Юкагирлар: Бир авлод умрида йўқликка юз тутган халқ

• 169

Шарқий Сибирнинг XVII-XVIII асрлардаги этнографик манзараси минтақадаги туб аҳоли таркибининг сезиларли ўзгариши билан характерланади. Бу даврда кўп сонли этник гуруҳлар ареалининг қисқариши ва айрим жамоаларнинг бошқа халқлар таркибига сингиб кетиши кузатилган. Ушбу жараённинг энг намоён мисоли юкагирлар ва уларнинг энг йирик тармоғи бўлган омоклар тақдиридир.

Этник ҳудуд ва аҳоли сони (XVII аср боши)

XVII асрнинг биринчи ярмида рус экспедиция отрядлари (И. Ребров, М. Стадухин, С. Дежнёв) минтақага кириб келган даврда юкагирларнинг жойлашув ҳудуди ниҳоятда улкан бўлган. Улар Лена дарёсининг қуйи оқимидан Анадиргача бўлган ҳудудларда истиқомат қилишган.

Тадқиқотчи В. Иохельсоннинг маълумотларига кўра, ўша даврда юкагирларнинг умумий сони тахминан 4500-5000 кишини ташкил этган. Колима дарёси ҳавзасида яшаган омоклар минтақадаги энг йирик этник жамоа бўлиб, давлат хазинасига тўланадиган ясоқ¹ миқдори бўйича етакчилик қилган.

Демографик ўзгаришларнинг объектив омиллари

XVIII аср якунига келиб, юкагирларнинг аксарият қабилавий гуруҳлари (омоклар, анауллар, ходинлар) мустақил этник бирлик сифатида мавжуд бўлмай қолди. Тарих фани бу жараённи бир нечта ўзаро боғлиқ омиллар билан асослайди:

  1. Эпидемиологик омил: Илгари маҳаллий аҳолига номаълум бўлган инфекцияларнинг (чечак, қизамиқ) тарқалиши. 1691-1693 йиллардаги чечак эпидемияси натижасида айрим ҳудудларда аҳоли сони 50 фоиздан 80 фоизгача камайган.
  2. Ҳудудий зиддиятлар: Шарқий ҳудудларда юкагирлар ва экспансия ҳаракатини олиб бораётган чукчалар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар.
  3. Ижтимоий-иқтисодий тизим: Ясоқ солиғининг жорий этилиши, анъанавий хўжалик юритиш майдонларининг чекланиши ва омонат² институтининг ижтимоий тузилмага таъсири.
  4. Ассимиляция жараёнлари: Омон қолган гуруҳларнинг сон жиҳатдан устун бўлган қўшни халқлар – ёқутлар, эвенлар ва эвенклар муҳитига сингиб кетиши, натижада тил ва маданий ўзликнинг трансформацияси.

Этноснинг интеграциялашуви

Омокларнинг этник тақдири диққатга сазовор. 1650-йилларда Колима ҳавзасида доминант бўлган бу халқ, 1720-йилларга келиб мустақил гуруҳ сифатида тарихий ҳужжатлардан ғойиб бўлди. Бу жараён илмий адабиётларда “бир авлод ичида содир бўлган этник ассимиляция” сифатида баҳоланади. XIX асрга келиб “омок” атамаси фақат фольклор ва айрим жой номларида (топонимларда) сақланиб қолган.

Ҳозирги ҳолат ва лингвистик мақом

Бугунги кунда юкагирлар икки асосий этник гуруҳга – тундра (вадуллар) ва тайга (одуллар) жамоаларига бўлинади. Уларнинг умумий сони тахминан 1600 киши атрофида. Юкагир тили лингвистикада изоляцияланган тил сифатида таснифланади ва унинг бошқа тил оилалари билан генетик алоқаси ҳали илмий жиҳатдан тўлиқ тасдиқланмаган.

Хулоса қилиб айтганда, юкагирлар тарихи – анъанавий жамиятнинг глобал сиёсий ва биологик жараёнлар (“Колумб алмашинуви³”) таъсирида қанчалик тез ўзгариши мумкинлигини кўрсатувчи муҳим илмий мисолдир.

Сергей Ткаченко мақоласи асосида тайёрланди

 

Изоҳлар:

  • ¹ Ясоқ – давлат хазинасига тўланадиган ўлпон (асосан мўйна билан).
  • ² Омонат – маҳаллий аҳолининг итоаткорлигини таъминлаш мақсадида қўлланилган гаровга олиш тизими.
  • ³ Колумб алмашинуви (Columbian Exchange) – цивилизациялар тўқнашуви натижасида келиб чиққан биологик ва маданий алмашинувнинг демографик оқибатларини ифодаловчи термин.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *