Бош саҳифа » Биласизми? » Бўзгонтепа

Бўзгонтепа

БЎЗГОНТЕПА – археологик ёдгорлик. Тошкентнинг шарқий чеккасида (Чингелди деган жойда), Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган истеҳкомсиз аркли қишлоқ харобаси (1–16-асрларда мавжуд бўлган). Ўлчами – 100 х 300 м, арки – 30 х 60 м, баландлиги – 12 м. 1949 йил археологлар И.Баишев ва М.Массон томонидан қайд қилинган. 1978–79-йилларда Тошкент археологик экспедицияси (И.А.Аҳроров, Ў.Алимов) Бўзгонтепанинг 1–3-асрлардан мавжудлигини ва Қовунчи маданиятига мансуб деҳқончилик қишлоғининг харобаси эканини аниқлади. 3-асрда хом ғиштлардан бино қилинган мудофаа девори аркнинг мустаҳкам фортификация иншооти бўлиб қолган. У 6–8-асрларда қўшимча ташқи мудофаа деворлари билан бир неча бор мустаҳкамланиб, Чирчиқ соҳилида Чоч пойтахти ва унинг деҳқончилик воҳасини шимоли-шарқ томондан келадиган кўчманчилардан тўсиб турган муҳим истеҳкомга айланган (Чочнинг ҳарбий лагери бўлган). 8-аср биринчи чорагида вайрон бўлган. 10–12-асрларда қайта тикланиб, Мовароуннаҳрдан ўтган савдо йўлининг шимоли қисмидаги муҳим масканларидан бирига айланган. Бу даврда у араб манбаларида Жабғукат деб аталган ва Чоч пойтахти Бинкатдан 2 фарсах (12 км га яқин) узоқликда жойлашган. Жабғукат номи «Ҳудуд ул-олам» (10-аср) асарида қайд қилинган: «Жабғукат гўзал шаҳар, Чочнинг ҳарбий лашкаргоҳи шу ерда бўлган». 13-аср бошида чамаси Чингизхон қўшинлари босқини вақтида Бўзгонтепа бузилган. Ёдгорлик 14-аср охири – 15-асрда қайта тикланиб, Шарқ мамлакатларига борадиган савдо йўлидаги соқчилик қароргоҳларидан бири сифатида водийда муҳим роль ўйнаган. 16-асрдан Бўзгонтепа бўшаб қолиб, вайронага айланган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

1926 йил, Боку. Биринчи Бутуниттифоқ туркологик съезди (видео)

Post Views: 166 1926 йил 26 февраль – 5 март кунлари Озарбайжон ССР пойтахти Боку …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *