Чорҳокимлик

ЧОРҲОКИМЛИК – Тошкент 4 мустақил қисм (даҳа)га ажралган давр (18-аср 2-ярми). Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, Тошкентда тўрт эътиборли хонадон вакиллари: Шайхонтоҳур даҳасида Авлайқулихон авлодидан Бобохонтўра, Бешёғочда аштархонийлардан Ражаббек, Кўкчада Чиғатойхон авлодидан Муҳаммад Иброҳимбек, Себзорда Жўчихон наслига мансуб бир киши ҳоким бўлиб, улар ўртасида олий ҳокимият учун тинимсиз уруш-талашлар бўлиб ўтган. Уруш пайтида бутун шаҳар жанг майдонига айланган, лекин уруш асосан ҳозирги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ўрнида, Лабзак ариғи бўйида бўлган. Бу жой ўша вақтлардан Жангоҳ, ариқ бўйи Жангоб аталиб келинган. Эскижўва бозори бетараф жой ҳисобланиб, жанглар вақтида ҳам савдо-сотиқ давом этган.

Ҳокимлар ташқи душманга қарши кураш пайтида навбатма-навбат қўшин ажратганлар, муҳим масалалар биргаликда ҳал қилинган. Чорҳокимлик даврида чор Россияси билан савдони ривожлантириш мақсадида Тошкентдан 1779 йил Тобольск шаҳрига элчилар юборилган. Тошкентдаги нотинчликлардан фойдаланган кўчманчилар шаҳарга бир неча марта ҳужум қилганлар. Натижада шаҳар атрофидаги боғлар, деҳқончилик ерлари ҳам ташландиқ ҳолга келган. «Анжум ат-таворих» асарига кўра, Тошкентликлар шаҳарнинг нуфузли кишиларидан Юнусхўжа, Бадалхўжа ва Мулла Шамсиддинлар бошчилигида уларга қарши кураш бошлаган. Унга раҳбарлик қилган Юнусхўжа қанғли, санчиқли, қиёт, турк уруғлари билан иттифоқ тузиб, ғалабани таъминлаган. Натижада Юнусхўжа, Бадалхўжа, Мулла Шамсиддин ва Солиҳ оқсоқол шаҳар даҳаларига ҳоким бўлиб оладилар. Шундан сўнг Юнусхўжа ўз иттифоқчилари ва муридларига Тошкент теварагидан ерлар берган. Лекин уч йиллик аҳилликдан сўнг Юнусхўжа Себзор, Кўкча ва Бешёғоч даҳаларини ҳам эгаллаб олган (1784). Шу тариқа Чорҳокимлик барҳам топган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

 

Ўхшаш мақола

Миршаб

Post Views: 653 МИРШАБ (арабча-форсча тун бошлиғи) – Тошкентда Октябрь тўнтаришигача маъмурий лавозим; тунги шаҳар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *