Тарихи Алиқули (Алимқули) амирлашкар. 1-фасл

…жаноби жавҳари шамшири шужоат, қуввати бозуи шаҳомат, яъни, Абулфатҳ Мулло Алимқули амирлашкар, шаҳиди марҳумнинг ибтидои офтоби давлатларидан то ғуруби умр ва иқболларигача давлатосо мулозими рикоби ҳумоюн(ида) эрдим. Ҳусни ихлос ва ақида шуни талаб қилур эрдиким, ул зоти олисифотнинг аёми саболаридин, то ҳангоми шаҳодатларигача воқеалар ва ахборотларини таҳрир силкига чекиниб, бир яхши китоб қилсам. Муни устига, ул шажарайи тойиба самаралари фарзанди Мулло Шермуҳаммад Мирзойи мингбоши ҳам илтимос қилдиларки, ул жанобни воқеа ва ахборотларини сиздан яхшироқ биладурғон одам йўқ, ул зоти ҳужастасифот зикрларини бир ёднома китоб қилиб берсангиз, то ойнаи хосу авомдан фаромуш бўлиб қолмасин, деб. Агарчи бандаи ҳақирда шайхухот ғалабаси ва, мунинг устига, белу аёғ оғриғи ва дахли, кўз оғриқ ва иштиҳосизлик илова бўлиб, қувват заъф ва қуққат топиб ёзмоқ ва таҳрир қилмоқға мажол ва қудрат қолмаган эрди, аммо ул жанобни зикри лаззат маззаси билан ўз кўзум бирлан кўрганларимни ва кўрмаган бўлсам, ул жанобни(нг) фарзанди аржумандлари Мулло Шермуҳаммад Мирзойи мингбошидан сўраб, амрга шуруъ айладим.

Маълум ўлғайким, Амирлашкари марҳумнинг насаблари қирғиз-қипчоқ жамоасидан бўлиб, исми шарифлари Мулло Алимқули Ҳасанбий ўғли эрди ва волидайи шарифлари Шаҳарбону биби эрур. Мазкурлар Хўқанд уезида Навиғут бўлустида Бўжун Буткан деган мавзеда турғучи фуқаро аҳлидан эрдилар. Қиладурғон ишлари қўю мол ва йилқи тўхтатиб, боқиб, булардан фойдаланиб юрар эрдилар. Худованди карим лутфу карами бўлиб, мазкур Ҳасанбийдан шу мавзеда Мулло Алимқули амирлашкар ва яна бир қиз… вужудга келиб, кейин Андижон уезига (уездига) тобеъ қўрғон бўлустидаги (волости) Тошлоқ қишлоқида тарбият топиб(дилар).

Амирлашкари марҳум икки яшарлик вақтиларида оталари Ҳасанбий вафот қилиб, волидалари қўлларида ёш ва сағир қолиб, бо вужуди ёшлиғ беҳуда ҳаракат қилмай волидаларининг акалари Мулло Дўст охунд деган, то олти-етти яшар бўлғонларича Бўжун Буткан мавзеда ўқиб, саводлари чиқонндан сўнгра Қўрғонтепа бўлустига кўчиб келибдилар, сўнг Андижонда Оқмасжид мадрасада бир-икки йил ўқиб, кейин Хўқанд бориб Махсум Ҳожи раис-жаноби Домулло Аёз махдум марҳум ўғиллари хизматларида ўқиб, илму хат ҳосил қилибдилар. Шу аснода тахминан жаноби Амирлашкари марҳум ўн саккиз яшар бўлғонедилар. Баъд Амирлашкарни ҳамшираларини олган Тағойқул додҳол олиб келиб, баъзи сипоҳигарчилик ишларига аралаштириб, ул ерда ҳам хизмат ишларини бир неча вақт яхши қилиб туриб, яна Қўрғонтепа бўлустида оталари ўрнига бий бўлибдилар. Ниҳоят, хушмандлиғ ва зийракларидан ишларни яхши саранжом айлаб, фуқаро ва халқуллоҳга нафъ ва осойиш еткуриб, кундан кун ривож ва равнақлари зиёда бўлган сабабли, замона мардумлари ул кишига ҳасад қилиб, беақлу бехирадлар адоват камарини белларига боғладилар…

I. БУ ФАСЛ АМИРЛАШКАРНИНГ ИБТИДОИ СИПОҲГАРЧИЛИККА ОРАЛАШҚОНЛАРИНИНГ БАЁНИ ТУРУР

Амирлашкари марҳум катта бир жойга суянмоқ ва такя қилмоқни зарур ва лозимлигини фаҳмладилар, ўша фурсатда Худоёрхоннинг ота бир волида бошқа акаси Маллабек Шералихонни ўғли ўз акаси Андижон ҳокими Сўфибек тўй қилғони учун тўйга келибди. Амирлашкари марҳум ҳам бир от билан Маллабеки мазкурни(нг) хизматларига келиб, нўкар ва йигит бўлдилар. Ул ерда камоли хушмандлиғидан кундан-кун мартабаси ошиб, Маллабеки мазкурга тақарруби зиёда бўлиб, бирга Хўқанд келдилар. Аммо Худоёрхон ҳамеша ит талоштурмоқ ва теваю қўчқор уруштурмоқ ва улоқ чопмоққа машғул бўлиб, фуқаро ҳолидан ғофил қолган сабабли, Қурама халқи Нормуҳаммад парвоначи зулмидан додга келиб, фарёдларига ҳеч ким қулоқ солмаганидан, аризаларини дарахтлар шоҳига остилар. Тошканду Дашти қипчоқ фуқаролари Мирзо Аҳмад қушбеги жабру зулмидан жонларидан тўюб, доду фарёд ва оҳу нолаларига ҳеч қулоқ солмаган сабабли тамоми қирғизия, қазоқия ва сартия ёв бўлиб, Мирзо Аҳмад қушбегини ҳар тарафга закот учун юборган сардор ва одамларини тамоман уриб, ўлдириб, ўзини Авлиё ота қўрғонига қамаб, атрофини олдилар. Худоёрхон ночор Мирзо Аҳмадни қутқариб олмоқ учун Маллабек ва Шодмонхўжа мингбошини аксари аскарияи Хўқанд ва жаноби Миён Халил ҳазрат (Оллоҳ унинг марқадини ёритсин) билан Тошканд буюрдилар. Бизлар Тошканд бориб, уч-тўрт кундан сўнгра Чимкент бордик ва Хўқанд аскари Чимкентда қўнғондан сўнгра Авлиё отада Мирзо Аҳмадни қамаган элотия кундан-кун заиф бўлиб тарқалиб кетди. Мирзо Аҳмад қувват топиб, Авлиё отадан чиқиб, Чимкент келди. Мингбоши Маллабекларни олиб Чимкентдан Тошканд келдилар. Тошкандда Солар лабида беш-олти кун туриб, Тошканд ишини саришта қилгандан сўнг Мирзо Аҳмадни олиб Хўқанд тарафига жўнаб, Тўйтепа мавзеига қўнғонда маълум бўлдики, Мирзо Аҳмад қушбеги Шодмонхўжа мингбошига туҳмату бўҳтон қилиб, “Тошкандни бузиб ёв бўлмоқчи эди”, деб Хўқандга ариза ёзибди. Худоёрхон бу сўзни таҳқиқ қилмай, ишониб иноятнома юбориб, ўша ерда мингбошии мазкурни ушлаб, Йўлчибек деган лўлиларни(нг) понсадбошисига топшириб, у ердан жўнаб, Хўқанд келибди. Мингбошии мазкурни банди қилиб Шаҳрихон юбориб, унинг ўрнига Мирзо Аҳмадни Мингбоши қилди.

Ул фурсатда амири Бухоро қўшини билан айланиб келиб Ўратепани қамади, Худоёрхон Ўратепа мадади учун юборган Муҳаммад Назарбек қушбегилар етмасдан илгари амир Ўратепани олиб, Рустамбекни ўлдуриб, келиб Хўжанд муҳосирасига машғул бўлибди. Худоёрхон Хўжанд мадади учун Муҳаммад Ёқуббек бадавлатни Хўжандга Буюриб (юборди). У Хўжандга кириб, ниҳоят шужоат ва мардоналик кўрсатибди. Бу кишининг ғайрати сабаб Хўжанд саломат қолиб, амири Бухоро ёнди. Амири Бухоро қўшинидан Қосим мингбошии қадима, Гадойбой мингбошининг ўғли Ҳақназар мирзо, Қосимбек ва Баҳодур қушбегининг ўғиллари, Мирзо улуғ ва Рустамбек сарқори Раҳимбеклар қочиб Хўқанд келдилар. Худоёрхон мажбур бўлиб, Шодмонхўжа мингбошини ҳам олиб келди.

Бир куни намози бомдоддан сўнг тамоми умаро ва сардорлар салом учун ўрда эшикига жамъ бўлғонда Маллабек Мирзо Аҳмад Қушбеги ва Дўстмуҳаммад дастурхончиларга ниҳоят қаҳру ғазаб билан боқиб: “Хонни сизлар йўлдан уруб, ит уриштирмоқ ва хўрус уруштурмоқ йўлига бошлаб, юрт ва фуқаролар ҳолидан ғофил ва бехабар айлаб, оламни хароб қилдинглар!” деб уларни(нг) қасида қиличини ғилофидан чиқорди. Акобир ва умаро мабодо бир беҳуда иш бўлмасин, деб Маллабекни(нг) қўлидан ушлаб, илтижо ва зорилар билан уларни ҳалос қилдилар. Маллабек бу ердан чиқиб, ҳовлисига келиб, ҳозиру тайёр нўкарлари билан Андижон тарафига азимат қилди. Худоёрхон буни ешитиб, қайтармоқ учун орқасидан одам буюрди. Аммо одамлар етолмадук деб қайтиб келдилар.

Маллабек Амирлашкари марҳум маслаҳати билан тўғри Ўшга келибди. Ул ердан Алимбек додҳоҳ ва Сайидбек додҳоҳларни олиб келиб, яхши сўз ва аҳду паймон билан ўзига мутеъ ва фармонбардор айлаб, Каломуллоҳ кўтартириб, тамоми ўттуз ўғил, тайит ва санчиқли (қабилалари) Маллабек итоатига кирибди. Ўшондан жамъият тамом билан жўнаб, Андижон тобеи Тошлоқ мавзеида Амирлашкар ҳовлисида қўнубдилар. У ерда билиттифоқ Маллабекни хонлиққа кўтариб, асбоби жанг тайёр қилмоқ ва юрт олмоқ тараддудига тушибдилар. Ул вақтда амири Бухоро дафъи учун Андижон ҳокими Сўфибек ва Марғилон ҳокими Шоҳмуродбек йигит ва лашкари билан Хўқанд кетиб, бу юртлар бўш қолган сабабли осонлик билан Маллабек тасарруфига кириб қолди. Маллабек жамъияти тамом ва жамиъи қирғизия ва қипчоқия қўшини билан Хўқанд ташири учун жўнаб, Сомончи мавзеида бориб қўндилар. Худоёрхон ҳам тамоми Хўқанд аскари ва тўпу тўпхона билан Хўқанддан чиқиб, Қороқулоқдан ўтуб қўнибди. Ул кеча ётиб, эртаси намоздан сўнгра икки тараф саф тортип, муҳориба воқеъ бўлиб, гарду ғубор офтобни хира қилди. Худоёрхон ва Маллбек рўбарў бўлишиб, бир-бирларига қилич солдилар, аммо бир-бирларига заҳмлари таъсир қилмай, икки лашкар ҳам тарқалиб кетди. Аммо Худоёрхон аскарининг тафрикаси кўпроқ еди. Фақат Бобобек ва Муҳаммад Муродбек – Шаҳрисабз беклари Хўқандга қочиб келиб, тўпхона ва сарбозга бош бўлибдилар, ғайрат билан жанг қилардилар. Худоёрхон хуфтон вақтида Хўқандга доҳил бўлди, Маллахон эса, ташқарида Хўқандни қамалга олди. Аммо Мирзо Аҳмад мингбоши Сомончидан қочиб, ҳеч жойда таваққуф қилмай, Бухорога кетди. Қосим мингбоши эса, йўлдан қайтиб Хўқандга келиб, яна мингбоши бўлди. Лекин ташқари атрофу теварак тамоман Маллахонга тобеъ бўлди ва кундан-кун қувват ошди.

Тўқайтепа қамали ва муҳосираси қаттиғ бўлди. У ерда Амирлашкари марҳум Хўқанд қоровулларига рўбарў бўлиб, уларни қочириб, орқасидан тишган вақтда отдан йиқилиб, оёқлари андак шикастланди, яна Оллоҳ таоло шафоат қилди. Мунинг устига, Тошканд ҳокими Султон Муродбек ҳам Хўқандга келди. Тошкандда қолган Ўтамбой қушбеги қипчоқ ҳам Тошканд аҳли билан Маллахонга тобеъ бўлди. Худоёрхон иши ислоҳдан ўтиб, фасодга тортибди. Андижон ҳокими Сўфибек бир неча тамоми ва қўшини билан Хўқанддан қочиб, Маллахонга қўшилдилар. Қурама ва нўкарлари билан Хўқанддан қочип чиқиб, Маллахонга қўшилди. Худоёрхон иши тамом бўлғонини фаҳмлаб, бир кеча эл аёғи босилгандан ўзи ва акаси, шогирдпешалари ва хос одамлари билан хазинадан нақдина, пул ва қимматли нарсаларни олиб, Бухоро тарафига қочти.

Эртаси тамоми машоих ва уламо акобиру ашроф шаҳардан чиқиб, Маллахонни дуо қилиб, эъзоз ва икром билан шаҳарга олиб кириб, бил-иттифоқ хонлиғ тахтига кўтардилар. Худоёрхон Хўқанддан чиқиб, Хўжандга кирди. (Шаҳар ҳокими) Муҳаммад Мусо парвоначи ҳам уни эъзоз ва икром қилиб, Хўжанд аркига қўндирди. Аммо Хўжанд сипоҳларидан Тиллохўжа ва Мир Тоҳирбек ва Мулло Бобожон деган фитначи одамлар Худоёрхонга яқинлик пайдо қилиб, иғва билан Маллахонга ёв бўлмоқ ва Хўқанд хонлигини қайта олмоқ фикрини Худоёрхон димоғига жойладилар. Муҳаммад Мусо парвоначи буни англаб, панд-насиҳат билан Худоёрхонни йўлга солмай, ночор йигитларини йиғиб, уруш билан Худоёрхонни Хўжанд шаҳридан Бухоро тарафига ҳайдадилар. Маллахон Муҳаммад Мусога кўп илтифотлар қилиб, Худоёрхонни бузган муфсидларига Мир Комилбой, Мир Тоҳир бийнинг акаси ҳам қўшиб, буларни Кўкард тарафига банди қилиб юбориб, ўша жонибда ҳалок қилди.

Маллахон Хўқанд тахтига ўтурғондан сўнг, Қосим Мингбошига Балиғчи ҳукуматини берди. Қосим мингбошилик мансабидан Балиғчи ҳукуматига ўтишини ўзига номуносиб ва нолойиқ иш деб жузъу фуръу ва ношукрлик қилғони сабабли азл бўлиб, Қоратегин ва Дарвоз тарафига чиқориб юборилди. Балиғчи ҳукуматини Шодмонхўжа мингбошига ва Чимён ҳукуматини Амирлашкари марҳумга (Алимқулига) берди ва ишлар саранжом бўлди.

Маллахони мазкур бағоят сариъул-ғазаб, тундхўй ва қаҳҳор, баджаҳл подшоҳ эди. Чунончи бир коса қимиз учун Амирлашкардан хафа бўлиб, шунча қилғон жонбозлик ва давлатхоҳликларини ёдига келтирмай, банди қилиб, Туркистонга Рустамбек додҳоҳга топширди. Яна уч-тўрт ойдан сўнг олиб келиб, олдинги мансабини берди. Ёқуббек Бадавлатга ҳам ғазаб айлаб Шаҳрихонга Бобобек додхоҳга берди. Ҳосил (ул-калом), ўша қиш ичида Маллахон Тошканд бориб, Тошканд аскарларини кўриб, Ўтамбой қушбегини Тошканд ҳукуматига насб қилиб, Хўқанд келди ва оз фурсатдан сўнг Ўтамбой қушбегини Тошканд ҳукуматидан олиб, Муҳаммад Мусо парвоначини Тошкандда ҳоким қилди. Унинг ўрнига Хўжандга Бобобек додхоҳ қирғиз ҳоким бўлди.

Бу орада фақирни Муҳаммад Мусо парвоначини(нг), молия ишлари ва мулкияларини саришта қилмоқ учун Тошканд вилоятига сикритар, яъни, мирзабоши қилиб юбордилар. Неча муддатдан сўнг яна Маллахон ўзлари Қаноат оталиқ билан Тошкандга борди. Муҳаммад Мусо парвоначини элотияи қўнғирот ва тавобеоти закотини олмоқ учун буюрди. Жаноби хон ва аркони давлат лавозими зиёфат ва меҳмонгарчилик қилмоқ учун Тошкандда мени муддати йигирма икки кун хизматкорлик камарини боғлаб қолди. Муҳаммад Мусо парвоначи ҳам закотчилик ишидан фориғ бўлиб қайтиб келди. Хон Қаноат оталиқни буюриб, Муҳаммад Мусо парвоначини ҳисоб-китоб қилсириб, аксари зарур сарфларини тан олмай, йигирма иики минг тилло қарз билан Тошканд ҳукуматидан олиб, ўрнига Рустамбек додхоҳ Қозоқбой ўғлини Тошкандда ҳоким қилиб, Хўқандга мурожаат қилди. Бир неча муддатдан сўнг Рустамбеки мазкур тамоми Тошканд ва тавобиоти қўшини билан Русия дафъи учун Пишкак тарафига отланди.

Эмди бу ерга етканда аввалги ва келаси сўз боғланиши учун Русия Аҳволидан баён қиилмоқ лозим кўринди (давоми бор).

Муҳаммад Юнус бин Муҳаммад Амин

Манба: Muhammad Yunus Toib. Tarixi Alimquli amirlashkar//Sharq yulduzi. –1996. -№ 1-2.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *