Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Тошкент археология экспедицияси

Тошкент археология экспедицияси

ТОШКЕНТ АРХЕОЛОГИЯ ЭКСПЕДИЦИЯСИ, Ўзбекистон ФА Археология институтининг Тошкент археология экспедицияси – Тошкент ҳудудида археологик қазишмалар ва кузатувлар олиб борувчи илмий ходимлар жамоаси. Академик Я.F.Fуломов ташаббуси билан «Тошкент отряди» номида 1967 йил тузилган. Тошкент зилзиласи (1966)дан сўнг шаҳарда қурилиш ишлари авж олгач, бу отряд (раҳбарлари – тарих фанлари номзодлари В.А.Булатова, 1967–68, 1971–74; М.Т.Аминжонова, 1969–70; М.И.Филанович, 1974 йилдан) кенг кўламда тадқиқот ишларини бошлаб юборди. Отряд таркибига турли йилларда Э.В.Ртвеладзе, Ў.И.Исломов, М.Р.Қосимов, И.Аҳроров, Ш.Р.Пидаев, О.А.Папахристу, Ж.Илёсов, Л.С.Баратова, Ж.Мирзааҳмедов, Г.И.Богомолов, Қ.Алимов, Ў.Алимов, М.Р.Тихонин, С.Савчук-Қурбонов, Ш.Т.Одилов, Т.Беляева, Н.П.Столярова, Е.Усова, Т.Гречкина, Эм.Вульферт, Г.И.Потапова кирган. Отряд, асосан, шаҳардаги барча қурилиш майдонларида археологик кузатиш ва тадқиқот ишлари олиб боришни бошлаган. 1978 йил отряд доимий фаолият юритувчи экспедицияга айлантирилиб, унинг таркибига археологлардан ташқари, Тошкентдаги илмий ташкилотларнинг археологияга яқин соҳалар мутахассислари ҳам жалб қилинди. Археологик изланишлар билан бир қаторда нумизматика (Э.В. Ртвеладзе, Т.Ерназарова), палеоантропология ва Чочдаги этно-генетик жараёнлар (Т.Қ.Хўжаев), геоморфология (Г.Ф.Тетюхин, У.Абдуназаров), палеозоология (Т.Н.Худойбердиев), палеотупроқ ва палеоиқлим (Т.Казакова) соҳасидаги тадқиқотлар Тошкент атрофида кишилик жамияти ривожининг дастлабки босқичини ўрганиш билан бирга қўшиб олиб борилди. Тошкент археология экспедиясининг қазишма ва археологик кузатишлари натижасида Тошкент шаҳар маданияти ёшини аниқлаш ва шаҳар ривожининг қадимги босқичларини тиклаш имконини берувчи материаллар мажмуи жамланди. Шунингдек, қадимда ва ўрта асрларда экологик ўзгаришлар билан боғлиқ бўлган Чоч аҳолиси хўжалигини акс эттирувчи материаллар тўпланди. Тошкентдаги ёдгорликларнинг археологик стратиграфиясини ўрганиш фаннинг айрим мунозарали масалаларига аниқлик киритди, яъни Бурганли ва Қовунчи маданиятларининг аниқ даврлари белгиланди; Чочнинг қадимги ва ўрта асрлардаги пойтахтлари, бу минтақанинг тарихий топографияси, иқтисодиёти ва аҳолисининг ғоявий дунёқарашларини ўрганишга оид фактик материаллар тўпланди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Тошкент қозилари

Post Views: 976 Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *