Бош саҳифа » Тошкент тарихи » “Янги Санганак” хазинаси

“Янги Санганак” хазинаси

Тошкент вилояти Паркент тумани “Янги Санганак” қишлоқ фуқаролари йиғинида яшовчи Имомали Боймақов ўз ҳовлисида иссиқхона қуришга жой тайёрлаш учун қазиш ишларини олиб бораётганида ичига мис тангалар солинган сопол кўзага дуч келган ва 2021 йилнинг 11 март куни Темурийлар тарихи давлат музейига бориб, хазинани давлатга топшириш ниятида эканини билдириши биланоқ, ишчи гуруҳ тузилиб, топилма ерига етиб борилади.

Иссиқхона қуриш учун тайёрланган, томонлари 20х10 метр, чуқурлиги 1,8 метргача келадиган майдоннинг шимоли-ғарбий ёнидаги 50-60 сантиметр чуқурликдан мис танга солинган сопол кўза чиққани, идиш олинаётганда бўлакларга бўлиниб кетгани, майдоннинг бошқа жойларидаги тупроқлар орасидан сирли ва сирсиз сопол буюмларнинг синиқлари, икки дона занг босган темир ўроқнинг иш (ўриш) қисми топилгани, уларнинг топилишида Ш. Дўстов ва М. Убайдуллаев ҳам бўлгани маълум бўлди. Археолог олимлар томонидан олиб борилган бирламчи қидириш ишлари натижасида тупроқлар орасидан яна бир қанча сирли ва сирсиз сопол буюмларнинг парчалари йиғиб олинди.

Саноқдан ўтказилган тангаларнинг сони 1810 дона экани аниқ бўлди.

Ушбу ашёлар шу куннинг ўзидаёқ музейга келтирилди ва занг босиб, кўкимтир тусга кириб қолган, диаметри 34-36 мм. бўлган тангалардан бири тозалангандан сўнг унинг ҳар иккала томонига ҳам қавариқ шаклида араб ёзувида битилган матн ва безаклар туширилгани кўринди.

Танганинг олд томони: қавариқ шаклдаги икки қаторли тўртта тўртбурчакларнинг бир – бирига туташиши натижасида ҳосил бўлган квадратли безак ичига араб ҳарфларидаги ضرب سمرقند – Самарқандда зарб қилинган сўзлари туширилган.

Танганинг орқа томони: қавариқ ҳалқа ичидаги арабча ҳарфларнинг устидан қайта зарб берилган.

Тадқиқотларда худди шундай тангалар давлатимизни қисқа вақт (1495-1497 йилларда) бошқарган темурий Бойсунғир Мирзонинг (1477-1499) ҳукмронлик даврида Самарқандда зарб қилингани исботланган. Шеърлар ҳам ёзган Бойсунғир Мирзо Абу Саъид Мирзонинг набираси, Султон Маҳмуд Мирзонинг ўғли бўлган.

Манба

Ўхшаш мақола

Тошкент қозилари

Post Views: 732 Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар …

Битта мулоҳаза

  1. Дилмурод Нормуродов

    муаллифнинг розилигисиз маълумотларни сайтга жойлаш (“Янги Санганак” хазинасини назарда тутаяпман) қанчалик туғри. Агар тўғри деб билинса ҳам муаллифнинг исми ва ота-бобосининг исми келтирилса яхши бўларди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *