Бош саҳифа » Тарих » Убайдулла Хўжаев, Ҳидоятбек Юрғули ва бошқалар (Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири, 3-қисм)
Туркистон мухторияти байроғи

Убайдулла Хўжаев, Ҳидоятбек Юрғули ва бошқалар (Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири, 3-қисм)

Убайдулла Хўжаев [Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев] таниқли давлат ва жамоат арбоби, Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси, ўзбек матбуотининг ташкилотчиларидан бири. Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида 1886 йили туғилган. Миллати – ўзбек. Саратовдаги ҳуқуқшунослик институтида ўқиган (1908 1912). Талабалик йилларидаёқ давр муаммоларини ечишни ўйлаб, машҳур рус ёзувчиси Лев Толстой билан ёзишмалар олиб борди (1909). Тошкент округ судида 1913 йилдан хусусий адвокат бўлиб ишлади. Жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, тез орада унинг раҳбарларидан бирига айланди. “Турон” жамиятининг асосчиларидан бири (1913). У Тошкентда 1914 йил апрелда “Садои Туркистон” газетасини чиқариб, унга муҳаррирлик қилди. Ўз атрофига ёшларни тўплаб, “Умид” яширин жамиятини тузди. Кейинчалик бу ташкилот “Тараққийпарвар” деб номланиб Туркистон жадидларининг асосий ташкилотларидан бирига айланди. “Садои Туркистон” газетаси 1915 йил апрелда Россия империясининг маҳаллий маъмурлари томонидан ёпилгач, у Андижонга келди ва рус тилида “Туркестанский голос” газетасини нашр қилдирди1.

Тошкентда тузилган “Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси”нинг раиси (1916). Мардикорчилик ҳақидаги император Николай II фармонини бекор қилдириш учун маҳаллий сармоядор Миркомилбой Мирмўминбоев билан бирга Петроградга борди.

Бутунтуркистон мусулмонлари I қурултойида ташкил қилинган Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси (Миллий Марказ) котиби ва аъзоси (1917 йил апрель). Бутунроссия мусулмонлар Шўроси Ижроия Комитети аъзоси (1917 йил май). Тошкентда 1917 йил март ойида тузилган “Шўрои Исломия” ташкилоти раиси. Мухториятчилик ҳаракати ташаббускорларидан бири. Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ҳарбий ишлар вазири (1917 йил ноябрь 1918 йил февраль).

Убайдулла Хўжаев 1918 йил февралда ҳукумат топшириғи билан Кавказга борди ва Туркистонга ғалла келтириш масаласини ҳал қилди2. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, мухторият ҳукумати тугатилгач, у Ашхобод Самарқанд йўлида большевиклар қўлига тушиб қолди3. Бироқ, тез орада Оренбургга боради ва 1918 йил ноябрда Бошқирдистон Мухторияти ҳукуматини тузишда фаол иштирок этади.

Убайдулла Хўжаев совет режими томонидан бир неча марта (1929, 1931, 1938) қамоққа олинган. У охирги марта 1938 йил 20 февралда Тошкентда ҳибсга олиниб, СССР НКВД махсус кенгашининг қарори билан 1939 йил 14 майда 8 йил муддатга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинган. У ўша куни Горьковек темир йўли Катлос станциясига жазони ўташ учун жўнатилган. У қамоқхонада 1942 йилда ҳалок бўлди. Ўлимидан кейин совет ҳокимияти томонидан оқланган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукрулло “Тирик руҳлар” (1999) романида Убайдулла Хўжаев фаолиятини ҳамда “Кафансиз кўмилганлар” (1990) хотира-қиссасида қатағон қилинган юртдошларимиз қисматини ёритган.

Ҳидоятбек Юрали Агаев [Ҳидоятбек Юрғули] давлат ва жамоат арбоби. Айрим манбаларда ёзилишича, унинг миллати ўзбек бўлган4. У ўлкада таниқли агроном сифатида машҳур эди. Туркистон Мухторияти ҳукуматида ер ва сув бойликлари вазири лавозимида фаолият кўрсатган.

Қўқон шаҳри 1918 йил февралда большевиклар томонидан ўққа тутилган пайтда Бош вазир Мустафо Чўқай ёнида Ҳидоятбек Юрали Агаев ҳам бўлган5. Бироқ Қўқонда большевикларнинг ҳарбий кучларига қарши бўлган жангларнинг бирида у ҳалок бўлади.

Обиджон Абдухолиқович Маҳмудов [Обид чатоқ] Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг вакили, давлат ва жамоат арбоби, йирик сармоядор ва ношир. У 1871 йил Марғилонда туғилган. Унинг отаси бухоролик бўлган. Миллати ўзбек. Обиджон Маҳмудов Қўқонга кўчиб келиб, мадраса таълимини олди. У Каспий денгизидаги Челекен ярим оролига бориб, нефть қазиб олиш билан шуғулланди ва бойиб кетди.

СанктПетербург университетининг тоғкон муҳандислиги факультетини тугатган. Қўқонга қайтгач, тоғкон саноати билан шуғулланиб, Фарғона водийсида кўплаб нефть конларини очишда иштирок этди. Шўрсувдаги олтингугурт конини сотиб олган. У Фарғона водийсидаги жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. Қўқонда 1914 йили босмахона ташкил қилган. “Садои Фарғона” (1914), “Тирик сўз” (1917) ва рус тилида чиққан “Ферганское эхо” (1914) газеталарининг муҳаррири ва ношири. У матбуотда долзарб масалалар билан чиқиб, Туркистон халқини маърифатли бўлишга чақирган, уни озодлик учун курашга даъват этган.

О. Маҳмудов 1917 йилда Қўқон шаҳар Думаси раиси ўринбосари қилиб сайланди. Мустафо Чўқай бошчилигидаги Миллий Марказ 1917 йил ноябрь ойи бошларида Тошкентдан Қўқонга кўчиб келгач, унинг ҳовлисида жойлашганлар. О. Маҳмудов Бутунтуркистон мусулмонлари фавқулодда IV қурултойи чақирилиши ҳамда Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилинишида катта роль ўйнади. У мухторият ҳукуматида озиқовқат вазири лавозимида фаолият кўрсатди. Ўз босмахонасини мухторият ҳукумати ихтиёрига топширди. Босмахонада Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ўзбекча ва русча газеталари чоп этилган. П. Алексеенковнинг ёзишича, кейинчалик у мухторият ҳукуматида юстиция вазири лавозимини эгаллади6.

Совет ҳокимияти томонидан 1918 йил февралда мухторият ҳукумати тугатилгач, Мустафо Чўқайнинг ёзишича, О. Маҳмудов Бухорода большевиклар қўлига тушиб қолади7. 1918 йил майда Туркистон Мухторияти ҳукумати аъзолари совет ҳокимияти томонидан авф қилингач, у Москвага бориб, РСФСР Миллатлар ишлари халқ комиссарлиги қошидаги Туркистон ваколатхонасида матбуот бўлими мудири ва бошқа лавозимларда ишлаган (1919 1921). Тошкентга қайтгандан сўнг, дастлаб Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитасида ишлаган (1921). Сўнгра Фарғона водийсига бориб, “Миллий иттиҳод” ташкилотининг бўлимини тузган ҳамда советларга қарши фаолият олиб борган. Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинган. Озодликка чиққач, орадан кўп ўтмай оғир хасталикдан сўнг Қўқонда 1936 йил 21 ноябрда 65 ёшида вафот этган8.

Абдураҳмонбек Ўразаев таниқли давлат ва жамоат арбоби. У 1888 йилда Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳрида амалдор оиласида туғилган. Миллати қозоқ. Скобелев гимназияси (1910) ва Москва университетининг юридик факультетини (1915) тугатган. Адвокат ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Фарғона сайлов округидан Бутунроссия Таъсис Мажлиси аъзоси (1917) қилиб сайланди. Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилингач, у ички ишлар вазирининг ўринбосари ҳамда Миллий Мажлис аъзоси бўлди. Сўнгра ички ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатди. Мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдарилгач, 1918 йил февраль ойи охирида А. Ўразаев большевиклар қўлига тушиб қолган. У кейинчалик Туркистон АССР ва Қозоғистон АССРдаги совет ҳокимияти идораларида турли лавозимларда ишлади, большевиклар партиясининг аъзоси бўлди.

Соломон Абрамович Герцфельд Туркистондаги йирик сармоядорлардан бири, адвокат ва журналист. Сионистлар комитетининг Ўрта Осиё райони раиси. 1881 йил 27 ноябрда Одессада туғилган. Миллати – бухоро яҳудийларидан. Берн университети (Швейцария) юридик факультетининг эркин тингловчиси (1902 йилдан). Россияга қайтгач, Одесса юнкерлик билим юртига имтиҳон топшириб, Самарқанддаги 6Туркистон батальонида ҳарбий хизматни бошлаган. 1904 1906 йилларда рус тилида “Самарканд” газетасини чиқарган. Одессадаги Новороссийск университети юридик факультети 2курс талабалигига қабул қилинган (1907). Одесса сионистлар комитетига 1908 йил сентябрда сайланган, “Одесское слово” газетасини чиқарган. 1913 йил майда университетни тугатиб, Самарқандга қайтган. Самарқанд шаҳар Думасида яҳудийлар комитети раиси. Самарқанд шаҳар Думаси аъзоси (1917).

Туркистон Мухторияти ҳукуматининг биринчи таркибида туб халқлардан бўлмаган ягона номзод сифатида кириб, молия вазири бўлган. Миллий Мажлис аъзоси (1917 йил ноябрь 1918 йил февраль). Кейинчалик молия вазири лавозимини Ислом Шоаҳмедовга топширган. Мухторият ҳукумати ағдарилганда қизил гвардиячилар томонидан Қўқонда 1918 йил 20 февралда қўлга олинган ва отиб ташланган. У Ўрта Осиё темир йўлининг Мельниково станцияси (ҳозирги Конибодом)да дафн этилган. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, Ҳарцфелд Самарқандда большевиклар қўлига тушиб қолган эди9. 1918 йил 16 апрелда эзгумация ўтказилиб, Яҳудийлар жамоаси томонидан унинг жасади Самарқанддаги яҳудийлар қабристонида дафн этилган10. Бу пайтда С.А. Герцфельд ҳали 37 ёшга ҳам тўлмаган эди.

Қаҳрамон РАЖАБОВ
т.ф.д., проф.,
Ўзбекистон ФА Тарих институти бўлим мудири

Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1  [Ражабов Қ.]. Асадуллахўжаев Убайдуллахўжа //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 1. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2000. Б. 443.

2  Унутилмас сиймолар. Жадидчилик ҳаракатининг намояндалари. Матнлар муаллифи: С. Аъзамхўжаев, Д. Алимова, Ш. Ризаев. Тошкент: “Академия”, 1999. Б. 22.

3  Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. Б. 49.

4  Туркестанская автономия // https://ru.wikipedia.org/wiki.

5  Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. Б. 49.

6  Алексеенков П. Кокандская автономия. С. 26.

7  Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. Б. 49.

8  Ражабов Қ. Маҳмудов Обиджон Абдухолиқович //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 5. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003. Б. 559 560.

9  Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. Б. 49.

10  Герцфельд, Соломон Абрамович //Материал из Википедии свободной энциклопедии…

Ўхшаш мақола

Туркистон мухторияти байроғи

Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири (1-қисм)

Post Views: 121 Ўзбек халқи миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухторияти ҳукумати алоҳида ажралиб туради. Мухторият …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *