XIX асрда Тошкентдаги маданий муҳитнинг шаклланишида мактаб ва мадрасаларнинг ўрни катта бўлган. Мазкур даврда Туркистон ўлкасида, жумладан, Тошкентда мактаблар асосан масжидлар қошида очилган ва унда масжид имоми ёки махсус тайинланган шахс муаллимлик қилган. 1868 йилда Тошкентда бўлган А.П. Хорошхиннинг ёзишича, шаҳарда ўғил ва қиз болаларнинг мактаблари алоҳида бўлган. Ўкув тизимида эса, Мадрасаларнинг ўрни катта бўлиб, уларда дарс берувчи мударрислар алоҳида обрў-эътиборга эга бўлганлар.
1890-1893 йилларда Туркистон генерал-губернаторлигида жами 214 та мадраса бўлиб, шундан 21 таси Тошкентда жойлашган эди. Чоризм истилосининг дастлабки йилларида мадрасалардаги таълим ва ўқитиш ишлари анъанавий тартибда белгиланган қоидалар асосида олиб борилган бўлса, кейинчалик уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва ўқув ишларини тартибга солишни Туркистон генерал губернаторлиги ўлка маориф бошқармаси ўз қўлига олган. Бу пайтда Тошкент мадрасаларидан Абулқосимхон мадрасасида 120та, Хожа Аҳрор мадрасасида 80та, Бегларбеги мадрасасида 150та, Кўкалдош мадрасасида 80та, Шарафибой мадрасасида 20та, Шукурхон мадрасасида 20та талаба ўқиган.
XIX аср муаррихи Мухаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида ўша даврдаги Тошкент мадрасаларида дарс берган мударрисларнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида баъзи-бир маълумотлар келтирилган бўлиб, улар ўша даврдаги ушбу тоифа вакилларининг фаолияти ҳамда турмуш тарзини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Тилга олинган шахслар бир пайтнинг ўзида ҳам мударрис, ҳам диний мансаб эгалари ёки шаҳардаги тақводор мутасаввифлардир. Таниқли шахслар орасида муаллифга замондош бўлган тошкентлик диний илмлардаги йирик уламолар жумладан, қози Махдум Баландмасжидий, қози Шодмонхўжа эшон Орқакўчагий, Эшонхонхўжа қози Мерганчагий, домулло Мир Иноятиллоҳ Қатортеракий каби, муаллиф тили билан айтганда, фиқҳий илмлар билимдонлари, муфассир ва муҳддисларни ҳам учратиш мумкин. Уларнинг деярли барчаси бу соҳадаги фаолият билан бирга Тошкент мадрасаларида мударрислик ҳам қилганлар. Шуни хам эътиборга олиш лозимки, Муҳаммад Солиҳхўжа таниқли шахслар ҳақида сўз юритганда, кўпрок ўзига яқин муҳит – ўқув тизими кишилари, яъни мадраса мударрислари биографияларига кўпрок ўрин берган. Жумладан улар орасида Эшонқули додхоҳ мадрасаси мударрислари — қози ал-қуззот Бузрукхўжа Занжирлиқий, Музроб Хоразмий, Эшон Абдурасулхўжа, Эшон Сулаймонхўжа, Домулла Эсонбек охунд, Мулла Аъзаматхўжа аълам; Маҳмуд дастурхончи мадрасаси мударрислари — Эшон Шох Мансурхўжа, Домулло Мир Муҳаммад Раҳим охунд; Бегларбеги мадрасаси мударрислари — муаллифнинг устозлари Мир Шарофиддин махдум, Домулло Мир Иноятуллоҳ; Мўйи Муборак мадрасаси мударриси — халифа Абдумажидхон эшон; Юнусхон мадрасаси мударриси Абдулазизхўжа эшон Қиётий, Эшонхўжа қози, Эшон Абдусамиъхўжа хатиб; Хожа Аҳрор мадрасаси мударриси — Домулла Умарбек охунд Чиғатоий ва бошқа мударрислар ҳақида маълумотлар учрайди.
Келтирилган маълумотлардан кўринадики, шаҳарда таниқли мударрислар оилалари шаклланган. Хусусан, Мир Иноятуллоҳ, Қатортерагий (ваф. 1859 й.) Тошкент ва Бухоро мадрасаларида ўқиб, мударрис бўлиш билан бирга тафсир илмини хам пухта эгаллаган. Юқорида таъкидланганидек, у бир неча асарлар муаллифи бўлиб, хаттотликдан хам бохабар бўлган. У дастлаб Муҳаммад Алихон томонидан Регистонда қурилган Азимота мадрасасига, Тошкент ҳокими Сўфибек томонидан эса, Мир Иноятуллони Юнусхон мадрасасига мударрис қилиб тайинланган. Кейинчалик, Бегларбеги ва Кўкалдош мадрасаларида хам талабаларга сабоқ берган. Мир Иноятуллоҳ, Тошкентда қозикалон бўлган Ҳакимхўжа қозикалонга хам араб тили гарамматикасидан дарс берган. Кейинчалик унинг укаси Мир Исо охунд ва ўғли Мир Шарофиддинлар ҳам Бегларбеги мадрасасида мударрислик қилганлар. Эшонқули додхоҳ мадрасасидада дарсгуйлик қилган қози ул-қуззот Бузрукхўжа Занжирлиқийнинг (ваф.1838 й.) укаси «эшони мударрис» лақаби билан танилган Сулаймонхўжа ва ўғли Сайид Ахмадхўжалар Тошкентдаги кўзга кўринган мударрислар ҳисобланган.
О. Бўрuев,
тарих фанлари номзоди,
У. Султонов,
ЎзР ФА Шарқшунослик институт
«Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» (тезислар тўплами)
Тошкент-Самарқанд, 2007