқ ёки уларнинг айрим гуруҳ ва тўплари номлари билан боғлиқ этноурбонимлар билан ифодаланган. Уларнинг аксарияти маҳалла-кўй, кўча ва дарвозалари атамалари қаторида қайд этилади. Бундай нуфузли номлар Ўзбак, Тожик, Турк, Қашқар маҳаллалари ёки Эрон, Жуҳудраста, Қозоқбозор, Қирғизкўприк, шунингдек, Ёбу, Калтатой, Қиёт, Мўғол, Мўғулча, Турктепа, Нўғойқўрғон, Нўғойтўпи, Чимбой, Чиғатой, Чувалачи, Қанғли (Қани), Қорамурт каби шаклларда тилга олинади.

Бундай этноурбонимларнинг аксарияти Тошкентнинг эски шаҳар қисми атрофида қайд этилган. Бундай тарихий топографик манзара, шубҳасиз, аввало ўрта асрларда, қатор туркий қабилаларни ўтроқлашиб, Тошкентдек бағрикенг шаҳар атрофида жойлашганидан далолат берса, қолаверса ўтроқ шаҳарликлар бундай жанговар қўшимча кучдан мудофаа мақсадида фойдаланганлар. Шаҳар дарвозаларининг номланишидан аён бўлишича, уларга дарвозаларда посбонлик қилиш топширилган. Масалан, Кўйимас дарвозасини қиёт қабиласи ҳимоя қилган. Қиётликлар Анҳор сувининг ўнг соҳилида, ҳозирги Мустақиллик майдони рўпарасида жойлашган шу номдаги маҳаллада яшаганлар. Кўкча Ёбу, Чиғатой (Қўшчи Ота) дарвозасини муҳофазаси чиғатойликлар зиммасига юклатилган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, Қорасарой, Бешоғоч ва Камолон (Камондорон) дарвозалари ҳам мазкур номлардаги уруғ ва қабилалар номлари билан юритилган. Бундай шакллардаги этноурбонимлар Тошкентда нафақат ўтроқ ҳунарманд ва чорвадор аҳоли қоришиб ҳаёт кечирганидан, балки у чегарадош қўшни мамлакат аҳолиси билан ҳам ўзаро савдо ва маданий алоқада бўлганидан далолат беради. Шу боисдан бўлса керак унинг маҳаллакўй ва кўчалари ўзбек ва туркий атамалар қаторида форс-тожик, арабий, баъзан икки тилдаги қўшалоқ бирикма сўзли номлар ҳам учрайди. Масалан, Дероз (Дегрез) – чўянгар, яъни чўяндан қозон, омоч тиши, узанги, ҳаввонча (келича), ўғир каби асбобускуна ва буюмлар ясовчи; Мерганча (мўғулча) сарбоз, ўқчилар маҳалласи; Бўржар тошқин ўпирган жарлик; Дўмвиробод аслида Дамгирработ йўлдаги дам оладиган қўноқ; Парчабон атлас ва кимхоб тўқувчилик; Посира беватан, ялангоёқ корранда; Сағбон бозор аҳли; Хадри адирлик; Эски Жўва аслида Иско Жўба юқори, яъни Катта бозор демакдир.

Шунингдек, Қорёғди урбоними қор ёғишини англатмайди. Ҳатто у халқимиз томонидан хотира куни тарзида ўтказиладиган анъанавий урф “қор ёғди” мотам маросимига ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқдир.

Мазкур атама арабча “Қария” ва форс-тожикча “ ди” шаклларидаги қишлоқ маъносини англатувчи икки тилдаги бирикмали синонимик урбонимдир. Шунга ўхшаш Қурвақавот атамаси ҳам аслида Қуруқравот, яъни Қуруқ даштдаги равот ёки қўноқ маъносини англатган.

Хуллас, йигирма икки асрлик ўтмишда содир бўлган улкан тарихий жараёнлар оқибатида илк бор қад кўтарган Тошкент шаҳри ҳудудининг тарихий географияси, хусусан топографияси билан бир қаторда унинг Чоч, Чочкат, Шош, Мадинат-уш-Шош деб юритилган қадимий номлари ҳам ўзгариб, тарих саҳифаларида қолдирилган. Бироқ шундай бўлса-да, кўҳна шаҳарнинг пойдевори асосларида янгидан барпо этилган Бинкат, яъни Тошкентнинг ниҳоятда бой ва серқирра топонимиясида шаҳар тарихининг ҳаётий манзарасининг жилоси маълум даражада сақланиб қолган. Унинг маҳалла-кўйлари урбоними, гидроними, этнотопоними ва оронимларида на фақат тошкентлик аждодларнинг тили, ижтимоий, маиший ва маънавий ҳаётининг айрим муҳим жиҳатлари, балки уларнинг ички ва ташқи дунё билан олиб борган серқатнов ўзаро муносабатларининг аниқ излари ҳам ўз инъикосини топган.

А.Р. Муҳаммаджонов

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

 

 

Ўхшаш мақола

Генерал Черняев ҳисоботларида Тошкент истилоси

Post Views: 1 230 1865 йилнинг июнида рус генерали Черняев қўшинлари томонидан Тошкент шаҳрининг истило қилиниши …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *