Мутафаккирлар. Аҳмад Марвазий
Аҳмад Марвазий (770–870) — Бағдод илмий мактабида фаолият кўрсатган йирик астроном ва математиклардан бири Аҳмад ал-Марвазий бўлиб, у “Астрономик жадваллар”, “Дамашқ зижи” (бу зиж Бағдод шаҳри учун тузилган) ва “ал-Маъмуннинг синалган жадвали” асарларининг муаллифидир.
Аҳмад ал-Марвазий асли Марвдан бўлиб, халифа ал-Маъмун ва ал-Муътасим замонида Бағдодда фаолият кўрсатган. Фан тарихига оид библиографик китобларда олимни 770-870 йиллар мобайнида яшаб ўтган, деб тахмин қилинади.
“Дамашқ зижи” ҳозирда Истанбулда сақланмоқда. Муаллиф ўзининг бу асарини ўша даврда “Синдҳинд” номи билан машҳур бўлган ҳинд астрономик жадвалларини қайта ишлаш асосида ёзган. Ундаги баъзи масалалар Иброҳим ал-Фазарий, Муҳаммад ал-Хоразмийнинг зижларидан фарқланади.
Олимнинг Бағдод шаҳри учун ёзган иккинчи “Зиж”и Берлинда сақланади. Абу Райхон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ва “Геодезия” асарларидаги маълумотларга қараганда, бу китоб кейинги давр астрономлари тарафидан ҳурмат билан тилга олинган.
Учинчи – “ал-Маъмуннинг синалган жадвали”га келсак, бу астрономик жадваллар ўз вақтида катта шуҳрат қозонган. Халифа ал-Маъмун бир гуруҳ олимларга, юнон астрономларининг китобларида келтирилган маълумотларни тажрибалар асосида қайтадан текшириб чиқиш вазифасини юклаган ва тажриба самараси ўлароқ, “ал-Маъмуннинг текширилган зижи” асари дунёга келди. Унда ўша давр астрономиясининг барча юту қлари ўз аксини топган. Мазкур “Зиж” ўрта аср манбаларида баъзан Яҳё ибн Мансурга, баъзан эса Аҳмад ал-Марвазийга, ёйинки ўша даврнинг бошқа астрономлари қаламига мансуб, деб келтирилади. Бундан асарнинг яратилишида кўпчилик иштирок этган бўлиши керак, деган хулоса келиб чиқади. Мутахассислар ал-Маъмун “Зижи”ни Яҳё ибн Мансур бошлаб, Аҳмад ал-Марвазий якунлаган бўлиши керак, деб тахмин қиладилар.
Ал-Марвазийнинг йигирмага яқин асарлари ичида астрономик жиҳозлар –астурлоблар, қуёш соати ва “зат ал-халақ”ларга бағишланган рисолалар учрайди. Афсуски, уларнинг кўпчилиги бизгача етиб келмаган.
Олим фалакиёт соҳасида маълум муваффақиятларга эришган, шунингдек, у тригонометрия фани ривожига ҳам салмоқли ҳиссасини қўшган.
100 МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ
© Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси
© Тошкент ислом университети
© «YANGI NASHR», 2011






Изоҳлар