Бош саҳифа » Тошкент тарихи » «Янги Тошкент». Маданий ҳаёт. Халқ маорифи (2-қисм)

«Янги Тошкент». Маданий ҳаёт. Халқ маорифи (2-қисм)

Тошкент “янги” қисмида касб йўналишидаги алохида ўқув юртлари пайдо бўлди. 1871 йилдаёқ биринчи рус мактаби халқ касб-ҳунар билим юртига айлантирилган. 80-йилларда касб-ҳунарли кадрларга эҳтиёж ошиши билан билим юртлари қошидаги касб-ҳунар синфларига эҳтиёж янада ортди. 1886 йилда махсус ҳайъат тузилиб, унга касб-ҳунар таълимини янада кенгроқ ривожлантиришга йўналтирилган махсус қоидани ишлаб чиқиш топширилди. Бироқ маблағ йўқлигидан мустамлакачи ҳокимият ҳайъатнинг кўп моддий ҳаражатлар талаб қилади деган таклифларни рад этди. Шу боис генерал-губернатор болаларга торроқ доирада касб-ҳунар ўргатишни тавсия этди. У тажриба сифатида билим юрти қошида ўқишни битиришга кўзи етмаган, аммо ҳунарга қобилияти бор ўқувчилардан ҳунар синфлари ташкил этишга рухсат берди. Бундай ўқувчилар учун мутахассисликни эгаллашга муайян муддатлар белгиланди: дурадгорликка – 3 йилдан 5 йилгача, муқавосозлик – 1,5 йилдан 2 йилгача. Бунда ўқувчилар устахонада ҳар куни камида етти соатдан шуғулланишлари керак бўларди. Ҳунар синфи ўқувчилари учун ўқув фанларига кунига 1 соат ёки ҳафтасига 6 соатгина ажратиларди. Жумладан, бир соат динга, бир соат – рус тилига, бир соат – арифметикага ва бошланғич геометрияга, уч соат – расм ва чизмачиликка. 1887 йилда ҳунар синфида шаҳар билим юрти қошида 53 одам шуғулланган. Булар асосан давомати паст болалар бўлган. Хунар синфи ўқувчиларининг ёши 7дан 19 ёшгача бўлган.

1973-83 йилларда шаҳарда Туркистон ипакчилик мактаби ишлаган ва унинг қошида лаборатория бўлган. Бу мактабга энтомолог олим В.Ф. Ошанин раҳбарлик қилган. Ўқишнинг 10 йиллик фаолиятида ипак йигирувнинг 2 итальянча усули амалда татбиқ этишга муваффақ бўлди. Битирувчилар ичидан 4 таси ўзбек эди. Улар европача дастгоҳларда ипакни калавалашни ўрганишган. 1882 йилда Туркистон генерал-губернатори томонидан кутилган натижа бермаганлиги туфайли бу мактабни ёпишга буйруқ берилди. 1813 йил 1 январда у ёпилди ва унинг ўрнига биринчи Гренаж станцияси ташкил этилди.

Техника билим юрти очилиши тўғрисидаги масала 80-йиллардаёқ кўтарилганди, аммо 1896 йилдагина тасдиқланди. Бу билим юртида саноат корхоналари учун чилангарлик, токарлик, темирчилик, дурадгорлик мутахассислари тайёрланарди. 1887 йилдан ирригация бўйича мутахассислар тайёрлаш бўйича курслар ишлай бошлади.

ХХ аср бошида Туркистон ўлкасида, жумладан Тошкентда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида жиддий силжишлар содир бўлди. Кейинчалик пахтачилик, ички ва ташқи савдо ривожланди, давлат ва хусусий тижорат банклари тармоғи кенгайди. Саноат корхоналари сони ортди. Савдо-саноат компаниялари фаолияти кенг қулоч ёйди. Тошкентнинг “янги” қисми Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг энг йирик саноат ва маданий марказларидан бирига айланди. Шу муносабат билан шаҳарда ўқув юртлари тармоғи ва тури узлуксиз кенгайиб борди. Айниқса, хусусий шахсларга қарашли бошланғич мактаблар сони сезиларли ортди.

Маълумотларга кўра шаҳарда 11 та хусусий мактаб бор эди. Улардан энг йириклари икки ва уч синфли Тургенев ва Пушкин билим юртлари ҳисобланарди. Ўқувчилар сони 1906 йилдаги 740 дан 1911 йилда 1 724 тагача ўсди, яъни кўрсатилган вақтда у икки баравар ортган. Мактаблар ўрта ўқув юртига кириш учун ҳар икки жинсдан ўқувчилар тайёрлаган. Аммо бошланғич мактабларнинг мавжуд салмоғи аҳоли талабини қондиролмади. Шу боис 1908 йил декабрида шаҳар думаси кўрсатмаси бўйича шаҳар “янги” қисмининг бошланғич таълим билан таъминланиши ҳақидаги масалани ойдинлаштириш мақсадида мактаб ёшидаги барча болалар бир кунлик рўйхатдан ўтказилди. Бу текширув ҳаражатлари халқ таълими соҳасидаги чоризм сиёсатининг моҳиятини ёрқин намоён этди. Масалан, 8 дан 11 ёшгача бўлган болаларнинг умумий сони 3 605 нафарни ташкил этган, шулардан 527 нафари (30,6 %) ўғил, 575 (32,6 %) қиз бола, саводли ва чаласоводлари – 711 нафар (яъни 19,7 %), шулардан 344 (20,7 %) мактабда ўқийдиганлари – 1792, яъни 49,7 % (ўғил болалар – 968 ёки 52,4 % ва қиз болалар – 824 ёки 46,7 %). Шундай қилиб, бадавлат хонадонларнинг деярли барча болалари мактабда ўқиган. Камхарж ота-оналарнинг болалари аҳволи бундан ҳам ёмон бўлган, улар 1 828 нафар бўлиб, шулардан 43 % и саводсиз бўлган. Бадавлат хонадон болалари ичида саводсизлари 17,37 % ни ташкил этган. Рўйхатдан ўтиш вақтида 1 300 – 1 350 бола мактабдан ташқарида бўлган.

1906 йилда шаҳар “янги” қисми аҳолисининг 10,4 % ини ўқувчилар ташкил этган. Мавжуд ҳолатни яхшилаш учун дума 1910-1911 йилларда ўқувчилар учун икки хусусий уйни сотиб олди ва уни таъмирлаб Кольцовская ва Жуковская мактабларини очди. Пушкин, Тургенев, Гоголь мактаблари, шунингдек 3 ва 4 синфли аёллар билим юртлари ҳам қайта таъмирланди. Бу ишларни бажариш учун дума 203 164 рубл сарфлади, шундан 42 540 рубл Халқ маорифи вазирлиги томонидан ассигнация қилинган эди.

Шундай қилиб, халқ таълимининг ривожлантирилишига асосий маблағлар дума бюджетидан ажратилган. Агар 1909 йилда бу мақсадларга 68 566 рубл, 1913 йилда 120 776 рубл ажратилган.

Дума қарамоғида: Тошкент 4 синфли билим юрти (352 ўқувчи), Жуковский шаҳар эркаклар билим юрти (90), Гоголь шаҳар эркаклар билим юрти (124), биринчи 2 синфли шаҳар билим юрти (130), 2 синфли рус-тузем билим юрти (145), иккинчи 2 синфли шаҳар билим юрти (153), Пушкин аёллар билим юрти (186), 2-Тошкент аёллар билим юрти (154) ва 3-Тошкент аёллар билим юртлари (140) бор эди.

Бу вақтда рус-тузем ва рус-яҳудий мактаблари фаолият кўрсатган, уларда 1910 йил маълумотига кўра 131 та ўқувчи ўқирди. Дума яна татар мактаби харажатларини ҳам молиялаштирди. 1902 йилдан бир немис мактаби фаолият кўрсата бошлади.

1912 йилда дума умумий ўқишни таъминлашга қаратилган мактаб тармоғини тасдиқлади. Бу соҳадаги биринчи тадбирлар аслида 1910 йилдан ўтказила бошланганди. Ўрта Осиёда биринчи марта барча учун ўқиш кераклиги тамойилини илгари сурган шаҳар думаси сўнгги 8 йил ичида мактаблардаги ўқувчилар сонини 365 нафарга кўпайди. Маълум даражада камбағал оилалардан чиққан болалар миқдори ўсди. Аввалига уларга шаҳар арбоблари маълум доирасидан тушган хусусий йиғимлар ҳисобига ёрдам кўрсатиб турилди. 1912 йилдан улар ўқувчиларга ёрдам жамиятини туздилар. Бу жамият Тошкент ўқув юртларига мухтожлар ўқиши учун тўлов тўлаб, уларга китоблар ва бошқа ўқув қуроллари бериб, кийим-кечак, озиқ-овқат ва турар жой билан таъминларди.

1913 йилгача жамият хайр-эҳсонлар эвазига энг камбағал болаларни пойафзал, этик, пальто, кўйлак билан таъминлади. 1913 йилда жамият йиғимлари 6 079 рублгача етди. Бундан ташқари шаҳар думаси бу мақсадларга жамиятга 3 000 рубл ажратди. 1912 йилдан жамият мактабларда иссиқ овқат ташкил этди. Бундан ташқари болалар ўйинлари учун майдончалар ясалганди. Чимёнда 3-синф болалари учун ёзги колония ишларди. Гарчи ижобий бўлса-да, бу барча тадбирлар ғоят чекланган ҳолатда эди. Камбағаллар болаларининг жуда кўпчилиги таълим олишдан бебаҳра эди.

Шаҳар мактаб тармоғининг бутун ўлка маданиятидаги жонланиши ва кенг ривож топишида Н.Г. Маллицкийнинг хиссаси катта бўлган. У: “Шаҳар ҳаётига мактабнинг таъсири ғоят катта, меҳнаткаш халқ ҳар томондан Тошкентга интилмоқда, бу ерда уларнинг болалари осон таълим олар эдилар. Зарурий билимлардан ташқари мактаб болаларга кийим-кечакдан тортиб ҳамма нарсада дид ва маданиятни ўстиришдек олий ғояларни ўргатади” ёзганди.

Дарҳақиқат, Тошкент “янги” қисми мактаб тармоғи барча соҳаларда Туркистон ўлкасининг бошқа жойларидаги ўқув юртларига нисбатан намунали эди. Лекин яратилган барча шароитлар ва ўқув билим юртлари мустамлакачиларнинг манфаатлари учун барпо этилган эди. Бу ҳолатни ўқув юртларида таълим олаётгшан ўқувчиларнинг ижтимолий таркибидан яққол кўриниб турибди.

Савдо ривожланиши муносабати билан бу соҳадаги юксак малакали мутахассисларга талаб тобора ортиб борган. 1913 йилда дума Савдо ва саноат вазирлиги қошида шаҳар савдо мактабини очади. Мактабда ўқиш муддати уч йил эди. Ўқиш дастурига қуйидаги фанлар кирар эди: дин ақидалари, рус тили, ҳисоб, тижорат, тижорат ҳисоби, геометрия асослари, ватан тарихи (Россия), жўғрофия, мўғул ва хитой тили, расм ва гимнастика. Кўриниб турибдики, ушбу ўқув юрти ўқувчилари кенг маълумот олишлари керак бўлган. Мактабга ҳар икки жинс, барча табақа, миллат ва диндаги болалар қабул қилинган. Тайёрлов синфига 10 дан 13 ёшгача бўлган болалар қабул қилинган. Бу мактаб нафақат ўлкада, балки Мўғулистон ва Хитой билан савдо муносабатларини ривожлантиришга имконият яратиб бериши керак эди.

ХХ аср бошида қишлоқ хўжалиги гидротехника мактаби (1902 й.), Темир йўл техника билим юрти (1904 й.), тижорат билим юрти (1907 й.), Тошкент темир йўл билим юрти (1903 й.), Ўрта Осиё темир йўл билим юрти (1903 й.) каби бир қанча билим юртлари пайдо бўлди. Шу билан бир вақтда олдин ташкил этилган ҳунар билим юрти ҳам ишлаб турарди. Энг йириги тижорат билим юрти бўлиб, унда 1911 йилда 383 ўқувчи ўқирди. 1912 йилда савдо ва саноат вазирилиги билим юрти ўқиш дастурига маҳаллий тилларни ўрганишни ҳам киритди ва бунга 9 450 рубл ажратди.

1909 йилда тижорат билим юртларини ривожлантириш мақсадида “Тижорат билимлари фидойиларининг Тошкент жамияти” тузилган бўлиб, унда маърузалар, ўқишлар, тижорат масалалари бўйича курслар ташкил қилинарди.

А.М. Малиновская-Симонова раҳбарлик қилган хусусий аёллар касб-ҳунар техникаси мактабида аёлларга тикиш-бичиш, каштачилик, қалпоқдўзлик, гуллар ясаш ишлари ўргатиларди. Мактаб қошида ҳисоб бўлими ва тиббий бўлим бор эди. Билим юрти шунчалик самарали ишладики, кичик гимназия хуқуқини ҳам олди. Шаҳарда янги безак ва умумий ранг тасвир бўйича ва мусиқа мактаблари ҳам ишлаб турган.

Шундай қилиб, шаҳар “янги” қисмида 1911 йилдан бошлаб халқ таълими тармоғи айниқса кучайди. Шу муносабат билан Сирдарё вилояти шархида таъкидланадики, 1911 йилда халқ таълими “ўқувчилар сони кўпайиши ҳисобига анча ривожланди”, барча ўқув юртларида, хусусан Тошкент шаҳрида жойлашган ўрта ўқув юртларида сезиларли эди. Масалан, агар 1910 йилда ўқувчилар сони 4 991 нафар бўлса, 1911 йилда 6 155 нафар, 1913 йилда эса 7 794 нафар бўлиб, бунга янги хусусий мактаблар ташкил этилиши ва мавжудларининг кенгайтирилиши туфайли эришилган.

Жаннат Исмоилова

ЎзР ФА Тарих институти
ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи
Тошкент – “Fan va texnologiya” — 2004

Ушбу қимматли манбанинг электрон вариантини тақдим этгани учун монография муаллифи Ж.Исмоиловага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ўхшаш мақола

Тошкент қозилари

Post Views: 880 Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *