Бош саҳифа » Алломалар » Ҳофиз Кўҳакий

Ҳофиз Кўҳакий

Тошкентда яшаб ижод этган Ҳофиз Кўҳакий ўз замонасининг иқтидорли олими ва тарихчиси бўлган. У машҳур ўзбек олими Улуғбекнинг (1394-1449) шогирди Али Қушчининг (XV) набирасидир. Ҳофиз Кўҳакий паркентлик Камолиддиннинг ўғли бўлиб, тўлиқ исми Султон Муҳаммаддир. Қудуруйнинг «Мухтасар ал-Қудирий» номли асари Ҳофиз Кўҳакийнинг ўғли Абдуллоҳ тарафидан 1116/1704-1705 йили кўчирилган. Қўлёзманинг охирида бундай деб ёзилган: «Котиб—Абдуллоҳ валади Ҳофиз Султон Муҳаммад».

Ҳофиз Кўҳакий халқ ўртасида Ҳофиз Кўйкий номи билан машҳур бўлган. У тарих, араб тили ва грамматикаси, мантиқ, ҳуқуқшунослик ва диний илмлар билан шуғулланган, бу борада қатор асарлар тасниф этган.

Ҳофиз Кўҳакий араб тили ва грамматикасини, мантиқ илмини яхши билганлиги учун мадрасаларда ҳам дарс берган. Муҳаммад Ҳошим ибн Муҳаммад Қосим ўзининг «Насамот ал-қудс мин хадойиқ ал-унс» асарида Ҳофиз Кўҳакий ҳақида бундай деб ёзади:

«Ҳофиз Кўҳакий номи билан шуҳрат топган Мавлоно алломаи Тошкандий Мавлоно Асомиддиннинг шогирдларидан бўлиб, қатор асарлар тасниф калган».

Ҳофиз Кўҳакий ўз замонасининг илмли ва обрўли кишиси бўлганлиги учун бўлса керак, 935/1528 йили Тошкентдан тўй муносабати билан Ҳиндистонга Заҳириддин Муҳаммад Бобур хузурига юборилган эди. Ҳофиз Кўҳакийнинг бу тўйда қатнашганлигини Бобур «Бобурнома»да келтиради. «Шанба куни ойнинг олтисида тўй бўлди… Ўзбек элчилари… бу тўйда бор эрдилар… Сўл қўлда ҳам ушбу дастур била ўзбек элчилари ўлтуруб, беклардин Абдуллоқа фармон бўлдиким, булар била ўлтурғай…

Улуғ ош тортилғонидан кейин… Хожа Мир султонга ва ўғлонларига ва Ҳофиз Тошкандий ва мулло Фарруҳ бошлиқ Хожанинг мулозимлариға ва ўзга элчиларга ҳам олтундан, кумушдин таркаш била инъомлар бўлди».

Шунингдек, ҳинд тарихчиси Абдулқодир Мулукшоҳ, Бадавоний ўзининг «Мунтахаб ат-таворих» номли тарихий асарида келтиришича, Ҳофиз Кўҳакий Акбаршоҳ даврида 977/1569 йили иккинчи марта Ҳиндистонга боради. Акбар томонидан кабул қилинади ва олимлик маҳорати учун катта туҳфалар олишга муяссар бўлади.

Бадавоний ёзади: «Ҳофиз Тошкандий номи билан танилган Ҳофиз Кўҳакий зўр донишманд бўлиб, айниқса араб тили ва адабиётини яхши билган. Мавлоно Асомиддиннинг шогирди бўлиб, ўз даврининг ҳамма илмларидан яхши баҳраманд бўлган олимдир. Ўз даврида Мовароуннаҳрда яшаган олимлар унинг бузурглигини тан олган эдилар. У Ҳиндистондан Маккага боради ва у ердан Туркияга келади. Турк султони билан учрашади. Ҳинд диёрида топган иззат ва обрўни у ерда ҳам топади. Вазирликка қилинган таклифни рад этиб, ўз диёри Мовароуннаҳрга (Тошкентга) қайтиб келади ва у ерда вафот этади. У ўз ҳаётида икки катта олимдан таълим олишга мушарраф бўлган. Биринчиси Қозихон лақабли Қози Низом Бадахший бўлиб, иккичиси Мавлоно Асомиддин Иброҳимдур… Аҳли маъни орасида яхши эътибори ҳам бор эди… Фасих забои, хуш такрир олим бўлиб, мўътабар таснифлари ҳам бордир… 992/1584 йили вафот этган».

Бир нарсага эътибор бериш керакки, Ҳофиз Кўҳакий ҳинд султони хузурида ҳам, турк султони хузурида ҳам, ниҳоятда обрў кўрса-да, ҳатто вазоратда ишлаш таклиф қилинса-да, у ўз ватанини, ўзи туғилиб ўсган ва ижод этган диёрини ҳар қандай молу дунёдан ва мансабдан юқори қўя олган олимдир. Ҳофиз Кўҳакий Ироқ, Миср, Сурия, Афғонистон, Эрон ва бошқа мамлакатларга саёҳат қилган.

Тошкентлик Мавлоно Соний Ёрмуҳаммад ибн Пирмуҳаммад номли олим Мирхусайнининг «Муаммо» асарини 984/1576-77 йили шарҳ қилади ва Тошкентда ўзи кўчиради.

Бу асарнинг бошланишида Ҳофиз Кўҳакий томонидан форс тилида «Таажжуб ва ҳайратли иш. Бу қандай гавҳарки Мавлоно Соний махфий сирларни балоғат ва латофат тариқи била маоний хазинасини фош қилибдурлар»,— деб ёзиб қўйилган. Демак Ҳофиз Кўҳакий 1576-1577 йилларда Тошкентда бўлган ва бу китобни ҳам мутолаа қилган. Ҳофиз Кўҳакийнинг имзоси бор мазкур қўлёзма асар тошкентлик Расулов деган кишидан сотиб олинган. Муҳаммад Олим Сиддиқий ўзининг «Ламахот» номли асарида ҳам «Алломаи ал-маъруф бил-Ҳофиз ат-Тошкандий ва «Устод ал-уламо Ҳофиз Тошкандий» деб келтирган. Тошкент тарихига оид қимматли манбалардан бири тошкенлик тарихчи Муҳаммад Солиҳ Қора хўжа ўғлининг «Тарихи жадидаи Тошканд» асаридир. У асарнинг муаллиф қўли билан ёзилган нусхаси ва ундан кейин кўчирилган нусхалар сақланиб қолган. Муҳаммад Солиҳ ўз асарида Ҳофиз Кўҳакий ҳақида бундай деб ёзади: «Тошкент диёридаги Ҳофиз Кўҳакий маҳалласидан Мавлоно Кўҳакий ақлий ва нақлий илмларда зўр олим бўлган. Жомий Ҳиротийнинг араб тили грамматикасига оид «Шарҳи мулла» асарига ҳошия ёзган. Бахс ва жадал илмининг қоидаларини аъло даражага етказгандир. Ҳофиз Кўҳакий Тошкент аҳолиси ва олимларининг ифтихори бўлиб, Дашти қипчоқ, Фарғона, Мовароуннаҳр, Бухоро, Эрон ва Хуросонда кенг шуҳрат қозонган олимдир».

Ҳофиз Кўҳакий турли масалаларга оид қатор илмий асарлар тасниф этади. У «Тарихи Тошканд» («Тошкент тарихи»), «Тарихи оли Чингиз» («Чингиз авлоди тарихи»), «Рисола фи фанн ат-тафсир ва-л-усул ва-л-фуруъ ва-л-мантиқ ва-л-калом («Тавсир, фиқҳ асослари ва тармоқлари, мантиқ ва калом илми ҳақида рисола») Абдураҳмон Жомийнинг «Шарҳи Мулла» номи билан шуҳрат топган «Фавоиди зиёийя» номли араб тили грамматикасига оид шарҳига ҳошия», «Шарҳ аш-шарҳ одоб ал-мунозара» («Мунозара қоидаси» шарҳининг шарҳи»), Мавлоно Асомиддиннинг грамматикага оид «Мезон ул-адаб» («Билим мезони») асарига «Ужолат ул-баён фи шарҳ ал-мезон» («Мезон шарҳининг тезкор баёни») номли шарҳ каби қатор асарларнинг муаллифидир. Шунингдек, Ҳофиз Кўҳакий ёки Ҳофиз Тошкандий Муҳаммад ибн Адноннинг икки томлик «Тарихи Туркистон» номли асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган ва унга баъзи маълумотларни қўшиб бошқа ном билан атаган. Ҳофиз Кўҳакий ўз замонасининг ажойиб олими бўлганлигини «Самароти машойих»да келтирилган бир маълумотдан ҳам билса бўлади. Асар муаллифи ёзишича, ҳиротлик Муҳаммад Тоҳир деган олим илм талаби билан Бухорога келади. Ўз илмини янада такомиллаштириш учун бу ерда олим ва фозил кишилар кўп деб эшитиб, 971/1563-1564 йиллар атрофида Тошкентга келади. У Тошкентда Ҳофиз Кўҳакий билан танишади ва унга шогирд бўлиб, тахсил олади.

Тошкентда Ҳофиз Кўҳакий устозлигида бир неча йил тахсил кўргандан кейин ўз замонасининг яхши олими бўлиб етишади ва бу «Маъдани илм ва ҳикмат» («Илм ва ҳикмат кони—булоғи») бўлган Ҳофиз Кўҳакий билан хайрлашиб Бухорога қайтиб кетади. Юқорида биз тошкентлик Расуловдан сотиб олган қўлёзманинг аввалги саҳифасига Ҳофиз Кўҳакий томонидан ёзиб қўйилган сўзларни келтирдик. У қўлёзма 1577 йили кўчирилган. Демак, Ҳофиз Кўҳакий бу даврда ҳали ҳаёт бўлган. Бадавоний ўз асарида кўрсатишича, Ҳофиз Кўҳакий Тошкентда 992/1584 йили вафот этган ва баъзи маълумотларга қараганда, Қаффоли Шоший жаворида унинг мақбарасига кираверишда ўнг тарафга дафн этилган.

Ҳозир Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Ҳофиз Кўҳакий яшаган маҳалла «Ҳофиз Кўйки» деб аталади.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Шоший Имом ал-Кабир Фахр ул-Ислом Мустазҳирий

Post Views: 850 Имом, аллома, шофиъия шайхи1, ўз асрининг фақиҳи Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *