Бош саҳифа » Тошкент тарихи » XIX асрнинг иккинчи ярми — XX аср бошларида Тошкент матбуоти

XIX асрнинг иккинчи ярми — XX аср бошларида Тошкент матбуоти

Инсоният пайдо бўлганидан бошлабоқ ўзаро ахборот алмашув эҳтиёжи пайдо бўлган. Дастлаб, инсонлар ўртасидаги ахборот алмашув жараёни оғзаки нутқ орқали амалга оширилган бўлса, кейинчалик ёзув пайдо бўлиши билан ахборот тарқалиши жараёнида катта сакраш юз берган эди. Китоб босиб чиқариш билан эса ахборот алмашиш жараёни янада кучайган эди. Умуман, инсоният ривожланиши билан ахборот алмашинуви ҳам жадаллашиб боради. Бир томондан, инсоният тараққий этиши билан ахборот кўпайиб, янги техника кашфиётлари натижасида уни узатиш ва ёдда сақлашнинг мураккаб шакллари пайдо бўлади. Иккинчи томондан эса ахборот ҳажми ортиши билан янги коммуникация манбаларига эҳтиёж сезила бошлайди.

Жаҳонда газетанинг вужудга келиш жараёни ҳам инсониятнинг ахборот алмашувга бўлган заруриятидан келиб чиққан эди. Шунингдек, ҳукмрон кучлар газетадан жамиятга таъсир кўрсатиш, ўз ғояларини сингдириш йўлида ва жамият аъзоларининг қарашларини билиш учун фойдаланганлар.

Дастлабки босма газета Пекинда чиққан “King pao” газетаси эдиi. 911 йилда таъсис этилган ушбу газета 1361 йилдан ҳафтада бир марта чиққан бўлса, 1800 йилдан кундалик газетага айланган эди.ii 1450 йилда Германияда Иоаганн Гуттенберг томонидан босма пресси ихтиро қилиниши билан газета босиб чиқариш ишлари анча осонлашган.

Газета сўзи итальянча “gazzetta” сўзидан олинган бўлиб, чақа деган маънони билдиради, яъни XVI асрда янгиликлар варағини Венецияда бир чақага сотиб олишган.

Ҳозирги замонавий газеталарга яқин бўлган босма газеталар XVII асрда Европада босиб чиқарила бошлаган. XVIII асрнинг бошларида эса Россияда газета чоп этила бошлаган бир даврда Европа давлатлари матбуот соҳасида анча илгарилаган. Масалан, фақат Лондоннинг ўзида бир вақтда 10 тадан 20 тагача газета ва журналлар чиқиб турган. Туркистонда эса матбуот Европа ва Осиёдаги кўпчилик давлатларга қараганда анча кеч вужудга келган.

Туркистоннинг маданий марказларидан бири бўлган Тошкент шаҳрида ўлканинг тўнғич газетаси “Туркестанские ведомости” 1870 йил 28 апрелда чиқа бошлаган эди. Ушбу газета Россия губерния ведомостларига тенглаштирилган бўлиб, унга амалдорлар обуна бўлиши мажбурий эди.iii Туркистон генерал-губернаторлиги бу газета орқали ўз ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйган бўлса-да, амалда матбуот ўлкани ҳар томонлама ўрганиб ҳамда рус аҳолини Туркистон ҳаёти билан таништириш, уларга маданий, иқтисодий, ижтимоий хабарлар бериш борасида алоҳида аҳамият касб этган эди.

Туркистондаги биринчи ўзбек тилидаги газета “Туркистон вилоятининг газети” 1870-1883 йилгача “Туркестанские ведомости” газетасига “Илова” тарзида чиқарилар эди. Бу газета бир ойда 4 марта — 2 марта ўзбек тилида ва 2 марта қирғиз тилида чиқа бошлади. 1883 йил 30 январдан 500 нусхадаiv алоҳида газета сифатида чиқа бошлади. 1888 йилга келиб газета 600 нусхадагина босилиб, унинг асосий қисми мажбурий обуначиларга айлантирилган маҳаллий амалдорларга жўнатилган.v 1910 йилда газета 1850 нусхада чоп этилган.vi “Туркистон вилоятининг газети”нинг муҳаррири Н. Остроумов газетанинг ўқувчилари камлигини миллий тилдаги дастлабки газета бўлганлиги ва маҳаллий аҳоли учун пулга газета сотиб олиб ўқиш янгилик эканлиги билан изоҳлаган эди.vii Аслида эса Туркистон аҳолиси зиёлилари орасида Исмоил Гаспринский муҳаррирлигида чиққан “Таржимон” газетаси машҳурроқ бўлган ўша даврнинг ўзидаёқ “Туркистон вилоятининг газети” халқ орасида катта обрўга эга эмаслиги сабабларини очишга маълум маънода ҳаракат қилинган. Туркистон генерал-губернаторлиги маъмурияти Туркистоннинг уч вилояти ҳарбий губернаторларига бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазаларини юборишни сўраган эди. Ўз навбатида улар томонидан ушбу газета кам ўқилишининг бир неча сабаблари кўрсатилган. Энг асосийларидан бири газетада расмий буйруқ ва фармойишларнинг босилиши жуда кўп жой олганлиги, ундан ташқари газетанинг расмий бўлмаган бўлимида берилаётган маълумотлар қуруқ ҳамда ҳаётдан узилган ҳолда берилганлиги, шунингдек, арабча ва форсча сўзлар ҳамда атамалар ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши уни ўқишда қийинчилик туғдиришида, деб кўрсатилган эди.viii Мазкур газетанинг молиявий аҳволи анча оғир бўлиб, айниқса 1912 йилнинг охири — 1913 йилларда маблағ етишмаслигидан газетанинг ёпилиш хавфи ҳам бор эди. Фақат Тошкентда маҳаллий тилда хусусий газеталар чиқаришга ҳаракат қилинаётганлиги, бу эса ҳукуматга қарши кайфиятлар тарқалишига олиб келишини ҳисобга олган Туркистон генерал-губернаторлиги “Туркистон вилоятининг газети”ни молиявий томондан қўллаб туришга уринган эди. Ҳатто, 1913 йилнинг 5 январида Туркистон генерал-губернатори ҳарбий вазирга хат ёзиб, ушбу газетани босиб чиқаришга маблағ сўраган,ix сўралган маблағнинг ярмини бериш тўғрисида 1915 йилнинг ноябрида ҳарбий вазир буйруқ берган эди.x Лекин “Туркистон вилоятининг газети” Россиянинг бошқа жойларида, яъни Гелсингфрос, Қозон, Қашғар, Боқчасарой, Москва, Омск, Петербург шаҳарларида ҳам оз бўлсада ўқувчиларига эга эди.xi Ушбу газета саҳифаларида, Туркистонда бошқа миллий газета йўқлиги туфайли Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мирмуҳсин Шермуҳамедов ва шу каби тараққийпарварлар маданий-маърифий мавзудаги мақолалари билан қатнашиб, маҳаллий аҳолининг дунёвий илмларга, фан ва техника, бошқа халқларнинг илғор маданий ва адабий меросига қизиқишини кучайтирганлар.

Туркистон матбуоти тарихида бу икки газета узоқ муддат давомида узлуксиз чиқиб туришининг асосий сабаби Туркистон генерал-губернаторлигининг расмий матбуот нашри бўлгани ва ҳукумат маблағи ҳисобига чиқарилгани эди. Дастлабки матбуот нашрлари сифатида бу газеталар Туркистонда даврий матбуотнинг шаклланиши ва ривожланиши учун шароит ҳозирлаган эди.

XIX асрнинг 90-йилларига келиб Туркистонда матбуот соҳасида бурилиш юз берди. Бу даврда ўлкада рус тилидаги дастлабки хусусий газеталар пайдо бўла бошлади. Дастлаб Самарқандда, кейин Тошкентда 1890-1907 йилларда чоп этилган “Окраина” ва 1898-1907 йилларда Тошкентда чоп этилган “Русский Туркестан” газеталари шулар жумласидандир. Мазкур газета фаолиятида Н. Ликошин, Н. Хаников ва А. Диваевлар фаол иштирок этишган. Бу газеталар универсал бўлиб, унинг саҳифаларида ўлканинг тарихи, географияси, иқтисодий ҳаёти ва маданий-маърифий масалалари мунтазам ёритиб борилган.xii 1904 йилда “Ташкентский листок” газетаси чоп этила бошлаган эди, унда телеграммалар, эълонлар ва маҳаллий хроникалар ҳам бериб борилган. Ушбу газета 1906 йилдан “Ташкентский курьер”, 1908 йилдан эса “Туркестанский курьер” номи остида чиққан.xiii

ХХ аср бошида Туркистондаги рус сиёсий матбуоти қаторидан социал-демократик нашрлар ҳам жой ола бошлаган эди. 1905-1907 йилларда Туркистон социал-демократларининг большевиклар оқимига мансуб намояндалари баъзи газеталарни, хусусан “Русский Туркестан” газетасини эгаллаб, ундан ўз ғояларини тарқатишда фойдаланган эдилар. Биринчи рус инқилоби мағлубиятга учраганидан сўнг 1917 йил февралигача Туркистонда битта сони чиққан “Ташкентский рабочий” газетасидан ташқари биронта ҳам большевистик йўналишдаги газета нашр этилмаган.

ХХ аср бошларида Тошкентда миллий тараққийпарвар кучлар бир қанча газеталар чиқаришга муваффақ бўлганлиги ўлка ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа бўлган. 1905-1907 йиллардаги инқилобдан ваҳимага тушган ҳукумат матбуот соҳасида ҳам ён беришга мажбур бўлган. Газетанинг халқ ижтимоий-сиёсий онгини оширишдаги ролини тушунган жадид тараққийпарварлари миллий газеталар чиқаришга муваффақ бўлишган. Бундай газеталарнинг кўпчилиги аввало Тошкент шаҳрида чоп этилган.

Миллий тараққийпарвар кучлар чиқарган газеталар “Тараққий” (1906 й.), “Хуршид” (1906 й.), “Шуҳрат” (1907 й.), “Осиё” (1908 й.) ҳукумат томонидан қаттиқ таъқиб остига олиниб, газетанинг ҳар бир сонларидаги мақолалар таржима қилиниб кузатиб борилган.xiv Ҳукумат газетаси бўлган “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида ушбу газеталар қаттиқ танқид остига олинган.xv Бу миллий газеталар жуда қисқа вақт нашр қилинган ва ҳукуматга қарши йўналишлари учун тўхтатиб қўйилган.xvi Жадид тараққийпарварлари ташкил этган миллий газеталарда миллатни жаҳолатдан қутқариш ва унинг тараққий топишига эришиш масалалари диққат марказида бўлган. Улар миллий онгни ўстиришга ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Қаттиқ сиқувга олинган миллий тараққийпарвар кучлар узоқ вақт матбуотга эга бўлиш имкониятидан маҳрум бўлган эдилар. Бу ҳақда миллий тараққийпарварлардан бири Рауф Музаффарзода шундай деб ёзган: “Бизда “Тараққий”дан сўнг кўпгина газеталар чиқиб, оз фурсатда яна ёпилиб қолди. Агар ўша пайтда чиқиб, сўнг ёпилган жаридаларни йиғсак, жуда катта жарида мозори ҳосил бўлади”.xvii Лекин жадидлар мунтазам равишда бу йўлда ҳаракат қилган эдилар. Натижада ХХ асрнинг 10-йилларида Туркистоннинг қатор шаҳарларида, жумладан Тошкент шаҳрида ҳам миллий матбуотни йўлга қўйишга муваффақ бўлинган. 1914-1915 йилларда Убайдулла Хўжа Асадуллахўжаев муҳаррирлигида “Садои Туркистон” газетаси чоп этилди. Унинг устидан ҳам ҳукумат томонидан қаттиқ назорат ўрнатилган.xviii Газетанинг асосий мақсади Туркистонни маърифат, тараққиёт йўлига бошлаш эди.

Бу вазифани амалга оширишда Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Тавалло, Саидносир Миржалилов, Ҳамза Ҳакимзода, Холид Саид, Абдулҳамид Сулаймон, Мўминжон Муҳаммаджонов, Абдулла Эрғозиев, Нуширавон Ёвушев, Сиддиқий, Лутфулла Олимий, Мулла Саид Аҳмад Васлий, Фузайил Жонбоев, Муҳаммаджон (мударрис), Бадриддин Аълами, Ҳожи Муин, Ш. Раҳимий каби миллат фидоийлари муҳаррирга яқиндан ёрдам бердилар. Лекин газета иқтисодий томондан оғир аҳволга тушиб қолди. Кундалик нашр сифатида пайдо бўлган «Садои Туркистон» ҳафтада бир марта чиқа бошлади ва умуман ёпилиш хавфи пайдо бўлди. Шунда газета миллатпарвар бойларга мурожаат қилиб, биргина татар халқи 30 та жарида нашр этаётган вақтда 10 миллион туркистонликлар учтагина жаридани чиқаришни давом эттира олмаслиги тараққиётдан орқада қолишнинг асосий сабабларидан бири эканлигини таъкидлаб, “бойлар пул билан, муҳаррирлар қалам билан, аҳоли ўқиши билан ёрдам этсалар,”деб халққа мурожаат этганxix. Туркистон тараққийпарварларидан Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ушбу газетани чиқаришни давом эттириш учун миллат жонкуярлари моддий ва маънавий томондан ёрдам беришларини, чунки дунёда 10 миллион аҳолига эга бўлган давлатлар минглаб матбуот нашрларига эга эканлигини таъкидлаб, миллий тараққийпарвар кучларни муштарий йиғишга ёрдам беришга чорлаган эдиxx. Аммо миллий тараққийпарварларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, 1915 йил 10 апрелда маблағ етишмаганидан “Садои Туркистон” газетасининг 66-сони чиқарилиб, тўхтатиб қўйилди. Архив маълумотларига кўра, кейинчалик Убайдулла Хўжаев газетани яна чиқаришга урунган, лекин ҳукуматдан расмий рухсат ололмаган ҳамда 1917 йилнинг бошида Петроградга давлат думасининг мусулмонлар фракциясига арз қилиш ниятида бўлганxxi.

Шундай қилиб, замонавий газеталарга яқин бўлган босма газеталар XVII асрда Европа давлатларида, XVIII аср бошларида Россияда вужудга келган бўлса, Туркистонда эса XIX асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган. Туркистондаги биринчи газета ҳукумат расмий матбуот органи бўлган “Туркестанские ведомости” газетаси эди. Бу газетадан кейин пайдо бўлган ўзбек тилидаги дастлабки газета “Туркистон вилоятининг газети” бўлиб, бу икки газета ҳукуматнинг ғояларини тарқатишга хизмат қилиб, ўз саҳифаларида ижтимоий-сиёсий ҳаётга оид муаммоларни, миллий озодлик ҳаракатлари билан боғлиқ масалаларни ёритишдан чекинар, баъзи сиёсий воқеаларни ёритганда эса давлат манфаатидан келиб чиқар эди. Шунга қарамай, ушбу газеталар саҳифаларида ўлка иқтисодий-ижтимоий ҳаётининг турли жабҳаларидаги масалалар ёритиб борилган эди. Хусусий газеталарнинг пайдо бўлиши эса Туркистон ижтимоий-маданий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Бу газетлар ўз саҳифаларида маданий ва маърифий масалалар билан бир қаторда ижтимоий-сиёсий муаммоларни кўтариб чиқишга ҳам урунган. XX аср бошида вужудга келган жадидлар матбуоти эса халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини ошришга ҳаракат қилган. Уларнинг аксарияти қаттиқ таъқиб остига олиниб, ҳукуматга қарши ғояларни тарқатгани учун ёпиб ташланган эди. Шунингдек, миллий матбуот органлари маблағ етишмаслиги ва муштарийлар озлигидан ҳам маълум қийинчиликларга дуч келган. Миллий зиёлилар матбуотнинг ижтимоий ҳаётда тутган ўрнини яхши англаган ҳолда, халқни моддий ва маънавий жиҳатдан ривожлантиришда миллий матбуотнинг ўрнини алоҳида таъкидлаганлар. Жадид газеталаридан бири “Она тилисиз ва миллий матбуотсиз дунёда ҳеч бир миллат тараққий ва маданият йўлига қадам қўймайди”xxii деб халқни газета ўқишга даъват этган.

С. Шодмонова

Положение периодической печати Ташкента в конце XIX — начале ХХ века

В статье освещаются вопросы становления периодической печати в Ташкенте как культурном центре. Большое внимание уделяется частным газетам, направленность которых была антиправительственной, особенно газетам, которые издавались национальными прогрессистами, чьей главной идеей было пробуждение национального самосознания. Использована обширная источниковедческая база, а также материалы периодической печати.

S. Shodmonova

The Status of Periodical Press in Tashkent at the End of the 19th – Beginning of the 20th Centuries

In this article are considered the issues related to the appearance of periodical press in Tashkent as cultural center of Turkestan. In the appearance of newspapers were interested the Government which started to publish the newspapers for propagation of its ideas. As a practical matter on pages of newspapers started to appear the articles, which today presented big interest to the researchers. In an article are paid attention to the publication of private newspapers directions of which were anti-government. The author especially emphasized the appearance of newspapers, which were published by national progressist’s, whose main idea was the awakening of national identity. The source base of an article is sufficient wide and in particular, there were used dates of Central State Archive of the Republic of Uzbekistan and materials of periodical press.

Ҳаволалар:

i Жаҳонда қўлёзма ҳолатида чиқарилган газеталар тарихи қадимги даврларга бориб тақалади. Мақолада эса босма қилиб чиқарилган газеталар назарда тутилмоқда

ii Yash Turkistan. 1932. №28. 29-бет

iii ЎзР МДА. 1-жамғарма, 17-рўйхат, 534-иш, 5-варақ

iv Остроумов Н.П. Сарты. Ташкент, 1890. С. 127

v ЎзР МДА. 1-жамғарма, 28-рўйхат, 60-иш, 82-варақ

vi Добросмыслов А.И. Ташкент в прошлом и настоящем. Исторический очерк. Ташкент, 1912. С.291

vii ЎзР МДА. 1-жамғарма, 28-рўйхат, 35-иш, 39-45 — варақлар

viii ЎзР МДА. 1-жамғарма, 17-рўйхат, 734-иш, 71-71- варақ орқаси

ix ЎзР МДА .1-жамғарма, 17-рўйхат, 734-иш, 117- варақ

x ЎзР МДА. 1-жамғарма, 17-рўйхат, 734-иш ,128-128- варақ орқаси, 145-варақ

xi Остроумов Н.П. Сарты… 133-бет

xii Окраина. 1893. № 129

xiii Добросмыслов А.И.Ташкент в прошлом и настоящем. Исторический очерк. С. 293

xiv ЎзР МДА. 1-жамғарма, 28-рўйхат, 779-иш, 10-20 — варақлар

xv Туркистон вилоятининг газети. 1906. 25, 29, 30, 33, 35-37, 44, 51-сонлар

xvi ЎзР МДА. 461-жамғарма, 1-рўйхат, 942-иш 7-варақ; 1-жамғарма, 4-рўйхат, 1216-иш, 6-варақ; 2-2-варақ. орқаси; 461-жамғарма, 1-рўйхат, 57-иш, 602-605-варақ; 1-жамғарма, 4-рўйхат, 1216-иш, 7-8-варақ орқаси

xvii Рауф Музаффарзода. Бизда зиёлилар ва миллий матбуот // Садои Туркистон. 1914. № 44

xviii ЎзР МДА. 461-жамғарма, 1-рўйхат, 1311-иш, 251-варақ. ЎзР МДА. 1-жамғарма, 31-рўйхат, 957-иш, 1-1-варақ орқаси, 5-6- варақ

xix Садои Туркистон. 1914. 51-сон

xx Беҳбудий М. Садои Туркистон, Садои Фарғона ёҳуд Туроннинг эгизак таъвом фарзандлари // Ойна 1914. 25-сон

xxi ЎзР МДА. 461-жамғарма, 1-рўйхат, 1919-иш, 76-варақ

xxii Рауф Музаффарзода. Бизда зиёлилар ва миллий матбуот // Садои Туркистон. 1914. 44-сон

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

Тошкент қозилари

Post Views: 880 Ўрта Осиёда ҳуқуқий масалалар кўп асрлар давомида ислом шариати аҳкомларига кўра қозилар …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *