ДАЛВАРЗИНТЕПА – археологик ёдгорлик (мил. бошлари – 15-аср). Бекобод туманидаги Жумабозор қишлоғида жойлашган. Араб географлари (10-аср), Бобур (15-аср) томонидан қайд қилинган Илоқдаги шаҳар – Хос ўрнида бўлган (Э.Ю.Бурякова, 1966). Далварзинтепа – бешбурчак шаклидаги улкан қалъа (майдони 1 гектар) баландлиги 10 м дан ортиқ. Қалъа мустаҳкам мудофаа девори, буржлар билан ўралиб, шимолий қисмида махсус истеҳком ва жанубий томондан кириладиган дарвозаси бўлган. Қисман сақланган шаҳристон майдони 11–12 гектар. Қазишма ишлари олиб борилмаган бўлса-да, милоднинг бошларидан 14–15-асрларгача бўлган даврга оид сопол идишлар, милоднинг дастлабки асрларига мансуб кичик танга хазинаси тўпланган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил