Абу Сулаймон Банокатий

XIV асрда Шошда яшаган кўзга кўринган тарихнафис олимлардан бири Абу Сулаймон Банокатийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Сулаймон Фахруддин Али б. Абулфазл Довуд б. Муҳаммад ал-Банокатий.

Абу Сулаймон Банокатий дейилишига қараганда, у XIV асрда Банокат шаҳрида туғилган. Кейинчалик Банокат шаҳрини Шоҳрухия деб ҳам атаганлар. «Ҳафт иқлим» асарида келтирилишича, бу шаҳарнинг бошқа номи Шош ёки Чоч деб аталган.

Банокатий Ғозонхон даврида (701/1301—1302 йиллари) сарой шоири ҳам бўлган ва «Малик уш-шуаро» (шоирлар пешвоси—шоҳи) деган лақабини олишга муяссар бўлган. У 730 (1329-1330) йили вафот этган. Тошкентда сақланаётган XVI асрда кўчирилган Банокатий асарининг еттинчи қисмида Мавлоно Тожуддин Банокатийнинг катта ўғли Низомуддин Алининг номи келтирилган. Маълум бўладики, Фахруддин Алининг Низомуддин Али деган акаси бўлган. У ҳам ўз даврининг олимларидан бўлган. Абу Сулаймон Банокатий тарихнафис олим сифатида ўзининг умумий тарихга оид «Равзат ули-л-албоб фи-ат-таворих ва ал-ансоб» («Улуғ кишиларнинг тарихи ва насаблари ҳақида оқиллар боғи») асарини ёзади. Уни қисқача қилиб «Тарих-и Банокатий» деб атаганлар.

Бу асар, Рашидаддиннинг умумий тарихга оид машҳур «Жомиъ ат-таворих» номли тарихий асарининг қисқартирилган нусхаси бўлиб, 1317 йили ёзиб тугатилган. В.В. Бартольд фикрига қараганда, фақат 1310 йилдан кейинги воқеалар Банокатий тарафидан мустақил равишда ёзилган. Асар тўққиз қисмдан иборат бўлиб, унда Ҳиндистон, Арманистон, Эрон, Рум, Хитой, яхудийлар, араб халифалиги, мўғул тарихи ҳақида ёзилган.

Бу асардан икки қўлёзма нусха ҳозирда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар хазинасида сақланмоқда. Улардан бири XVI асрда, иккинчиси эса 1829 йили кўчирилган.

Бу асардан бир нусха Тошкент Давлат Университети кутубхонасида, бир нусха Санк-Петербург Давлат Университети кутубхонасида, бир нусха Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар хазинасида ва бир неча қўлёзма нусхаси хорижий мамлакатлардаги қўлёзма хазиналарда (Париж, Оксфорд, Вена, Лондон, Берлин, Теҳрон) сақланмоқда. Бу асарнинг саккизинчи қисми текстини 1677 йили Андреас Мюллер лотинча таржимаси билан нашр қилган эди. Унинг инглиз тилига Эллиот тарафидан қилинган таржимаси ҳам 1820 йил Лондонда нашр этилган.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *