Бош саҳифа » Биласизми? » Дўмбиробод

Дўмбиробод

05-02-2015(2)

ДЎМБИРОБОД ДАҲАСИ – Чилонзор туманида, Кичик ҳалқа йўли, Наққошлик ва Гавҳар кўчалари ҳамда Бўрижар канали оралиғида. Даҳада, асосан, якка тартибдаги уй-жойлар ва 4 қаватли турар жой бинолари жойлашган. Даҳани лойиҳалаш ва қуриш ишлари 1950-йилларда бошланган. Дўмбиробод даҳаси 2 қисмга бўлинган бўлиб, «Катта Дўмбиробод» ва «Дўмбиробод» маҳаллаларидан иборат. Дўмбиробод даҳасида 21250 якка тартибдаги, 21 та 4 қаватли турар жойлар, 4 боғча, 3 мактаб, интернат, коллеж ва 20 дан зиёд савдо шохобчалари ҳамда маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари мавжуд.

ДЎМБИРОБОД КЎЧАСИ – Чилонзор тумани ҳудудида. Кичик ҳалқа йўли ва Гавҳар кўчалари оралиғида жойлашган. Узунлиги 3 км. 1960 йил 22 январда мазкур ҳудудда ташкил этилган янги кўчага шу номдаги жойнинг тарихий номи берилган. Ушбу тарихий номнинг келиб чиқиши чуқур ўрганилмаган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу ном қадимда жойни обод қилган шахснинг исм (лақаби)дан ёки чорлов мақсадида чалинган дўмбирадан келиб чиққан. Жой қадимда шаҳар аҳолисининг боғдорчилик мавзеларидан бири бўлган. 20-асрнинг 2-ярмидан ушбу ҳудудда шаҳар аҳолиси учун ер участкалари ажратилган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги даврда мазкур кўча тубдан таъмирланди. Кўча йўналишида шахсий турар жой бинолари, тўйхона, супермаркет, озиқ-овқат дўкони, маҳалла гузари, шоҳбекат, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа муассасалар бор. Яқинида Хирургия маркази, 1-педагогика, Дўмбиробод касб-ҳунар коллежлари, 131-, 188-, 232-умумий ўрта таълим мактаблари, 1-махсус болалар интернати жойлашган.

«ДЎМБИРОБОД» МАҲАЛЛАСИ (232-мактаб) – Чилонзор туманидаги маҳалла. «Катта Дўмбиробод», «Катта Қозиробод», «Тирсакобод» маҳаллалари билан чегарадош. 2003 йил «Кичик Дўмбиробод» номи билан ташкил этилган, 2007 йилдан ҳозирги номда. Маҳалла номи ўз тарихига эга. 19-аср охири 20-аср бошларида бу ҳудуддан Қонқус, Ширин, Дархон ариқлари оқиб ўтган бўлиб, шаҳардаги «Бешёғоч», «Гулистон», «Чақар» маҳаллаларининг аҳолиси бу ерларни обод этиб, боғ-ҳовлилар барпо этишган. Ривоят қилинишича, Мирсалим (Мирсоат) исмли қассоб бу ерларга биринчилардан бўлиб келиб, дарахтлар эккан, чойхона ташкил қилган. У киши қувноқ ва қорни дўмбирадек катталиги учун лақаби «дўмбира» бўлган. Бу ерда барпо этилган қишлоқни халқ Дўмбиробод деб атай бошлаган. Аҳолиси 7920 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек 20 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди (2008). Маҳалла ҳудудида 2 ўрта мактаб, 2 болалар боғчаси, дорихоналар, савдо дўконлари, ошхоналар бор, болалар спорт мажмуаси, милиция таянч пункти қурилган. 2-жаҳон уруши қатнашчиси Усмонҳожи Абдуллаев маҳаллага 43 йил раислик қилган.

«КАТТА ДЎМБИРОБОД» МАҲАЛЛАСИ (Ўсмир 1-тор кўчаси, 2) – Чилонзор туманидаги маҳалла. «Дўмбиробод», «Наққошлик», «Тирсакобод» маҳаллалари билан чегарадош. 1957 йилда ташкил этилган. 2003 йил бу маҳалладан «Кичик Дўмбиробод» маҳалласи ажраб чиққан (2007 йилдан мазкур маҳалла «Дўмбиробод» маҳалласи дейилади).
«Катта Дўмбиробод» маҳалласи аҳолиси 5126 киши, асосан, ўзбеклар, шунингдек, 20 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди (2009). Маҳалла ҳудудида 20 кўч., 2 болалар боғчаси, 2 ўрта мактаб, 1 коллеж, озиқ-овқат дўкони, новвойхона, бозорча.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов шу маҳаллада яшайди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Қабри Мадина шаҳрида бўлган Бухоро хонлари

Post Views: 606 Марказий Осиё давлатчилиги тарихидан маълумки, давлат ҳукмдорлари кўп ҳолларда тахтдан воз кечса …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *