Тошкент фенологик календари

ФЕНОЛОГИК КАЛЕНДАРЬ – табиатдаги турли ҳодисаларнинг муайян мавсумдаги ойлар ичида бошланиш ва тугаш вақтини кўрсатадиган календарь.

Тошкентда ҳам Ўрта Осиёнинг аксари қисмидаги каби иқлим мавсумлари яққол намоён бўлмайди. Икки давр: иссиқ ва совуқ даврлар яхши фарқланади. Ҳар бир ой ҳар йили такрорланадиган маълум об-ҳаво шароитлари билан тавсифланади. Ўртача суткалик ҳаво темпуратурасининг 50С дан юқорига кўтарилиши барқарор бўлгач (бу муддат ўртача олганда март ойининг бошланишига тўғри келади), аксари ўсимликлар ўз вегетация (ўсиш) даврини бошлайди, шунинг учун Фенелогик календарнинг бошланиши Тошкентда март ойига тўғри келади.

Ўзбекистонда баҳорда совуқ ҳаво мавжларининг (тўлқинлари) тамом бўлиш саналари қуйидагича: а) 18–24 мартга, энг кечкиси эса 4–8 апрелга тўғри келади; б) 26–31 март, кечкиси 12–16 апрелда бўлади; в) 9–15 апрель, кечкиси 26–30 апрель; г) 24–30 апрель, кечкиси 11–15 майда кузатилади. Бу даврларда шаҳримиздаги ўсимликларнинг аксари қисми қорасовуқдан зарар кўради.

Шаҳарда қорасовуқсиз давр давомийлиги ҳавода 235 кунни, тупроқда эса 184 кунни ташкил этади. Куз фаслида ҳавода 1-қорасовуқнинг энг эртангиси 10 октябрга тўғри келади ва энг юқори қорасовуқ эса 1971 йилда 22 декабрда кузатилган.

Қорасовуқдан зарар кўрадиган ўсимликларнинг манфий ҳароратдан зарар кўрадиганлари: бошоқли дон экинлари ва нўхатнинг униб чиққан навлари –80, –100; кунгабоқар, лавлаги ва сабзи эса –50, –70; соя, редиска –30, –50; маккажўхори, картошка –20, –40; бодринг, помидор, ловия 0,5–20. Токнинг баҳорда куртак ёзишидан олдин –10, –1,50, гул куртак учун –10 бўлса ҳалокатли ҳисобланади, гули ва ғунчаси эса –0,50 дан зарар кўради.

Тошкент боғлари учун хавфли метеорологик ҳодисаларнинг асосийлари илиқ даврда – қорасовуқлар, қурғоқчилик, қуруқ иссиқ шамол – гармсел, чангли бўронлар, дўл, кучли жалалар, қишда эса, қаттиқ совуқлар, яхмалак, муз қатқалоқлари, қорсизлик ёки қалин қор қоплами ва бошқалардан иборат. Булар, ўз навбатида, шаҳарнинг фенологик календарини меъёр муддатларидан четлашишига, яъни эрта ёки кеч келишига олиб келади.

Март. Ўртача ойлик температура 8,50, мутлақ минимум температура –19,60 (1898), мутлақ максимум температура 32,50 (1971). Ўртача ойлик ёғин миқдори 72 мм. Пиёзбошли ўсимликларда барг ва ғунчалар пайдо бўлади. Боғ ва хиёбонларда капалакгул, пушти ва оқ дастаргул, оқтерак, кейинроқ қайрағоч, олча, ўрик, шафтоли, олхўри гуллайди; қўзиқоринлар пайдо бўла бошлайди. Қушлардан жиблажибон, қалдирғоч, қораузунқанот, сассиқпопишак, чуғурчуқлар учиб келади. Қишки мавсум қушлари (гўнгқарға, олақарға) учиб кетади. Сувда ва қуруқда яшовчилар (кўл бақаси, яшил қурбақа) ва судралиб юрувчилар (билакузуклар, сариқилон, сувилон), сутэмизувчилардан кўршапалак уйқудан уйғонади. Балиқлар увилдириқ (икра) ташлайди. Ҳашаротлар кўрина бошлайди. Асаларилар инларидан чиқади, зағизғонлар уя қуришга киришади.

Апрель. Ўртача ойлик температура 15,40, мутлақ минимум температура –6,30 (1913), мутлақ максимум температура 35,40 (1912). Ўртача ойлик ёғин миқдори – 64 мм. Аксари ёмғир (жала), кўпинча, момақалдироқ бўлиб, ёмғир дўл аралаш ёғади, кучли шамол эсади, баъзан, қор ёғиши мумкин. Қорнинг энг сўнгги эриш вақти 1920 йил 27 апр.да қайд этилган. Дарахтлар, ток барг ёзади. Гилос, олча, нок, беҳи, сирень, атиргул, лола гуллайди. Уя солувчи қушлар (зарғалдоқ, қарқуноқ, булбул, мойқут)нинг гала бўлиб учиб келиши, олақарға, гўнгқарға, саваларнинг учиб кетиши тугалланади. Шалпангқулоқ типратикан қишки уйқудан уйғонади. Қораялоқлар уя ясай бошлайди. Сув ҳавзаларида ниначи личинкалари пайдо бўлади.

Май. Ўртача ойлик температура 20,30, мутлақ минимум температура –1,70 (1989), мутлақ максимум температура 39,50 (1961), бироқ об-ҳаво турғун бўлмайди. Кўпинча, момақалдироқ бўлиб, дўл, кучли жала ёғади, тез-тез кучли шамол эсади. Ўртача ойлик ёғин миқдори – 32 мм. Бульденеж, қирқоғайни, ясмин, атиргул, пион, гулсапсар, цикорий, ток, жийда гуллайди. Қулупнай, гилос пишади. Пушти чуғурчуқлар учиб келади. Қизилиштон, сассиқпопишак, кўкқарға, чивин-толкунец, зараркунанда ҳашаротлар пайдо бўлади.

Июнь. Ўртача ойлик температура 25,60, мутлақ минимум температура 3,80 (1924), мутлақ максимум температура 42,50 (1900). Ойлик ўртача ёғин миқдори – 7 мм. Ой бошларида жалали ёмғирлар, момақалдироқ, дўл бўлиб туради. Ўрик, олча, гилоснинг кечки навлари, олма, шафтоли, нок, узум, полиз экинларининг эртанги навлари пишади. Илонгул (гладиолус), итоғиз, чиннигул, картошкагул (георгина) ва бошқалар гуллайди. Ҳашаротхўр қушлар (қалдирғоч, жарқалдирғоч, чуғурчуқ, майна, зарғалдоқ, кўкқарға, булбул) тухумидан жишбола очиб чиқади. Кечқурунлари булбул ва бошқа сайроқи қушларнинг овози тинмайди.

Июль. Ўртача ойлик температура 27,60, мутлақ минимум температура 8,20 (1946), мутлақ максимум температура 44,60 (1997). Тупроқ қатламининг юзаси очиқ ерларда 700 гача қизийди. Осмон булутсиз, ҳаво намлиги кам. Ўртача ойлик ёғин миқдори – 4 мм. Шафтоли, тоғолча, нок ва узум пиша бошлайди. Айлант (сассиқ дарахт), ленкоран акацияси гуллайди, қашқаргул (астра), тизимгул, настурция (лотин чечаги), зафаргул ва бошқалар очилади. Қушлар туллайди. Қуш болалари уяларини тарк эта бошлайди. Жарқалдирғочлар учиб кетади.

Август. Ўртача ойлик температура 25,50, мутлақ минимум температура 5,60 (1968), мутлақ максимум температура 43,10 (1944). Ўртача ойлик ёғин миқдори – 2 мм. Узум, шафтоли, олхўри, олма ва бошқалар ғарқ пишади. Зарғалдоқ, бўздоқ каби қушлар учиб кета бошлайди. Капалаклар, қора чигиртка, қўнғизлар ҳамон кўп учрайди.

Сентябрь. Ўртача ойлик температура 200, мутлақ минимум температура 0,10 (1973), мутлақ максимум температура 39,80 (1975). Ўртача ойлик ёғин миқдори – 4 мм. Олма, узумнинг кечки навлари, ёнғоқ, беҳи, анор, дўлана мевалари, анжир, наъматак ва бошқалар пишиб етилади. Хризантеманинг эртаки навлари, гултожихўроз гуллайди. Гўнгқарға, олақарға учиб келади, қизилтуш, сайроқи қушлар кўрина бошлайди. Шаҳар атрофи ҳудудларида беданалар кўп учрайди. Қарқуноқ, қалдирғоч, булбул, ҳашаротхўр қушлар, мойқут, жиблажибон, кўкқарға жанубга кета бошлайди. Бақаларнинг қуриллаши камаяди.

Октябрь. Ўртача ойлик температура 13,30, мутлақ минимум температура –11,40 (1909), мутлақ максимум температура 39,80 (1973). Ўртача ойлик ёғин миқдори – 34 мм. Заранг, акация, қайрағоч, гледичия, дуб, оқтерак, чинор ва бошқалар барглари тўкила бошлайди. Қушларнинг кўплаб учиб кетиши бошланади. Савалар пайдо бўлади, далалардаги гўнгқарға, зоғча, олақарғалар шаҳарда тунай бошлайди.

Ноябрь. Ўртача ойлик температура 7,80, мутлақ минимум температура –22,10 (1954), мутлақ максимум температура 300 (1979). Ўртача ойлик ёғин миқдори – 45 мм. Дарахтларнинг барглари сарғаяди ва қўнғир рангга киради, баргларнинг тўкилиши тугалланади. Об-ҳаво қулай келган вақтларда вегетация даври давом этади. Дуб, чинор баргларининг яшиллиги совуқ тушгунга қадар сақланади. Шаҳарда гўнгқарға, олақарға, зоғча, дала чумчуқлари, сава, сўфитўрғай, майна, читтаклар тез-тез кўриниб туради. Кўршапалаклар қишки уйқуга кетади.

Декабрь. Ўртача ойлик температура 3,40, мутлақ минимум температура –29,50 (1930), мутлақ максимум температура 25,90 (1989). Ўртача ойлик ёғин миқдори – 53 мм. Қарға, зоғча, қизилтўш ва б. шу каби қушлар шаҳарда тунайди. Шаҳар атрофида сўфитўрғай, зағизғон, майна ва читтак, қизилқум чумчуғи кўплаб учрайди.

Январь. Ўртача ойлик температура 0,60, мутлақ минимум температура –29,50 (1930), мутлақ максимум температура 220 (1966). Ўртача ойлик ёғин миқдори – 54 мм. Қор қопламининг максимал қалинлиги – 54 см (1969). Қушлардан, асосан, қизилиштон, читтак, зоғча, олақарға, гўнгқарға, чуғурчуқ, сўфитўрғай, қорашақшақ ва бошқалар учрайди.

Февраль. Ўртача ойлик температура 2,50, мутлақ минимум температура –25,70 (1900), мутлақ максимум температура 25,60 (1963). Ёмғир ва қор ёғади. Ўртача ойлик ёғин миқдори – 47 мм. Баъзи мевали дарахтлар танасида сув юра бошлайди. Майсалар пайдо бўлиб, бинафша, қоқиўт, бойчечак, туятовон (кўка), бодом ва бошқалар гуллайди. Сўфитўрғай шаҳардан учиб кетади, зоғча, олақарға ва бошқалар сони кун сайин камайиб боради. Бу қушлар аста-секин шимолга учиб кета бошлайди. Дастлаб учиб келган жиблажибонлар кўрина бошлайди. Илиқ кунлар очиқ ерларда калтакесаклар офтобда исинади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *