Генерал Черняевнинг Тошкентга босқини

Қўқон хонлигининг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказларидан ҳисобланган Тошкент шаҳри ҳозирги Қозоғистон ва Қирғизистон ерларида рус қўшинларига қарши олиб борилган жангларда муҳим ўрин тутган. Натижада Тошкент ўзининг кўплаб ватанпарвар фарзандларидан айрилди, катта моддий талафот кўрди. Эндиликда Рус давлати тўғридан-тўғри Тошкентни ҳам босиб олишга киришди.

Бу вақтда Тошкент шаҳри 25 чақирим узунлиқдаги қалин мудофаа деворлари билан ўралиб, деворининг баландлиги 5-7 метр, остининг эни эса 2-3 метрга етган. Тепасининг кенглиги 2 метрдан кам бўлмай, ички тарафдан очиқ, сиртидан оралатиб пахсадан ишланган мудофаа минорачалари қурилган. Сарбозлар мазкур минорачалар орқасидан душманга уқ узардилар. Шаҳар Қўқон, Қашқар, Лабзак, Тахта-пул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешоғоч ва Қаймас сингари 12 асосий дарвозага эга бўлган. Бундан ташқари, Тешик-қопқа, Янги Махма, Сарбоз (Ўрдада) каби кичик дарвозалари ҳам бор эди. Девор устида навбати билан доимо соқчилар алмашиб туриб душман шарпаси кўриниши биланоқ «ёв келди», деб бақириқ-чақириқ остида шаҳар аҳолиси мудофаага чақирилган. Шаҳар деворининг атрофи сув тўлдирилган чуқур зовур билан ўралган. Душман деворга яқинлашиши учун зовурларни кечиб ўтиши керак эди. Аммо бу осон иш бўлмай, кўп ҳолларда душман аскарлари катта талофат кўрган. Чунки зовурдан ўтаётганда сарбозлар уларнинг устига ташланиб, сувга чўктирганлар ёки пичоқлаб ўлдирганлар. Тошкент Қўқон хонлиги томонидан 1809 йили босиб олингандан кейин ҳозирги Ўрда кўпригининг ўнг томонидан Анҳор бўйлаб Мустақиллик майдонигача чўзилган жойдан бошланиб, Навоий кўчаси ва Хадича Сулаймонова кучалари ўртасидаги ерларни қамраб олган ҳудудда 10 минг аскар сиғадиган қалъа қурилган эди. Унинг ўртасидаги ҳукумат саройида ҳоким яшаган. У Қўқон Ўрдаси ҳам дейилган. Ҳозирги «Ўрда» сўзи шу туфайли юзага келган.

Шаҳар Шайхонтоҳур (аслида Шайх Хованд Таҳур), Себзор, Бешоғоч ва Кўкча номларида тўрт даҳага бўлинган. 1871 йилги маълумотга кўра, Шайхонтоҳур даҳасидаги 48 маҳаллада кўпроқ темирчилар, тўқувчилар, эгар-жабдуқ усталари ва ёғ тайёрловчилар, Себзордаги 38 маҳаллада бўёқчилар, тикувчилар, этикдўзлар, Кўкчадаги 31 маҳаллада кўнчилар, косиблар яшаганлар. Бу ерда 340 чарм ишлаб чиқарадиган корхона, 218 косибчилик корхонаси бўлган. Бешоғоч маҳалласида эса кўпроқ бой табақалар, унинг атрофидаги жойларда эса ғиштчилар истиқомат қилган. Шаҳарда 189 масжид, 10 мадраса бор эди. Шаҳар аҳолиси орасида моҳир мерганлар, жасоратли ва мард кишилар ҳамда Ватан учун жонини фидо этувчилар кўпчиликни ташкил этган. Шаҳар аҳолисининг сони бир маълумотда 200 минг, бошқасида эса 100 минг қилиб кўрсатилади. Тошкент шаҳри ҳар жиҳатдан Рус давлати диққат марказида турар, шунинг учун ҳам 1861 йилдаёқ ҳарбий саркардалардан бири Безак Оренбург ва Сибир қўшинлари билан Тошкентни дарҳол босиб олишни ҳарбий вазирликка таклиф қилган эди. У бу режа амалга оширилганда, Рус давлатининг чегараси анча кенгайишига, армияни озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсалар билан таъминлашга, тоғ жинсларига эга бўлишга ва, умуман, Рус давлатининг таъсир доирасининг кенгайишига эришиш мумкинлигини уқтириб ўтган.

«Тошкент масаласи» 1863 йилнинг 9 мартида рус императори қатнашувида махсус комитетда муҳокама этилиб, Ғарбий Сибир генерал-губернатори Дюгаммелнинг мазкур мавзу бўйича фикрини билиш ва 1863 йил баҳорида Сирдарёнинг юқори оқимини ҳарбий юриш нуқтаи назаридан ўрганиш ва маълумот тўплаш ҳақида қарор қабул қилинади. Дюгаммел эса, 1862 йилнинг 26 майида ёзган хатида биринчи навбатда Чуй ортига ҳарбий қисм юбориш ва сўнгра Авлиёотани қўлга киритишни таклиф этди. Шунингдек, у Тошкентни урушиб олиш анча маблағ талаб этишини таъкидлаб, Рус давлати ихтиёрида мустақил Тошкент хонлигини бунед этиш мақсадга мувофиқлигини маълум қилди. Генерал Дюгаммел таклифлари 1863 йилнинг 23 февралида тилга олинган махсус комитетда муҳокама қилиниб, «иқтисодий мулоҳазаларга» кўра, Авлиёотани босиб олиш ва бошқа ҳарбий юришларни тўхтатиб туриш тавсия этилди. Шу боис ҳарбий юришларни уюштириш асосан 1864 йилга қолдирилган бўлса-да, лекин қандай бўлмасин Тошкентни эгаллаш нияти рус ҳарбий саркардаларини, хусусан генерал Черняевнинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолганди. У Чимкентни урушиб олганидан унчалик кўп ўтмай, яъни 1864 йилнинг 27 сентябрида, 8 рота, 100 нафар казак, 12 замбарак, 1500 аскар ва 400 қозоқ милицияси (кўнгиллилари) билан Тошкент томон йўл олади.

Бу тўғрида Муҳаммад Солиҳ Тошкандий шундай ёзган: «Ўруслар Тошкент сафари учун тайёргарликни бошлаб, асбобу анжомларни тахт қилиб, ҳарбий тайёргарликни кўриб, аскарларини яроғ-аслаҳа билан таъминлаб, ўлдирилган Бойзоқнинг ўғли Оқмуллани юклар ортилган туяларни бошқариб боришга бошлиқ этиб тайинлади. Унинг бошқа ўғиллари эса йул бошловчи сифатида хизмат қилдилар». 1864 йилнинг 1 октябрида Черняев Тошкент шаҳрининг шарқий томонидаги Дарвишак қопқа деган жойга етиб келади. Рус ҳарбийлари бу ердан Анҳор сувидан ўтиб, Чинобод ва Хожа Аҳрор вақф ерлари, яъни Оққўрғон орқали шаҳарга яқинлашиб Қўқон йўлига жойлашадилар. Душман келаётганидан бохабар шаҳар аҳолиси девор устида жангга тайёр турган эди. Қўшфармончи Қипчоқ бошчилигидаги аскарлар Қўқон дарвозаси, Мирза Аҳмад қушбеги сарбозлари Қашқар дарвозаси ҳимоясига отланганлар. Тўпчилар эса, бу икки дарвоза орасидаги девор устига ўрнашдилар. Мудофаага барча шаҳар аҳолиси отланиб «ғариблар, фуқаролар, қариялар, ҳатто ибодату намоздан кўра қўлимиздан келганча хизмат қилиш яхши ва савоб, дейишиб мужоҳидларга ва ғозийларга сув ҳамда озиқ-овқат етказиб турдилар».

1864 йилнинг 2 октябрида эрталабдан бошлаб ҳар икки томон ўртасида тўплардан ўқлар узилди. Бу вақтда Эшонқули додхоҳ мадрасаси муллаваччалари (талабалари), хусусан эшон Шарифхўжа Офоқхўжа ўғли, эшон Ҳожихон Солиҳҳожи юзбоши ўғли, Саъид Аҳрорхўжа Сотиболдихўжа ўғли, пичоқчи уста Содиқ Назар, ўратепалик Хидирназар заргарнинг укаси ва бошқа зиёли вакиллари «ғазотни ва бу шарафли урушни Қуръон, тафсир ва ҳадислардан олинган сўзлар билан исботлаб, ҳаммани ғазотга ва урушга чорлади. Уларнинг ўзлари ҳам Қўқон дарвозасига бориб тўпчиларга қўшилиб ўқ жойлашда ва отишда қатнашдилар».

Генерал Черняев бошчилигида шаҳар девори тўплардан ўққа тутилгандан кейин подполковник Обух 2 рота аскари ва 4 тўпи билан ҳужумга ўтиб деворнинг бир қисмини тешишга эришади. Шундан кейин рус аскарлари подполковниклар — Обух ва Лерх қўмондонлигида шу жойдан шаҳарга бостириб кириш учун зовурни кечиб ўтишга ҳаракат қилганлар. Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг гувоҳлигига кўра, «ўруслар олға чопиб зовурга ўзларини урдилар; уларнинг иккинчи гуруҳи ёрдамга келмоқда эди. Шу онда девор устидаги шертабиат ва довюраклар ўзларини пастга ташлаб, зовур ичида ўруслар билан ёқама-ёқа ушлашиб бир-бирларини ханжар билан ўлдира бошладилар. Ҳатто баъзи кишилар қочиб кетаётган душман орқасидан қувиб ва ушлаб, ханжар ва қилич билан жанг қилдилар. Зовур ичидаги ўруслардан уруш ва талаш билан 72 кишининг боши танасидан кесилиб, яроғ-аслаҳалари ўлжа олиниб ғозийларга бўлиб берилди».

Генерал Черняев 2 рота аскар билан шаҳар деворига яқинлашса-да, лекин ғалаба қилишига ишонмай, 12 замбаракдан шаҳарни ўққа тутди. Шу пайтда зовурдаги айрим руслар фурсатдан фойдаланиб уларга қўшилиш имконига эга бўладилар. Хуллас, генерал Черняев шармандаларча мағлубиятга учраб, 4 октябрда Чимкентга қайтиб кетишга мажбур бўлди. Тошкентликларнинг жасорат ва мардлик билан жанг қилганликларини рус муаллифларидан бири ҳам уқдириб ўтган: «Шаҳар деворига 2 рота ва 4 замбарақдан иборат ҳарбий қисм подполковник Обух қўмондонлигида ҳужум қилди. Кўп ўтмай улар деворни тешишга эришдилар. Шундан кейин Обух подполковник Лорх билан ҳал қилувчи ҳужумни бошлаб юборди. Аммо қўқонликлар (тошкентликлар) шу даражада қаттиқ ўққа тутдиларки, солдатлар деворга еттунча барча бошлиқларидан айрилдилар. Обух ўлар ҳолатда жароҳатланди. Черняев ёрдамга келган бўлса-да, лекин вақт ўтган эди, йўлда ўликлар ётарди, ярадорлар жон бермоқда эди. Тириклари эса, зовурда қалашиб мадорсиз ётишарди. 80 га яқин киши ўз бошлиқларининг жасорати учун ҳалок бўлдилар. Черняев аскарлари ашуласиз ва хурсандчиликсиз ғам-ғусса билан Чимкешта қайтдилар. Аммо уларнинг ҳар бири қўқонликлар ғалабадан қувонаётганликларини яхши тушунардилар».

Шаҳар аҳолиси бир ёқадан бош чиқариб қаҳрамонона курашганлари туфайли катта ғалабани қўлга киритиш имкони туғилганди. Ғолибларни шаҳарликлар катта тантана билан қарши олдилар. Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандийнинг ёзишича, Тошкентда «жаноби соҳибқироннинг (Султон Саъидхоннинг) келиши хабари маълум бўлди. Кофирлар ўз жойларига қайтиб кетишди. Тошкентликлар бу фатҳу зафарни эшитиб, жаноби соҳибқиронга беҳисоб лашкар билан бир неча кофирнинг бошини ҳадя ва совға сифатида жўнатдилар. 19 жумадул-аввал, чаҳоршанба кунида (1864 йил 21 октябрда) бу башоратли хабар ул хосиятсиз бошлар билан бирга Хўқанди латифга келди. Кабиру сағир, фуқаролар бир неча кун хурсандчилик қилдилар». Шундай қилиб, генерал Черняев аскарлари Тошкент учун жангда катта талофат курдилар. Ҳалок бўлган руслар сони 70-80 кишига борган. Аммо генерал Черняев уларнинг сони 18 киши деб нотўғри маълумот берган, ярадорлар сонини эса, 60 киши ҳисоблаган.

Тошкент ҳимоячиларидан неча киши ўлганлиги ёки жароҳатланганлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо улардан ҳам кўпчилик ҳалок ёки ярадор бўлганлиги ҳақида айтилган умумий сўзлар бор. Тошкентдаги ғалаба Қўқонга маълум бўлгандан кейин Султон Саъидхон, Олимқул русларга қарши ҳарбий тайёргарлик кўришга жадаллик билан киришадилар. Сўнгра улар Тошкент томон йўлга чиқиб, бу ерга келганларида (1864 йил 25 ноябрда) халқ уларни шоду хуррамлик билан кутиб олади. «Султон Саъидхон ва Мулла Олимқул амири лашкар, — деб ёзади Муҳаммад Солиҳ Тошкандий, — кўп аскарлар билан Чирчикдан ўтганда шаҳар аҳли, акобирлари, уламолари, фозиллари, сардорлар ва шайхлар уларнинг қаршисига чиқиб зиёрат этиб, йиғисиғи билан кўришиб ва дуога қўл кўтариб, уларни шаҳардаги ҳукумат саройига олиб келдилар. Уларга мужоҳидлар, ғозийлар ва шаҳар аҳолиси қатнашувида зиёфат берилди». Бу душман устидан қозонилган ғалабанинг тантанаси эди, албатта.

Султон Саъидхон ва Олимқул ғалабадан руҳланиб Туркистон шаҳрини озод қилиш учун ҳарбий юришга тайёргарлик кўрдилар. Айрим маълумотларга кўра, Қўқондан Тошкентга ҳарбий тайёргарлик ишларини амалга ошириш учун юборилган Мулла Юнусхон шиғовул хон номидан Ҳофиз Кўҳакий маҳалласилик Муҳаммад Саъид савдогарни тинчлик сулҳи тузиш мақсадида генерал Черняев ҳузурига юборган. Афтидан, бундан мақсад келажакдаги жангларга тайёргарлик учун вақтдан ютишдан иборат бўлган. Буни яхши англаган генерал Черняев сулҳ тузишдан бош тортган ва элчи Чимкентдан ҳеч нарсага эриша олмай қайтган.

Бу ўртада Қўқондаги ҳиндларнинг бир нечаси Султон Саъидхон ва Олимқул ҳузурига сарбозлик кийимини кийган ҳолда келишиб узоққа отувчи тўплар ва 100 нафар аскарга бошлиқ бўлиш истакларини изҳор қиладилар. Бу ҳамдардлик ва дўстликни акс эттирувчи таклиф инобатга олинган. Шунингдек, Қўқон, Тошкент ва бошқа жойлардан кўп кишилар Ватан ҳимояси учун курашга тайёрликларини билдириб мужоҳидлар қаторига қўшилганлар. Аммо шаҳарда сотқин ва хоинлар ҳам йўқ эмас эди. Масалан, энг йирик бойлардан ва Россия билан савдо қилиб келаётганлардан бири Саъидазимбой Муҳаммад ўғли (асли қоратегинлик) Туркистонга бориб Янгиқўрғон урушида асирликка олинган рус солдатларини Мирза Давлат додхоҳдан 250 Қўқон тилла пулига сотиб олган. У бу асирларни «ўз манфаатларини ўйлаб ва ўрусларга яхши кўриниш учун» Оқмасжидга олиб бориб, рус ҳарбий бошликдарига топширган. Бунинг эвазига Саъидазимбой рус ҳукуматидан унвон ва медаллар олиб, уларнинг энг ишончли кишисига айланган. «Саъидазимбойнинг бу ножўя ва номуносиб ҳаракатидан, — деб ёзганди муаррих, — баъзи замон жоҳиллари ва бузуқбошилари, хусусан дуғлат, арғун ва барлос қабилалари ҳам бу ишга мойил бўлиб халқ орасига мухолифат ва ишончсизлик уруғини сепдилар!».

Дарҳақиқат, Саъидазимбой ва бошқа айрим савдогарлар қўлларидан келганча рус ҳарбий саркардаларига ёрдам бердилар. Ҳатто Муҳаммад Солиҳ Тошкандий Тошкентдаги бир гуруҳ нодон фитначи ва дили бузуқ савдогарлар молларини олиб, руслар босиб олган Чимкент, Сайрам ва Туркистонга кўчиб кетганликларини нафрат билан ёзган. Сотқин гуруҳлар кўпчиликни ташкил этмаса-да, лекин уларнинг ички сирларни душманга маълум қилиб туришлари руслар ғалабасини таъминлаган энг асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Иқон жанги

1864 йилнинг ноябр ойида Тошкентда Султон Саъидхондан фотиҳа олингандан кейин Олимқул сарбозлар ва ғозийлар билан Шайхонтоҳурнинг катта кўчаси бўйлаб Сағбон кўчаси ва Сағбон дарвозаси орқали Сариоғоч йўлига чиқадилар. Улар бу ергача «ҳар бир маҳаллада ва масжидлар олдида тўхтаб жамоа аҳлидан дуо ва фотиҳа олиб» келдилар.

Қўшинда Олимқулдан ташқари Мирза Давлат қушбеги, қушфармончи Қипчоқ, Юсуфбой додхоҳ, Ўтабий қушбеги Қипчоқ ўғли ва бошқа нуфузли кишилар бор эди. Ватан ҳимоячйлари йўлга отланганда ниҳоятда қаттиқ совуқ тушиб, кўп азоб-уқубатларни юзага келтир-ди. Бу ўта оғир шароитни қуйидаги сатрлардан ҳам англаш мумкин: «Шундай қилиб, қиш ҳам кирди. Кундан-кунга ҳаво совуб, қору ёмғир еғиб, ер яхлаб, қорнинг баландлиги оту туя кукрагига тегадиган бўлди. «Туф», десангиз музлайдиган ҳавода соҳибқироннинг ғайрати тушиб, лашкар сафидан 12 минг ёш йигитни танлаб, уларга Мулла Олимқулни сардор қилди ва Туркистондаги кофирларга қарши жангга боришларини буюрди. Шу вақт ҳавонинг совуқлигидан ҳис ва ҳаракат руҳи бадандан соқит бўлиб, нафас танадан худди пўст ташлайдиган илонга ўхшаб зўрға чиқарди. Айниқса, Тошкентдан чиқиб Қайраоғоч мавзеига етиб келган кун тунда шундай шамол кўтарилдики, Од қавмини йўқ қиладиган тўфонга ўхшарди. (Мусулмонларнинг) бир неча нафарининг оёқ-қўлини совуқ урди, баъзиларининг юзлари, кўзлари музлади, баъзи кишилар эса ақлдан озиб, сафдан чиқдилар. Бир ғаройиб аҳвол юз берди. Лашкар тез суръатлар билан ҳаракат қилиб Чулак мавзеига келди. Одамлар манзил қилган шу жойда кофирлар ҳам кичик қўрғон бино этиб, бир даста сарбозларни ҳимоя учун қолдирган эканлар. Шу қавмдан қарийб 50 кишини ўлдириб, хотирларини тоза ва мусаффо қилиб Иқон қалъаси олдида қўш урдилар».

Шу равишда мужоҳидлар барча об-ҳаво ва йул азобларини матонат билан енгиб, ғалабани қўлга киритдилар. Рус манбаларининг маълумотига кўра, мағлубиятга учратилган ўша рус ҳарбий қисми Серов бошчилигида Иқон қишлоғига тўрт чақирим қолган жойда Олимқул қўмондонлигидаги ватан ҳимоячилари томонидан қуршаб олинган экан. Оғир аҳволга тушиб қолган Серовга ёрдам бериш учун Туркистон шаҳридан 170 киши ва икки замбаракдан иборат рус қўшини юборилган. Аммо улар ватан ҳимоячиларига дуч келиб орқага қайтишга мажбур бўлганлар.

Олимқул Серов аскарларини қуршаб олгандан кейин таслим бўлиш ва мусулмон динини қабул қилса, эркинлик берилишини маълум қилган. Серов бу таклифни рад этгандан кейин Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг езишича, ватан ҳимоячилари «Тошкент акобирларининг маслаҳатига кўра, хашак, қамиш ва тиканли наматга ўраб ва деҳқонларнинг «қора бўйра»сини ясаб орқасидан отлиқлар ҳужумга ўтдилар. Натижада душман аскарлари яроғ-аслаҳаларини ва бошқа нарсаларини ташлаб ҳамда кўп кишисини йўқотиб Туркистонга қочишга улгурди».

Иқон жангига тегишли маълумот Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандий асарида ҳам мавжуд: «Намози аср ва шом вақти орасида кетма-кет шундай хабар келдиким, бир неча юз ўрус кофирлари дабдаба билан яқинлашиб келмоқдалар. Бу хабарни эшитиб соҳибқироннинг ғафлат уйқуси бошидан учди. Мардлик ғайрати унинг ҳамма паю суякларида ҳаракатга келиб, аҳли лашкарини қуроллантириб, кофирлар йўлини тўсиш учун жўнади. Сарбозлар душман йўлини ҳамма томонлама босиб олдилар. Қору муз отларнинг кўкрагига тегар, ҳаво совуқлиги эса ифрот қаддига етарди. Шу кечани сарбозлар от устида ўтказдилар, уларнинг кўпчилигини совуқ урди. Кофирлар эса ўзлари кавлаган ҳандакларга кириб, юз минг ранжу азоб ила кечани кундуз қилдилар… Ислом лашкарининг ғозийлари тўрт томондаги кофирларга қарата ўқ ёмғирини ёғдирдилар. Ёш паҳлавон йигитлар отларига миниб, ҳар тарафга чопиб кетдилар, кофирлар эса ваҳимага тушиб, уларни ўзларига йўлатмасдилар. Шундай қилиб, кечгача жанг қилсалар-да, ҳеч бир натижага эриша олмадилар. Кофирлар тоғдек мустаҳкам эдилар. Ақлли одамлар ўз расму ойинларига қараб, маслаҳат қилиб, ҳийла йўлини тутдилар. Улар бир кеча-кундуздан кейин ҳар хил нарсалар — намат, дарахт шохлари, қору муздан қорабўйра ясаб, уни олдиларига қўйиб юмалатиб кофирлар мавзеига якалнлангдилар. Уларнинг орқасидан паналаб келган навкарлар тўсатдан душманга ҳужум қилиб, кофирларни паришон ҳолда нобуд этдилар.

Баттоллардан ўтгиз-қирқ киши от ва туяларни миниб, Туркистон сари қочишга тушди. Мард сарбозлар бундан хабардор бўлиб, уларга етиб олиб, ақлсиз кофирларни милтиқ билан отиб ўлдиришди. Минг хил ҳийла ва найранг билан шу қавмдан 3-4 нафари қутулиб, Туркистон қалъасига етиб бордилар».

Иқон жангида 114 кишилик рус аскарлари ва офицерларидан 57 нафари ҳалок бўлиб, 48 нафари жароҳатланди. Фақат 9 кишигина саломат қолди, холос. Ватан ҳимоячилари кўп яроғ-аслаҳаларни, шу жумладан, тўпларни қўлга туширдилар. Улардан ҳам кўп баҳодирлар ўлдирилган, лекин аниқ маълумотлар сақланмаган.

Султон Саъидхон ва Олимқул русларга сотилган айрим иқонлик нуфузли кишиларни ўлимга маҳкум этиб, унинг аҳолисини ўзлари билан Тошкентга кўчиртириб олиб кетганлар. Шундай қилиб, ватан ҳимоячилари навбатдаги ғалабани қўлга киритиб, шоду хуррамлик билан Султон Саъидхон ва Олимқул бошчилигида Тошкентга, сунгра Қўқонга қайтадилар. 1864 йили ватан ҳимоячилари Чимкент остонасида, Тошкент ва Иқонда душман устидан ғалабага эришган бўлсалар ҳам, лекин Авлиёота, Туркистон ва Чимкентнинг қўлдан бой берилиши катта йўқотиш ҳисобланди. Рус ҳарбий саркардалари, хусусан генерал Черняев Тошкент шаҳрини эгаллашни асосий мақсад қилиб қуйди. Буни яхши англаган Султон Саъидхон ва Олимқул Қўқонда ҳарбий тайёргарлик ишларини қизитиб юборадилар. Аваз Муҳаммад Аттор Хуқандий гувоҳлик беришича, «қарийб олти ой пойтахтда туриб, вилоятнинг ҳар чеккасидан нодир ҳунарманд усталарни чақириб, кечасию кундуз найзаю тиғ ва бошқа уруш аслаҳалари ясалди. Тез орада 70-80 тўпи жангий муҳайе қилинди, бир неча минг саккиз-ўн қарич келадиган султоний милтиқ ҳам ясалди. Қурол-яроғларнинг адади аҳли ҳисобга ҳам маълум бўлмади».

Ўз навбатида рус ҳукумати босиб олинган жойларда ўз ҳарбий кучлари мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган чораларни амалга ошириб борди. 1865 йилнинг феврал ойида Сирдарё ва Янги Қўқон чизиқлари бирлаштирилиб, Туркистон вилояти ташкил этилди. Оренбург генерал-губернаторлигига бўйсундирилган мазкур вилоятга генерал Черняев ҳарбий губернатор қилиб тайинланди. Шу равишда босиб олинган жойларга Россия империясининг таркибий қисми сифатида қараладиган бўлди. Оренбург, Сибир ва Каспий томондан қушимча ҳарбий баталонлар ва яроғаслаҳалар келтирилди. Шунингдек, артиллерия янада кучайтирилиб, такомиллаштирилди. Баталонларни 11 тага, казаклар сони 1700 га етказилиб, махсус артиллерия бригадалари ва сапер роталари ташкил қилинди.

тўлиқ ўқиш (doc шаклида юклаб олиш)

Ҳамид Зиёев

Манба

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *