Бош саҳифа » Тарих » Носирхон Тўра, Саидносир Миржалилов (Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири, 4-қисм)

Носирхон Тўра, Саидносир Миржалилов (Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг фаолияти ва кейинги тақдири, 4-қисм)

Кейинчалик қуйидаги кишилар Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига киритилдилар:

Носирхон Тўра [Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли] Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳбарларидан бири, машҳур уламо. Наманганда 1871 йили туғилган. Миллати ўзбек. У Бухорода, сўнгра Кобул, Деҳли, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларида таҳсил олган. Туркистонга қайтгач, 1912 йили Наманган шаҳрига қози бўлган. 1913 йилдан бошлаб жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. “Шўрои Исломия” ташкилотининг Наманган шуъбаси раҳбари, Наманган шаҳар Думаси аъзоси (1917). Бутунтуркистон мусулмонлари фавқулодда IV қурултойини 1917 йил 26 28 ноябрда Қўқон шаҳрида ўтказишда жонбозлик кўрсатди. У 1917 йил декабрда Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига маориф вазири сифатида киритилди. 1918 йил февралда мухторият ҳукумати большевиклар томонидан ағдарилгач, Мустафо Чўқайнинг ёзишича, Носирхон Тўра Наманганда большевиклар қўлига тушади1. Амнистия туфайли озод бўлгач, у бир йил мобайнида яширин ҳаёт кечирган. У 1919 йили Косонсойда “Миллий иттиҳод” ташкилоти ячейкасини ташкил қилган. Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинади. Оренбургда сургунда бўлган (1925 1928). Сургундан қайтгач, мавжуд тузумга қарши фаол курашни давом эттирган2. ОГПУ махсус учлигининг 1930 йил 27 ноябрдаги йиғилишида 5054иш, яъни Носирхон Тўра иши кўриб чиқилган ҳамда у отишга ҳукм қилинган3. У билан бирга яна кўплаб кишиларга ўлим жазоси берилган. Айрим манбаларда кўрсатилишича, қатағон қилинган Носирхон Тўра 1935 йил 27 сентябрда қамоқда вафот этган. Унинг “Тарихи Туркистон”, “Оренбург мактублари” эсдалиги ва бошқа асарлари мавжуд.

Саидносир Миржалилов маърифатпарвар ва жамоат арбоби. Туркистон шаҳрида 1884 йили туғилган. Миллати ўзбек. Деҳқончилик ва савдо ишлари билан шуғулланиб, Туркистоннинг йирик сармоядорларидан бирига айланган. Туркистонда пахта тозалаш заводи қуриб, жадид мактабини очган (1914). Давлат Думаси мусулмон шуъбасининг Петербургда бўлиб ўтган йиғилишида қатнашган (1914). У 1917 йили Тошкентга кўчиб келган ва шаҳар Думасига аъзо бўлган. “Шўрои Ислом” ташкилотининг аъзоси сифатида Туркистон Мухторияти ҳукуматининг 1917 йил ноябрда ташкил этилишида фаол қатнашган ва ҳукуматнинг хазиначиси бўлган.

Мухтория ҳукумати большевиклар томонидан ағдариб ташлангач, С.Миржалилов аввал Самара ва Тифлисга боради, сўнгра бир муддат Туркияда яшайди. У 1921 йилда Тошкентга қайтиб, “Туркистон” савдосаноат ширкатини ташкил қилиб, ундан тушган даромад ҳисобига “Миллий иттиҳод” ташкилотини қўллабқўвватлаган ҳамда Германияга ўқишга юборилган айрим талабаларни нафақа билан таъминлаган ва уларга моддий ёрдам кўрсатган. У “Нашри маориф” маърифий ташкилоти ва “Кўмак” жамиятининг асосчиларидан бири (1923 1925). У совет режими томонидан бир неча марта (1925, 1932, 1937) қамоққа олинган. Соловецк оролидаги қамоқхонага ташланган (1925 1928). С. Миржалилов 1937 йил 21 июлда Тошкентда охирги марта қамоққа олиниб, 1937 йил 9 октябрда отиб ташланган4. Ўлимидан сўнг оқланган.

С. Миржалиловнинг қизи Зарифа Саидносирова (1908 1986) кимёгар олима, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1968) ҳамда биринчи ўзбек аёл рассоми бўлиб, у таниқли ёзувчи Ойбекнинг рафиқасидир.

Кичик Эргаш [Кичкина Эргаш] (1885 1918) таниқли қўрбоши, Туркистон Мухторияти ҳукумати раҳбарларидан бири. Қўқон яқинидаги Бачқир қишлоғида 1885 йилда туғилган. Миллати ўзбек. Унинг бўйи паст бўлганлиги учун шундай дейилган. У 1910 1917 йилларда Россия империяси ҳукмронлигига қарши бир гуруҳ йигитлари билан кураш олиб борган. Бу орада 1913 1915 йилларда қамоқхона ва сургунда ҳам бўлган. Туркистон Мухторияти ҳукумати эълон қилингач, Кичик Эргаш Қўқон шаҳри миршаблари бошлиғи лавозимини олади ҳамда унга қўрбоши унвони берилади. Мухторият ҳукуматининг сўнгги кунларида, яъни 1918 йил 18 22 февралда у амалда Туркистон Мухторияти ҳукуматини бошқарди ва унинг ҳарбий кучларига қўмондонлик қилади5. Қўқондан жанг билан Бачқир қишлоғига чекинган Кичик Эргаш қўрбоши 1918 йил 27 февралда қизил гвардиячилар ва арман дашноқлари билан бўлган тўқнашувларнинг бирида ўлдирилади6.

Бироқ совет ҳокимияти йилларида эълон қилинган турли китобларда Кичкина Эргаш нотўғри равишда “ўғри ва қароқчи” сифатида кўрсатилади. Масалан, қўқонлик совет журналисти ва ёзувчиси ўзининг Туркистон Мухторияти ҳукумати фаолияти ёритилган “Ҳуқуқ” тарихий романида келтиришича, “Кичкина Эргаш – Февраль инқилоби чоғида, Қўқоннинг Ўлтарма қишлоғидан бош кўтариб, ўзига йигирма-ўттиз йигит қилиб, Қўқон атрофини талаб юрган зўр ўғри эди. Эргаш қўрбоши7 Қўқонга келиб, “Шўрои Ислом” ҳимояси остида йигит тўплаб ном чиқаргач, уни ҳам таклиф қилган бўлса-да, у аралашмаган эди. Қўқонда “Шўрои Ислом” фитна қўзғагач, мухториятчилар унга ялиниб, ҳурматлаб, катта ваъдалар билан урушга чақирган эдилар. Урушнинг учинчи куни бўлса керак, у Қўқонга дабдаба билан кириб келди”8.

Туркистон Мухторияти ҳукумати Бош вазири Мустафо Чўқайнинг ташаббуси билан 1918 йил январда ҳукуматдаги қолган 4 ўринга ҳам вазирлар тайинланди. Бироқ уларнинг уч нафари бухоро яҳудийларидан эди. Хуллас, мухторият ҳукуматида 4 нафар вазир этник жиҳатдан бухоро яҳудийларига мансуб бўлган.

Рафаэль бен Шломо Потеляхов (1868 1936) Туркистондаги йирик сармоядорлардан бири, 1гильдия савдогари. 1868 йили Бухорода туғилган. Миллати бухоро яҳудийларидан. У 1889 йилдан Қўқон шаҳрида яшаган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланган. Қўқондаги Савдо уйи бошлиғи (1908). Акаука Рафаэль ва Натаниэль Потеляховларга пахтани қайта ишловчи 36та корхона ҳамда 2та пахта ёғи заводи қараган. Улар Бухоро амирлиги ва Туркистон ўлкасидаги энг бой одамлардан бўлган. Р. Потеляхов Туркистонда пахтачилик қироли номини олган ҳамда “Потеляхов савдосаноат ўртоқлик ширкати” фирмасини бошқарган. Асакадан Ванновский станциясигача темир йўл қурдирган (1913). Қўқонда бухоро яҳудийлари мактабини очган ва уни таъминлаб турган (1905).

Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил топгач, у 1918 йил бошларида Обиджон Маҳмудов ўрнига мухторият ҳукуматининг озиқовқат вазири бўлди. 1918 йил февраль ойининг охирларида акаука Потеляховлар ВЧК томонидан қамоққа олинди. Потеляховларнинг хориждаги қариндошлари томонидан бир неча млн пуд пахта совет ҳокимияти ихтиёрига юборилгач, ВЧК раиси Ф. Дзержинскийнинг 1918 йил 26 ноябрдаги қарори билан уларга хорижга жўнаб кетишга рухсат берилди. Улар Боку орқали аввал Иерусалим [Қуддуси шариф], сўнгра Лондонга етиб боришди. Р. Потеляхов 1936 йили Лондонда вафот этган9.

Ёқуб Хаимович Вадьяев (1868 1936) йирик тадбиркор ва сармоядор, 1гильдия савдогари, “Акаука Вадьяевлар” Савдо уйи бошлиғи. 1868 йили Бухорода бадавлат Вадьяевлар хонадонида туғилган. Миллати бухоро яҳудийларидан. У 1881 йили Қўқонга кўчиб келган. Қўқон биржа комитети бошлиқларидан бири (1908). Қўқонда 1910 йилда очилган пахта ёғи заводи ўз даврида Туркистон ўлкасидаги энг технологияси юқори замонавий завод ҳисобланган.

Туркистон Мухторияти ҳукумати эълон қилингач, 1918 йил январда Ёқуб Вадьяев ва укаси Сион Вадьяев ҳукуматда вазир лавозимларини эгаллашди. Улар мухторият ҳукуматига иқтисодий ёрдам кўрсатиш ва унга 25 фоиз миқдорида займ (қарз) беришга рози бўлишган. Қўқон шаҳри 1918 йил февралда большевиклар томонидан босиб олингач, бу ерда яшовчи кўплаб бадавлат бухоро яҳудийлари қаторида акаука Вадьяевлар ҳам муҳожирликка жўнаб кетишга мажбур бўлишди. Улар Лондонда яшашган. Ё. Вадьяев 1928 1933 йилларда Лондонда мануфактура сотувчи “БританоРумино” компаниясига раҳбарлик қилди. Лондонда 1936 йили вафот этган10.

Сион Хаимович Вадьяев (1878 1943) йирик тадбиркор ва сармоядор, 1гильдия савдогари. 1878 йили Қўқонда Вадьяевлар хонадонида туғилган. Миллати бухоро яҳудийларидан. Туркистон Мухторияти ҳукумати эълон қилингач, 1918 йил январда акаси Ёқуб Вадьяев билан биргаликда ҳукуматда вазир лавозимини эгаллади. Мухторият ҳукумати большевиклар томонидан тугатилгач, акаука Вадьяевлар ҳам муҳожирликка жўнаб кетишди. Берлинда яшади. 1921 йил охирида Парижга бориб, бу ерда валюта савдоси билан шуғулланди ва йирик баққоллик магазини очди. Парижда 1943 йили вафот этган ҳамда Қуддусда дафн этилган11.

Бундан ташқари Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига “Юсуф Давидов” ва “КнаппЗигель” савдо уйларининг вакиллари ҳам кирган. Юсуповлар хонадони аслида Шаҳрисабз ва Самарқандда яшаган бухоро яҳудийларига бориб тақалади. 1845 йилдан улар Тошкентда яшаган. Юсуф Давидович Давидов (1855 1914) Тошкентда ЮудаДавуд ва Угул Давидовлар хонадонида 1855 йилда туғилган. Миллати бухоро яҳудийларидан. Унинг отаонаси 1893 йили ўз сармоясини ўғли Юсуфга қолдириб, 1893 йилда яшаш учун Қуддусга жўнаб кетишади. У 1906 йил 22 мартда Тошкентда “Юсуф Давидов” Савдо уйини очади. Бу савдо уйининг эгалари 11 нафар киши (1гильдияли савдогарлар: Юсуф Давидович Давидов, Беньямин Абрамович Абрамов, 2гильдияли савдогарлар: Исахор Давидович Давидов ҳамда уларнинг болалари) бўлган. Акаука Давидовларга 4та пахта тозалаш заводи (Тошкент, Пскент, Наманган ва Конибодом) ҳамда пиво заводи (Тошкентдаги машҳур 6пиво заводи) ва бошқа мулклар қараган. ХХ аср бошларида Юсуф Давидов Тошкентдаги энг йирик миллионерга айланади. У 1908 йили Тошкент шаҳридаги бухоро яҳудийлари жамоасининг бошлиғи қилиб сайланди. Акаука Юсуф ва Исахор Довудлар ўз хотинлари билан 1914 йили Қуддусда яшаш учун жўнаб кетишди ҳамда ўша ерда вафот этишди.

Акаукалар Қуддусга жўнаб кетгач, Савдо уйининг бошлиғи Исахор Давидовнинг ўғли Абрам Давидов бўлди. У 1929 йили Қуддусга жўнаб кетаётганда йўлда ўлдирилган. Беньямин Абрамов Савдо уйининг Москвадаги вакили бўлган (у 1911 йилда вафот этган).

Туркистон Мухторияти ҳукуматини ағдаришда ташаббус кўрсатганлардан бири большевик Сазоновнинг кейинчалик хотирлашича, 1918 йил февралда Қўқонда большевиклар билан музокараларни гўёки Мустафо Чўқай эмас, балки мухторият вакилларидан бири Юсуф Давидов олиб борган12. Бироқ Юсуф Давидов бу пайтда тирик бўлмаган, у 1914 йилда Қуддусда вафот этган эди. Эҳтимол, музокаралар жараёнида Мустафо Чўқай билан биргаликда “Юсуф Давидов” ва “КноппЗигер” савдо уйларининг вакиллари ҳам қатнашган бўлса керак. Сазонов эса уларни чалкаштириб юборган. Шунингдек, 1918 йил январдан бошлаб Туркистон Мухторияти ҳукуматида Миродил Мирзааҳмедов ҳам вазир сифатида фаолият кўрсатган. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, мухторият ҳукуматининг сўнгги кунларида, яъни 1918 йил 18 февралда Қўқонда Миродил ҳам унинг ёнида бўлган13. Миродил Мирзааҳмедовнинг кейинги тақдири номаълум.

Полковник Магди Чанишев (миллати татар бўлган) 1918 йил февралда Туркистон Мухторияти ҳукуматида ҳарбий кенгаш раиси бўлган. Бу пайтда ҳарбий ишлар вазири Убайдулла Хўжаев Қўқонда бўлмаган. Шунинг учун ҳам М. Чанишев бу пайтда мухторият қўшинида қўмондонлик қилган. Большевиклар ҳузурига музокаралар ўтказиш учун юборилган М. Чанишев қўлга олиниб, қамоққа ташланди ҳамда Скобелев гарнизонидан қочишга уринганда Қўқон фожиалари пайтида отиб ташланди14. Бундан ташқари Туркистон Мухторияти ҳукумати фаолиятида қўқонлик йирик уламолар: Камол қози, Миён Қудрат ва бошқаларнинг ҳам фаол қатнашганлиги ҳақида айрим маълумотлар бор.

Хуллас, Туркистон Мухторияти ҳукумати вазирларининг тақдири ана шундай фожиали тарзда тугади. Мухторият ҳукуматининг биринчи таркибида 8 нафар вазир бўлган, кейинчалик яна улар сафига 78 нафар киши вазир сифатида келиб қўшилди. Мухторият ҳукумати таркибида туб аҳоли (ўзбеклар ва қозоқлар)дан ташқари 5 нафар бухоро яҳудийлари ва 2 нафар татарлар ҳам бўлган. Шу жиҳатдан олганда Туркистон Мухторияти ҳукумати раҳбарларининг диний ва миллатлараро муносабатларда нақадар бағри кенглиги, сабртоқати, толерантлиги ва тотувлиги яққол кўринади. Бироқ туркистонликлар 1918 йил февраль ойи охирида ўлка тарихидаги дастлабки демократик ҳукуматни большевиклар зўравонлигидан асраб қола олмади. Мухторият ҳукумати ташкил топиб, фаолият кўрсатгандан сўнг роппароса 100 йил ўтса ҳам ҳозиргача биз ҳукумат аъзолари фаолияти ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Бу ўринда мазкур тадқиқот Ўзбекистонда бу йўлдаги дастлабки қадам эканлигини айтиб ўтиш жоиз.

Қаҳрамон РАЖАБОВ
т.ф.д., проф.,
Ўзбекистон ФА Тарих институти бўлим мудири

Ўзбек миллий давлатчилиги тарихида Туркистон Мухториятининг ўрни ва роли” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани материаллари,
2017 йил 12 октябрь

1  Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. Б. 49.

2  [Ражабов Қ.] Носирхон Тўра Саид Камолхон тўра ўғли //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 6. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003. Б. 401.

3  Шамсутдинов Р. Қишлоқ фожеаси: жамоалаштириш, қулоқлаштириш, сургун (Ўрта Осиё республикалари мисолида). Тошкент: “Шарқ”, 2003. Б. 177.

4  [Ражабов Қ.] Миржалилов Саидносир //Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 5. Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003. Б. 692.

5  Hayit, Baymirza. «Basmacılar». Türkistan Milli Mücadele Tarihi. (1917 – 1934). –

Ankara: Türkiye Diyanet vakfı yayınları, 1997. – 367 s; Hayit, Baymirza. Türkistan devletlerinin milli mücadeleleri tarihi. 3. Baskı. – Ankara: Türk tarih kurumu basımevi, 2004. – 447 s.

6  Ражабов Қ. Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918 1924 йиллар). Б. 47 49.

7  Бу ўринда Катта Эргаш қўрбоши кўзда тутилмоқда.

8  Ҳусайн Шамс. Ҳуқуқ // Танланган асарлар. – Тошкент: ЎзССР Давлат бадиий адабиёт нашриёти, 1959. – Б. 438.

9  Рафаэль Потеляхов // http://cyclowiki.org/wiki.

10  Якуб Хаимович Вадьяев // http://cyclowiki.org/wiki.

11  Сион Хаимович Вадьяев // http://cyclowiki.org/wiki.

12  Қаранг: Сазонов. Кокандская автономия (воспоминания) //Красная летопись Туркестана. № 12. Ташкент: Туркестанское государственное издательство, 1923. С. 88 93.

13  Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари. Б. 49.

14  Қаранг ва таққосланг: Зайцев П., Гудович А., Колесов Ф. Борьба за Фергану //Война в песках. Материалы по истории гражданской войны к XII тому. Под редакцией М. Горького, В. Иванова, И. Минца, Ф. Колесова. –Москва: ОГИЗ, 1935. –С. 191 – 201; Шкарупа М. Конец «Кокандской автономии» //За советский Туркестан (Сборник воспоминаний). Под редакцией А.И. Зевелева. –Ташкент: Государственное издательство Узбекской ССР, 1963. –С. 91 – 96.

Ўхшаш мақола

Туркистон мухторияти байроғи

«Туркестан – туркестанцам»

Post Views: 586 Судьба Туркистанской Автономии и Туркестанское национальное движение В условиях резкого падения авторитета …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *